“Ва улар Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар” (Фурқон, 68).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оятдаги “ноҳақ” сўзидан тушуниладики, мусулмон киши диндан қайтиб муртад бўлса ва турмуш қургандан кейин зино қилса, қатл қилинишга ҳақли бўлади».
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони ҳалол бўлмайди. Бундан қуйидаги уч ишдан бирини қилган кишининг жони мустаснодир: жонга жон (яъни ноҳақ одам ўлдирган кишидан қасос олинади), турмуш кўрган зинокор, Ислом динидан чиқиб, мусулмонлар жамоасидан ажраган муртад” (Муттафақун алайҳ).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўлдиришга ҳақли қиладиган шу уч ишдан бири содир бўлган тақдирда ҳам, оддий халқдан бирон киши ўзича бировни ўлдириши мумкин эмас. Балки бу халифа ёки унинг ўринбосарининг ваколатидир”.
Мусумонни ўлдиришдан огоҳлантириш
Аллоҳ таоло деди: “Ким мўмин кишига тажовуз қилиб, уни қасддан ноҳақ ўлдирса, жазоси Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлиш ва жаҳаннамда абадий қолиш бўлади. Аллоҳ таоло унга қилган улкан жинояти учун шиддатли азобни ҳозирлаб қўйгандир” (Нисо, 93).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни одамлар ўртасида ажрим қилинадиган ишларнинг энг аввалгиси (ноҳақ) тўкилган қонлар хусусида бўлади” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Етти ҳалок қилувчи ишлардан сақланинглар”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жиҳод майдонидан қочиш, покиза ва иффатли муслимага (бузуқ деб) туҳмат қилиш”, дедилар» (Бухорий, 5/393. Муслим, 2/82 ривояти).
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўмин киши модомики ҳаром (яъни ноҳақ) қон тўкмас экан, динида давомий кенгчиликда бўлади”.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтдилар: “Киши ўзини унинг ичига ташлагандан сўнг чиқиш йўли йўқ бўлган ҳалокатлардан бири ноҳақ қон тўкишдир” (Бухорий ривояти).
Шуни билингки, Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин, мусулмон кишини ноҳақ ўлдириш Аллоҳ азза ва жалла наздида энг катта гуноҳлардан ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мусулмон кишининг қатл қилинишидан кўра енгилроқдир” (Бухорий ва Насоий ривояти).
Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл қилинишидан кўра енгилроқдир” (Ибн Можа ривояти), деб айтганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Абу Саид ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар осмон ва ер аҳли бир мўминнинг қонини ноҳақ тўкишда иштирок этсалар, Аллоҳ азза ва жалла барчаларини дўзахга ташлайди” (Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган), деганлар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мусулмонни қасддан ўлдирган кишини қаттиқ огоҳлантириб: “Мушрик ҳолда ўлишдан ёки бир мўминни қасддан ўлдиришдан бошқа ҳар қандай гуноҳни Аллоҳ таоло кечиришига умид қилса бўлади” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган), деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни қатл қилинган киши қотилни олиб келади. У қотилнинг кокилидан ва бошидан тутиб олган, ўзининг эса, бўйин томирларидан қон оқиб турган бўлади. Қатл қилинган айтади: “Эй Раббим, бундан сўрагин, нега мени ўлдирди экан?» Ҳатто у қотилни аршга яқин келтиради” (Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши бошқа бир кишининг қўлидан тутган ҳолда олиб келади ва: “Эй Раббим, бу мени қатл қилган”, дейди. Аллоҳ таоло қотилдан сўрайди: “Уни нега қатл этдинг?”. Қотил: “Иззат Сеники бўлиши учун уни ўлдирдим”, дейди. Аллоҳ айтади: “Албатта, иззат Меникидир”. Яна бир киши бошқа бир кишининг қўлидан тутган ҳолда олиб келади ва: “Эй Раббим, бу мени қатл қилган”, дейди. Аллоҳ таоло қотилдан сўрайди: “Уни нега қатл этдинг?”. Қотил: “Иззат фалончига бўлиши учун ўлдирдим”, дейди. Аллоҳ айтади: “Иззат фалончига эмас». Шунда қотил (ёхуд қатл қилинган)нинг гуноҳи қотил зиммасида собит бўлади” (Насоий ривояти, Албоний саҳиҳ деган).
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким бир мўминни ўлдирса ва ўлдирганига хурсанд бўлса, Аллоҳ таоло ундан нафл ва фарз амалларини қабул қилмайди” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).
(давоми бор)