Убудият рисоласи (4): Диннинг барчаси ибодатдир

0

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Жаброил алайҳиссалом бир саҳройи араб қиёфасида келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом ҳақида сўраганларида у зот шундай жавоб берадилар:

Ислом Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закотни ўташинг, рамазон рўзасини тутишинг ҳамда йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир”.

Жаброил алайҳиссалом: “Иймон ҳақида хабар беринг?” деди.

Аллоҳнинг Набийси саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Иймон Аллоҳга, фаришталарига, Аллоҳ туширган китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришинг”, дедилар.

“Менга эҳсон ҳақида хабар беринг?” деди Жаброил.

Аллоҳнинг элчиси саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат этишинг, агар бундай ибодат қила олмасанг, (лоақал) У Зот сени кўриб турганини билиб ибодат қилишинг”, дедилар.

Аллоҳнинг элчиси саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис охирида:

Бу саволларни сўраган киши Жаброил эди. У сизларга динни таълим бериш учун келди”, дедилар[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда зикр этилган барча ишларни “дин” деб атадилар. Демак, Аллоҳ туширган диннинг барчаси ибодатдир.

“Дин” сўзида хузуъ (бўйсуниш), тазаллул (ўзини паст-хокисор тутиш) маънолари ҳам бор. Аллоҳ учун динга холис амал қилиш, уни ҳаётга татбиқ этиш Аллоҳга тоат-ибодат қилиш, инсон ўзини паст олиб Аллоҳга бўйсунишидир. Мана шу Аллоҳнинг динидир.

[1] Имом Муслим.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг