Рамазон суҳбатлари (1): Саховатли бўлинг

0

Бугундан «Рамазон суҳбатлари» деб номланган туркум суҳбатларимизни бошлаймиз.

Аллоҳ таолодан ушбу ойни барчамизга муборак қилишини, ҳаётимизга хайр-барака ёғдиришини сўраймиз!

Ушбу суҳбатларимизда мўмин киши зийнатланиши лозим бўлган баъзи хислатлар ҳақида сўз юритамиз. Шундай хислатлардан бири сахийликдир.

Бугунги суҳбатимизни «сахий бўлинг» деб номладим.

Биродарим, сахий бўлинг. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сахий зот, сахий бандаларини яхши кўради. Аллоҳ таоло ўзини васфлаб шундай деган: «Ҳақ подшоҳ бўлмиш Аллоҳ бирон ишни беҳуда қилишдан узоқдир. Арш эгаси бўлган саховатли Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Мўъминун, 116). Пайғамбаримиз ёки саҳобийнинг сўзи эканида ихтилоф қилинган ривоятда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло ҳаё ва саховат соҳибидир. Бандаси қўл кўтариб дуо қилса, қўлини бўш қайтаришдан ҳаё қилади»[1].

Бизларга ўрнак ва намуна бўлган муҳтарам зотлар – пайғамбарларнинг барчаси олийжаноб ва саховатпеша бўлганлар. Уларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Эй Расулуллоҳ, энг сахий инсон ким?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ наздида энг сахийингиз энг тақводорингиздир», деб жавоб бердилар. Саҳобалар: «Буни назарда тутмаган эдик», дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-боболари сахий бўлган сахий зот Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Дарҳақиқат, унинг ўзи ҳам, ота-бобоси ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари бўлишган», дедилар[2].

Пайғамбаримиз ҳам сахий инсон эдилар ва умматларини ҳам сахий бўлишга ўргатдилар. Саҳродан бадавий араблар келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноб ва саховатпешалигини кўрар, сўнг ўз қабиласига бориб: «Эй қабиладошларим, Исломга киринглар. Мен Муҳаммадни камбағалликдан қўрқмай бор-йўғини бераётганини кўрдим», дер эди.

Пайғамбаримиз ўта сахий эдилар. Бизларга ўрнак ва намуна бўлган муҳтарам зотлар – пайғамбарларнинг барчаси ҳам саховатпеша бўлишган. Зеро, Раббимиз субҳонаҳу ва таоло сахий зотдир. Унинг исмларидан бири «карим», яъни саховатпешадир.

Биродарлар, келинг, солиҳ инсонлар изидан бориб, биз ҳам саховатли бўлайлик.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сахийликка тарғиб қилиб ва буюриб бундай деганлар: «Ким Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган бўлса, меҳмонига иззат-икром кўрсатсин»[3]. Бошқа бир ривоятда шундай дейдилар: «Меҳмондорчилик уч кундир. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурматлаб, унинг мукофотини берсин. Меҳмоннинг мукофоти уни бир кеча-ю бир кундуз зиёфат қилишдир»[4]. Яъни биринчи кеча ва кундузи меҳмонга атаб алоҳида зиёфат уюштирасиз, ундан кейинги кунларда эса одатда еб-ичадиган таомларингиз билан меҳмон қиласиз.

Фаришталар инсон суратида Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келганларида у зот меҳмонларга сездирмаган ҳолда шошилинч аёлининг олдига чиқади ва чўғда пиширилган семиз бузоқни олиб келиб дастурхонга тортади. «Бирон нарса ейсизларми?» деб уларни хижолатга қўймайди, индамасдан, тезда аёли олдига чиқиб чўғда пиширилган семиз бузоқни келтиради.

Иброҳим алайҳиссалом энг яхши ва семиз бузоқни танлаб, энг яхши услубда пишириб келтиради. Аллоҳ таоло айтади: «“Салом”, деди-да, қараб турмай бир бузоқни чўғда пишириб келтирди» (Ҳуд, 69). Бу оятда бузоқни чўғда пишириб келтиргани баён қилинган бўлса, бошқа бир оятда (Зориёт, 26) семиз бузоқни тортиқ қилгани баён қилинган.

У зот меҳмонларни узоқ кутдирмасдан энг яхши бузоқни танлаб, энг яхши услубда пишириб, энг қисқа фурсатда олиб келади. Меҳмонларга таомни тортиқ қилар экан, оғриниш ёки миннат қилишдан йироқ ҳолда «Қани, таомга марҳамат» (Зориёт, 27), дея илтифот кўрсатади.

Меҳмонга таклиф қилаётган кишингизга: «Бизникига марҳамат қилинг, меҳмонимиз бўлинг», деб таклиф қилишингиз билан «Юринг, тушлик қилиб бераман» ёки «Юринг, кечки овқат қилиб бераман» дейишингиз ўртасида катта фарқ бор.

Бирон кишини меҳмонга таклиф қилар экансиз, унга: «Хонадонимга ташриф буюринг, меҳмоним бўлинг», «Меҳмонимиз бўлсангиз, бошимиз осмонга етарди» каби ибораларни айтишингиз мақсадга мувофиқдир. Меҳмонни шу каби сўзлар билан таклиф қилиш лозим. Бироқ меҳмонга «Қорнингиз очми?» ёки «Нонушта (ёки тушлик) қилганмисиз?» каби ибораларни айтиш меҳмондўстлик анъаналарига ва саховатга номуносиб услубдир.

Биродар, сахий бўлинг. Саховатпешаликда пайғамбарлар йўлини тутинг.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан савоб умид қилган ҳолда сахий бўлинг. Аллоҳ таоло шундай деган: «Қандай хайр-эҳсон қилманг, албатта Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши ризқ берувчидир» (Сабаъ, 39).

Саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деганлар: «Сиз бизларни меҳмон қилмайдиган одамлар олдига юборяпсиз», яъни улар бизнинг меҳмонлик ҳаққимизни адо қилмайдилар. Шунда у зот айтдилар: «Агар бир қавм орасига келиб тушсангиз ва улар меҳмонлик ҳаққингизни адо қилмаса, у ҳолда улардан меҳмонлик ҳаққингизни талаб қилиб олинглар»[5].

Саховатпеша бўлинг! Зеро, саховатпеша инсонлар ҳар қачон мақтовга сазовор бўлиб келишган.

Ҳикматларда айтилишича, баъзан яхшилик қилиш нодонликни беркитади. Бир инсон жоҳил бўлиши, бироқ сахийлиги ундаги барча айбларни ёпиб юбориши мумкин.

Инсон чиройли гапира олмаслиги, одамлар билан яхши муомала қила олмаслиги, қўрс ва жоҳил бўлиши, бироқ сахийлиги мазкур иллатларнинг барчасини ёпиб юбориши мумкин.

Бир киши шундай деган экан: «Сахийлик шундай хислат ва луғатки, уни барча халқлар тушуна олади». Масалан, бир инглиз Мисрга келиб, сизга ўз тилида гапирса ёки сиз унга араб тилида гапирсангиз, бир бирингизни тушунмайсиз. Бироқ у сизнинг сахий ёки бахил эканингизни бирон сўз гапирмасангиз ҳам тушуниб олади. Сахийлик луғати оламнинг барча ерида тушунарли луғат саналади.

Аллоҳнинг элчиси Юсуф алайҳиссаломнинг ака-укалари унинг ҳузурига келганида уни танимадилар. Юсуф алайҳиссалом уларга: «Ахир мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни (яъни меҳмонларни ҳурмат қиладиган энг яхши мезбон эканимни) кўрмаяпсизларми?» деди (Юсуф, 39).

Демак, сахийлик мақтовга сазовор ва ҳавас қилинадиган сифатлардан биридир.

Шак-шубҳасиз, сахий инсон мақтовга сазовордир. Агар бировга бир инсонни сахий деб васфласангиз, албатта унда мақтовга сазовор шахс экан, деган тасаввур пайдо бўлади. Агар уни сахийликнинг зидди бўлган бахиллик сифати билан васфласангиз, дарҳақиқат, уни ёмонлаган бўласиз.

Демак, барчамиз ушбу буюк хислат бўлмиш сахийлик хислатига эга бўлишга ҳаракат қилайлик. Боримиздан қизғанмай берайлик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо разияллоҳу анҳога шундай деганлар: «Эй Асмо, хайр-эҳсон қил. Ортиқча молингни идишларда сақлаб, бахиллик қилмагин, тағин Аллоҳ сенинг ҳам ризқингизни тор қилиб қўймасин»[6]. Бошқа бир ривоятда келишича, «Хайр-эҳсон қилган молингизни ҳисоблаб-санаманг. Садақангизни ҳисоблаб-санасангиз, Аллоҳ ризқингизни камайтириб қўяди»[7].

Уйингизга меҳмон келса, хусусан улар солиҳ кишилар бўлса, нечоғлик хурсанд бўлиш кераклигини баён қилиш учун ушбу ривоятни келтирмоқчиман. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин вақтида кўчага чиқадилар ва йўлда Абу Бакр ва Умарни учратадилар. Уларнинг ҳар бири уйларидан алоҳида-алоҳида чиқишган, бироқ Аллоҳнинг тақдири ила йўлда учрашиб қолишган эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бундай дейдилар: «Эй Абу Бакр, Эй Умар, сизларни шу пайтда кўчага чиқишга нима мажбур қилди?» Улар: «Эй Расулуллоҳ, очликдан чиқдик», дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга қасамки, сизларни уйдан чиқарган нарса мени ҳам уйдан чиқарди. Юринглар», дея уларни бир ансорийнинг уйига бошладилар. Бироқ ансорий уйда йўқ, сув олиб келиш учун кетган экан. Ансорийнинг аёли эри келгунча уларни кўчада куттирмаслик учун уйга киритади. Ансорий келиб, меҳмонларни кўргач, қувончдан ичига сиғмай: «Ер юзида менчалик улуғ меҳмонлари бор одам бўлмаса керак!» деб хитоб қилди. Сўнг меҳмонлар учун қўй сўйди[8].

Саҳобалар меҳмон келса қувонишар эди. Албатта, меҳмонларнинг ризқи ҳам ўзлари билан бирга келади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган: «Қандай хайр-эҳсон қилманг, албатта Аллоҳ ўрнини тўлдирур. У энг яхши ризқ берувчидир» (Сабаъ, 39).

Сахий бўлинг, бахил бўлманг. Сахий бўлсангиз, албатта, берган нарсаларингиз ўрнини Аллоҳ тўлдирур.

Шу ерда суҳбатимизни якунласак. Аллоҳ таоло барчаларимизни сахий бандаларидан қилсин. Сўзларимиз, амалларимиз, хислатларимиз ва хайр-эҳсонларимизда сахий бандаларидан бўлишни насиб қилсин. Аллоҳумма омин.

[1] Ибн Можа (3131), Абу Довуд (1488) ва Термизий (3556) ривояти. Албоний «Тахриж мишкот ал-масобиҳ»да (2184) саҳиҳ деган.

[2] Бухорий (3383) ва Муслим (2378) ривояти.

[3] Бухорий (6018) ва Муслим (47) ривояти.

[4] Бухорий (6019), Муслим (48), Абу Довуд (3748), Термизий (1967), Ибн Можа (3675) ва Аҳмад (16374) ривояти.

[5] Бухорий (2461) ва Муслим (1727) ривояти.

[6] Бухорий (2590) ва Муслим (1029) ривояти.

[7] Абу Довуд (1700) ва Аҳмад (24817) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунани Абу Довуд»да (1700) саҳиҳ деган.

[8] Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да (5216) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг