Муҳаммад ибн Восеъ Аздий (3)

0

Басра обиди ва фуқаҳолар зийнати

«Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг бир бармоғи мен учун яланғочланган қилич кўтарган мингта паҳлавон йигитдан яхшироқдир» (Қутайба ибн Муслим).

Ҳижрий саксон еттинчи йил. Мусулмонлар фахри, фотиҳ қўмондон Қутайба ибн Муслим Боҳилий кўп сонли қўшини билан Марв шаҳридан Бухоро минтақаси томон йўлга отланган пайт. У Мовароуннаҳр ерларидан қолганларини ҳам фатҳ қилишни, сўнг Хитой тарафларга ўтиб, у ерларда ҳам ғазот қилиш ва аҳолисидан Исломга бўйсунмаганларига жизя солишни мақсад қилган эди.

Қутайба ибн Муслим Сайҳун дарёсидан кечиб ўтар-ўтмас, Бухоро аҳли бундан хабар топдилар ва жойларда уруш ноғораларига уриб, жангга тайёргарликни бошлаб юбордилар. Улар атрофларидаги Суғд, Турк, Чин ва улардан бошқа қавмларни ҳам ёрдамга чақирдилар. Ранги, ирқи, тили ва дини турли бўлган тўп-тўп жангчилар уларнинг сафига келиб қўшилди ва мусулмонлардан сонда ҳам, тайёргарликда ҳам бир неча баробар устун бўлган душман мусулмон лашкарига қарши чиқди. Жангга моҳир душман тезлик билан мусулмон лашкарлар юрадиган тоғ оралиқ йўлларни, дара ва сойларни беркитиб ташлади. Қутайба ибн Муслим душман ҳолини ўрганиш, унинг хабарини билиб келиш учун юборадиган жосусларини ҳам душман тарафга киргиза олмади, шунингдек, аввалроқ душман ичига киргизиб юборилган одамларидан биронтаси ҳам у ердан чиқиб келишнинг уддасидан чиқа олмади.

Қутайба ибн Муслим ўз лашкарлари билан Бойкент шаҳрига яқин ерни ҳарбий лагер қилиб олди ва шу жойидан олдинга ҳам орқага ҳам силжиёлмай қолди.

Душман ҳар тонг отиши билан ўзининг жанговар гуруҳини чиқарар ва улар кун бўйи Қутайба лашкари билан жанг қилиб, кеч кириши билан яна мустаҳкам қўрғонларига қайтиб кетарди. Мана шу ҳол тўлиқ икки ой давом этди. Қутайба ҳайрон эди, бостириб боришни ҳам, ортга қайтиб кетишни ҳам билмай қолди.

Қутайба ва унинг лашкари мана шундай ҳолатда қолгани ҳақидаги хабар ҳар ердаги мусулмонларга етиб борди. Одамлар енгилмас буюк қўмондон ва унинг мағлубият нималигини билмайдиган катта қўшини борасида ташвишлана бошладилар. Шаҳар волийларига Мовароуннаҳр диёрида аянчли ҳолда қолган лашкар ҳақига ҳар намоздан сўнг дуо қилиш кўрсатмаси берилди. Мусулмонларнинг дуолари, ёлвориш ва илтижолари билан масжидлар ларзага келди. Имомлар ҳар намозни Аллоҳдан нусрат ато этишини сўраб тугатар эдилар. Кўпгина мусулмонлар эса кучли қўшинга ёрдамга отландилар. Ёрдамга отланганларнинг олдинги сафида улуғ тобеин Муҳаммад ибн Восеъ Аздий ҳам бор эди.

Қутайба ибн Муслимнинг ўткир тажриба ва донолик билан машҳур бўлган «Тайзар» исмли ажам айғоқчиси бор эди. Душманлар уни ўзларига мойил қилиб олишга муваффақ бўлдилар, унга кўп мол-дунё бериб, ўзининг бор қобилияти ва заковатини мусулмонлар куч-қувватини заифлаштириш ва жанг қилмай бу ерларни ташлаб кетишларига сарфлашини талаб қилдилар.

Тайзар Қутайба ибн Муслимнинг ҳузурига кирди. Унинг мажлиси кибор қўмондонлар ва лашкардаги обрўли кишилар билан тўла эди. Тайзар Қутайбанинг ёнига келиб ўтирди ва оҳиста қулоғига пичирлаб:

– Эй амир, одамларни чиқариб турсангиз, холи қолсак – деди. Қутайба мажлисдагиларга ишора қилган эди, ҳаммалари чиқиб кетдилар. Зирор ибн Ҳусайн Қутайбанинг талаби билан мажлисда қолди. Учовларидан бошқа ҳеч ким қолмагач, Тайзар Қутайба қараб:

– Эй амир, мен сизга муҳим хабар олиб келдим – деди. Қутайба бетоқатлик билан:

– Айтақол, нима хабар? – деди.

– Мўминлар амири Дамашқда Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийни ва унга тобе бўлган барча қўмондонларни ишдан четлатибди. Шу жумладан, сизни ҳам. Лашкарларга янги қўмондонлар тайинлаб ҳаммаларини ўз жойларига юборибди. Сизнинг ўрнингизга тайинланган киши ҳам бугун-эрта келиб қолса керак. Шунинг учун лашкарни олиб бу диёрлардан кетганингиз ва Марвга қайтиб жанг майдонларидан узоқроқда шахсий тадбирингизни қилганингиз маъқулдир, деб ўйлайман.

Тайзар сўзини тугатиши билан Қутайба ибн Муслим хизматкори Сиёҳни чақирди. Сиёҳ кириши билан унга деди: «Эй Сиёҳ, бу хоиннинг калласини ол». Сиёҳ унинг калласини танасидан жудо қилди-ю тезда хонадан чиқиб кетди. Қутайба Зирор ибн Ҳусайнга юзланиб:

– Бу хабарни Ер юзида сен билан мендан бошқа ҳеч ким эшитмади. Мен Аллоҳга қасам ичиб айтаман, агар олиб бораётган мана шу жангимиз тугашидан олдин бу гап тарқаб кетгудек бўлса, сени ҳам мана шу хоинга қўшиб қўяман. Агар жонингдан умидинг бўлса, тилингни тийиб юр! Шуни ҳам билиб қўй, бу хабарнинг тарқалиши лашкарнинг қувватини кетказиб, енгилишимизга сабаб бўлади» – деди. Сўнгра одамларни ҳузурига киришларига изн берди. Улар киришиб Тайзарнинг боши танидан жудо бўлиб, қонига беланиб ётганини кўришгач ҳайрат ва қўрқувдан ёқаларини ушладилар ва нима дейишларини билмай, жим бўлиб қолдилар. Шунда Қутайба ибн Муслим уларга:

– Ғаддор хиёнатчининг ўлимидан нега қўрқасизлар?!» – деди. Улар: «Биз уни мусулмонларга холис, деб ўйлар эдик» – дейишди. Қутайба:

– Мусулмонларни алдаган эди, Аллоҳ унинг гуноҳига яраша жазолади. Сўнг баланд овозда: «Энди душманга қарши жангга чиқинглар ва шу кунга қадар жанг қилаётган юракдан бошқа юрак билан душманга қарши жанг қилинглар!» – деди.

Лашкар қўмондонининг амрини бажариш мақсадида ҳаракатга тушди. Душман билан тўқнашиш учун тўсиқлардан ошиб ўтди. Икки томон лашкари саф бўлишгач, мусулмонлар душманнинг сон жиҳатдан кўплигини ва қурол-аслаҳалари ҳам мукаммал ва тўлиқ эканини кўриб, қалбларига бир оз қўрқув ва ҳайбат оралагандек бўлди. Лашкарнинг бу ҳолини пайқаган Қутайба ибн Муслим шахсан ўзи гуруҳлар орасида юриб, уларнинг душманга қарши ҳамиятни қўзғатиб, куч-ғайрат ва иродасини мустаҳкамлай бошлади.

Жангдан олдин Қутайба ёнидагиларга қараб:

– Муҳаммад ибн Восеъ Аздий қаердалар? – деб сўради.

– Шайх ўнг қанотдалар, эй амир.

– Нима қиляптилар?

– Найзаларига суяниб, кўзларини бир нуқтага тиккан ҳолда кўрсатгич бармоқларини осмонга қаратиб турибдилар. Ҳузурингизга чақирайликми?

– Йўқ, ўз ҳолларига қўйинглар, дуо қилаверсинлар. Аллоҳга қасамки, унинг бир бармоғи, мен учун яланғочланган қилич кўтарган мингта паҳлавон йигитдан яхшироқдир. Биз у кишини дуолари мустажоб зотлардан деб биламиз!

Ваҳший шерлар бир-бирига ташлангани каби мусулмон лашкар билан куфр лашкари бир-бирларига ташландилар. Довулли кундаги жўшқин денгиз тўлқинларининг бир-бирига тўқнашгани каби икки лашкар тўқнашдилар.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг