Сабрли бўлинг
Бугун ўзимга ва сизларга олийжаноб бир хислатни эслатмоқчиман. У сабр сифатидир. Эй Аллоҳнинг бандаси, сабр-бардошли бўлинг. Бошингизга тушадиган Аллоҳнинг аламли қазо-қадарига сабр қилинг. Тоат-ибодатларда сабр-тоқатли бўлинг. Гуноҳлардан тийилишда сабрли бўлинг. Сабр луғатда ўзни тийиш ва тутиш маъносини англатади. Банда бошига мусибат тушганда ўзини жазавадан тийиши, ибодатларни ўз вақтида бажаришга ўзини мажбурлаши ва гуноҳ ишларга дуч келганда уларга қўл уришдан ўзини тийиши сабрдир.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сабр қилувчиларни яхши кўради ва улар билан бирга бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).
Аллоҳ сабр қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Аллоҳ уларга мағфират ва катта ажр-савоб тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб, 35).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бандага сабрдан кўра хайрлироқ ва каттароқ неъмат ато қилинмади»[1]. Бир кишига мол-дунё берилади, бошқа бир кишига сабр ато этилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур сўзларига биноан сабр мол-дунёдан афзалдир. Шунинг учун пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) бошқалардан сабр билан ажралиб турар эдилар. Улар Аллоҳ таоло тақдир қилган аччиқ мусибатларга сабр қилишди. Масалан, Аюб алайҳиссалом оғир синовни бошдан кечирди: ўн саккиз йил давомида оғир касал бўлиб ётди. Аллоҳ таоло унинг синовдан муваффақиятли ўтганига гувоҳлик бериб шундай деди: «Дарҳақиқат, Биз Аюбни сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. У (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтгувчидир» (Сод, 44).
Шундай экан, сабрга одатланинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мушриклар озор беришганида «Мусо алайҳиссаломни Аллоҳ раҳмат қилсин, у бундан ҳам кўпроқ озорланди ва сабр қилди», деган эдилар[2]. Анбиёлар сабр билан ажралиб турдилар. Иброҳим алайҳиссалом бошига тушган оғир мусибатларга сабр қилди. Ўз ўғлини қурбон қилишда сабр қилди, ўзини хатна қилишда сабр қилди, ҳолбуки, қилмасликка узри бор эди. Ёши саксонга етганда теша билан ўзини хатна қилди ва бунга сабр қилди. Золим ҳукмдор билан учрашганда сабр қилди. Шунингдек, оловга улоқтирилган пайтида сабр қилди. У зотга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Сиддиқ – Юсуф алайҳиссалом зиндонда сабр қилди ва Аллоҳга осий бўлишдан кўра сабрни афзал кўрди. Ўшанда у: «Парвардигорим, булар мени чорлаётган нарсадан кўра менга зиндон яхшироқдир», (Юсуф, 33) деди. Унинг отаси Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига: «Энди менинг ишим чиройли сабр қилмоқдир. Шояд, Аллоҳ уларнинг барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У зот билим ва ҳикмат соҳибидир», (Юсуф, 83) деди.
Аллоҳнинг пайғамбарлари сабр борасида ажойиб ўрнак кўрсатдилар. Биз улардан ўрганамиз ва уларга эргашамиз. Уларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сабр зиёдир»[3], деганлар. Баъзи уламолар бу ҳадиси шариф шарҳида бундай дейдилар: «Дарҳақиқат, сабрли киши вазиятга тўғри баҳо беради, шошқалоқ киши эса бундай қилолмайди». Агар бошингизга бир иш тушганда сабрли бўлсангиз, тўғри фикрлай оласиз ва ўз навбатида динга муносиб ва мувофиқ бўлган тўғри қарор қабул қиласиз. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қози ғазабнок ҳолида икки киши ўртасида ҳукм чиқармасин»[4], дедилар. Чунки ғазаб уни адолат чегарасидан чиқаради. Аммо бирон масалада тўғри ҳукм қилиш ва тўғри қарор қабул қилиш учун сабрли, ўзини қўлга олган, нима деётганини билган кишига сабр йўлни ойдинлатади. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Сабр зиёдир»[5].
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин кишининг ишидан ажабланиб шундай дедилар: «Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши яхшиликдан иборат. Бирон хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшилик бўлади. Бирон қийинчилик етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшилик бўлади»[6].
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир қанча мисоллар келтириб, ортидан: «Албатта, бунда барча (балоларга) сабр қилувчи, (неъматларга) шукр қилувчилар учун оят-ибратлар бордир», (Луқмон, 31) дейди.
Шундай экан, ҳаётимиз икки нарсадан: ё Аллоҳ таоло бизга берган неъматлардан, ё бало-мусибатлардан холи бўлмайди. Неъматлар шукр этишимизни тақозо етса, мусибатлар қаршисида сабр қилишимиз лозим. Демак, ҳолатимиз икки иш: шукур ва сабр ўртасида айланиб туради. Мусибатлар пайтида сабр қиласиз ва сабрингиз туфайли улуғликка эришасиз. Аллоҳ таоло: «Сабр қилувчиларга хушхабар беринг», (Бақара, 155) дейди. Хўш, қандай хушхабар?! У барча яхшилик ва хурсандчиликлар башоратидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди: «Бирор мусибат келганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта, биз У зотга қайтувчилармиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (яъни мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳидоят топувчилардир» (Бақара, 156-157). Умар разияллоҳу анҳу оятдаги мағфират, раҳмат ва ҳидоятга ишора қилиб: «Сабр учун берилган нақадар яхши икки эваз ва нақадар яхши илова», деган эди.
Оятда Аллоҳ таоло сабр эвазига мағфират ва раҳматни берди ва уларга қўшимча ҳидоятни илова қилди.
Сабр қилувчи кишига беҳисоб ажр берилади. Қилган сабримиз ҳажми ва қийматига ким баҳо беради? Менинг бошимга бир мусибат тушди, сизнинг ҳам бошингизга бир мусибат тушди. Мен мусибатга сабр қилдим, сиз ҳам сабр қилдингиз. Лекин иккимиз қилган сабрнинг қийматини ким билади? Шубҳасиз, Аллоҳ билади. Аллоҳ таоло: «Шубҳа йўқки, сабр қилувчиларга ажр-мукофотлари беҳисоб тўкис қилиб берилади», (Зумар, 10) дейди.
Юқорида айтганимдек, сабр – бирон қариндошингизнинг оламдан ўтиши, суюкли кишингизни йўқотишингиз, бошингизга келган оғир касаллик, жоҳил кимсанинг ҳаддидан ошиб, ҳаққингизга тажовуз қилиши, золим ҳукмдорнинг сизга зулм қилиши, озор бериши каби Аллоҳ таолонинг аччиқ мусибатларига сабр қилишдир. Аччиқ мусибатларнинг кўринишлари кўп. У ҳаммага ҳар хил кўринишда келиши мумкин.
Инсонлар хилма-хил бўлишганидек, мусибатлар ҳам хилма-хил, улар бир-биридан фарқли бўлишганидек, мусибатлар ҳам бир-биридан фарқлидир.
Инсонлар танасига етадиган зарарларни бунга мисол қилиш мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтди: «Кимни икки кўзининг кўр бўлиши билан мусибатлаган бўлсам ва у бунга сабр қилса, кўзларининг эвазига улардан кўра яхшироқ нарса – жаннатни бераман»[7].
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қай бир муслим ва муслиманинг учта фарзанди вояга етмасдан вафот этса, албатта, Аллоҳ уларни ва ота-оналарини ўз фазлу марҳамати билан жаннатга киритади»[8].
Сабрнинг мукофоти улуғ.
Сабр, шунингдек, аччиқ мусибатларга, одамларнинг жоҳилона муносабатларига сабр қилишдир. Кўпчилик одамлар ҳис қилмаслиги мумкин, сабрнинг энг оғири жоҳилнинг жаҳолатига сабр қилишдир. Чунки жоҳил кишининг сўзи одамга оғир ботади, унинг юрагини сиқади. Лекин Аллоҳ розилиги учун унинг жоҳиллигига сабр қилишингиз ва бунинг учун ажр-савоб умид қилишингиз энг улуғ ишлардандир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, ким (ўзига етган азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу ишларнинг энг улуғи ва савоблисидандир» (Шўро, 43).
Яна Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Биз сабр-қаноат этган кишиларни бу дунёда қилган энг гўзал амалларига бериладиган савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл, 97).
Сабрнинг турлари кўп.
Шулардан бири тоат-ибодатларга сабр қилишдир. Ўзингизни тоатларга сабр қилишга, айниқса, бомдод намозини ўқишга ўргатинг.
Қийналсангиз ҳам қуёш чиққунча масжидда ўтирсангиз, савобларга эришиб, янги кунни яхшиликлар ва катта савоб билан, гуноҳлар йўлини тўсувчи кучли ва мустаҳкам қалқон билан бошлаган бўласиз.
Тоатларга сабр қилинг, ҳар куни Аллоҳнинг Китобидан ярим пора тиловат қилинг ёки намозда ўқинг ва бунга сабр қилинг.
Душманга йўлиққанда сабр қилинг. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқатда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун бел боғлаган ҳолда) шай турингиз! Аллоҳдан қўрқингиз, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!» (Оли Имрон, 200).
Сабр турларидан яна бири тоат-ибодатларда, шариат инсон зиммасига юклаган вазифаларни бажаришда сабр қилишдир.
Инсон сабр қилиш билан динда пешво – барча унга эргашадиган етакчи даражасига эришади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Улар (дин йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар» (Сажда, 24).
Шундай экан, сабрсиз олим бўламан, деб ўйламанг. Ўқишга, изланишга, мутолаа қилишга сабр қилишингиз керак. Бу йўлда турли масалалар хусусида тадқиқот қилиш, аниқ ва чуқур ўрганиш, олимлардан сўраб-билиш лозим бўлади.
Сабрсиз моҳир табиб бўламан, деб ўйламанг. Тиббиётни ўрганишга сабр қилинг. Тиббиёт оламидаги янгиликларни ўрганинг. Соҳангизга тааллуқли интернет саҳифаларига киринг, касалхоналарга боринг, ўз устингизда ишланг. Шунда тиббиётда пешво – етакчи ва энг илғорлардан бўласиз.
Аллоҳ таолонинг «Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик», деган каломига диққат қилинг. Пешволик қай йўсинда қўлга киритилади? Бу саволга жавоб ўлароқ, Аллоҳ таоло оятда: «Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач», дейди ва охирида «Ва улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар» (Сажда, 24), дейди.
Сабр дегани – тоатларда сабр қилиш, Аллоҳнинг аччиқ мусибатларига сабр қилиш, гуноҳ ишларни қилмасликка сабр қилиш ва нафсни гуноҳ ишлар томонга юришдан тийиш демакдир.
Сабр сўзи «тийиш» ва «қамаш» маъноларини англатади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирида «масбура» ҳайвонни ейишдан қайтарганлар. Масбура дегани сабр қилинган – қамаб қўйилиб, ундан нишон сифатида фойдаланилган, тош ва найза кабилар билан отиб ўлдирилган парранда демакдир.
Шундай экан, сабрли бўлинг, гуноҳ ишлардан четланишга сабр қилинг, тоатларда сабр қилинг, Аллоҳ таолонинг аччиқ мусибатларига сабр қилинг. Сабрингиз Аллоҳнинг розилиги учун бўлсин. Зеро, Аллоҳ таоло: «Парвардигорларининг юзини кўзлаб сабр қиладиганлар» (Раъд, 22), дейди.
Сабр қилишга ёрдам бериши учун Аллоҳ таолодан сабрли қилишини сўранг.
Аллоҳ таоло айтади: «Сабр-тоқат қилинг. Зотан, Аллоҳ ёрдам берсагина сабр қила оласиз» (Наҳл, 127).
Аллоҳ таоло барчамизни сабрли бандаларидан қилсин! Омин.
[1] Бухорий ривояти, 1469.
[2] Бухорий (3150) ва Муслим (1062) ривояти.
[3] Муслим ривояти, 223.
[4] Бухорий ривояти, 7158.
[5] Муслим ривояти, 223.
[6] Муслим ривояти, 2999.
[7] Бухорий ривояти, 5653.
[8] Бухорий ривояти, 1381.