Рамазон суҳбатлари (6): Қадарга иймон келтиринг

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Рамазон суҳбатлари» туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз. Аллоҳ таоло ушбу суҳбатларимизни яхшиликка сабаб бўладиган, баракали ва бизни олий жаннатларга элтадиган иймоний суҳбатлардан қилсин. Аллоҳумма амийн.

Бугунги суҳбатимизни “Тақдирга ишонинг” деб номладик.

Бу аввало ўзимга, қолаверса, сизларга эслатиб ўтишим зарур бўлган мавзулардан биридир. Эй Аллоҳнинг бандаси, Аллоҳнинг қадарига иймон келтиринг.

Қадарга иймон келтиринг. Барча ишлар албатта аниқ ўлчов билан содир бўлишига шак-шубҳасиз ишонинг. Борлиқда юз берадиган ишларнинг ҳаммаси азалда тақдир этиб қўйилган ўлчов билан бўлади. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил алайҳиссаломнинг “иймон нима?”, деган саволига жавоб берар эканлар, жумладан: «… қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг», дедилар.

Шунинг учун, барча ишларни Аллоҳ таоло тақдир қилиб – белгилаб қўйганига ва улар биз яратилишимиздан олдин ёзиб қўйилган эканига иймон келтириш лозим. Мана шу суҳбатимизни ўтказишимиз ҳам бизга тақдир қилиб қўйилган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирларини еру осмонларни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйди».

Ўзимизга ва бошқа одамларга келадиган мусибатлар ҳам олдиндан тақдир этиб қўйилган.

Аллоҳ таоло айтади: “Хоҳ ерга, хоҳ сизларнинг бошингизга қандай бир мусибат етган бўлса, Биз уни вужудга келтиришимиздан олдин Китобда (яъни Лавҳул маҳфузда) битиб қўйилгандир. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22).

Яъни, сизларга етадиган ўлим, ерда содир бўладиган қурғоқчилик ва ёмғир танқислиги каби ишлар Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишидан олдин Китобда – Лавҳул маҳфузда ёзиб қўйилган. Сўнг Аллоҳ таоло буни бандаларга билдириб қўйиш сабабини баён қилиб шундай дейди: «Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар» (Ҳадид сураси, 23).

Яъни, агар одамлар эрталаб тижорат қилгани чиқиб кетиб, минг-минглаб фойда билан қайтсалар, қадарга иймон келтирган одам, «Қодаруллоҳи ва маа шааъа фаъала» (яъни, Аллоҳнинг тақдирда битгани бўлади), дейди. (Ҳақиқий) иймон келтирмаган  кимса, ўтириб олиб «Кошки улар билан бирга бўлсайдим. Кошки эди… кошки эди…», деб афсус-надомат қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ ҳар қандай кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Ҳадид сураси, 23).

Қадарга иймон келтириш қалбни тинчлантиради. «(Инсонга) бирон мусибат етса, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан (етади). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11). Яъни, унинг қалбини хотиржам қилади.

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бизни ҳар бир ишда кофирларга ўхшашдан қайтарди. У бизга: “Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз!” (Оли Имрон сураси, 156), деб марҳамат қилди.

Кофир кимса агар бир биродари сафар қилиб ёки жиҳодга деб уйидан чиқиб вафот қилса, «кошки чиқмасайди, мен унга чиқмаслигини насиҳат қилгандим, (лекин) қулоқ солмади» – дейди. Ўтириб олиб, надомат қилади, афсусланади ва мана шу надомат ва афсусланиши унга азоб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди» (Оли Имрон сураси, 156).

Мўмин киши бўлса, «Қоддараллоҳу ва маа шаъа фаъала», «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейди.

Яъни, «Аллоҳ тақдирда битган иш бўлди», «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз унга қайтувчимиз» – дейди. Натижада, қалбига хотиржамлик тушади.

  Бир аёлнинг ҳар куни очиқ чеҳра ва табассум билан, қўлида ҳадялар билан кириб келадиган эри бўлсаю, бир куни эр кириб келиши ўрнига тўсатдан унинг вафот этгани ҳақидаги хабар кириб келса, ўшанда агар мўмина аёл бўлса, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Аллоҳуммаъжурний фий мусийбатий вахлуфлий хойрон минҳа», дейди. Яъни, “Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз. Эй Аллоҳим! Мана шу мусибатим сабабли менга ажру-мукофот бер ва йўқотган нарсам ўрнига ундан ҳам яхшироғини бер”, дейди. Агар мўмина бўлмасачи, унда нима қилади? Юзига уриб, ёқасини йиртиб, сочини юлади. Аммо бу билан ҳеч нарсани ўрнига қайтара олмайди. Балки надомат қилиб: «Кошки уни уйдан чиқармасам эди. Кошки эди… кошки эди…», дейди. “(Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир ҳаёт берадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Оли Имрон сураси, 156).

Шундай экан, қадарга бўлган иймон кишига хотиржамлик ва сокинлик келишига сабаб бўлади.

Унутмаслик керакки, ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг қадари билан содир бўлади. Мўмин фақат Аллоҳнинг тақдири билан иймон келтиради. Агар ўғлингиз бўлса, уни сиз ўзим ҳидоят қилиб оламан, деб ўйламанг. Сиз фақат йўл кўрсатасиз, холос. Қалбларнинг эгаси эса Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас» (Юнус сураси, 100).

 Ҳидоят тақдирда битиб қўйилгандир. Иброҳим алайҳиссалом оталарини ҳидоят қила олмадилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибни ҳидоят қила олмадилар. Нуҳ алайҳиссалом ўғли ва аёлини ҳидоят қила олмадилар. Лут алайҳиссалом аёлини ҳидоят қила олмадилар. Аҳқоф сурасида зикр қилинган икки мўмин динсиз ўғилларини ҳидоят қила олмадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: «Яна бир кимса борки, ота-онасига: «Уфф сизларга! Сизлар менга (ўлганимдан кейин қайта тирилиб, қабрдан) чиқарилишим ҳақида ваъда беряпсизларми?! Ҳолбуки, мендан илгари ҳам неча авлодлар ўтган-ку, (улардан биронтаси қайта тирилиб келдими)?!» дер. У иккиси Аллоҳдан мадад тилаган ҳолларида (ўғилларига қараб): «Шўринг қургур, иймон келтиргин! Албатта, Аллоҳнинг (барча бандаларни қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир», (десалар), у: «Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир», дер» (Аҳқоф сураси, 17).

Қаранг, улар ўғиллари ҳидоят топиши учун Аллоҳдан мадад тиладилар. У (диндан қайтган ўғил) эса: «Бу нима? Сизларга ҳам, сизлар менга қайта тирилишимиз ҳақида бераётганингиз хабарга ҳам суф бўлсин», «Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир», деди».

Иброҳим Халил алайҳиссалом ва ўғиллари Исҳоқ алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилувчи ҳам, ўз жонига очиқ жавр қилувчи ҳам бўлур» (Соффот сураси, 113).

Ҳа, шундай, барча ишлар тақдирда ёзиб қўйилган. Бахтлилик ёзиб қўйилгандир. Онангизнинг қорнида экансиз, бахтли, ё бахтсиз эканингиз ёзиб қўйилади. Аллоҳ сизу бизни бахтлилардан қилсин!

Онангиз қорнида экансиз, ризқингиз белгилаб қўйилган, амалингиз ва ажалингиз ёзиб қўйилган.

Агар ажал белгилаб қўйилганини билсангиз, Аллоҳ учун ҳақ сўзни айтиб, одамларнинг гапидан қўрқмайсиз. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳар бир уммат учун белгиланган ажал бор. Қачон ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар» (Аъроф сураси, 34).

Шифо ҳам ёзиб қўйилгандир. «Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур» (Шуаро сураси, 80). Қанча табибга борсангиз ҳам, шифо топишингиз учун белгилаб қўйилган вақт бор.

Аёлингиз билан қанча бирга бўлишингиз ҳам белгилаб қўйилган. Ҳар қанча уринманг, аёлингиз билан Аллоҳ тақдир қилганидан кўпроқ бирга яшай олмайсиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир», дейди.

Аёл киши эрининг ҳузурида қанча луқма ейиши белгилаб қўйилган, бундан ортиқ еёлмайди. Нафасларингиз ўлчаб қўйилган. Нархларнинг ўсишию пасайиши белгилаб қўйилган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида нарх ошиб кетди. Саҳобалар у кишига: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бизга нархни белгилаб берсангиз» – дедилар. У зот эса: «Албатта, олувчи ҳам, берувчи ҳам, пасайтирувчи ҳам, кўтарувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам, нарх белгиловчи ҳам  Аллоҳдир. Лекин мен дуо қиламан. Мен қиёмат куни одамлар мендан ҳақларини талаб қилишларидан қўрқаман. Мен Аллоҳга дуо қиламан», дедилар.

Қиз бола, ё ўғил бола, қизлар ёки ўғиллар ёки эгизак фарзандлар билан ризқланишингиз тақдирда белгилаб қўйилган. Аёлингиз муайян вақт ҳомиладор бўлиши ёки ҳомиласи тушиб қолиши, буларнинг бари тақдирда битилган бўлади.

«Сўнг у (сувни-нутфа)ни маълум муддатгача (яъни ой-куни етиб туғилгунича) мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўймадикми?! Шундай экан, Биз (бир томчи сувни комил инсон қилиб яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!» (Мурсалот сураси, 21-23). Яна Аллоҳ таоло айтади: «Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча – муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдирдик».

Юлдузнинг ерга тушиши ҳам белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб – асраб туради» (Фотир сураси, 41). Аллоҳнинг изнисиз бир юлдуз бошқаси устига тушиши мумкин эмас. «(Буларнинг) барчаси ўз фалак – фазосида сузади!» (Анбиё сураси, 33).

Ризқингиз белгиланган, ажалингиз белгиланган, умрингиз белгиланган, бошингизга келадиган мусибатлар белгиланган. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида барча ишлар аниқ ўлчов билан содир бўлади. Ғалаба  белгилаб қўйилгандир. Кишининг бошқа кишидан юз ўгириб кетиши белгилаб қўйилгандир. Бир кишининг бошқаси устидан ҳукмронлик қилиши белгилангандир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ истаса эди, уларни сизлардан устун қилиб қўйган ва улар сизларга қарши жанг қилган бўлур эдилар”(Нисо сураси, 90).

Шундай экан, Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг. Аммо бу дегани сабаб-воситаларни ишга солмасак ҳам бўлаверади, дегани эмас. Балки уларни имкон қадар ишга солишингиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло: «Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур» (Оли Имрон сураси, 126) – дейиш билан бир қаторда:  «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни қўрқувга соласизлар» (Анфол сураси, 60) – деб буюрди.

Биз шифо берувчи Аллоҳ эканини билдик. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ бирор бир касаллик туширган бўлса, албатта, унга даво ҳам туширди», деганлар.

Ризқ белгилаб қўйилганини билдик. Аллоҳ таоло айтади: «Шундай экан, (ер)нинг ҳар томонида (саёҳат ёки тижорат қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳ берган) ризқ-рўзидан енглар. Қайтишингиз ёлғиз Унинг ҳузуригадир» (Мулк сураси, 15).

Ишларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло белгилаб қўйган, биз эса сабабларни ишга солишимиз лозим.

Фарзанд белгилаб қўйилганини билдик. Лекин сиз бир яхши аёлга уйланган бўлсангизу, у билан ўртангизга тахтадан тўсиқ қўйиб ётсангиз, сўнг тун бўйи «Аллоҳим, менга солиҳ зурриёт бергин», деб дуо қилсангиз, дуо қилсангизу лекин ўртада қовушиш содир бўлмаса, сиз сабабни ишга солмаган, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига хилоф қилган бўласиз: “Энди улар билан қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз!” (Бақара сураси, 187).

Бундан шундай хулоса чиқадики, қадарга иймон келтириш сабабларни ишга солишга зид келмайди. Шундай экан, Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг, сабабларни ишга солинг, сизга эса белгилаб қўйилгани насиб қилади. Шунда сиз Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча сўзларига амал қилган бўласиз. Аллоҳ сизга барака берсин ва сизни муҳофаза қилсин.

Изоҳ қолдиринг