Баъзан қалбнинг қараши ўзгаради. Шундан келиб чиққан ҳолда унинг ҳис-туйғулари ва амаллари ҳам ўзгаради. Аллоҳ таоло баъзи инсонларнинг қалбларини ҳақни қабул қилишга мойил қилиб яратган. Ундайларга ҳақ баён қилинса, унга интилади, қабул қилади. Баъзан инсон яхшиликни кўради, у томонга ҳаракат қилади. Лекин Аллоҳ таоло унинг онг-идрокини бузадиган, уни ёмонликка ундайдиган инсонлар билан имтиҳон қилади. Шунда инсон қалбидаги яхшиликка ёки ёмонликка бўлган мойилликка қараб ёмонларнинг гапига киради ёки улардан юз ўгиради.
عَنْ عَائِشَةَ، أَنَّ رَجُلًا قَعَدَ بَيْنَ يَدَيِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنَّ لِي مَمْلُوكِينَ يَكذِبُونَنِي وَيَخُونُونَنِي وَيَعْصُونَنِي، وَأَشْتُمُهُمْ وَأَضْرِبُهُمْ فَكَيْفَ أَنَا مِنْهُمْ؟ قَالَ: «يُحْسَبُ مَا خَانُوكَ وَعَصَوْكَ وَكَذَبُوكَ وَعِقَابُكَ إِيَّاهُمْ، فَإِنْ كَانَ عِقَابُكَ إِيَّاهُمْ بِقَدْرِ ذُنُوبِهِمْ كَانَ كَفَافًا، لَا لَكَ وَلَا عَلَيْكَ، وَإِنْ كَانَ عِقَابُكَ إِيَّاهُمْ دُونَ ذُنُوبِهِمْ كَانَ فَضْلًا لَكَ، وَإِنْ كَانَ عِقَابُكَ إِيَّاهُمْ فَوْقَ ذُنُوبِهِمْ اقْتُصَّ لَهُمْ مِنْكَ الفَضْلُ». قَالَ: فَتَنَحَّى الرَّجُلُ فَجَعَلَ يَبْكِي وَيَهْتِفُ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ” أَمَا تَقْرَأُ كِتَابَ اللَّهِ {وَنَضَعُ المَوَازِينَ القِسْطَ لِيَوْمِ القِيَامَةِ فَلَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئًا وَإِنْ كَانَ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلٍ أَتَيْنَا بِهَا وَكَفَى بِنَا حَاسِبِينَ} (الأنبياء: 47) الآيَةَ “. فَقَالَ الرَّجُلُ: وَاللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا أَجِدُ لِي وَلَهُمْ شَيْئًا خَيْرًا مِنْ مُفَارَقَتِهِمْ، أُشْهِدُكَ أَنَّهُمْ أَحْرَارٌ كُلُّهُمْ: (حكم الألباني) : صحيح الإسناد
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб ўтирди ва деди: «Ё Расулуллоҳ, менинг қулларим бор. Улар менга ёлғон гапиришади, хиёнат қилишади, итоатсизлик қилишади. Мен эса бунинг эвазига уларни сўкаман ва ураман. (Аллоҳнинг ҳузурида) мен билан уларнинг ҳоли не кечади?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уларнинг сенга қилган хиёнати, итоатсизлиги ва ёлғони ҳамда сен уларга берган жазо ҳисоб-китоб қилинади. Агар сен уларга берган жазо гуноҳлари миқдорича бўлса, у ҳолда иш тенгма-тенг бўлган – сенинг фойдангга ҳам, зарарингга ҳам бўлмайди. Агар сен уларга берган жазо гуноҳлари миқдоридан кам бўлса, сенга фойда бўлади. Агар сен берган жазо гуноҳларидан кўп бўлса, ошиқчаси учун сендан уларга қасос олиб берилади». Ҳалиги киши четроққа ўтди ва йиғлаб оҳ-фарёд қила бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг: «Қиёмат куни учун адолат тарозиларини қўюрмиз. Ҳеч бир жонга асло зулм қилинмас. Гарчи амал хантал дони мисқолича бўлса ҳам келтирурмиз. Биз етарли ҳисоб-китоб қилувчимиз», деганини эшитмаганмисан?!» У деди: «Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, менга ҳам, уларга ҳам яхши йўл уларни озод қилишим экан. Сизни гувоҳ қилиб айтаман, уларнинг барчаларини озод қилдим!» [1]
Демак, бу инсоннинг қуллари унга ёлғон гапиришган, омонат қилиб топширган ишларда хиёнат қилишган, хўжайинларига итоатсизлик қилишган. Ўз ўрнида у ҳам бунга жазо сифатида қулларини уриб-сўккан. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига қалбидаги бир тушунча билан борди. Ўзидаги бу тушунчани қатъий тарзда тўғри, деб билмаса-да, бироқ шахсий қаноати шундан иборат эди. Унинг кўз қарашича, қуллари унга ёлғон гапиришади, итоатсизлик қилишади ва хиёнат қилишади. У бунинг эвазига уларни уриб-сўккан ва буни уларга берилган одил жазо ва уқубат деб билади. Бироқ унинг қалбида ҳаққа, адолатга интилиш бор, жазо борасидаги тушунчасини тўғрилаш мақсадида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келди. Баъзи инсонлар бор, тушунчалари, дунёқарашлари тўғри бўладими, хатоми, Аллоҳни рози қиладиган тушунчами, йўқми, бундан қатъи назар, ўз тушунчаларидан қайтишмайди, дунёқарашларида оёқ тираб туриб оладилар. Бу инсон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эшитгач, қиёматдаги ҳисоб-китоб аниқ ўлчов билан бўлишини, жазолаш ҳар кимнинг шахсий хоҳишига ҳавола қилинмаслигини билгач, қаттиқ қайғуга ботди. Охир-оқибат, барча қулларини озод қилишга қарор қилди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлигида уларни озод қилди.
Ажабо, унинг тушунчасини бунчалар кескин ўзгартирган нарса нима?! Ахир у қулларини уриб-сўкадиган бир одам эди-ку? Энди бўлса, уларни озод қилиб ўтирибди?!
Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга олдин ўйлаб кўрмаган тушунчани кўрсатдилар, унинг тушунчасини тўғрилаб қўйдилар. Қолаверса, бу инсонда ҳақни кўриш ва унга эргашиш учун рағбат бор эди, қалбида ҳақни кўришга иштиёқ бор эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳақни кўрсатган эдилар, кўрди, эслатган эдилар, эслади, насиҳат қилган эдилар, насиҳатни қабул қилди. Ҳақни эшитганида қалб кўзи ва басирати нурафшон бўлди. Қалб кўзи нурафшон бўлиб, йўлини ёритган эди, билдики, қуллари туфайли қиёматда азоб-уқубатга дучор бўлиши мумкин экан, қуллари унга ташвиш келтирар экан. Шунинг учун уларни Аллоҳ розилиги учун озод қилиб юборди.
Инсонларнинг қалби шундай, уни дажжолларнинг ёлғонлари, бузғунчиларнинг ҳийла-найранглари хароб қилади. Бироқ шундай бўлса-да, одамлар ичида ўз дунёқараши, тушунчаси, ҳаётга бўлган муносабатини тўғрилашни ва қиёматда Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиқишни истаганлар бор. Аллоҳ барчамизни ана шундай бандаларидан қилсин!
Бунинг акси ўлароқ, баъзиларимизнинг ҳоли шоир Аъшонинг ҳолига ўхшайди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганини эшитган, ҳатто у зотни кўрмасидан бурун шеърларида мақтаган эди. Кунлардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига ҳижрат қилиб йўлга отланади, у зотнинг қўлларида Исломни қабул қилишни хоҳлайди. Йўлда Қурайш қабиласидан баъзи инсонларга дуч келади. Улар Аъшони ҳақдан буришга ҳаракат қиладилар. Шу мақсадда унинг энг заиф нуқтасига зарба қиладилар, унинг қалбига энг нозик нуқтадан кириб борадилар. Улар: «Муҳаммад зинони ҳаром дейди», дейишади. Аъшо дейди: «Зино мени тарк қилган (яъни зинога қодир бўлмай қолганман)». «У ароқни ҳаром дейди», дейишди. У деди: «Эҳ, ундай бўлса, бу йилча ичиб тура қолай, келаси йил бориб мусулмон бўламан». Бошқа бир ривоятда келишича, «Бу йилча ароқ ичиб қолай, сўнг бориб, мусулмон бўламан», дейди[2]. Айтишларича, бу гапларни унга Абу Суфён айтган.
Кўриб турганингиздек, Аъшо ҳақни кўрди, унга интилди, қалби билан ҳақ томонга талпинди, ҳатто ҳижрат қилиб йўлга отланди. Лекин ҳануз унинг қалбида ботилни қабул қилиш учун лаёқат бор эди. Фожир инсонлар одамларни ҳақдан тўсиш учун қўлларидан келганини аямайдилар. Ривоятларда келишича, Қурайш қабиласи унга юзта туя ҳам йиғиб берадилар. Абу Суфён айтади: «Биз билан унинг ўртасида ҳозирча сулҳ бор. Агар Муҳаммад бизнинг устимиздан ғолиб келса, ўшанда келасан. Агар биз унинг устидан ғалаба қозонсак, юзта туяга эга бўлганинг қолади». Шундай қилиб, Аъшо дажжолларнинг гапига кирди, қалби ўзгарди, тушунчасига путур етди. Ҳолбуки, унга қадар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни мақтаб қасидалар битган эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғрисида шунча мақтовларни айтган кимса абадий яхшиликни, ҳидоятни бир ҳўплам ароққа алмаштирди. Аъшо уйга қайтаётиб йўлда жон таслим қилди. Шундай қилиб, у дунё ва охиратидан ажралди, ароғини ҳам ичмади, юзта туядан ҳам маҳрум бўлди ва энг муҳими динидан жудо бўлди. Аллоҳ ёмон хотимадан Ўзи сақласин!
Демак, инсон юқорида зикр қилинган икки кишидан бирининг йўлидан боради: ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб ўтирган кишининг йўлини танлайди, ё Аллоҳ сақласин, Аъшонинг йўлидан боради. Ҳар биримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирамиз: у зотнинг меросхўрлари бўлмиш уламолардан қалб кўзларимизни нурафшон қиладиган, тушунчаларимиз ва дунёқарашларимизни тўғрилайдиган таълимотларни эшитамиз. Кўпчилик инсонлар Аъшонинг йўлидан боришади, дажжолларнинг сўзларига қулоқ тутишади. Ҳолбуки, улар одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Бундайлар охир-оқибат дунё ва охиратини ҳам қўлдан бой берадилар.
Аллоҳ барчаларимизни Ўзи суйган ва яхши кўрган йўлига бошласин, рамазонда қилаётган тоат-ибодатларимизни қабул қилсин, рамазонда қалбларимиз ислоҳ бўлишини насиб этсин!
[1] Термизий ,3165.
[2] Абул Фараж Асбаҳоний. “Ал-ағоний”, 9/147.