Рамазонни қадрлаш(5): Энг муҳими – қалб амали

0

Рамазон ойида бундан олдинги йилларга солиштирган ҳолда ўзингизни бир ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Бу йил ҳам айнан ўтган йилги ёки ундан олдинги йилги тасманинг ўзини айлантирманг. Бу ойни ғанимат билиш, ундан фойдаланиб қолиш фақат жисмоний амалларни қилиш билан амалга ошмайди. Рамазон бу қалбларни ўзгартириш, ислоҳ қилиш учун бир фурсатдир. Рамазонда қилиниши лозим бўлган иш фақат бор кучни сарфлаб тоат-ибодат қилиш эмас.

Мағфират – яхшилик эшиги. Бизларни бу эшикдан тўсувчи нарса гуноҳларимиздир. Агар гуноҳлар кечирилса, тўсиқлар кетади. Мақсад рамазондан қалбларимиз ислоҳ бўлган ҳолда чиқиш. Аллоҳим, қалбларимизни, жумла мусулмонларнинг қалбларини ислоҳ қилгин! Энг ёмони бизлар ҳар йили бир нарсани такрорлаймиз: йигирма, ўттиз, балки қирқ йил бўйича рамазон ойини қўлдан бой бериб келамиз ва бу йил қирқ биринчи рамазонни қўлдан бой беришга тайёрланаётганга ўхшаймиз.

Шуни яхши билингки, ҳадеб фурсатни қўлдан бой беришга ружу қўйган кимса, умр бўйи фурсатни қўлга киритмаслиги мумкин. Ахир инсон ҳадеб фурсатни қўлдан бой беравериши тўғрими?! Дунёвий ишларда ҳам шундай. Инсонлар мол-давлат топиш йўлида фурсатни қўлдан бой бераверса, бундай фурсат қайтиб насиб қилмаслиги мумкин. Ахир сизга бундан бошқа рамазон насиб қилмаслиги, ҳатто рамазоннинг охирига қадар яшамаслигингиз ҳам мумкин-ку?! Шундай экан, рамазоннинг биринчи куни, балки биринчи кечасининг ўзиёқ алоҳида бир фурсатдир. Рамазоннинг бир кунига бўлса-да етган инсон уни ғанимат билиши, ундан фойдаланиб қолиши учун бор кучини сафарбар этиши лозим. Бироқ шуни яхши билиш керакки, ғанимат билиш деганда фақат аъзолар билан бажариладиган жисмоний ишлар назарда тутилмайди. Инсон қанчалар баданини қийнаса, шунча рамазонни ғанимат билди, дегани эмас. Аксинча, рамазонни ғанимат билишнинг ҳақиқати қалбингиз билан рамазонни ҳис қила билишингиздадир. Бу ўз ўрнида инсондан маълум даражада хилватни, ўзи билан ўзи холи қолишни тақозо қилади. Одамлар билан, ўртоқларингиз билан, жамоат билан бирга таровеҳ намозини ўқиш, биргаликда саҳарлик ёки ифторлик қилиш, биргаликда эътикофда ўтириш осон иш. Бироқ бундай ҳолатларда кўпчилик бир бирига халақит беради, қалб деярли ибодат лаззатини ҳис қилмайди. Инсон бир лаҳза бўлса-да, ихлос ва сидқ билан Аллоҳга тоат-ибодат қилса, шунинг ўзи гуноҳлари мағфират қилинишига кифоя қилиши мумкин.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат кунида ҳеч соя бўлмайдиган кунда Арш соясида сояланиб турадиган етти тоифа инсонлардан бири сифатида «хилватда Аллоҳни эслаб, кўзидан ёш оққан киши»ни санаб ўтганлар. Демак, инсон ёлғиз ўзи сидқ ва ихлос ила ибодат қилиши уни ана шундай улуғ мартабага чиқариши мумкин экан. Эътибор берган бўлсангиз, ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “хилватда” ва “кўзидан ёш оққан” деяптилар. Демак, унинг кўзидан оққан кўз ёшлар беихтиёр чиққан. Бу кўз ёшлар Аллоҳни эслаш, Уни зикр қилиш сабабидан оққан. Бу ҳолат Аллоҳдан қўрққан ёки У зотга ошиққан пайтда ҳосил бўлади.

Қалб тафаккурсиз ҳаракатга келиши имконсиз. Фарзандларига ўлими олдидан ёқиб, кулини кўкка совуришни васият қилган киши тўғрисидаги ҳадисга бир назар солайлик.

حدثنا بهز بن حكيم بن معاوية، عن أبيه، عن جده قال: سمعت نبي الله صلى الله عليه وسلم يقول: ” إنه كان عبد من عباد الله أعطاه الله مالا وولدا، فكان لا يدين الله دينا، فلبث حتى إذا ذهب منه عمر، وبقي عمر تذكر، فعلم أن لن يبتئر عند الله خيرا دعا بنيه فقال: أي أب تعلموني؟ قالوا: خيره يا أبانا. قال: فوالله لا أدع عند أحد منكم مالا هو مني إلا أنا آخذه منه، ولتفعلن بي ما آمركم. قال: فأخذ منهم ميثاقا وربي فقال: إما لا فإذا أنا مت فألقوني في النار حتى إذا كنت حمما فدقوني”، قال: فكأني أنظر إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم وهو يقول بيده على فخذه، “ثم اذروني في الريح لعلي أضل الله”. قال: “ففعلوا ذلك به ورب محمد حين مات، فجيء به في أحسن ما كان قط، فعرض على ربه فقال: “ما حملك على النار؟” قال: خشيتك يا رباه. قال: “إني أسمعك لراهبا، فتيب عليه”

Муовия ибн Ҳайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ таоло бандаларидан бирига кўп мол-давлат ва фарзанд ато этган эди. У Аллоҳга тоат-ибодат қилиш нималигини билмас эди. Умридан кўпи ўтиб, ози қолган бир пайтда Аллоҳни эслади. Қараса, Аллоҳнинг ҳузурида бирон яхшиликни ғамлаб қўймаган экан. Шунда у фарзандларини чақириб деди: «Ўғилларим, мен сизларга қандай оталик қилдим?» «Яхши ота бўлдингиз», дейишди улар. «Аллоҳга қасамки, ё сизларга айтган гапимни амалга оширасизлар, ё сизларга нима берган бўлсам, бирон нарса қолдирмай қайтиб оламан!» деди ота. Шундай қилиб у фарзандларидан аҳду паймон олди. Деди: «Агар мен ўлсам, жасадимни ўтга ташланглар. Жасадим куйиб кўмирга айлангач, уни туйиб, шамолга совуринглар. Шояд, шу тариқа Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолсам». У вафот этгач, фарзандлари унинг васиятини бажардилар. (Қиёмат куни) у дунёдаги энг соғлом ва кўркам ҳолида келтирилиб, Раббига рўбарў қилинди. Аллоҳ таоло айтди: «(Нега бундай қилдинг?) Сени оловга ундаган нима?» У деди: «Ё Раббим, Сендан қўрқиб шундай қилдим». Аллоҳ таоло айтди: «Мен сени қўрққан деб билдим». Шундай қилиб, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди»[1].

Ҳадисдаги «эслади» деган сўзга диққат қилинг. Бу инсон Аллоҳ бандаларига сингдирган фитратни эслади ва бу унда қалб амалларидан бўлмиш қўрқувни пайдо қилди. «Агар Аллоҳ мени тутиб олса, албатта, мени қаттиқ азоблайди», деди у. Илмсизлиги туфайли эътиқодга зид бўлган гапни гапирди. Лекин уни бу гапни айтишга ундаган нарса – нияти яхши эди. Маълум бўладики, агар инсоннинг нияти холис бўлса, гарчи йўл кўрсатадиган олим топилмаса ҳам, албатта, бу ният унга асқотар экан. Албатта, бу дегани фақат ният тўғри бўлса кифоя, дегани эмас. Ниятнинг тўғри бўлиши қачон фойда беради? Инсон илм ўрганиш учун олим қидириб, топа олмаса, ана ўшанда ниятнинг холислиги фойда беради.

Ушбу инсон Аллоҳдан қўрқиш борасида содиқ эди. Шунинг учун Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди, гуноҳларини мағфират қилди.

Бинобарин, биз Аллоҳнинг мағфиратини талаб қилишда, рамазон ойини ғанимат билишда содиқмизми, йўқми, холисмизми, йўқми, шунга эътибор қаратишимиз лозим. Биз биламизки, рамазон гуноҳлар мағфират қилиниши учун бир фурсат, мағфират эса ўзгариш эшигидир. Демак, гуноҳларимиз мағфират қилиндими ёки йўқлигининг белгиси бизларнинг ўзгаришимиздир. Бироқ қачон ўзгариш юз беради? Бу сизнинг холислигингиз, саъй-ҳаракатингизга боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, кундалик ҳаётингиздаги ножўя хатти-ҳаракатлар ўзгара бошласа, демак, рамазон сизга таъсир ўтказган бўлади. Бу ножўя одатлар жисмоний хатти-ҳаракатларда, тилда ёки қалбда бўлиши мумкин. Сўзлашув услубидаги қўполлик, шунингдек, қалбдаги ёмонликка бўлган интилиш ва мойиллик йўқолса, билингки, рамазон сизга таъсир қилибди. Буларнинг барчаси қалбдан бошланади, аввало қалб ўзгариши ва ўнгланиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига ишора қилиб, «Тақво бу ердадир»[2], деганлар.

Рамазон тақво ойи, тақво эса қалбдадир. Бинобарин, ўзгариш, ислоҳ ва ўнгланиш ҳам аввало қалбдан бошланиши лозим. Бунинг учун инсон маълум даражада холи қолиб зикр қилиши керак. Албатта, холи қолиш деганда бир кулбага қамалиб олиб зикр қилиш назарда тутилмайди. Балки бунинг учун масжидга одамлардан олдинроқ келиш ёки одамлардан кейин қолиб, зикр қилиш кифоя. Бир соат ёки ярим соат ўтириб, ўтган ҳаётингиз ва қолган ҳаётингиз ҳақида тафаккур қилинг. Келажак ҳаётимиз қанча қолган-қолмаганини билмаймиз, унга ҳеч кимса кафолат бера олмайди. Шу лаҳзада Аллоҳ таолога йўлиқсангиз нима бўлиши хусусида мушоҳада қилиб кўринг. Сиз бу учрашувга тайёрмисиз?

Агар инсонда шу мезон дуруст бўлса, инсон ўз-ўзини тергашни ўрганади, ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилади.

Такрор айтамиз, ҳадеб фурсатларни қўлдан бой беришга одатланган киши қайтиб бундай фурсатларга эришмаслик эҳтимоли катта!

Аллоҳ таоло барчамизга ушбу муборак ойда гуноҳларимиздан покланишни насиб этсин, қилган тоат-ибодатларимизни мақбул айласин. Барчамизга дунёда чиройли хотима топишни насиб этсин. Аллоҳумма амийн!

[1] Аҳмад ривояти, 5/5/20056. Шайх Шуайб Арноут “саҳиҳ лиғайриҳи” деган. Ҳадис санади ҳасан. Шунингдек, ҳадисни Бухорий (7508) ва Муслим (2757) Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[2] Муслим, 2564.

Изоҳ қолдиринг