Туғилиши ва ташқи кўриниши
Уламолар орасида Абу Бакр розияллоҳу анҳу Фил йилидан кейин туғилганида хилоф йўқ. Бироқ, Фил йилидан неча йил кейин туғилгани аниқ эмас. Баъзилар уч йил кейин деса, баъзилар икки йилу олти ой кейин дейишган ва яна бир тоифа уламолар икки йилу нечадир ой кейин деб, қанчалигини аниқ айтишмаган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу қавмининг ичида обрў-эътиборли оилада яхши тарбия топди. Унинг саховатли ҳамда қавмида обрў-эътиборли бўлиб улғайишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу.
Ташқи кўринишига келсак, ранги оқ, бадани озғин эди. Бу ҳақда Қайс ибн Абу Ҳозим шундай дейди: “Мен Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим. У озғин, оқ рангли киши эди”. Тарихчилар Абу Бакр розияллоҳу анҳунининг ташқи кўриниши ҳақида: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу буғдой рангли қадди-қомати келишган, сийрак соқолли, белида озроқ букрилиги бор, шалвари белига яхши жойлашмай, озроқ осилиб турар, истарали, юзи қотмадан келган, кўзи чуқур, ўта ҳаёли, болдирлари ингичка, сонлари ориқ ва жуда бақувват, дўнгпешона, бармоқларининг буғимлари кўриниб турадиган, соқоли ва оқ сочларини хина ва катам[1] билан бўяр эди.
Оиласи
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг отаси Усмон ибн Омир ибн Амр, куняси Абу Қуҳофа эди. У Макка фатҳида исломга кирган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Бакр, қўявермабсан, ўзимиз борар эдик” – деганлар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, отамнинг ўзи келгани афзал” – деган. Абу Қуҳофа исломга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни отаси исломга киргани билан табриклаганлар ва: “Бу кишини сочини ўзгартиринглар” – деганлар. Абу Қуҳофанинг сочи қордек оппоқ эди.
Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёши катталарни ҳурмат-эҳтиром қилиш борасида бизга суннат қилиб қолдирган катта бир дарс. Буни қуйидаги ҳадис янада таъкидлайди: “Катталаримизни ҳурмат, кичикларимизни иззат қилмаганлар биздан эмас”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг онаси Салмо бинти Сахр ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм, куняси эса Уммулхайр эди. Исломга эрта кирган эди. Бунинг тафсилоти Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Маккада очиқ даъват қилишни қаттиқ сўрагани ҳақидаги воқеада келади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўртта аёлга уйланиб, улардан уч ўғил ва уч қиз фарзанд кўрган. У аёлларнинг исмлари қуйидагича:
Қутайла бинти Абдулуззо ибн Асъад ибн Жобир ибн Молик:
Унинг исломга киргани тўғрисида хилоф бор. У Абдуллоҳ ва Асмонинг онаси. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни жоҳилият даврида талоқ қилиб юборган эди. У Мадинага қизи Асмо бинти Абу Бакрникига қурут ва сариёғ олиб келганида Асмо розияллоҳу анҳо унинг ҳадясини ҳам олмай, ўзини ҳам уйга киритмаган. Шунда у Ойша онамизга Пайғамбаримиздан сўраб бериши учун одам юборган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйига киритсин ва ҳадясини ҳам олсин!” – деганлар ва Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилган:
“Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармайди. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади” (Мумтаҳана 8).
Яъни, Аллоҳ таоло сизлар билан сулҳ тузган ва динда сизларга қарши жанг қилмаган ҳамда сизларни ўз диёрларингиздан чиқариб юбормаган кофир аёллар ва қарияларга силаи раҳм, қўшничилик ва меҳмон қилиш каби яхшилик қилишдан сизларни қайтармайди. Ваъдага вафо қилиш, омонатни адо этиш, сотиб олинган маҳсулотларнинг пулини камайтириб қолмасдан, тўлиқ қилиб бериш каби ишлар билан уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этиб, уларга адолат қилишдан ҳам сизларни қайтармайди. Албатта Аллоҳ таоло адолатли кишиларни яхши кўради ва улардан рози бўлади. Золимларни эса ёмон кўриб, уларга жазо беради.
Умму Румон бинти Омир ибн Уваймир:
У Бану Кинона ибн Хузайма қабиласидан эди. Турмуш ўртоғи Ҳорис ибн Сахбара Маккада вафот этганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга турмушга чиқди. У исломни эрта қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилиб, Мадинага ҳижрат қилди. У Абдураҳмон ва Ойша розияллаҳу анҳумоларнинг онаси. Ҳижратнинг олтинчи йилида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Мадинада вафот этди.
Асмо бинти Умайс ибн Маъбад ибн Ҳорис:
Унинг куняси Умму Абдуллоҳ эди. У биринчи ҳижрат қилган аёллардан бири. Дорул Арқам ташкил қилинишидан олдин исломга кирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилиб, эри Жаъфар ибн Абу Толиб билан бирга Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага ҳижрат қилган. Жаъфар Муъта жангида шаҳид бўлганидан кейин унга Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйланди ва улар Муҳаммад исмли фарзанд кўрдилар. Асмодан Умар, Абу Мусо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Аббоснинг аёли Умму Фазл каби саҳобийлар ривоят қилишган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ҳамза ва Аббосдек улуғ кишиларга қуда бўлган.
Ҳабиба бинти Хорижа ибн Зайд ибн Абу Зуҳайр: