Луғавий маъноси
“Шакур” ва “Шокир” сўзлари араб тилидаги «шакара, яшкуру, шукран, шукронан» (شَكَرَ يَشْكُرُ شُكْراً وشُكُوراً وشُكْرَاناً) феълидан ясалган отлар бўлиб, яхшиликни билувчи, миннатдор, яхшиликнинг қадрига етувчи, шукр қилувчи, деган маъноларни билдиради.
Арабча «шукр» сўзи инсон ўзига кўрсатилган яхшиликни билиб, уни бошқалар орасида ёйиш маъносини англатади. Айрим олимларнинг айтишича, «шукр» деб бировнинг қилган яхшилигини эслаб, уни мақташга айтилади. Шунингдек, «шукр» дегани нонкўрликнинг зидди бўлиб, миннатдорлик маъносини билдиради.
Луғатшунос олим Зажжож айтади: “Аслида бир нарсанинг кўзга кўринишига, юзага чиқишига араб тилида “шукр” дейилади. Масалан, араблар тез семирадиган ҳайвонга “шукрли ҳайвон” деб айтишади. Чунки унинг тез семиришида эгасининг меҳнати самараси кўринади”[1].
Демак, “шукр” араб тилида кўпайиш ва кўзга кўриниш маъноларини ҳам англатар экан.
Шукр билан ҳамд ўртасидаги фарқ
Умуман олганда шукр ва ҳамд сўзларининг маънолари бир-бирига яқин. Фарқ шундаки, ҳамд шукрдан кенгроқ маънони билдиради. Бир инсоннинг гўзал хислатлари ва қилган яхшиликлари учун айтилган мақтовга ҳамд дейилса, шукр деб, кишининг гўзал ва ижобий хислатлари учун эмас, балки фақат яхшилиги учун айтилган мақтов ва миннатдорчиликка айтилади.
Саълаб айтади: “Яхшилик эвазига айтиладиган сўз ва қилинадиган амалга шукр дейилади. Ҳамд эса, яхшилик эвазига ҳам, яхшиликсиз ҳам айтиладиган мақтовдир. Ўртадаги фарқ шу”[2].
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимлар ҳамд билан шукрнинг маъноси бир, ё бир-биридан фарқли эканида турли фикрларни айтишган. Табарий ва Мубарриднинг фикрича, ҳамд ва шукрнинг маъноси бир. Бироқ бу қониқарли фикр эмас. Тўғри фикр шуки, “ҳамд” (мақтов) инсон илгари бирон яхшилик қилмаган бўлса-да, унинг гўзал хислатлари учун айтилган мақтов бўлса, “шукр” қилган яхшиликлари учун мақтов айтишдир. Бу Зажжож, Қутабий (яъни Ибн Қутайба) ва бошқа луғатшунос олимларнинг фикридир”[3].
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳамд билан шукр ўртасидаги фарқ шуки, “шукр” турлари ва сабаблари жиҳатдан умумийроқ, боғлиқлик жиҳатидан хосроқдир. Ҳамд эса, боғлиқлик жиҳатидан умумийроқ, сабаблар жиҳатидан хосроқдир.
Бунинг маъноси шуки, шукр – инсон қалби ила ўзини хокисор ва хор тутиши, тили билан мақтов айтиши, яхшиликни эътироф этиши, тана аъзолари билан итоат қилиши, бўйсуниши билан амалга ошади ва Аллоҳ инсонга берган яхшиликларга тегишли ва боғлиқ бўлади. Бунга Аллоҳнинг зотига доир сифатларнинг алоқаси йўқ. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг тириклик, эшитиш, илм каби сифатлари учун шукр қиламиз, дейилмайди. Балки Аллоҳга мазкур сифатлари учун ҳамд (мақтов) айтилади. Қолаверса, Аллоҳга қилган яхшилиги ва адолати учун ҳам (мақтов) ҳамд айтилади. Шукр эса Аллоҳ берган неъмат ва яхшиликлар учун бўлади.
Демак, шукр қилинган ҳар нарсага ҳамд ҳам айтилади, аксинча эмас (яъни, ҳамд айтилган ҳамма нарсага шукр ҳам айтилмайди). Нима билан ҳамд айтилган бўлса, у билан шукр ҳам айтиш мумкин, аммо нима билан шукр айтилган бўлса, у билан ҳамд ҳам айтиб бўлмайди. Зеро, шукр тана аъзолари билан (ҳам) амалга ошса, ҳамд (фақат) қалб ва тил билан амалга ошади”[4].
Бу икки исмнинг Қуръонда келган ўринлари
Шакур исми Қуръони каримнинг тўрт жойида зикр қилинган:
“(Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазл-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, У мағфиратли ва шакур зотдир” (Фотир, 30);
“Дарҳақиқат, Парвардигоримиз мағфиратли ва шакурдир” (Фотир, 34);
“Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)га яна чирой қўшурмиз (яъни зиёда савоб ато этурмиз). Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва шакурдир” (Шўро, 23);
“Агар сизлар Аллоҳга қарзи-ҳасана берсангизлар (яъни Унинг мискин-бечора бандаларига эҳсон қилсангизлар) У зот (қарзингизни) ўзингизга бир неча баробар қилиб қайтарур ва сизларни(нг гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ шакур ва ҳалим зотдир” (Тағобун, 17).
Шокир исми Қуръони каримнинг қуйидаги икки ўрнида зикр этилган:
“… ва ким ўз ихтиёри ила бирон яхшиликни ният қилса, албатта Аллоҳ шокир ва билувчидир” (Бақара, 158);
“Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ шокир ва билувчи бўлган зот-ку?!” (Нисо, 147).
[1] Зажжож. “Тафсирул асмо”, (47-бет). “Дорул-маъмун лит-турос” нашриёти. Байрут, Дамашқ. Иккинчи босма, 1979-йил.
[2] Ибн Манзур. “Лисонул-араб”, 3\155. “Дору содир”, Байрут.
[3] Қуртубий. “Китобул-асно” китобининг қўлёзмаси, 341-варақ.
[4] Ибн Қаййим. “Мадорижус-соликийн”, 2\246. “Дорул-китобил-арабий” нашриёти. Байрут, Ливан. Иккинчи босма, 1973 йил.