Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (7)

0

Саҳобаларга эргашиш мумкинлигидан тушкунлик ва ноумидликка тушишнинг сабаблари

(Давоми)

2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни одамзодлик доирасидан устун билиш

Иккинчи сабаб: Саҳобаларни башарият доирасидан чиқариб қўйиш. Одамлар уларни башарий унсурлари фарқли, нафсларида инсоний майл-истаклари бўлмаган ўзгача хилқат деб эътиқод қиладилар. Бу гап тўғри эмас. Келинг, саҳобийнинг, балки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқатлари борасида фикр юритиб кўрайлик. У зот ҳам бошқа одамлар каби таомланар, бозорларда юрар, уйланар, бола-чақа орттирар, яхши ёки ёмон кўрар, кулар, хафа бўлар, сиқилар, хуллас, Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир неча жойларида зикр қилганидек, у киши ҳам инсон эдилар: “(Эй Пайғамбар, мушрикларга) айтинг: “Мен ҳам сизлардек бир инсонман” У зот ҳам худди биздек бўлиб, фақат Аллоҳ тарафидан ваҳий қилиниши билангина биздан ажралиб турадилар: “Менга Раббим тарафидан сизларнинг илоҳингиз ягона Илоҳ экани ваҳий қилинмоқда. Ким Раббига йўлиқадиган куни (У берадиган азобдан қўрқса ва Унинг ажру савобидан) умидвор бўлса…” Ҳа, умидвор бўлса, нима қилсин? Қайси йўлдан борсин? “…(Рабби учун Унинг шариатига мувофиқ) солиҳ амаллар қилсин ва ибодатда Раббига бошқа бировни шерик қилмасин!” (Каҳф, 110) ва ҳеч қандай узрлар билан амал қилишдан чекинмасин. Ҳеч қачон: «Пайғамбар пайғамбар-да, мен у кишидек бўлолмайман», деб айтманг. Йўқ! Пайғамбар ҳам биз каби инсон бўлиб, инсонликлари биз у кишига тақлид қила олишимиз учун очиқ-ойдин ҳикматлардан биридир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга фариштани пайғамбар қилиб юбормади. Агар шариатларни бизга фаришта олиб келганда, одамлар: “Бу иш унинг қўлидан келади, чунки у фаришта-да, бизнинг эса қўлимиздан келмайди”, дейишар, агар фаришта маъсиятлардан тийилса, одамлар: “У фаришта бўлгани учун тийила оляпти, биз эса бундай қилолмаймиз”, дейишган бўлар эди. Шунинг учун ҳам пайғамбар ўзи юборилаётган хилқатнинг навидан бўлиши шарт эди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар, ўша мушрикларнинг элчининг инсон зотидан бўлишини инкор қилишларига жавобан) айтинг: “Агар ер юзида малоикалар хотиржам юрганларида эди, Биз уларга элчини ўз жинсларидан юборган бўлар эдик” (Исро, 95). Зеро, ерда фаришталар эмас, одамлар яшайдилар. Демак, биз унга тақлид қила олишимиз учун пайғамбар ҳам одамлардан бўлди. У киши пайғамбар бўлганини ва биз пайғамбар эмаслигимизни рўкач қилиб, у зотга тақлид қилмасдан, пайғамбарнинг одамзод навидан бўлишининг ҳикматини зое этишимиз мантиққа зид. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бу гап тўғри келар экан, саҳобаларга нисбатан тўғри келиши янада лойиқроқдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон зотидан бўлиб, у кишига тақлид қилиш ва эргашиш бизга вожиб экан, албатта, Аллоҳ азза ва жалла биз қодир бўлган нарсанигина бизга вожиб қилгани янада аён бўлади.

Демак, ушбу ҳақиқатни англагандан кейин саҳобаларга эргашиш имкони бор иш экани билинмайдими? Ахир, саҳобалар ҳам бизга ўхшаган одам бўлган. Уларнинг баданлари, фитратлари, эҳтиёжлари – ҳамма-ҳаммаси бизники каби эди. Уларнинг ҳам бизники каби заруратлари бўлган. Ана шу одамзодга хос ишлари ва характерларига қарамай, улар аччиқ бўлса-да, ҳаққа эргашиш учун нафсларини енга олдилар, машаққатли бўлса-да, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида юра олдилар. Бу билан баъзи беодоб, ҳаёсини йўқотган кишилар: «Саҳобалар эркак бўлса, мана, бизлар ҳам эркакмиз», деб, бу билан ўзларини оқлаб, у зотларга таъна қилиб, баъзиларини камситадиган кимсаларнинг гапларига ўхшаш гап айтмоқчи эмасман. Асло! Бунақа “эркак”ликни кўзда тутаётганимиз йўқ, балки, тамоман бунинг аксини айтмоқчиман: Саҳобалар пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг буюкларидан бўлиб, бу нарса уларнинг одамийликларини бекор қилмайди ва уларнинг мартабаларини камайтириб ҳам қўймайди. Аксинча, қадр-қийматларини янада оширади. Чунки улар шундай қийин имтиҳонда нафслари устидан ғалаба қозондиларки, ҳатто осмонлар, еру тоғлар ўша имтиҳонга рўпара бўлолмаган эди. Улар осмонлар, еру тоғлар воз кечган омонатни елкалари узра кўтардилар. Хуллас, уларга тақлид қилишнинг  имкони бор. Ҳатто жуда ҳам зарур: чунки улар одам зотидан бўлатуриб, Аллоҳ азза ва жалла қўйган имтиҳондан муваффақиятли ўтабилдилар. У Зот эса одамзоднинг қобилиятини энг яхши билувчидир. Шу билан бирга, мен Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо каби бўлишимизни даъво қилмайман. Балки, айтаманки, биз уларни ўзимизга амалий, солиҳ намуналар қилиб олишимиз керак. Ва бизлар ҳам инсоний имкониятларимиз ҳамда очиқ-равшан Ислом дастури билан улар босиб ўтган айни йўлда юришга, Аллоҳнинг изни билан улар етиб борган манзилга ета олишга қодирмиз. Бу эса ҳақиқатда шу йўлдан юришни хоҳлашимизга боғлиқ.

Демак, баъзи мусулмонларга саҳобаларга тақлид қилишни қийиндек кўрсатадиган иккинчи ҳис – саҳобалар ҳам одамийликнинг барча табиатларини ўзларида жамлаган инсон эканларини, ўзгача хилқат эмасликларини, жин ёки фаришта бўлмаганларини, балки улар буюк омонатни елкаларига олишда муваффақиятга эришган одамлар эканини унутиб қўйишдир.

(Давоми бор)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг