Абу Вафо ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг қаҳридан (ёхуд макридан) эҳтиёт бўл. Унинг раҳмати билан алданиб қолма! Зеро, У уч дирҳам учун қўлни кесишга[1], бир томчи ароқ учун дарралашга[2] буюрган Зотдир. Бир аёл мушук сабабли дўзахга кирди[3]. Ғаниматдан бир ёпинчиқ ўғирлаган кишига ўша ёпинчиқ қабрида олов бўлиб ёнди. Ваҳоланки, у (Аллоҳ йўлида жанг қилиб) шаҳид бўлган эди[4]”.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши битта пашша сабабли жаннатга кирди. Бошқа бири битта пашша сабабли дўзахга кирди”. Саҳобалар: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. Шунда у зот бундай деб жавоб бердилар: “Икки киши бир қавмнинг олдидан ўтаётган эди. Қавмнинг бир бут-санами бор эди. Ўтган инсон албатта унга бирон қурбонлик аташи шарт эди. Шунда ҳалиги икки кишининг бирига дедилар: “(Мана бу санамимизга атаб) қурбонлик қил”. У: “Қурбонлик қилишга ҳеч вақом йўқ”, деб жавоб берди. “Битта пашша бўлса ҳам қурбонлик қил”, дейишган эди, бутларига атаб битта пашшани қурбонлик қилди. Шунда уни қўйиб юбордилар. Оқибатда у дўзахга кирди. Иккинчисига дедилар: “(Мана бу санамимизга атаб) қурбонлик қил”. У: “Ҳеч қачон Аллоҳдан бошқасига қурбонлик қилмайман”, деб жавоб берди. Шунда унинг бошини танасидан жудо қилишди. Оқибатда у жаннатга кирди”[5].
Банда бир сўзни айтиб, шу сабабли машриқ билан мағриб ўртасидаги масофадан ҳам узоқроқ масофага дўзахга тушиши мумкин.
Баъзи инсонлар бу дунёда Аллоҳ таоло унга неъматларини узмасдан бераётганини кўриб, алданиб қолади. Аллоҳ мени яхши кўргани учун беряпти. Ҳали охиратда бундан ҳам яхшиси беради, деб ўйлайди. Шубҳасиз, бу ўзини алдашдир.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Уқба ибн Омирдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Банда гуноҳ ишлар қилишига қарамай, Аллоҳ азза ва жалла унга кўнгли тусаган нарсаларини бераётганини қўрсанг, (билгинки) бу уни аста-секин ҳалокат сари етаклашдир”. Сўнг Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзини ўқидилар: “Ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Уларга берилган бу нарсалар билан шод турганларида уларни тўсатдан ушладик. Қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар”[6]»[7].
Баъзи салаф солиҳларимиз айтади: “Гуноҳ-маъсиятлар қилишингга қарамай, Аллоҳ сенга Ўз неъматларини узлуксиз бераётганини кўрсанг, эҳтиёт бўл. Бу билан Аллоҳ сени аста-секин ҳалокат сари етаклаётган бўлади”.
Аллоҳ таоло айтади: “Агар (иймонсиз кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини кўриб, барча) одамлар бир миллат (яъни кофир) бўлиб олишлари бўлмаганида эди, албатта Биз Раҳмонга (яъни Бизга) кофир бўладиган кимсалар учун уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик. Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик). Яна (барча) зеб-зийнат, нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйган бўлур эдик. Зеро буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир” (Зухруф, 33-35).
Мана шундай ўйлайдиганларга раддия билдириб Аллоҳ таоло бундай деган: “Инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер” (Фажр, 15-16). Яъни неъматларимни ато этган ва ризқини кенг қилиб қўйган ҳар бир бандамни бу билан иззат икром қилдим ёки бошга турли синовлар юборган ва ризқини танг қилган ҳар бир бандамни бу билан хор қилдим дегани эмас. Бирига синаш учун Ўз неъматим ато қиламан, бошқасига азиз қилиш учун бало-мусибатлар юбораман.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло дунёни яхши кўрган-кўрмаган бандаларига бераверади. Аммо иймонни фақат яхши кўрган бандасига беради”[8].
Баъзи салаф солиҳлар айтади: “Аллоҳнинг неъматларига бурканиб, лекин шу билан ҳалокатга қараб кетаётганини билмай юрганлар қанча. Аллоҳ унинг қилмишини яширишига алданиб юрган мағрурлар қанча. Одамларнинг мақтовига ишониб, фитналаниб юрганлар қанча”.
[1] Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мана бу ҳадисга ишора қилмоқда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дирҳам турадиган қалқонни ўғирлаган кишининг қўлини кесдилар” (Бухорий, 6795. Муслим, 1686).
[2] Муболаға тарзида, яъни озгина ароққа ҳам жазо тайинлаган деган маънода айтган бўлса керак. Валлоҳу аълам.
[3] Имом Бухорий (2365) ва Муслим (2242) Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисга ишора қилинмоқда.
[4] Имом Бухорий (4234) ва Муслим (115) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисга ишора қилинмоқда.
[5] Аҳмад. “Зуҳд”, 84.
[6] Анъом, 44.
[7] Аҳмад. “Муснад”, 17311.
[8] Аҳмад, (3672), Бухорий “Тарих”да (4\313) ва бошқалар ривоят қилган.