Силаи раҳм қилинг
Навбатдаги суҳбатимизни «Силаи раҳм қилинг» деб номладик.
Биродар, силаи раҳм қилинг. Аллоҳ таоло алоқа қилишга буюрган инсонлар ўртасидаги ришталарни боғлашга силаи раҳм дейилади.
Қариндош-уруғчилик, биродарчилик ришталарини мустаҳкамланг. Аллоҳ таоло нозил қилган барча нарсага иймон келтиринг.
Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳ боғлашга буюрган алоқани (жумладан қариндош-уруғлар алоқасини) боғлайдиган, Раббиларидан ва қиёматда ёмон ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқадиган зотлардир» (Раъд, 21).
Аллоҳ таоло мустаҳкамлашга буюрган алоқалардан бири қариндошлар ўртасидаги алоқадир.
Силаи раҳм қилинг.
Баъзи уламолар силаи раҳм деганда она тарафдан бўлган қариндошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш назарда тутилади, деган бўлишса-да, тўғрироқ фикрга кўра, силаи раҳм деб барча қариндошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга айтилади.
Барча қариндошларингиз ўртасидаги алоқани мустаҳкамланг.
Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган инсонларни мақтаб бундай дейди: «Улар Аллоҳ боғлашга буюрган алоқани (жумладан қариндош-уруғлар алоқасини) боғлайдиган, Раббиларидан ва қиёматда ёмон ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқадиган зотлардир» (Раъд, 21).
Силаи раҳм қилган инсонга улкан ажрлар берилади, ризқи мўл-кўл бўлади ва умри узайтирилади, яъни умрига барака берилади ёки чиндан ҳам умри узаяди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимни умри узайтирилиши ёки ризқи кенг қилиниши қувонтирса, қариндошлари билан алоқасини мустаҳкамласин»[1].
Силаи раҳм қилиш ризқнинг кенг ва мўл-кўл бўлиши сабабларидан биридир.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини бошқалардан устун санаган Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуга бундай деганлар: «Эй Саъд, сизларга берилаётган ризқ ва нусрат ораларингиздаги заиф кишилар сабабли эканини билмайсанми?»[2].
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Қавм-қариндошга (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг» (Исро, 26). Чунки хоҳлайсизми-йўқми устингизда қариндошлар ҳаққи бор.
Аллоҳ таоло айтади: «Бани Исроилдан «Аллоҳгагина ибодат қиласиз, ота-она, қариндош-уруғ, етим-есирга яхшилик қиласиз», деб аҳд-паймон олганимизни эсланг» (Бақара, 83).
Қариндошларингиз ҳатто кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилишга буюрилгансиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Билиб қўйинг, фалончи уруғ менинг дўстларим эмас. Менинг дўстларим тақводорлардир. Бироқ улар менинг қариндошларим бўлгани боис тери қуриб қолмаслиги учун сув билан намлаб турилганидек, мен ҳам уларнинг ҳақларини бериш билан кўнгилларини юмшатиб тураман»[3].
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «тери қуриб қолмаслиги учун сув билан намлаб турилганидек» деган сўзларининг маъноси ҳақида уламолар шундай дейишган: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам силаи раҳмни қўй ёки эчкининг терисига ўхшатдилар. Терини сувсиз қолдирсангиз қуриб қаттиқ бўлиб қолади ва сиз уни хоҳлагандек бука олмайсиз. Бироқ уни сув билан намлаб турсангиз, юмшайди ва сиз уни хоҳлагандек бука оласиз. Қариндош-уруғларга силаи раҳм қилиш ҳам худди шундай».
Масалан, амакингизнинг ўғли бўлса, сиз ундан ҳол-аҳвол сўраб турсангиз, касал бўлса кўргани борсангиз, эҳтиёжини қондирсангиз, хуллас, қийналган вақтида ёрдам берсангиз, қилган яхшиликларингизни эслаб сизга ҳам кўмак беришга ошиқади. Бироқ алоқани узган бўлсангиз, бирон иш буюрсангиз бош тортади, силаи раҳм қилган қариндошингиз каби муомала қилмайди.
«Билиб қўйинг, фалончи уруғ менинг дўстларим эмас. Менинг дўстларим тақводорлардир. Бироқ улар менинг қариндошларим бўлгани боис тери қуриб қолмаслиги учун сув билан намлаб турилганидек, мен ҳам уларнинг ҳақларини бериш билан кўнгилларини юмшатиб тураман».
Сизга ёмонлик қилиб, озор берадиган қариндошларга ҳам силаи раҳм қилинг. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Силаи раҳм қилиш сизга яхшилик қилган қариндошингизга яхшилик қилиш эмас, балки сиз билан алоқани узган қариндош билан борди-келди қилишингиздир»[4].
Масалан, сиз менинг қариндошим бўлиб, мени кўргани келсангиз ва кейин мен ҳам сизни кўргани борсам, бу чинакам силаи раҳм ҳисобланмайди. Аммо ўртамиздаги алоқа узилган бўлса ва биринчи бўлиб сиз менга силаи раҳм қилсангиз, мана шу чинакам силаи раҳм дейилади.
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар эса алоқани узадилар, сўраган нарсаларини бераман, улар эса менга бирон нарса бермайдилар, қилган ёмонликларини кечираман, улар эса ёмонлик қилаверадилар, уларга юмшоқ муомала қиламан, улар эса менга ёмон сўзлар айтадилар», деб қариндошларидан шикоят қилади. Яъни мен уларга яхшилик қиламан, ҳадялар юбораман, улар эса бунинг эвазига бирон нарса юбормайдилар. Боз устига мени ҳақорат қиладилар ва озор берадилар. Мен эса ҳақоратларига жавоб бермайман. Юмшоқ муомала қилсам баттар ёмон муомала қиладилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга айтдилар: «Агар ҳақиқатда айтганингдек бўлсанг, уларнинг оғизларига қайноқ кулни солган бўласан. Модомики шу ҳолда давом этар экансан, уларга қарши Аллоҳ таоло ҳузуридан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлади»[5].
Қариндошларингизга силаи раҳм қилинг, асло улар билан алоқани узиб қўйманг. Зеро, қариндошлар билан алоқани узган киши лаънатлангандир.
Аллоҳ таоло айтади: «Агар Қуръондан юз ўгирсангиз, эҳтимол ерда бузғунчилик қиларсиз ва қариндош-уруғларингиз билан алоқаларингизни узарсиз! Ундайлар Аллоҳ лаънатлаган ва ўзлари учун фойдали нарсаларни эшитмайдиган ва кўрмайдиган қилиб қўйган кимсалардир» (Муҳаммад, 22-23).
Бошқа оятда: «Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғлашга буюрган ришталарни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир» (Раъд, 25).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёмат куни инсонлар сирот кўпригидан ўтишлари ҳақидаги сўзларини эслатиб ўтмоқчиман. Маълумки, сирот жаҳаннам устидаги кўприкдир.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни омонат ва силаи раҳм сирот кўпригининг икки четида туради»[6]. Ҳар бир инсон бу кўприкдан осон ва тез ўтиб олишни хоҳлайди. Баъзи инсонлар кўприкдан қулаб жаҳаннамга тушадилар, Аллоҳ асрасин.
Сирот кўпригининг икки четида ундан ўтаётганларни ушлаб қоладиган чангаклар бўлади. Инсон бу кўприкдан ўтар чоғида силаи раҳм келиб унинг йўлини тўсади ва «Эй Раббим, бу банданг силаи раҳм қилмаган эди, ундан ҳаққимни олиб бер», дейди. Бундай тўсиққа учраган шахснинг ҳоли қандай кечади, деб ўйлайсиз?! Йўлда кетаётиб тафтиш нуқтасига дуч келиб қолсак ва унда золим миршаб борлигини билсак, унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилишга тушамиз. Жаҳаннам устидаги кўприкда кетаётганингизда олдингиздан силаи раҳм чиқиб: «Тўхта! Эй Раббим, бу банданг силаи раҳм қилмаган эди», деса, не аҳволга тушасиз?! Дарҳақиқат, бу ўта даҳшатли ва қўрқинчли ҳолатдир.
Баъзи уламолар айтганлар: «Силаи раҳм қилган киши сирот кўпригидан ўтаётиб қулаб кетай деганида силаи раҳм жонига оро киради, «Эй Раббим, у ҳаёти дунёда силаи раҳм қилар эди, уни қутқар» дейди».
Қариндошларга силаи раҳм қилишнинг фойдалари кўп бўлганидек, улар билан алоқани узишнинг зарарлари ҳам кўпдир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло борлиқни яратган чоғда силаи раҳм арш устунларини ушлаб, У зотдан ёрдам сўраб бундай дейди: «Шундай улуғ мақомда Сендан силаи раҳм қилмасликларидан паноҳ сўрайман». Аллоҳ таоло унга дейди: «Силаи раҳм қилганларга улкан ажр бериб, силаи раҳм қилмаганларга катта уқубат берсам, рози бўласанми?» Силаи раҳм: «Ҳа, розиман», дейди. Аллоҳ таоло: «У ҳолда шундай қиламан», дейди»[7].
Баъзи уламолар айтишича, силаи раҳм шундай дер экан: «Ким силаи раҳм қилса улкан ажрга эришур, ким силаи раҳм қилмаса улкан азобга дучор бўлур».
Қариндошлар билан алоқани узиб қўйишдан ёки уларни эътиборсиз қолдиришдан ўта эҳтиёт бўлинг. Зеро, уларни эътиборсиз қолдирсангиз катта ажрдан маҳрум бўласиз, борди-ю, ўртангиздаги алоқани узадиган бўлсангиз тавқи лаънатга қоласиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Агар Қуръондан юз ўгирсангиз, эҳтимол ерда бузғунчилик қиларсиз ва қариндош-уруғларингиз билан алоқаларингизни узарсиз! Ундайлар Аллоҳ лаънатлаган ва ўзлари учун фойдали нарсаларни эшитмайдиган ва кўрмайдиган қилиб қўйган кимсалардир» (Муҳаммад, 22-23).
Ўткинчи дунё матолари ёки арзимаган пулни деб қариндошлар билан алоқани узиб қўйманг.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни ер ўз бағридаги барча хазиналарни олтин ва кумуш устунлар кўринишида ташқарига чиқаради. Одам ўлдирган киши уларни кўргач: «Шу нарса учун одам ўлдирдимми?» дейди. Қариндошлари билан алоқани узган киши: «Шу нарса учун қариндошлар билан алоқани уздимми?» дейди. Ўғрилик қилган киши: «Шу нарса учун қўлим кесилдими?» дейди. Сўнг улардан бирон нарса олмай ташлаб кетишади»[8].
Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини эслатиб ўтаман. «Аллоҳнинг Китобида қариндош-уруғлар (мерос олишда) бир-бирларига (қариндош бўлмаган) мўминлар ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар. Бироқ сизлар (диндош) биродарларингизга (васият, ҳадя ва хайр-эҳсон орқали) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир)» (Аҳзоб, 6).
Қариндошларингизга силаи раҳм қилинг. Улар билан алоқаларни узиб қўйманг. Шунингдек, мусулмон биродарларингиз билан ҳам алоқаларни мустаҳкамланг.
Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳм қиладиган бандаларидан қилсин. Омин.
[1] Бухорий (2067) ва Муслим (2557) ривояти.
[2] Бухорий ривояти, 2896.
[3] Бухорий ривояти, 5990.
[4] Бухорий ривояти, 5991.
[5] Муслим ривояти, 2558.
[6] Муслим ривояти, 195.
[7] Бухорий (4830) ва Муслим (2554) ривояти.
[8] Муслим (1013) ва Термизий (2208) ривояти.