Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (8)

0

(Давоми)

Ушбу бобни ниҳоялашдан аввал бир нарсага тезгина ишора қилиб ўтмоқчиман. У ҳам бўлса, баъзи домлалар саҳобалар борасида ўта муболағали гапларни айтиш билан бу муаммони янада катталаштириб юборишади. Ўша муболағалар, балки, умуман саҳиҳ бўлмаслиги мумкин, уларни эслаб ўтиш мутлақо керак эмас. Аслида, саҳобалар ҳақида саҳиҳ бўлган ривоятларгагина чекланишнинг ўзи кифоя қилади. Саҳобайи киромларни улуғлашимиз учун улар муболағаларга муҳтож эмаслар, улар ўзларининг ҳақиқий ҳолатлари билан улуғ кишилардир. Мисол учун: Баъзи домлалардан эшитиб қоламизки, улуғ саҳобий Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуга душманларидан бири қадаҳда заҳар берганда, у киши ўша душманига Аллоҳ азза ва жалланинг исми билан қилинган иш зарар бермаслигини исботламоқчи бўлиб: «Исми сабабли ҳеч қандай зарар етмайдиган Аллоҳнинг номи билан», деб туриб, заҳарни ичиб юборади ва у кишига ҳеч қандай зарар етмайди. Субҳоналлоҳ! Бу ривоят саҳиҳ эмас, балки, суннатга хилоф ҳамдир. Чунки Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу сабабларни ушлаши керак эди. Заҳарни ичиб юбориб, нажотни талаб қилиши эса мақсадга зиддир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам заҳарланган қўйдан еганларида у кишига унинг заҳарлангани хабар берилгач, чайнаб турган бир парча гўштни ютиб юбормасдан, чиқариб ташладилар. У киши Расулуллоҳ бўлиб, Аллоҳ у кишини сақлаши аён бўлатуриб, сабабларни ушлаш учун шундай қилдилар. Ва мана шундай йўл тутишимизни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бизга таълим берганлар. Саҳобалар ҳақида ҳам айтишимиз лойиқ бўлган гап шу, аслида. Зеро, саҳобий барча сабабларни тўлиқ ушлайдиган, равшан йўл устида юрадиган кишидир. Токи келажакда кимдир: «Исми сабабли ҳеч қандай зарар етмайдиган Аллоҳнинг номи билан», деб айтиб заҳар ичиб, бу билан мен Холид разияллоҳу анҳуга тақлид қилмоқдаман, демаслиги учун ҳам бу гап асло айтилиши керак эмас.

Гоҳида эса, бу муболағалар ҳақиқат бўлиши ҳам мумкин. Яъни у ҳақиқатда содир бўлган, баъзи саҳобалар учун хос кароматлар бўлиши мумкин. (Каромат деб, бирор саҳобий ёки солиҳ киши тарафидан қасд қилинмаган ҳолда содир бўлган одатдан ташқари ишга айтилади.) Айнан шу нуқтага эътибор қаратиш жуда ҳам муҳим: яъни, саҳобий бир ишни бир-икки-уч марта қайта-қайта бажаришни қасд қилмайди. Бу нарса у кишига Аллоҳ таоло икром ва ҳадя ўлароқ тортиқ қилган нарса бўлиб, улар бу кароматни такрорлашга қодир эмас, фақат Аллоҳ азза ва жалла хоҳласагина қилишлари мумкин.

Бунинг мисоли: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Мадинада туриб: «Эй қўшин, тоққа чиқ!» деб нидо қилганида, Мадинадан минглаб чақирим масофада турган мусулмонлар қўшини уни эшитади. Мана шу Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг кароматидир. Лекин сиз бундай қилишингиз шарт эмас. Бунақа ишни ижтимоий тармоқ ё телефон ё сунъий йўлдош орқали амалга оширишингиз, ёки барча замонавий технологиялардан фойдаланиб қилишингиз мумкин. Мазкур хитоб қилиш эса фақатгина ўша ҳодисада Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу учун хос каромат бўлган, кейинчалик бошқа бирортаси билан бу ҳодиса қайта такрорланмаган. Умар ибн Хаттоб эса ҳаёти давомида барча сабабларни тутиб, замонасининг аҳли фойдаланадиган чопарлар хизматидан фойдаланиб, яшаб ўтди. Шунинг учун ҳам домлалар шу каби кароматларни ҳикоя қилиб берар эканлар, одамларга бу ҳодиса фақатгина бир марта бўлиб ўтган жуда ҳам хос иш эканини баён қилиб, тушунтиришлари керак. Онда-сонда бўлиб турадиган кароматларни ҳисобга олмаганда, барча саҳобаларнинг ҳаёти ушбу борлиқда мустаҳкам бўлган илоҳий суннатлар ва қонунлар асосида кечди.

Гоҳида эса бу мубоғалар ҳақиқий бўлиши, лекин ўша муболаға саҳобийдан қабул қилинмаган, яъни саҳобаларнинг барчалари бунга хилоф қилган ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша саҳобийни бу каби муболаға қилишдан қайтарган бўлишлари мумкин. Бунга мисол: Абу Зар разияллоҳу анҳу зуҳдининг ўта кучлилиги. У киши мол тўплашнинг бир кунлик эҳтиёждан ортиқ бўлган ҳар қандай турини бойлик орттириш деб ҳисоблар, ҳатто закоти берилган тақдирда ҳам, шундай эътиборга олар эди. Маълумки, саҳобаларнинг барчаси бундай фикрда бўлишмаган, балки бу масалада Абу Зарга хилоф қилганлари бир қанча эди.

Бошқа мисол: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо оёқлари қавариб кетгунча таҳажжуд намози ўқир, Қуръонни ҳар тунда хатм қилар, узлуксиз рўза тутар эди. Ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бу ишидан қайтариб, ибодатда мўътадил бўлишга буюрдилар. Яъни бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ юришга амр қилдилар. Зеро, мана шу энг оз миқдордир. Балки, бошланишида бир ойдан фақат уч кун рўза тутишга, шундан сўнг ҳафтада икки кун тутишга, сўнгра бир кун тутиб, бир кун тутмасликка, мусҳафни эса ҳар ойда ё ҳар ҳафтада ё ҳар уч кунда бир марта хатм қилишга, бундан озайтирмасликка буюрдилар. Ана шу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган қоидалардир. Шундан кейин мен таҳажжуд намози ҳақида дарс ўтатуриб: «Биродарлар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо туни билан намоз ўқир, Қуръонни ҳар куни хатм қилар, ҳар куни рўза тутар эди», десам, олдимда ўтирган кишининг юз ифодасида «Ҳар куни рўза тутишим, ҳар кеча таҳажжудда Қуръонни хатм қилишим, умуман, у инсонга тақлид қила олишим имконсиз», деган маънони уқасиз. Шунинг учун ҳам ўша амални қилган саҳобанинг бу иши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мос келганми ёки у зот уни бу ишидан қайтарганларми, буни билишингиз шарт. Агар ман этган бўлсалар, бу ишни ўзим учун намуна қилиб олишим тўғри бўлмайди.

Гоҳида эса, муболағалар ҳақиқий, саҳобалар ҳақиқатда қилган ва ундан қайтарилмаган ишлар бўлишлари мумкин. Лекин сиз даъватчи ўлароқ кимга хитоб қилаётганингизни англашингиз керак. Балки сизни тинглаётган киши эндигина ибодатга киргандир. Сиз уни машаққатга солиб қўймаслигингиз, у қила олмаслигини аниқ билганингиз амалларни тақдим этмаслигингиз лозим. Зеро, домла ҳикматли бўлса, тингловчисининг шахсиятига муносиб бўлган ҳикояларни айтади. Ана шу биз мақсад қилган нарсадир. Саҳобаларни, уларнинг амалларини ўта қилиб муболағали таърифлашлар – хоҳ асосли, хоҳ асоссиз бўлсин – баъзи кишиларнинг саҳобалар инсон зотидан эмас, уларда биздаги хоҳиш-истаклар йўқ, шунинг учун уларга тақлид қила олмаймиз, деган хаёлга боришига сабаб бўлади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг