Ёлғончи дунёнинг ишлари қизиқ. «Кўпга келган тўй» деганларидек, алдаш ва алданиш ердаги жонзотларнинг барига теккан дард экан, бу улар табиатидаги иллат экан:
Сувдаги балиқ қармоқдаги чувалчангга алданади,
Самодаги қуш тузоқ остидаги донга алданади,
Парранда-ю даррандалар «беҳ-беҳ»га алданади.
«Ту-ту» десангиз, бечора товуқлар «дон сепяпти», деб ўйлаб чопиб келади.
Баҳайбат ҳўкизлар, шохдор моллар, қўтослар «ма-ма» деган қуруқ сўзга, бир оғиз гапга алданар экан.
Бир куни ёшлигимда, шоир Завқий кўчасида, ёшлигим ўтган маҳаллада «мол тутиш» ёки «овлаш» амалиётининг гувоҳи бўлганман. Кимнингдир моли бўшалиб кетибди. Кўчада одамлар молнинг кетидан қувлаб юришибди. Мол жонивор ҳеч тутқич бермайди. Шу пайт маҳалладаги бир қассоб кеп қолди. Қассоб бошидаги дўпписини ечиб, тескари қилди. Қўлдаги дўппи ичида худди ем-хашак бордек, «ма-ма» деб молни чақирди. Мол жонивор унга ишониб аста келса денг, «қойил». «Овлаш учун авраш керак экан. Авраб овлаш мана бундай бўлади, аврашда гап кўп», дерди мол кетидан бефойда чопган оламоннинг забони ҳоли.
Шу муносабат билан тарихий бир қизиқ ҳодиса ёдимга тушиб қолди.
Абдурраҳмон Муаллимий الأنوار الكاشفة китобида ёзади:
«Ҳадис эшитиш мақсадида бир қанча талаба «шайх» деб танилган кишининг ҳузурига келишади. Шайх ташқарида экан. Қочиб кетган хачирини тутиш пайида юрибди. У қўлидаги бўш тўрвахалтани хачирга кўрсатиб, имлайди. Буни кузатиб турган зийрак йигитлар: «Ҳайвонни алдаган одамга ишонч йўқ. Бу кишидан ҳадис эшитмаймиз», деб ундан ҳадис олмай ортга қайтиб кетадилар».
Илгаргилар ҳадис олиш борасида ўта синчков, жуда эҳтиёткор бўлишган. Муаллиф мазкур китобида ёзади:
«Аҳли илмлардан бири, адашмасам, Ҳасан ибн Солиҳ бўлса керак, шундай деган эди: «Агар биз ҳадис эшитмоқчи бўлсак, муҳаддисни ҳар жиҳатдан сўриштирар эдик. Бу қадар қаттиқ синчиклаб суриштирганимиздан ҳайратланган кишилар «Сизлар ундан ҳадис эшитмоқчимисиз, ё қизингизни никоҳлаб бермоқчимисиз?» – дейишар эди».[1]
Энди аро йўлда қолган мавзуга: ҳайвонот оламидаги «алдаш ва алданиш» мавзусига қайтайлик.
Ҳайвонотларни алдашнинг тури кўп экан.
Катта, сеемиз қўйни чангаллаб, қўй нима, давангирдай инсонни чангаллаб, икки панжасига сиқиб, тоғ чўққисига олиб кетган қушлар султони бургутни нима билан, қандай қилиб алдашган, билмадим-у, лекин шундай қўрқинчли йиртқич қуш ҳам алланималарга алданиб, «гаҳ» деса қўлга қўнадиган бўп қолар экан.
Циркка ишга ёлланган ўрмон шоҳи шер, пахмоқ айиқ ва бошқа йиртқич ҳайвонлар ҳайвон ўйнатувчининг қўлда берган битта луқмасига алданиб, мушукка айланган.
Тулкивой табиатан ҳаммани алдайди, уни алдаган, ёки қўлга ўргатган, циркка ишга ёллаган одамни билмайман.
Демак, ҳайвонот оламида ҳам алдаш ва алданиш бор, улар ҳам нимагадир алданади, ҳатто бир-бирини алдайди.
Ибн Касир البداية و النهاية китобида Ибн Асокирдан нақл қилади:
Сулаймон алайҳиссалом нар чумчуқнинг урғочи чумчуқ атрофида парвона бўлиб учаётганини кўриб қолдилар.
– Манави чумчуқ нима деяётганини биляпсизларми? – дедилар шерикларига.
– Йўқ, билмаймиз, нима деяпти, эй Аллоҳнинг росули.
– Бу чумчуқ урғочи чумчуқни ўзига сўраяпти. «Агар менга тегсанг, Дамашқдаги истаган уйинга ин қуриб бераман», деяпти. Ҳолбуки Дамашқдаги уйлар тош-дан қурилган. Унга ин қўйиб бўлмайди. Асли ўзи шундай: كل خاطب كذاب – Ҳамма совчилар каззоб: ўта ёлғончи бўлади, – дедилар.
Ердаги махлуқотлар гултожи ҳайвони нотиқ эса алдаш ва алданиш бўйича биринчи ўринда турса керак. У бир оғиз сўз билан алдайди, ўша сўзга ўзи алданади, бир бурда нонга ва ҳатто яримта ишваю ишорага ҳам алданаверади.
Не ажабки, одамзод ва ҳайвонотлар алданганидай дов-дарахтлар ҳам алданар экан. Табиатда ҳам алданиш бор экан. Инкор қилишга шошилманг.
Февралнинг қоқ ўртасида об-ҳаво исиб кетса, кўпчилик суюнади. Эшик-деразаларни очиб, сўрига жой солишади. Бободеҳқонлар, миришкор боғбонлар, эл-юрт ризқининг ғамини еган хайрихоҳ инсонлар эса хафа.
Нега дейсизми?
Сабаби: ўрик, олма, бодом каби дов-дарахтлар бемаҳал келган ўткинчи иссиққа алданиб, «баҳор келди» деб ўйлаб, дарров гуллаб қўяди. Қийғос гуллагандан кейин бирдан изғирин аёз қайтиб келса, ҳаммасини совуқ уради. Бу бемаҳал келган илиқлик ҳосилга салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Хулоса: ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаган пухта одам ҳаётдаги ҳар хил «илиқликлар»га алданмайди.
Машаққатдан сўнг енгиллик, касаллик ортидан соғлик келса, ноз-неъматлар ёмғирдек ёғса, хавф кетиб, хотир-жамлик келса, у бунинг учун асло, асло мағрурланмайди, фахрланмайди. Кеккайиш, фахрланиш, нонкўрлик Аллоҳ хушламас жоҳилий одатлардандир.
«Агар инсонга етган (танглик, касаллик, қийинчилик каби) бирон зиён-заҳмат; машаққат, кулфатдан кейин Биз унга яна неъматлардан тоттириб қўйсак, (ёмонлик ортидан яхшилик берсак), у: «барча ёмонликлар мендан кетди», деб (босар-тусарини билмай қолади).
Дарҳақиқат, инсон жуда мағрур ва мақтанчоқдир».
Шунингдек, сиёсат майдонида илиқ шабада эсса, дарров ҳовлиқиб, дунёни ўзгартириш пайига тушмайди…
Иши юришиб, мол-мулки кўпайса, ёки амал тегиб қолса, ўткинчи матоларга алданиб, кеккайиб кетмайди.
Илми ошса, илмига мағрурланмайди. Ўзгани оми, ўзини олим билиб, гердаймайди, мақтанмайди.
Закот, ҳаж, умра, хайру эҳсон каби амали солиҳларга муваффақ бўлса, савоби бисёр бу солиҳ амалларга алданиб қолмай, заррача мағрурланмай, то Аллоҳга йўлиққунгача истиқоматда давом этади, ҳақда собит туради.
Ҳаётда мудом алдаш ва алданиш, тойиш ва тойдириш, жаҳл ва жаҳолат, зулм ва ситам бор экан, мўмин ҳамиша Аллоҳга боғланиб, бу офатлардан паноҳ тилаши керак.
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ مَا خَرَجَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم مِنْ بَيْتِى قَطُّ إِلاَّ رَفَعَ طَرْفَهُ إِلَى السَّمَاءِ فَقَال: «اللَّهُمَّ إِنِّى أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَضِلَّ أَوْ أُضَلَّ أَوْ أَزِلَّ أَوْ أُزَلَّ أَوْ أَظْلِمَ أَوْ أُظْلَمَ أَوْ أَجْهَلَ أَوْ يُجْهَلَ عَلَىَّ ».
Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачон менинг уйимдан кўчага чиқсалар нигоҳларини осмонга кўтариб:
Илоҳо, мен Сенга илтижо қилиб, адашишдан ёки биров мени адаштиришидан, тойишдан ёки тойдирилишдан, зулм қилиш ёки зулм кўришдан, мен кимгадир билмасдан ёмонлик қилиб қўйишимдан ёки кимлардир менга билмай ёмонлик қилишидан, (жаҳлу жаҳолатдан) паноҳ тилайман», деб дуо ўқир эдилар.
Бошқа ривоятда аввал:
«Бисмиллаҳ, таваккалту алаллоҳ, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деб, кейин юқоридаги дуо ўқилган.
Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина кўчасига чиққанларида шунчалар дуо ўқиб, шу қадар эҳтиёт чорасини кўрсалар, Ер юзининг ҳар минтақасига сочилиб кетган биз мусулмонлар бу дуоларни тилдан қўймай кеча-ю кундуз ўқиб юришимиз авло эмасми?
Агар тор кўчага чиққанда адашиш ва адаштиришдан, зулм ва жаҳолатдан паноҳ тиланса, интернет орқали кенг оламга, бутун дунёга чиқишдан олдин эҳтиёт чораларини кўриб, дуолар ўқимоқ авло эмасми?..
[1] Бу борада айтса адо бўлмайдиган ажойиб қиссалар кўп, кези келганда, гарчи асл мавзудан узоқроқ туюлса-да, фурсатдан фойдаланиб шонли тарихимизнинг айрим қирраларини ёритиб ўтяпман.
Ҳадис илмида амирулмўминийн унвонини олган Шуъба ибн Ҳажжож бир машҳур кишидан ҳадис эшитишни орзу қилиб юрар экан. Бир кун не машаққат билан шу машҳур кишини қидириб топибди. У машҳур киши бозорда нарса харид қилаётган экан. Шайх сотувчидан тарозини мўлроқ, оғирроқ қилишини сўрайди. Буни кўрган Шуъба бу шайхдан ҳадис эшитмай ортга қайтиб кетади.
Субҳаналлоҳ!.. Астағфируллоҳ…
Бир кун мен Мадинанинг Султона деб танилган кўчасидаги Саравот номли катта супермаркетга кирдим. Сузма қатиқ, пишлоқ сотиладиган ойнали пештахта ёнига келдим. «Саҳиҳи Бухорий»дан дарс берган устозимиз ҳам нимадир харид қилаётган экан. Сотувчи устозимизни танийди чоғи, «манави ўзларига», деб устоз харид қилган нарсадан бир оз қўшиб берди. Шунда устоз «дарров қайтаринг, жойига қайтаринг!» деб сотувчи мурувватини қабул қилмаган эди.