Рамазонни қадрлаш (3): Рамазон ва қалб дунёқараши

0

عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: “صَوْمُ شَهْرِ الصَّبْرِ وَثَلَاثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ يُذْهِبْنَ وَحَرَ الصَّدْر”ِ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сабр (рамазон) ойи рўзаси ва ҳар ойда уч кун рўза тутиш қалбдаги шайтон васвасалари ва гина-кудуратларни кетказади»[1].

Қалби нурга тўла инсонлар рамазон ойи яқинлашган сари астойдил бу ойга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қиладилар, шунингдек, бу муборак ойдан бир куни эмас, бир соати ўтса, Аллоҳдан қабул қилишини сўраб дуо қилишади. Айтишларича, Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ кун ботиб, оғиз очиш вақти бўлса ёки рамазон тугаб, ҳайит куни келса, рўза тугагани учун ўзини гуёки жони суғуриб олингандек ҳис қилар экан.

Айтиб ўтганимиздек, одамларнинг бу борада даражалари турлича бўлади. Одамлар ичида рўзани ёмон кўрадиган мунофиқлари бор. Рўза тутиш уларнинг қалбига оғир келади. Мунофиқлардан пастроқда қалби касал бўлган турли даражадаги одамлар бор. Кимдир маълум миқдорда рамазон яхшилигини ҳис қилади, унда рамазон гуноҳлар мағфират қилиниши учун бир фурсат экани тўғрисида оз бўлса-да ҳис-туйғу бўлади. Бироқ жазирама иссиқ ёки кундуз узайган пайтлардаги машаққатни ҳис қилиши рамазонда гуноҳлар кечирилиши учун саъй-ҳаракат қилиб қолиш, Аллоҳнинг раҳматига эришиш, қалбни ислоҳ қилиш туйғусидан устун бўлади. Шунинг учун бундай инсонлар тафаккури мағфиратга эришишдан кўра кўпроқ танадаги машаққатни кетказишга қаратилган бўлади.

Буни закот мисолида ҳам кўриш мумкин. Баъзи инсонлар закот чиқаради, лекин закотини малолланиб чиқаради ва чиқарган закотидан ўзи ҳам фойдаланиб қолиш пайида бўлади. Айтайлик, закотини ундан қарз олиб қайтаролмай юрган одамга берадики, шояд пули кўпайиб ёки кўнгли эриб қарзимни қайтарса, дейди. Ёки закотини ўзи моддий жиҳатдан таъминлаши фарз бўлган кишиларга берадики, шояд шу билан харажатлар камайса, дейди.

Бирон ибодатни адо этган ҳар қандай кимса ҳам уни Аллоҳнинг ҳузурида мақбул ҳолида адо этган бўлавермайди. Балки юқорида айтиб ўтганимиздек, одамлар ибодатни адо этишда шунчалик хилма-хил даражаларда бўлишадики, бу ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён. Рамазон яқинлашса, одамларнинг у ҳақда ҳис-туйғулари турлича бўлади. Кимдир аввало унинг машаққатини эслайди ва бу унинг наздида рамазондаги мағфират ва раҳмат неъматини ҳис қилишдан устун туради. Кимнингдир рамазонда қилиш имкони бўлган ёмон ишларга қизиқиши бу муборак ойдаги мағфират ҳиссидан юқори туради. Бу тур одамларни рамазон ойида дажжоллар ва фисқи фасод аҳли ғанимат билишади. Улар бундай ёш бола ақлли кишиларнинг осонгина тузоққа илинишини яхши билишади. Дажжоллар бундай кимсаларни диндан тўсадилар, бу муборак ойдан чалғишлари учун қўлларидан келган ишни қиладилар. Ажабланарлиси, фисқу фасод аҳли Аллоҳнинг динига тўсқинлик қилиш учун ҳар қандай замонда бор имкониятларини ишга солар экан, рамазон ойида янада жадал ишга киришадилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ «…فهو غُنمٌ للمؤمنِ يَغتنمُه الفاجرُ»

وفي رواية البيهقي «نَقْمَةٌ لِلْفَاجِر»

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Рамазон мўмин киши учун кони фойдадир. Фожир кимса (мусулмонларга азият етказиш, уларнинг хато-камчиликларини ахтариш ва динларидан буриш учун) бу ойни ғанимат билади» [2].

Байҳақий ривоятида: «(Бу ой) фожир учун интиқомдир», дейилади.

Мўмин киши рамазондан мағфират ғанимати билан чиқса, фожир эса чандон-чандон ёмонлик билан чиқади. Чунки фожирлар бу ойда одамларни диндан буриш, тоат-ибодатдан чалғитиш учун бор куч ва имкониятларини сарфлайдилар. Яхши инсонлар одамларга яхшилик эшикларини очиш учун саъй-ҳаракат қилсалар, ёмон инсонлар уларга ёмонлик эшикларини очиш учун тиришадилар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مِنَ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلْخَيْرِ، مَغَالِيقَ لِلشَّرِّ، وَإِنَّ مِنَ النَّاسِ مَفَاتِيحَ لِلشَّرِّ مَغَالِيقَ لِلْخَيْرِ، فَطُوبَى لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الْخَيْرِ عَلَى يَدَيْهِ، وَوَيْلٌ لِمَنْ جَعَلَ اللَّهُ مَفَاتِيحَ الشَّرِّ عَلَى يَدَيْهِ»

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлардан яхшилик эшикларини очувчи, ёмонлик эшикларини ёпувчилар бор. Шунингдек, улардан ёмонлик эшикларини очувчи ва яхшилик эшикларини ёпувчилар бор. Аллоҳ таоло қўлига яхшилик эшикларининг калитларини тутқазганларга жаннат, ёмонлик эшикларининг калитларини тутқазганлар ҳолига вой бўлсин!» [3].

Демак, қалбларнинг ҳолати шундай: аввало қалбда дунёқараш ва тушунча, сўнг бу тушунчадан келиб чиқиб ҳис-туйғу ва ниҳоят амал пайдо бўлади. Инсон қалбидаги дунёқараш бузуқ бўлса, ҳис-туйғу ҳам бузилади, амал ҳам бузилади. Бундайларни сезги органлари бузилган кишига ўхшатиш мумкин. Ҳидлаш органи бузилган кимса энг хушбўй нарсалар бўйини билмайди, таъм билиш хусусиятини йўқотган инсон энг мазали таомларнинг таъмини тотишдан маҳрум бўлади. Қалбининг ҳис қилиш хусусияти бузуқ инсонлар ҳам шундай. Лекин Аллоҳ таоло одамзот қалбини ўзгарувчан қилиб яратган. Унинг қалб (ўзгариш) деб номланиш сабаби ҳам шунда.

[1] Имом Аҳмад. «Муснад», 20757. Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 3804. «Саҳиҳ ат-тарғиби ват-тарҳиб», 1032.

[2] Аҳмад (2/330, 374, 524), Ибн Хузайма (1884), Байҳақий (4/304) Касир ибн Зайд орқали ривоят қилишган. Албоний “Аз-заифа”да (5083) заиф деган.

[3] Ибн Можа, 237. Албоний ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг