Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Қиёмат куни) жаҳаннам устидан кўприк тортилади. Ундан биринчи бўлиб мен ўтаман. У кунда Пайғамбарларнинг айтадиган дуоси: “Ё Аллоҳ, саломат сақла, саломат сақла”, дейиш бўлади. Кўприкнинг икки четида саъдон[1] ўсимлигининг тиканларига ўхшаш илгаклар бўлади. Одамларни амалларига қараб илиб қолади. Улар орасида ўз амали сабабли ҳалок бўладигани бор, парчаланиб кетиб, сўнг нажот топадигани бор. Ниҳоят, Аллоҳ бандалари орасида ҳукм чиқариб бўлгач, “лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб гувоҳлик берган, Ўзи дўзахдан чиқаришни истаганларни фаришталарига чиқаришни буюради. Уларни сажда изларидан таниб олишади. Аллоҳ дўзахга Одам боласидаги сажда изини ейишни ҳаром қилган. Хуллас, уларни дўзахдан куйиб-қорайиб кетган ҳолларида чиқаришади. Устларидан “ҳаёт суви” қуйилади. Улар худди сел ювиб ўтган жойда униб чиққан уруғдек “униб” чиқишади”[2].
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни энг аввал ҳукм қилинадиган инсонлар уч тоифадир. (Биринчиси) шаҳид бўлган киши. Уни олиб келишади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини танитади, банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У банда: “То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун жанг қилдим”, деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: “Ёлғон айтяпсан, аслида, одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун жанг қилдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетишади. Кейин илм ўрганган ва ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келишади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда ҳаммасини тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” деб сўрайди. Банда: “Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим”, деб жавоб беради. Аллоҳ: “Алдаяпсан, сен илмни одамлар “олим” дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори” дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, дейди. Сўнгра буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетишади. Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб, бойликнинг ҳамма туридан инъом этган кишини олиб келишади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?” деб сўрайди. “Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим”, дейди у. “Ёлғон айтяпсан, лекин сен бу ишни одамлар сени “сахий” деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетишади»[3].
Бир ривоятда шундай дейилади: “Ана ўшалар Аллоҳнинг қиёмат куни биринчи бўлиб дўзахга ўтин бўладиган бандаларидир”[4].
Шайхулислом шундай деганини эшитганман: “Инсонларнинг энг афзали пайғамбарлар бўлганидек, инсонларнинг энг ёмони ўзларини пайғамбарларга ўхшатган, уларданман деб даъво қилган, ваҳоланки, улардан бўлмаган кимсалардир. Пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг яхшилари олимлар, шаҳидлар, холис садақа қилувчилар бўлса, энг ёмонлари эса ўзларини шундай инсонларга ўхшатган, уларданман деб кўрсатмоқчи бўлган, бироқ ундай бўлмаган кимсалардир”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимнинг зиммасида биродарининг мол-дунёси ёки номусига қилган бирон зулми бўлса, биродарига унинг ҳасанотидан олиб берилишидан олдин (яъни қиёматдан олдин) бориб ундан қутулиб олсин, чунки у ёқда динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмайди. Агар унинг ҳасаноти бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиб, унинг устига ташланади. Сўнг дузахга улоқтирилади”[5].
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қарич ерни ноҳақ олса, қиёмат куни уни етти (қат) ер ютади”,[6] деганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар ёқаётган мана бу оловингиз дўзах ўтининг етмишдан биридир”. Саҳобалар: “Аллоҳга қасамки, шунинг ўзи ҳам (бандаларни азоблашга) етарли эди-ку?!” дейишди. У зот дедилар: “У (дўзах ўти) бундан (дунё оловидан) олтмиш тўққиз баробар кучли қилинган, ҳар баробари бунинг (дунё оташининг) иссиғичадир”[7].
Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қуйидагиларни васият қилиб дедилар: “Ўлдиришса ҳам, ёқиб юборишса ҳам, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Аҳли-оиланг ва мол-давлатингдан воз кечишга тўғри келса ҳам, сира ота-онангга оқ бўлма. Қасддан бирон намозни тарк қила кўрма. Ким бир фарз намозни қасддан тарк қилса, Аллоҳнинг зиммасидан (ҳифз-у ҳимоясидан) чиқади. Ҳеч қачон ароқ ичма. Зеро, у ҳар қандай бузуқликнинг бошидир. Гуноҳлардан эҳтиёт бўл. Негаки, гуноҳлар Аллоҳнинг ғазабига гирифтор қилади”[8].
Бу мавзудаги ҳадислар биз зикр қилгандан бир неча баробар кўп. Жонига ачинган одам ўзини билмасликка олиши, гуноҳларга журъатли бўлиши, умид ва яхши гумон “арқон”ига осилиб олиши, асло дуруст эмас.
[1] Саъдон – янтоқ сингари тиканли ўсимлик.
[2] Бухорий, 6573 ва Муслим, 182.
[3] Муслим, 1905.
[4] Термизий, 2382.
[5] Бухорий, 2449.
[6] Бухорий, 2454 ва Муслим, 1611.
[7] Бухорий, 3265 ва Муслим, 2843.
[8] Аҳмад, “Муснад”, 22075.