Ҳаром амаллар: Ғийбат

0

Мусулмонларни ғийбат қилиш ва уларнинг обрўларини тўкиш давраларнинг чайналадиган ош-нонига айланиб қолди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло буни ман қилган ва бандаларни бу ишдан нафратланишга даъват этган.

Аллоҳ таоло ғийбатни инсон кўнгли жирканадиган бир шаклда тасвирлаб шундай деган: “ Ва бировларингиз бировларингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни орзу қиладими?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Шундай экан, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!)”  (Ҳужурот, 12).

Оят мазмунини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзларида баён қилиб берганлар: “Ғийбат нима биласизларми?”. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродаринг ҳақида, эшитса, ёмон кўрадиган сўзларни гапиришингдир”. Сўралди: “Мен айтган гап биродаримда бўлса-чи?” Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Айтганларинг биродарингда бўлса, уни ғийбат қилган бўласан, агар бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, ғийбат мусулмон киши ортидан эшитса ранжийдиган гапларни гапиришдир. Бу гап унинг дини ҳақида бўладими, дунёсими, ахлоқими, ё жисмоний тузилиши ҳақидами барибир.

Ғийбатнинг қатор кўринишлари бор. Бировнинг айбларини ортидан гапириш ғийбат, уни масхара қилиш мақсадида бирор хатти-ҳаракатини тақлид қилиш ҳам ғийбатдир. Аллоҳ наздида ўта жирканч ва хунук жиноят бўлишига қарамай, кўп инсонлар ғийбатга бепарво бўладилар. Ҳолбуки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда ўта қаттиқ сўз айтганлар: “Судхўрлик етмиш икки хил бўлиб, шунинг энг кичиги киши ўз онаси билан зино қилганга тенгдир. Судхўрликнинг энг каттаси эса, киши ўз биродарининг обрўсини тўкишидир” (Албоний. «Ас-силсила ас-саҳиҳа”).

Даврада ўтирган одам ғийбатдан қайтариб, ғийбат қилинаётган биродарини ҳимоя қилиши вожибдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шунга тарғиб қилганлар: “Кимда-ким ўз биродарининг шаънини ҳимоя қилган бўлса, қиёмат кунида Аллоҳ унинг юзини (ўзини) дўзах ўтидан сақлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг