Рамазон суҳбатлари (7): Ота-онага яхшилик қилинг

0

Ота-онага яхшилик қилинг

Бу суҳбатимизда Аллоҳ ва Расулидан кейин энг катта ҳақ эгалари ота-оналарга яхшилик қилиш тўғрисида сўз юритамиз.

Биродарим, ота-онангизга яхшилик қилинг. Ота-онанинг ҳаққи Аллоҳ ва Расулининг ҳаққидан кейинги энг буюк ҳақдир.

Қуръони каримда Исо алайҳиссалом тилидан бундай дейилади:

«Мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. У мени қаерда бўлмайин кўп яхшилик ва баракотлар соҳиби қилди ва модомики тирик эканман, намозни адо этишга ва закотни ўташга амр этди. Шунингдек, У мени онамга яхшилик қилувчи меҳрибон фарзанд қилди, кибрли ва Раббига осий бўлувчи бадбахт кимса қилмади» (Марям, 30-32).

Шунингдек, Яҳё алайҳиссалом ҳақида Қуръонда шундай дейилади: «У ота-онасига меҳрибон эди. Кибрли ва осий эмас эди» (Марям, 14).

Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишга чорловчи бир қанча оятлар келган.

Қиёмат куни ҳақ эгалари ҳақларини адо этмаганингиз боис устингиздан шикоят қилиб келишларидан эҳтиёт бўлинг. Онангиз ҳаққини талаб қилиб: «Эй Раббим, бу менинг ҳаққимни адо этмади», деб келади. Отангиз келади, «Эй Раббим, ҳаққимни олиб бер», деб. Шундай экан, ҳозирдан кўзингизни очинг, ота-онангизнинг ҳақларига риоя қилинг.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ибодат қилинг, Унга ҳеч нарсани шерик қилманг. Ота-онангизга…яхшилик қилинг» (Нисо, 36).

Яна айтади: «Айтинг: «Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У зотга бирон нарсани шерик қилманг, ота-онага яхшилик қилинг» (Анъом, 151).

Шунингдек, ота-онага яхшилик қилишга ундовчи жуда кўп ҳадислар бор.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўралди. У зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайси?» дейилди. «Кейин ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» дейилди. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», дедилар[1].

Эътибор беринг, ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан олдинга қўйилди.

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, сиз билан бирга жиҳодга чиқсам деб келдим, Аллоҳдан ажр истайман», деди. У зот: «Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Уларни қай ҳолда қолдириб келдинг?» дедилар. «Ортимдан йиғлаб қолишди», деди. «Улар олдига қайтиб боргин-да, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», дедилар[2].

Бир ривоятда: «Сен улар (кўнглини олиш, уларни рози қилиш) борасида жиҳод қил», дедилар[3].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тушимда жаннатда юрган эканман. Ногаҳон Қуръон ўқиётган одам овозини эшитдим. “Ким бу?” деб сўраган эдим, “Ҳориса ибн Нўъмон” дейишди. Яхшиликнинг мукофоти шундай бўлади. У онасига ўта меҳрибон эди»[4].

Ота-онага яхшилик қилиш шундай натижага олиб боради. Ота-онасига меҳрибон фарзанд Аллоҳнинг изни билан бепоён жаннатларга эга бўлади.

Ота-онасига яхшилик қилувчи фарзанднинг дуоси ижобат бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Увайс Қараний номли бир кишини зикр қилганлар. Унинг онаси бор эди. У онасига беҳад меҳрибон эди. Увайснинг баданида оқлик бор эди. Аллоҳга дуо қилганида оқлиги кетган-у, фақат қорнида бир бармоқ ўрнича жой тузалмай қолган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ким у билан кўришса, ундан ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин», деган эдилар.

Ҳар сафар Ямандан мадад кучлари келса, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу улардан: «Ичларингизда Увайс ибн Омир борми?» деб сўрарди. Бир куни Увайсни топиб, ундан:

– Сен Увайс ибн Омирмисан? – деб сўради. У:

– Ҳа, – деди.

– Қаранликмисан?

– Ҳа.

– Баданингда оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва бир дирҳам ўрнича қолган, шундайми?

– Ҳа.

– Онанг бор, тўғрими?

– Ҳа.

Шунда Умар разияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизларга Ямандан келган мадад кучлари ичида муродлик, сўнг қаранлик Увайс ибн Омир деган киши келади. Баданида оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва фақат бир дирҳам ўрнича қолган бўлади. Онаси бор бўлиб, у онасига жуда меҳрибон. Агар Аллоҳ номига қасам ичса, албатта Аллоҳ унинг тилагини амалга оширади. Агар имкон топсанг, ундан ҳаққингга истиғфор айтишини сўрагин», деганларини эшитган эдим. Сен менинг ҳаққимга истиғфор айтгин», деди. Увайс унинг ҳаққига истиғфор айтди[5].

Хулафои рошидиндан бўлган, Аллоҳ илҳом берган Умар Форуқдек зот Увайсдан ўз ҳаққига истиғфор айтишини сўради! Бунинг сабаби Увайснинг онасига ўта яхшилик қилувчи бўлгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилишга васиятлари борлиги эди. Бу эса ота-онасига яхшилик қилувчи кишининг дуоси ижобат бўлишини кўрсатади.

Ғорга қамалиб қолган кишилар ҳақидаги ҳадиси шарифни эсга олайлик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч киши йўлда кетаётиб ёмғирда қолишди ва тоғдаги бир ғордан паноҳ топишди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: «Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин», дейишди. Улардан бири: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир юмуш билан ушланиб қолиб, кеч келдим. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлаб қолган эканлар. Уларни уйғотишни истамадим. Болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Ота-онамдан аввал болаларимга сут беришни хоҳламадим. Қўлимда коса билан тонг отгунча эшик ёнида уларнинг уйғонишларини кутдим. Улар уйғонишгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни фақат Сенинг розилингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгин», деди. Шунда харсанг (улар сиғмайдиган даражада) бир оз очилди…»[6].

Буларнинг ҳаммаси нима сабабдан бўлди? Ота-онага яхшилик қилиш сабабидан бўлди. «Уларни уйғотишни истамадим» деган сўзига эътибор беринг. Яъни, ухлаб ётган ота-онасининг оромини бузгиси, безовта қилмаслик учун уларни уйғотгиси келмади.

Бу ҳадисдан талай сабоқлар олиш мумкин. Масалан, сиз бир вазифада ишласангиз, ё бирон тижорат билан шуғуллансангиз ва тижоратингизда зиён кўриб қолсангиз, ота-онангизга бу ҳақда гапириб, кексаларнинг касалига касал қўшманг. Уларга муаммоларингизни кўтариб келманг, устларига ғам юкламанг.

Бир кишининг даласи ёки фермаси бўлса, ҳар куни минг-минглаб фойда кўрса, онасига бу ҳақда айтиб ўтирмайди. Аммо бир кун зиён кўриб қолса, дарҳол онасига келиб «фалонча зиёнга тушдим», дейди. Худди бу нодоннинг зиён кўришига онаси айбдордек, онаси унга ҳасад қиладигандек! Сен онангдан ҳаққингга дуо қилишини сўра, унинг розилигини иста. Унга муаммоларингни айтиб, қайғусини орттирма. Бу иш оқил фарзанднинг иши эмас! Мен бу гапни ҳадисдаги ота-онасига ғамхўр фарзанднинг: «уларни уйғотишни истамадим» деган сўзларидан хулоса чиқариб айтяпман. Чунки уларнинг роҳатини ўйлаб, уйқуларидан уйғотмади. Шу боис тун бўйи эшиклари олдида кутиб турди. Демак, ота-онага яхшилик қилиш дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири экан.

Махфий эмаски, онанинг фарзандига қилган дуоси албатта ижобат бўлади. Журайж исмли бир киши Бани Исроил қавмидаги энг катта обидлардан эди. Бир ибодатхонани макон тутиб, шунда ибодат билан машғул эди. Бир куни Бани Исроил Журайжнинг ибодатга қаттиқ берилгани ҳақида гапириб, Журайж ўта обид, кўп ибодат қилади, кўп намоз ўқийди, деб айтишди. Шунда соҳибжамол бир бузуқ аёл гапга аралашиб: «Агар истасангиз, мен уни фитнага солиб, йўлдан оздира оламан», деди. Улар: «Қани, йўлдан оздир-чи», дейишди. Шундан сўнг у ясан-тусан қилиб, ўзига оро бериб Журайжнинг ёнига борди, уни йўлдан оздиришга уринди. Бироқ Журайж унга қиё боқмади. Сўнг аёл шу ибодатхонага келиб турадиган бир чўпон билан бузуқлик қилиб, ундан бола орттирди. Туққанидан сўнг болани Журайждан бўлган, деб даъво қилди. Одамлар Журайжни ибодатхонадан чиқариб дўппосладилар, ибодатхонани эса бузиб ташладилар. Журайж бунинг сабабини сўраганида унга: «Сен манави фоҳиша билан бузуқчилик қилдинг, у сендан бола ҳам орттирди», дейишди. «Қани ўша бола?» сўради Журайж. Болани олиб келишгач, у боладан: «Эй бола! Сенинг отанг ким?» деб сўради. Бола: «Фалончи чўпон», деб жавоб берди. Одамлар Журайжнинг беайблигини билиб, қилмишларидан хижолат бўлиб уни қучоқлаб, ўпа кетдилар…

Журайж бошига келган бу имтиҳон – балонинг сабаби нима эди, деб ўйлайсиз? Сабаби шу эди: бир куни Журайж намоз ўқиётган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда у: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этди. Онаси яна: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, намозида давом этди. Онаси учинчи бор: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, намозида давом этаверди. Шунда онаси хафа бўлиб: «Эй Парвардигор! Уни бузуқ хотинларнинг юзларига боқмасидан олдин вафот эттирмагин» деб дуойибад қилди. Яъни, онасининг юзига боқишни истамагани учун бузуқ хотинлар юзига боқмасдан туриб вафот этмасин, деди.

Кейин шу воқеа содир бўлди; бузуқ хотиннинг туҳматига қолди.

Лекин Журайж ижтиҳод ила намозни ихтиёр этгани учун Аллоҳ уни Ўзи асради[7].

Аллоҳ таоло айтади: «Агар ота-онангизнинг бири ёки ҳар иккиси қўл остингизда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортманг ва уларнинг (сўзларини) қайтарманг! Уларга (доимо) яхши сўз айтинг!» (Исро, 23).

Агар ота-она кексайиб қолган бўлсалар, уларга янада кўпроқ ғамхўрлик кўрсатиш лозим бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарнинг бир поғонасига кўтарилиб «омин» дедилар, саҳобалар ҳам «омин» дейишди. Сўнг бунинг сабабини сўрашганда у зот шундай дедилар: «Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад, ким ота-онасини ёки улардан бирини ҳаётлик даврида топган бўлса-ю, (уларни рози қилмасдан) дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни хор қилсин, «омин» денг» деган эди, «омин» дедим»[8].

Аллоҳ таоло ота-онага, хусусан, кексайган пайтларида яхшилик қилишга буюрди. Сиз уларнинг биридан ёки ҳар икковидан содир бўлган бирор нарсадан аччиқланманг ва оғринманг! Уларга бирор ножўя сўз айтиб қўйманг, ҳатто ножўя сўзларнинг энг қуйи даражаси бўлган «уф!» деган сўзни ҳам айтманг! Уларга нисбатан сиздан ҳеч қандай ножўя иш содир бўлмасин! Балки сиз уларга мудом меҳрибонлик қилинг, доим мулойим ва яхши сўзларни сўзланг!

Уламолар айтганидек, улар ҳузурида хожаси олдида турган итоаткор қулдек бўлинг.

Агар сиздан хато ўтса ва «уф» деган бўлсангиз, оят давомида бундай дейилган: «Раббингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангиз (яъни, ота-оналарингизнинг ҳақларини билиб, уларга меҳрибон бўлсангиз, албатта Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилади). Зеро, у тавба қилувчиларни мағфират этувчи зотдир» (Исро, 25).

Унутманг, сиз ота-онангиз сабабли ризқланасиз, кекса онангиз сабабли, кекса отангиз туфайли ризқланасиз. Дуоларингизда ота-онангизни унутманг, истиғфорларингизда уларга ҳам насиба ажратинг, Аллоҳ таоло айтганидек: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин» (Исро, 24), деб ҳақларига дуо қилинг!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Вафотидан сўнг маййитнинг даражаси бир поғона кўтарилади. Шунда у: «Эй Раббим! Бунинг сабаби нима?» деб сўрайди. «Фарзандинг сенга истиғфор айтди», дейилади»[9].

Сўзимни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари билан якунлайман: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг ёру дўстлари билан борди-келди қилиши отасига қилган энг катта яхшилигидир»[10].

Агар ота-онангиз тирик чоғларида кимлар билан борди-келди қилган бўлса, етим-есирларга, мискинларга яхшилик қилган бўлса, сиз ҳам қўлингиздан келганича улар билан алоқа қилинг ва ота-онангизнинг қадрдонлари билан борди-келдини йўлга қўйинг.

Аллоҳ барчамизни ота-онасига яхшилик қилувчи тақводорлардан ва Ўзининг яқин бандаларидан қилсин. Омин.

[1] Бухорий (527) ва Муслим (85) ривояти.

[2] Абу Довуд (2528), Насоий (4163), Ибн Можа (2782) ва Аҳмад (6909) ривояти. Албоний «Саҳиҳи Абу Довуд»да (2528) саҳиҳ деган.

[3] Бухорий (3004) ва Муслим (2549) ривояти.

[4] Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да (7015), ал-Водиъий «Ас-саҳиҳ ал-муснад»да (1555) ривоят қилган. Шуайб Арноут «Таҳриж саҳиҳ Ибн Ҳиббон»да (7014): «Икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига кўра санади саҳиҳ ҳадис», деган.

[5] Муслим ривояти, 2542.

[6] Бухорий (5974) ва Муслим (2743) ривояти.

[7] Мазкур қиссани Бухорий (3436) ва Муслим (2550) «Саҳиҳ»ларида ривоят қилган.

[8] Табароний «Ал-авсат»да (8/113) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ат-тарғиб»да (2491) келтирган.

[9] «Саҳиҳ ал-адаб ал-муфрад», 27.

[10] Муслим ривояти, 2552.

Изоҳ қолдиринг