Рамазон суҳбатлари (5): Ихлосли бўлинг

0

Ихлосли бўлинг

Бугунги суҳбатимизни «Ихлосли бўлинг» деб номладик.

Биродар, ихлосли бўлинг! Ҳар бир сўзингизда, амалингизда ва ниятингизда ихлосли бўлинг!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун ният қилгани насиб бўлади. Кимда ким Аллоҳ ва Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлади. Кимда ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлади»[1].

Ниятингизга эътибор беринг! Ихлосли бўлинг! Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Айтинг: “Мен ёлғиз Аллоҳга холис тоат-ибодат қиламан”» (Зумар, 14).

Бошқа оятда: «Ким Парвардигорига йўлиқишдан умидвор бўлса, яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда бирон кимсани шерик қилмасин» (Каҳф, 110) ва учинчи бир оятда: «Ким ихлос билан Аллоҳга бўйсунса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор» (Бақара, 112), деган.

Биродар, Аллоҳ таолонинг: «Ким ихлос билан Аллоҳга бўйсунса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор» (Бақара, 112), деган сўзини яхшилаб тафаккур қилинг.

Бу маънода бир қанча оятлар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бор.

Ушбу саховатли ойда Қуръон ўқисангиз, Аллоҳ учун ўқинг! Фалончи Қуръонни бир неча марта хатм қилибди, дейишлари ёки мақтаниб фахрланиш учун ўқиманг! Балки Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан савоб умид қилиб ўқинг!

Садақа бермоқчи бўлсангиз, бу амални ҳам холис Аллоҳ таоло учун бажаринг. Садақани одамлар сизни сахий дейишлари учун берманг.

Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам шундай: жиҳод қилсангиз, Аллоҳнинг розилигини истаб ва Унинг динини олий қилиш ниятида жиҳод қилинг! Бошқалар сизни мужоҳид деб айтишлари учун эмас. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни дўзахда энг биринчи куйдириладиган кишилар уч тоифадир. Биринчиси Қуръон ёдлаган, (бошқа бир ривоятда келишича: “Қуръон ўқиган”) уни бошқаларга ҳам ўргатган кишидир. Қиёмат куни у (маҳшаргоҳга) келтирилади ва Аллоҳ таоло унга берган неъматларини эслатади. У ушбу неъматларнинг барчасини эътироф қилади. Аллоҳ таоло дейди: «Ушбу неъматлар эвазига нима қилдинг?»

У: «Қуръон ёдлаб, уни бошқаларга ҳам ўргатдим», дейди. Шунда унга айтилади: «Ёлғон айтдинг, балки сен Қуръонни қори дейишлари учун ўқиб-ёдладинг. Дарҳақиқат, шундай дейилди». Сўнгра уни дўзахга улоқтиришга буюради.

Иккинчиси Аллоҳ таоло молу мулк берган ва ундан одамларга хайри эҳсон қилган кишидир. У ҳам маҳшаргоҳга келтирилади ва Аллоҳ таоло унга неъматларини эслатади. У ушбу неъматларнинг барчасини эътироф этади. Аллоҳ таоло унга дейди: «Ушбу неъматлар эвазига нима қилдинг?» У: «Эй Раббим, ундан одамларга хайри эҳсон қилдим!» Шунда унга айтилади: «Ёлғон айтдинг! Сени сахий, кўп хайри эҳсон қилувчи деб мақташлари учун бергансан. Дарҳақиқат, шундай дейилди». Сўнгра уни дўзахга улоқтиришга буюради.

Учинчиси то ўлгунича жиҳод қилган кишидир. У ҳам қиёмат куни келтирилиб, унга: «Берилган неъматлар эвазига нима қилдинг?» дейилади. У дейди: «Эй Раббим, сени йўлингда то ўлгунимча жанг қилдим». Шунда унга айтилади: «Ёлғон айтдинг, сени жасур дейишлари учун жанг қилдинг. Дарҳақиқат, шундай дейилди». Сўнгра уни дўзахга улоқтиришга буюради»[2].

Ушбу ҳадис амалларимизда ниятга кўп эътибор қаратишимизга чақиради.

Хайри эҳсон қилмоқчи бўлсангиз, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига эътибор қаратинг: «Покланиш мақсадида мол-давлатини яхшилик йўлида сарф қиладиган тақводор зот дўзахдан йироқ қилинур. У бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг розилигини истаб мол-давлатини сарф қилур ва келажакда рози бўлур» (Лайл, 17-21).

Сизни сахий дейишлари учун хайр-эҳсон қилсангиз, албатта, қилган эҳсонингиз қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган: «Сизлар одамларнинг мол-мулкларидан ортиғи билан қайтиб олиш мақсадида бир-бирингизга берган нарсаларингиз Аллоҳнинг ҳузурида савоб олишингизга сабаб бўлмас. Аллоҳнинг розилигини истаб закот берган кишилар эса ажру савобларини бир неча баробар қилиб олурлар» (Рум, 39). Бундан бошқа талай оятлар ҳам шу маънони таъкидлаб келган.

Одамлар сизни саховатпеша, рамазонда кўп ифторликлар қилади, дейишлари учун эҳсон қилсангиз, бирон савобга эришмайсиз. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «Таомни хоҳлаб турсалар-да, ўзлари емасдан мискин, етим ва асирларни тўйдирурлар. Улар айтурлар: “Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун тўйдирурмиз. Сизлардан бу ишимиз учун бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз”» (Инсон, 8-9).

Очлик, чанқоқлик ёки ҳар қандай қийинчиликка Аллоҳ розилиги учун сабр қилсангиз, албатта, савобга эга бўласиз. Бироқ одамлар сизни сабрли экан, дейишлари учун сабр қилсангиз, ҳеч қандай савоб олмайсиз. Шунингдек, фақат соғлигингизни ўйлаб сабр қилсангиз ҳам савоб бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Раббиларининг розилиги йўлида машаққатларга сабр қилиб, намозларини тўкис адо этган … кишилар учун охиратда гўзал оқибат бор» (Раъд, 22).

Демак, барча амалларингиз Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлиши керак.

Кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун бермаса, ана ўшанда иймони комил бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келишича, бир инсон бошқа қишлоқда яшайдиган Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилиш учун боради. Йўлда кетар экан, Аллоҳ таоло уни синаш учун бир фариштани юборади. Фаришта йўлда унга дейди:

– Қаерга кетаяпсан?

– Аллоҳ йўлидаги дўстим фалончини зиёрат қилгани, – жавоб берибди у.

– Биродарингдан бирон дунёвий манфаат кўриш мақсадида кетяпсанми?

– Йўқ, мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўрганим учун кетаяпман, холос.

– Мен Аллоҳнинг сенга юборган элчисиман. Сен биродарингни яхши кўрганингдек, Аллоҳ таоло ҳам сени яхши кўради[3].

Демак, ҳатто яхши кўриш ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг розилиги учун бўлиши керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимда уч хислат бўлса, иймон ҳаловатини топади». Шулардан бири: «Киши бировни яхши кўрса, фақат Аллоҳ учун яхши кўриши»дир[4].

Ҳатто бирон инсонни яхши кўриш ҳам Аллоҳ учун бўлиши, бирон фойда умидида бўлмаслиги керак.

Мен Аллоҳ ва Расулига итоаткор бирон шахсни кўрсам, гарчи ундан менга бирон фойда бўлмаса-да, уни Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилгани боис яхши кўраман. Чунки у масжидларга биринчилардан бўлиб боради ва яхши амалларда пешқадамдир.

Ҳар бир амалимизни Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилиб бошлашимиз керак. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Айтинг: (Эй Муҳаммад): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ учундир. Унинг бирон шериги йўқ. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга холис ибодат қилишга) буюрилганман. Мен мусулмонларнинг (бу умматдаги) биринчисиман» (Анъом, 162-163).

Қилган яхши амалларингиз беҳуда кетиши ва зое бўлишидан сақланинг! Инсон дунёда рўза, намоз, садақа, закот, ҳаж, жиҳод каби бир қанча яхши амалларни қилиб, қиёмат куни икки қўли бўм-бўш – бирон савобсиз келиши ҳам мумкин. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қиладилар: «Мен бирон шерикка муҳтож бўлмаган беҳожат Зотман, ким бирон амалида менга шерик қилса, унинг ўзидан ҳам, ширкидан ҳам юз ўгираман»[5]. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Қиёмат куни бир гуруҳ инсонларга айтилади: «Дунёда улар учун риёкорлик қилган шахслар олдига бориб кўрингчи, улардан бирон мукофот топармикансиз?!»[6]

Амалларимизнинг барчаси холис Аллоҳ учун бўлиши керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ розилигини истаб бирон нарса эҳсон қилар экансан, албатта, ажр-савобга эришасан. Ҳатто ўз аёлинг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам»[7].

Охиратдаги савоб Аллоҳ таолонинг розилигини истаб амал қилишга боғлиқ.

Ушбу муборак кунларда инсонлар орасини ислоҳ қилиш учун киришсаму бу ишим билан мени мақташларини мақсад қилган бўлсам, бирон савобга эришмайман.

Одамларни садақа ва яхши амаллар қилишга тарғиб қилиб, бундан мени мақташларини мақсад қилсам, унда ҳам бирон савобга эришмайман. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар модомики садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмас эканлар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан ҳеч қандай фойда йўқ. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, албатта, унга улуғ мукофот берурмиз» (Нисо, 114).

Шунинг учун ҳам охиратда баъзи одамларнинг қадри баланд, баъзилариники эса паст бўлади. Бир одамни бу дунёда кўп яхши амаллар қилганини, охиратда эса икки қўли бўш, бирон ажр-савобсиз қолганини кўрасиз. Чунки у амалларини Аллоҳ розилиги учун қилмаган эди.

Ҳеч биримиз инсонлар амалларини нима мақсадда қилаётганини била олмаймиз. Буни фақат Аллоҳнинг ўзи билгувчидир.

Саҳобалар жангларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар: «Бугун жангда ҳеч ким фалончидек жасорат кўрсатмади». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У дўзах аҳлидандир», деб жавоб бердилар. Баъзи саҳобалар у зотнинг бу сўзидан ажабланиб, уни кузата бошладилар. У жангда дуч келган мушрикни ўлдирар эди. Лекин у кейин жароҳатланади ва оғриққа чидай олмай қиличининг сопини ерга, тиғини эса кўкрагига тираб ўзини қилич устига ташлайди, ўз жонига суиқасд қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар! Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик бераман. Дарҳақиқат, бир киши инсонлар кўзида жаннат аҳли амалларини қилади, ҳатто жаннатга киришига бир газ масофа қолади. Сўнг Аллоҳнинг тақдирда битгани ғолиб келиб, дўзахилар амалини қилади ва дўзахга киради. Бошқа бир киши инсонлар кўзида дўзахилар амалини қилади, ҳатто дўзахга киришига бир газ қолади. Сўнг Аллоҳнинг тақдирда битгани ғолиб келиб, жаннат аҳли амалини қилади ва жаннатга киради», дедилар[8].

Аллоҳ таолодан барчамизга ихлос насиб қилишини сўрайман. Биродарим, ҳар бир амалингизда ихлосли бўлинг! Аллоҳ таоло дейди: «Айтинг: “Мен ёлғиз Аллоҳга холис тоат-ибодат қиламан”» (Зумар, 14).

[1] Бухорий (1, 54) ва Муслим (1907) ривояти.

[2] Муслим ривояти, 1905.

[3] Муслим ривояти, 2567.

[4] Бухорий (16) ва Муслим (43) ривояти.

[5] Муслим ривояти, 2985.

[6] Имом Аҳмад «Муснад»да (23103), Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (1/52) ривоят қилган, ҳасан ҳадис.

[7] Бухорий (4409) ва Муслим (1628) ривояти.

[8] Бухорий ривояти, 2898.

Изоҳ қолдиринг