Рамазон суҳбатлари (3): Ростгўй бўлинг

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Рамазон суҳбатлари туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз.

Аллоҳ таоло уларни сизу бизга ва барча мусулмонларга фойдали қилсин. Аллоҳ таолодан барчамизни яхшиликларга муваффақ этишини сўрайман. Аллоҳумма амийн.

Бугунги суҳбатимизни “ростгўй бўлинг” деб номладик.

Улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқларни комил қилиш учун юборилганлар.  Биз зийнатланишимиз лозим бўлган ахлоқлардан яна бири – сидқ – яъни ростгўйлик ва самимийликдир.

Эй Аллоҳнинг бандаси, самимий,  ростгўй бўлинг. Тилингизда,  ниятларингизда, амалингизда ва барча ишларда содиқ (ростгўй) бўлинг. Шубҳасиз, содиқларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яхши кўради. Аллоҳ бизга содиқлар (ростгўйлар) билан бирга бўлишни буюриб, шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!»

Ростгўйларга қўшилинг ва содиқлар жумласидан бўлинг.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади:  «…ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар… учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат)ни ҳозирлади» (Аҳзоб сураси, 35).

Яна айтади: «Рост сўзни (яъни Қуръонни) келтирган Зот ва уни тасдиқлаган (мўмин)лар, ана ўшалар тақводорлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни жаннатда) хоҳлаган нарсалари (муҳайё) бўлур. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир» (Зумар сураси, 33-34).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ростгўй кишиларни ва ростгўй аёлларни яхши кўради. Шундай экан, пайғамбарларнинг сифати бўлмиш бу гўзал сифат билан зийнатланайлик.

 Аллоҳ ўзининг улуғ Китобида шундай дейди:  «(Эй Пайғамбар), ушбу Китобда Иброҳим (қиссаси)ни ёд этинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди» (Марям сураси, 41).

«Яна ушбу Китобда Идрис (қиссаси)ни ёд этинг.  Дарҳаҳиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди» (Марям сураси, 56).

Қуръони каримда бу маънодаги оятлар жуда кўп ўринларда келади.

Халқларнинг энг ростгўйлари пайғамбарлардир, уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло бизларни уларга эргашишга буюрди. Уларга эргашиш  ростгўйлик ва  самимийликда улардан ўрнак олиш демакдир.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ростгўйликка буюриб, шундай деганлар: “Ростгўй бўлинглар. Дарҳақиқат, ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши давомий равишда рост сўзлар экан ва ростгўйликка интилар экан, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (ростгўй) деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан узоқ бўлинглар. Дарҳақиқат, ёлғон ёмонликка, ёмонлик эса дўзахга етаклайди. Киши давомий равишда ёлғон гапирар экан ва ёлғонни қасд қилар экан,  Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади”.

Ростгўй инсонни одамлар мақтов билан тилга олади. Юсуф алайҳиссалом билан зиндонда бирга бўлган икки маҳбусни эсга олинг. Улардан бири зиндондан чиққач, подшоҳнинг хизматига қайтади. У бир қанча вақтдан кейин Юсуф алайҳиссалом ҳузурига келиб:

«Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ ёнида турган еттита қуриган бошоқ  ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бер» – деб нидо қилади.

Ростгўй инсон доимо мақтов билан тилга олинади. Зеро, ростгўйлик энг олийжаноб хислатлардандир. Сўзларингиз, ишларингиз ва ниятларингизда ростгўй-самимий бўлинг. Ростгўйлик сабабли қийинчиликка тушиб қоламан, деб ўйламанг. Зоҳирда шундай бўлиб кўринса ҳам, аслида сиз ростгўйлигингиз билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг муҳаббатига эришасиз. Чунки У ростгўйларни яхши кўради.  Яна сиз ўз ростгўйлигингиз билан набийлар ва расулларнинг йўлида бўласиз. Ростгўй инсонни одамлар ҳам яхши кўради.

Суд залига гувоҳлик учун чақирилганингизда ёки бировнинг ҳузурида ўзингиздан бирон айб, ё туҳматни соқит қилиш учун гапирган пайтингизда ҳам фақат рост сўзланг. Агар ёлғон сўзласангиз, сизни ҳурмат қилмай қўядилар. Аммо ростгўй бўлсангиз, ҳатто душманларингиз ҳам сизни ҳурмат қилади.

Оғзингиздан фақат рост сўз чиқсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ичида ушбу  сифат эгаси бўлган кишилар бисёр эди. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар разияллоҳу анҳу ҳақида шундай деганлар: «Ер ўз устида Абу Зардан кўра рост сўзловчироқ кишини кўтармаган, осмон ундан кўра ростгўйроқ кишига соя солмаган”. Абу Зар бу ростгўйликни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло ростгўйлик билан васфлаб, шундай деган:

«Рост сўзни (Қуръонни) келтирган зот ва уни тасдиқлаган (мўмин)лар –  ана ўшалар тақводорлардир».

Рост сўзни келтирган зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Уни тасдиқлаганлар эса, умумий тарзда мўминлар ва хусусан улар ичида энг улуғи буюк саҳобий Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эди.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди: «Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун (мазкур синовга дучор қилди)».

Дарҳақиқат, содиқлик тилда ростгўй бўлиш билан ҳосил бўлгани каби, ниятларда содиқ-самимий бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади.

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига байъат бериш учун келганида у зот унга (ғаниматдан) бир нарса бермоқчи бўлдилар. Шунда у: “Мен сизга бу учун эргашмадим. Балки мен ўқ бу еримдан кириб, мана бу еримдан тешиб чиқиши, Аллоҳ йўлида ўлдирилишим учун сизга эргашдим” – дея, бўғзига ва унинг қарши томонига ишора қилди.

У худди ўзи айтганидек, Аллоҳ йўлида ўлдирилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У Аллоҳга содиқ бўлди,  Аллоҳ ҳам унга содиқ бўлди”, дедилар. Яъни у ниятида содиқ бўлган эди,  Аллоҳ ҳам унинг мақсадини рўёбга чиқарди.

Энди диққатингизни узун бир ҳадисда келтирилган мана бу воқеага қаратаман. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига кетганларида фазилатли ва улуғ саҳобалардан уч киши кўп сонли мунофиқ кимсалар қаторида жиҳоддан қолиб кетдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтганларида  мунофиқлар у кишига ёлғон баҳоналар айтиб, ўз ёлғонларига ишонтириш учун қасам ичишди. Лекин фозил зотлардан бўлган уч киши:  Каъб ибн Молик,  Мурора ибн Рабеъ ва Ҳилол ибн Умайя у зот ҳузурларига келиб, тўғрисини айтдилар. Ўзларидан содир бўлган ишни гапириб: “Эй Расулуллоҳ, биз ҳеч қандай узрсиз жиҳоддан қолдик” – дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Аллоҳ сиз ҳақингизда бир ҳукм қилгунча кутиб турингиз” – дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам узр айтганларнинг зоҳирдаги узрларини қабул қилдилар, ботинларини эса Аллоҳга ҳавола қилдилар. У зот Табук ғазотидан қолган мазкур уч киши – Каъб ибн Молик,  Мурора ибн Рабеъ ва Ҳилол ибн Умайя билан эллик кун алоқани уздилар. Бирор киши уларга гапирмас, салом бермас, нарса сотмас, улардан нарса сотиб олмас эди. Агар салом беришса, ҳеч ким алик олмас эди. Бу имтиҳон асносида уларга ботил ва куфр аҳлидан баъзи таклифлар келди. Шайтон уларни “Кошки сизлар ҳам фалончи каби ёлғон гапириб, кейин тавба қилсаларинг эди” – деб маломат  қилди. Лекин улар шайтон ҳийласига учмасдан собит қолдилар. Ва ниҳоят, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди: «Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи,  меҳрибондир» (Тавба сураси, 118). Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан бошқалар Аллоҳга ва унинг Расулига ёлғон гапирдилар.  Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: «Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни,  айбламаслигингиз учун сизларга ўзларининг ростдан ҳам узрли эканига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Шундай экан,  улардан юз ўгиринглар. Чунки улар нопокдирлар ва қилмишлари (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир» (Тавба сураси, 95). Аллоҳ таоло улар тўғрисида ёмон сўзлар айтди, уларга аталган азобни зикр қилди.

Каъб ибни Молик келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен тавбамнинг тасдиғи ўлароқ молимнинг ҳаммасини Аллоҳ ва Расули йўлида садақа қилмоқчиман», деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Молингнинг бир қисмини ўзингга қолдир. Шу сен учун яхшироқдир”, дедилар.

Демак, сидқ-ростгўйлик, гарчи бир муддат кейин бўлса ҳам, Аллоҳ ҳузурида нажот топишга сабаб бўлар экан. Ростгўйлик Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳузурида нажотга сабабчи бўлишининг ўзи кифоя қилади. Агар дунёда ёлғон гапирсангиз, қиёмат куни ёлғонингизнинг жазосига дучор бўласиз. Аммо дунёда ростгўй бўлиб,  рост гапирганингиз учун уқубат чексангиз, қиёмат куни сиздан жазо енгиллатилади.

Бу яхши хислатга сўзда ҳам, амалда ҳам, ниятда ҳам амал қилайлик. Сидқ-ростгўйлик шиоримиз бўлсин. Сўзимизда ҳам, ишларимизда ҳам, ниятларимизда ҳам содиқ бўлайлик.

Киши тилида “астағфируллоҳ” дейиши, лекин қалби мағфират сўрашни қасд қилмаслиги мумкин. Шунинг учун инсон қалбида ўрнашган гуноҳдан Аллоҳдан мағфират тилаши керак. Ва холис ният билан Аллоҳ субҳонаҳу таолога шошилиши, ниятини софлигини булғайдиган турли аралашмалардан тозалаши лозим бўлади.

Яна такрор эслатаман. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло содиқларни яхши кўради. Шубҳасиз, у содиқ эркаклар ва содиқ аёлларга мағфират ва катта ажр тайёрлаб қўйган.

Ростгўйлик, самимийлик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, яхшиликка, яхшилик эса жаннатга етаклайди.

Сидқ-ростгўйлик пайғамбарлар алайҳимус салом шиори, анбиёлар йўлидир. Сидқ – сўзда, амалда ва ниятда содиқ-ростгўй бўлишдир.

Биз Аллоҳ таоло ёрдам берсагина бунга эриша оламиз. Аллоҳ сизу бизни содиқлардан қилсин, яхшиликка ҳидоят қилсин ва кенг жаннатларга ворис қилсин!

Изоҳ қолдиринг