Басирати, қалб кўзи кўр кимсалар шариатда ҳам, қадарда ҳам фақат ёмон жиҳатларни кўрадилар. Бундай кимсалар Аллоҳнинг қадаридан нолийдилар, ундан норози бўладилар, шунингдек, Аллоҳнинг шариатига тўлиқ таслим бўлмайдилар. Албатта, одамлар бу борада турли даражаларда бўладилар. Аллоҳнинг қадари ва шариатига муносабат уларда ҳар хил бўлади. Буларнинг энг ёмони мунофиқлардир. Улар Аллоҳнинг шариати ва қадарини фақат ёмонлик ва зарардан иборат деб эътиқод қилишади. Чунки уларнинг шариат ва тақдир тўғрисидаги тушунча ва дунёқарашлари батамом тескаридир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Бақара сурасида олов ва сув мисолида мунофиқларнинг ҳолини тасвирлар экан, улар ҳақида ўхшатишлар келтирар экан, дастлаб оловни келтиради. Чунки олов ёруғлик ва ойдинликка далолат қилади ва бу зимдан мунофиқларнинг тушунча ва дунёқарашларида зулмат ва хиралик борлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади:
قال الله تعالى : (مَثَلُهُمْ كَمَثَلِ الَّذِي اسْتَوْقَدَ نَارًا فَلَمَّا أَضَاءَتْ مَا حَوْلَهُ ذَهَبَ اللَّهُ بِنُورِهِمْ وَتَرَكَهُمْ فِي ظُلُمَاتٍ لَا يُبْصِرُونَ صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لَا يَرْجِعُونَ
(البقرة: 17-18)
Аллоҳ таоло айтади: «Мунофиқлар бамисоли бир олов (машъал) ёққан кишига ўхшайдилар. Олов ён-атрофни ёритгач, Аллоҳ уларнинг нурини кетказди ва уларни ҳеч нарсани кўролмайдиган аҳволда зулматлар ичра қолдирди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар, шундай экан (ҳаққа) қайтмаслар» (Бақара, 17-18).
Мунофиқларга инсон умрида бериладиган энг катта фурсат берилган эди. Улар Аллоҳнинг нурига яқинлашдилар, мусулмонлар орасида яшадилар, намоз ўқидилар, закот бердилар. Сўнг уларнинг қалб кўзи кўрлиги сабаб Аллоҳ таоло уларни нурдан маҳрум қилди. Оятда Аллоҳ таолонинг нақадар аниқ ва тиниқ таъбирига диққат қилинг! Олов аслида нур ва ёруғлик манбаи, шунингдек, унда бошқа талай фойдалар бор. Шу билан бирга оловнинг куйдириш хусусияти ҳам бор. Аллоҳ мунофиқларнинг қалб кўзи кўрлиги, қалби бузуқлиги сабаб уларни оловнинг фойдасидан маҳрум қилиб, уларга фақат зарарини қолдирди. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятда «Аллоҳ уларнинг нурини кетказди», деди. Ҳолбуки, оятда бундан олдин нур эмас, олов тилга олинган эди. Бундай дейилишига сабаб оловдан олинадиган энг катта фойда унинг нури – ёруғлигидир. Аллоҳ таоло мунофиқларни оловнинг нуридан маҳрум қилиб, фақат унинг чўғи, иссиғи ва ундаги куйдириш хусусиятини қолдирди.
Демак, бундай қалблар модомики ҳаёт экан, Аллоҳнинг тақдирини фақат ёмонликдан иборат деб билади, ундан нолийди ва норози бўлади. Шунингдек, улар Аллоҳнинг шариатини қийинчилик ва тангликдан иборат, деб ҳисоблайдилар ва мудом унинг аҳкомларига қарши чиқадилар. Сўнг Аллоҳ таоло навбатдаги оятларда шундай дейди:
قال الله تعالى : (أَوْ كَصَيِّبٍ مِنَ السَّمَاءِ فِيهِ ظُلُمَاتٌ وَرَعْدٌ وَبَرْقٌ يَجْعَلُونَ أَصَابِعَهُمْ فِي آذَانِهِمْ مِنَ الصَّوَاعِقِ حَذَرَ الْمَوْتِ وَاللَّهُ مُحِيطٌ بِالْكَافِرِينَ (البقرة: 19)
«Ёхуд мунофиқлар бамисоли қорунғуликлар, момақалдироқ ва яшин аралаш осмондан ёғаётган шаррос ёмғир остида қолган қавмга ўхшайдилар. Улар момақалдироқ товушидан чўчиб, ўлимдан қўрққанларидан бармоқларини қулоқларига тиқиб оладилар. Аллоҳ кофирларни қуршаб олгувчидир» (Бақара, 19).
Бу ёмғир мисолидир. Ақлли инсонлар ёмғирни яхшилик эшиги, балки дунёдаги энг катта яхшилик манбаи деб билишади. Чунки ер юзидаги барча сув ёмғирдан ҳосил бўлади. Дарёлар, қудуқлар, чашмалар, буларнинг барчаси ёмғир суви билан обод. Бинобарин, ёмғир бу бобда барча яхшилик ва хайр-барака эшигидир. Ёмғир сув манбаи, сув эса ер юзидаги ҳаёт манбаидир.
قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: {وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ} (الأنبياء: 30)
Аллоҳ таоло айтади: «Барча тирик мавжудотни сувдан яратдик» (Анбиё, 30).
Ақлли инсонлар ҳатто ёмғир аломатини кўрсалар, уларга катта бир неъмат келаётганини билишади. Чунки сув, айтиб ўтганимиздек, заминдаги барча нарсалар ҳаётини таъминловчи улуғ неъматдир.
Эсипаст инсонлар ёхуд Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ таъбири билан айтганда «ёш бола ақлли кишилар» бу неъматни Аллоҳ нозил қилгандек кўришмайди. Аксар инсонларнинг танаси эркак танаси бўлса-да, ақли ёш боланинг ақлидан фарқ қилмайди, Аллоҳ сақласин. Инсон ёмғир ёғишига далолат қиладиган ишларни кўради-ю, бундан севиниш ўрнига бор диққатини момақалдироқ, яшин ва қоронғиликка қаратади. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳар қандай ёмғирда учрайдиган табиий ҳодисалардир. Чунки булут бор жойда маълум даражада қоронғилик пайдо бўлади, ортидан аксар ҳолатларда момақалдироқ ва яшин келади. Бу нарсалар ёмғирдан ажрамайдиган, унинг бир бўлаги бўлган нарсалардир. Маълум даражада қоронғилик, момақалдироқ ва яшинсиз ёмғир тасаввур қилинмайди. Бироқ қалби кўр, басиратсиз инсон фақат қоронғилик, момақалдироқ ва яшинни кўради. Бундай кимсалар ҳаёт манбаи бўлган ёмғирни ўлим деб кўрадилар ва «ўлимдан қўрққанларидан бармоқларини қулоқларига тиқиб оладилар».
Демак, қалб кўр бўлса, ўлчов ҳам бузилар экан. Қарангки, мунофиқлар ҳаётни, балки асл ҳаёт манбаини ўлим деб кўрдилар ва ундан қочишга ҳаракат қилдилар, момақалдироқ товушидан чўчиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олдилар. Эҳтимол, яшиндан қўрқиб кўзларини ҳам юмиб олган бўлсалар ажаб эмас.
{يَكَادُ الْبَرْقُ يَخْطَفُ أَبْصَارَهُمْ} (البقرة: 20)
Аллоҳ таоло айтади: «Яшин уларнинг кўзларини олиб қўйгудек бўлади» (Бақара, 20).
Чунки мунофиқлар ёмғирдаги яхшилик нишонасини кўрмайдилар. Уларни худди кўршапалакка ўхшатиш мумкин: Аллоҳнинг нурини кўрсалар, кўзлари қамашади. Чунки уларнинг қалб кўзлари бу нурга бардош беролмайди.
كُلَّمَا أَضَاءَ لَهُمْ مَشَوْا فِيهِ وَإِذَا أَظْلَمَ عَلَيْهِمْ قَامُوا وَلَوْ شَاءَ اللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمْعِهِمْ وَأَبْصَارِهِمْ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (20)
Аллоҳ таоло айтади: «Яшин йўлларини ёритди дегунча унинг ёруғида юриб қоладилар. Агар яшин тиниб, уларнинг йўлларини қоронғу қилса, турган жойларида тўхтаб қоладилар» (Бақара, 20).
Агар шариат ёки тақдир уларнинг ҳойи ҳавасларига мос келиб қолса, қабул қиладилар. Бироқ бу уларнинг шариатга эргашгани ёки тақдирга рози бўлганини ифода этмайди, балки шариат ёки тақдир уларнинг манфаатларига мос келгани учун шундай қилишади. Бу ҳолатни кўпроқ бирон шахс ёки тоифа тарафдорларида учратиш мумкин. Агар шариат уларнинг имоми ёхуд тоифа оқсоқолининг фикрларига тўғри келиб қолса, дарров қабул қилишади, Қуръон таъбири билан айтганда «унинг ёруғида юриб қоладилар». Аксинча, шариат уларнинг фикрларига тўғри келмаса, шариатни зулмат ва қоронғулик, деб биладилар. Қуръон таъбири билан айтганда «уларнинг йўлларини қоронғу қилса, турган жойларида тўхтаб қоладилар».
«Агар Аллоҳ хоҳласа уларнинг қулоқ ва кўзларини олиб қўйган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир».
Бу шариатга ҳам, тақдирга ҳам тегишли бўлган умумий қоидадир.
Рамазон ойи келса, одамлар икки тоифага бўлиниб қоладилар: қалби нурга тўлган муваффақ инсонлар рамазонни хайр-барака ойи, гуноҳлар мағфират қилиниши ва қалблар ислоҳ бўлиши учун энг катта фурсат деб билишади.