Қиёматнинг кичик аломатлари: Чўри хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч қўйбоқарлар кимўзарга баланд бинолар қуриши (1)

0
  1. Чўри хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч қўйбоқарлар кимўзарга баланд бинолар қуриши.

Қиёматнинг зоҳир бўлган, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган аломатларидан яна бири чўри ўзига хўжайин бўладиган болани туғиши ҳамда чодирларда яшаб, қўй-туялар боқиб юрган одамлар кейинчалик осмонўпар бинолар қуриши, уйларни безаш ишларида мақтанчоқлик қилишидир. Бунга Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ва машҳур «Жаброил ҳадиси» далолат қилади. Унда Жаброил алайҳиссалом Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом, иймон, эҳсон ва қиёмат ҳақида сўрагач, кейин: «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг», дейди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўралувчи у борада сўровчидан кўпроқ билимга эга эмас», деб жавоб берадилар. Жаброил: «Менга унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг», дейди. Шунда у зот: «Чўри ўзининг хожасини туғиши ҳамда ялангоёқ, яланғоч, фақир қўйбоқарлар кимўзарга баланд бино қураётганини кўришингиз (қиёмат аломатларидандир)», деб жавоб берадилар[1]. Бу ҳадисда зикр қилинган аломатларнинг мазмуни: мезонлар бошқача тус олади, фарзанд ўзининг онасига бошлиқ, хожа бўлиши каби, ишлар ўзига лойиқ ўриндан бошқа жойга кўчиб қолади. Ислом кенгайиб, чўрилар кўпайган даврда бу ишлар содир бўлади. Одамлар уйларида чўри сақлаб, улардан болалар туғилиши кўпаяди. Шундай қилиб, киши отасининг чўриси ҳисобланган онасига нисбатан хожа каби бўлиб қолади. Чунки отанинг мулки ўғилга ҳам тегишли бўлади. Шунингдек, қиз фарзанд ҳам шундай: У ҳам насл-насабда отасига нисбат берилади. Яна, мезонлар ишдан чиқиши натижасида илгари кўчманчи, саҳройи бўлиб, маълум қўнимга эга бўлмай яшаб юрган ялангоёқ, яланғоч, камбағал, жоҳил ва қўпол кимсалар мол-дунё тўлиб-тошиши ортидан одамларга бош бўлиб, мақтанчоқлик ва хўжакўрсин учун кимўзарга бинолар қуриш, иморатларни безаш ва қаватларини кўпайтириш борасида беллаша бошлайди.

Аллома Ҳамуд ат-Тувайжирий раҳимаҳуллоҳ дейди: «Бино қуришда кимўзарлик – уйлар қаватини кўпайтириш, яна-да баландлатиш, безаш, нақшинкор қилиш, мустаҳкамлаш ва хоналарини кенгайтириш билан бўлади. Замонимизга келиб, ялангоёқ, яланғоч, камбағаллар қўлида мол-дунё кўпайгач ушбу айтилганларнинг бари содир бўлмоқда. Аллоҳ аҳволимизни ўнгласин»[2].

Қиёмат белгиларидан саналган бу икки аломат борасида уламолар ихтилоф қилди. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳадисдаги «Чўри хожасини туғиши…» дея зикр қилинган, бошқа ривоятда эса «бекасини», яна бошқасида эса «хўжайинини» деб келган чўри ўзининг бекаси ё хожасини туғиши ҳақида бундай деди: “Яъни улар жориялар. «Хожаси» ва «бекаси» маъноси эса: эркак ё аёл саййиди, эгаси, демакдир”.

Уламолардан кўплари бундай деган: “Ҳадисда жориялар ва уларнинг болалари кўпайиши ҳақида хабар берилди. Зеро, чўрининг хожасидан бўлган боласи унга хожа мартабасида бўлади. Чунки одамнинг моли фарзанди учун ҳам ўтимли бўлади. Молдан бир вақтда иккалалари ҳам эга сифатида фойдаланишлари мумкин. Гоҳида бу отанинг изни билан бўлса, гоҳида эса вазиятдан ё урфдаги истеъмолдан келиб чиқиб бўлади”.

Баъзилар: «Ҳадиснинг маъноси: Чўрилар подшоҳларни туғади. Шу билан онаси ўзининг қўл остидаги кишиларидан бирига айланади. Бошқаларга бошлиқ бўлганидек, онасига ҳам хўжайин бўлади», дейди.

Яна баъзилар эса: “Охирзамонда одамларнинг аҳволлари бузилиб, «умму валад»ларни[3] сотиш кўпаяди. Одамлар орасида қўлдан қўлга ўтиб, ҳатто ўзининг ўғли билмасдан уни сотиб олади. Бу ҳолатни «умму валад»дан бошқада тасаввур қилиш эҳтимоли ҳам бўлиб, унга кўра чўри хожасидан ўзга кишидан ҳур бола туғади. Бу ё шубҳа сабабли юз бериши, ёки никоҳ билан қул бола туғиши ё зино сабабли туққан бўлиши мумкин. Сўнг бу икки ҳолатда чўри саҳиҳ савдога биноан сотилади, қўлма-қўл бўлади, ҳатто уни охирида ўзининг фарзанди сотиб олади. Мана шу эҳтимол «умму валад»лар сотилишидан кўра кўпроқ учрайдиган, ҳақиқатга яқинроқ бўлган ҳолатдир”, деган.

Юқорида биз зикр қилган қавллардан бошқа маъноларни айтганлар ҳам бор. Уларнинг бари ўта заиф ё ботил қавллар бўлгани учун тарк қилдим”[4].

(Давоми бор)

[1]Муслим, 8.

[2]«Итҳофул жамоъа», 2/162.

[3]Умму валад – саййидидан (хожасидан) фарзанд кўрган чўри. Бундай чўрининг ўзига хос ҳукмлари бор. Жумладан, у саййиди вафот этиши биланоқ озод бўлади ва уни сотиш жоиз эмас (тарж.).

[4]Имом Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 1/158.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг