Дарҳақиқат, инсоннинг охиратда нажот топиши қалбининг саломатлигига боғлиқдир. Бинобарин, у кўпроқ қалбига эътибор бериши лозим. Зеро, қалбдан келиб чиқмаган ва фақат ташқи аъзолар орқали бажариладиган амалларни кўпайтириш инсонга ортиқча юк ва машаққатга айланиб қолади. Бундай амаллар танани қийнаши билан бирга қалбга деярли фойда келтирмайди. Бундай кимсани елкасига кўп озиқ-овқатларни кўтариб олган, бироқ ундан тановул қилмаган кишига ўхшатиш мумкин. Инсонлар одатда тоат-ибодат саналмиш амалларни кўпроқ қилишга эътибор қаратадилар. Бу ҳолатни айниқса рамазон ойида кўпроқ кузатиш мумкин. Кўпчилик инсонлар фақат аъзолар ёрдамида бажариладиган амалларни фойдали деб ўйлашади ва шу мақсадда зикр қилиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловати сингари амалларни кўпайтиришга эътибор қаратадилар. Натижада инсон чарчайди ва зерикиш ҳис қила бошлайди. Қарабсизки, рамазоннинг охирги ўн кунлиги келган пайтда инсон ибодатдан малолланиб қолади. Алалоқибат, кўпчилик инсонлар сингари ўзига баҳона излай бошлайди. Ўзига ўзи айтади: “Ахир бундан ортиқ нима қилай, қўлимдан келганини қилаётган бўлсам, ундан ташқари болаларга ҳайитга кийим-кечак сотиб олиш керак?!” Ҳатто ўзини оқлаш учун “Инсоннинг гуноҳкор бўлиши учун қарамоғидагиларни қаровсиз қолдириши кифоядир”[1] деган ҳадисни далил қилиши ҳам мумкин…
Шундай қилиб, бундай инсонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўлнинг тескарисини қилган бўладилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، قَالَتْ: «كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ العَشْرُ شَدَّ مِئْزَرَهُ، وَأَحْيَا لَيْلَهُ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ»
Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирса, аёлларига яқинлик қилишдан четланар, тунни ибодат билан ўтказар ва аёлларини (тунда намоз ўқиш учун) уйғотар эдилар»[2].
Биз бўлсак, охирги ўн кунлик келса, рамазоннинг бошидан шу пайтгача қилиб келган ибодатларимиз ҳам тўхтаб қолади. Демак, биз ибодатда тутган йўлимизда камчилик бор. Нега қилган тоат-ибодатларимиз ўз самарасини бермаяпти? Аслида осий ва гуноҳкор бандага ҳақ эслатилса, ундан ибрат-эслатма олиши ва тавба қилиши лозим. Инсон яхшиликни хоҳласа-ю, унга эришолмаса, яхшиликка етиш учун саъй-ҳаракат қилса-ю, унга етолмаса, ажр-савоб оламан деб ўзини чарчатса-ю, меҳнати самарасиз кетса, демак, бунинг сабабини ўрганиш лозим. Биз аввало нима ва қандай қилсак қилаётган амалларимиздан фойдаланишимизни, улар бизнинг кундалик ҳаётимизда ўз самарасини беришини ўрганишимиз керак бўлади.
قال ابن عباس رضى الله عنهما: لأن أقرأ إذا زلزلت والقارعة أتدبرهما، أحب إليّ من أقرأ البقرة وآل عمران تهذيرا
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Иза зулзилат» ва «Ал–Қориа» сураларини ўқишим ва уларнинг маъноларини тафаккур қилишим Бақара ва Оли Имрон сураларини тафаккурсиз тез ўқиганимдан кўра менга суюклироқдир».
Қисқа суралардан иккитасини шошмасдан ихлос ва тафаккур ила ўқишингиз, уни қалбингиз билан мушоҳада қилишингиз Қуръонни бошидан охиригача шошиб, фикр юритмасдан ўқигандан фойдалироқдир. Ихлос ва тафаккур билан, хушуъ ва хаёлни жамлаб ўқилган икки ракаат намоз кечаси билан ўқилган хушуъсиз намоздан кўра яхшироқдир. Аслида бу бизнинг умр бўйи эътибор беришимиз керак бўлган масала. Рамазон эса бу йўлдаги ўзига хос бир фурсат. Рамазон намозда, Қуръон тиловатида, зикрда ихлос ва тафаккурга етиш учун инсонга кўпроқ ёрдам беради.
Яна бошқа бир масала: инсон қалбига кирган энг фойдали озуқа бу Қуръондир. Қуръон сон-саноқсиз одамларни ҳидоят қилган, уларнинг саноғи ёлғиз Аллоҳга аён. Баъзи инсонлар биргина оятни эшитиб ҳидоят топганлар. Биргина оят кимларнидир куфрдан Исломга олиб ўтган бўлса, кимларнидир гуноҳлардан тавба қилиш сари етаклаган. Мусулмонларнинг ҳаётига назар солсангиз, улар қанчадан-қанча Қуръон оятларини эшитадилар ва ўқийдилар, уни беш маҳал намозларда, Қуръон тиловатларида, маърузаларда эшитадилар, таҳажжудларда ўқийдилар. Бу оятлар ҳар куни неча бор қулоқларимизни чертиб ўтмайди дейсиз. Рамазонда бир бор тўлиқ Қуръонни эшитган ёки ўқиган киши 6236 та оятни эшитган ёки ўқиган бўлади! Бу рамазон бўйи Қуръонни бир бор эшитган ёки ўқиган кишига тегишли гап. Энди уни рамазон ойида тўлиқ бир бор хатм қилган, таровиҳда бир бор эшитган ва таҳажжудда бир бор эшитган кишига нима дейсиз?! Хўш, бу инсон қанча оятларни эшитган бўлади?! Лекин бу муборак оятлар унинг қалбига нечоғлик таъсир қилмоқда?
Умар разияллоҳу анҳу Исломга келишидан олдин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қанчалар адовати борлиги кўпчиликка маълум. Умар разияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилиш қиссасида келишича, Тоҳа сурасининг бошидаги бир неча оятлар уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган адоватдан у зотга бўлган муҳаббатга буриб юборади. У синглиси ва куёвининг мусулмон бўлганини эшитиб, уларнинг уйига бостириб келади. Синглисининг юзига тарсаки тортади. Сўнг юзи қонаган синглисини кўриб, унга раҳми келади. Бу фурсатдан фойдаланган синглиси унинг қўлига Тоҳа сурасининг бошидан бир неча оятлар ёзилган саҳифани тутқазади ва бу оятларни ўқиган Умарнинг ҳоли ўзгаради. Хўш, айтингчи, биз Тоҳа сурасини неча бор эшитганмиз?
Демак, бу икки масала: аввало қалбни ислоҳ қилиш лозимлиги ва қалб ислоҳи учун Қуръондан кўра фойдалироқ шифо йўқлигини билиш бизлар учун жуда муҳимдир. Акс ҳолда, қалбга эътибор қаратмасдан тилимиз ва аъзоларимиз билан бажариладиган амалларни кўпайтиравериш ёки Қуръонни тафаккур ва мушоҳадасиз ўқийверишнинг деярли фойдаси бўлмайди.
Бир ой рамазонда уч бор Қуръон ўқиган инсон 18708 та оят эшитган бўлади. Бир неча йиллардан бери муттасил Қуръон тиловат қилиб келган инсонлар олдидан юз минглаб оятлар ўтади. Қуръоннинг биргина сўзи ўз ўрнида мўъжиза саналади. Қуръондаги икки сўздан ташкил топган тўлиқ гапнинг мўъжиза эканида шак-шубҳа йўқ. Энди ўйлаб кўрингчи, юз минглаб оятлар ичидан бизларга қанчадан-қанча мўъжиза саналмиш жумлалар дуч келган бўлиши мумкин?
Ундан ташқари биз аниқ биламизки, Қуръон – бу энг яхши сўз, сўзларнинг султони.
{اللهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُتَشَابِهًا مَثَانِيَ} (الزمر: 23)
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ энг чиройли сўз (Қуръон)ни бир–бирига ўхшаш (яъни унда ихтилоф ва зиддият бўлмаган, оятлари бир-бирини тасдиқловчи бўлган) ҳолда нозил қилди» (Зумар, 23).
Бу чиройли сўзнинг одамларга нечоғлик таъсир қилганини кўрдик. Ғазабдан жунбушга келган одам бу чиройли ва майин сўзларни эшитганда қай кўйга тушишига гувоҳ бўлдик. Лекин бунинг учун инсон сўзни қалби билан идрок этиши лозим.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ قَدِمَ رَجُلَانِ مِنَ المَشْرِقِ فَخَطَبَا، فَعَجِبَ النَّاسُ لِبَيَانِهِمَا، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ” إِنَّ مِنَ البَيَانِ لَسِحْرًا، أَوْ: إِنَّ بَعْضَ البَيَانِ لَسِحْرٌ”
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Машриқ аҳлидан бўлган икки киши келиб нутқ сўзлади. Одамлар улар иккисининг сўзамоллигидан ҳайратландилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айрим сўзларнинг сеҳр–жозибаси бор», дедилар»[3].
Демак, ҳатто одамларнинг гапида ҳам сеҳр, жозибадорлик бўлади, бундай сўзлар инсон қалбини асир этади. Ғазабланиб турган инсон кимнингдир гапини эшитиб ҳовуридан тушади, ғамгин, ғам-ғуссага ботган киши кимнингдир гапидан сўнг кўнгли кўтарилади, дилидан ғами кетади. Одамларнинг шахси ва гапининг таъсири бор. Инсон яхши кўрган одамининг гапига киради, унинг гапи бошқача таъсир қилади, бир оғиз гапи билан ҳолати ўзгаради.
Гапларнинг энг яхшиси ва султони бўлмиш сўзлар қалбимизга таъсир қилмаяптими, демак, бу ерда қандайдир муаммо бор. Бу муаммо ё қалбнинг ўзида, ё Қуръонга бўлган муносабатимизда бўлиши мумкин. Чунки муаммо фақат қалбда десак, баъзан у бошқаларнинг гапидан таъсирланаяпти.
Баъзи инсонларга Аллоҳ таоло юмшоқ қалб берган. Бунга Яман аҳлини мисол қилиш мумкин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَتَاكُمْ أَهْلُ الْيَمَنِ، هُمْ أَلْيَنُ قُلُوبًا وَأَرَقُّ أَفْئِدَةً، الْإِيمَانُ يَمَانٍ، وَالْحِكْمَةُ يَمَانِيَةٌ، رَأْسُ الْكُفْرِ قِبَلَ الْمَشْرِقِ»
[4]
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларга Яман аҳли келди. Улар энг қалби юмшоқ инсонлардир» (Бухорий (4388) ва Муслим (52).
Қалбларнинг бир биридан фарқ қилиши, айрим инсонларнинг қалби юмшоқ бўлишига воқеликда гувоҳ бўлганмиз. «Фалончининг кўнгли бўш, тез таъсирланади, бировга зулм қилинишига чидаб туролмайди», деб айтамиз. Бироқ нега ҳар қандай қалби юмшоқ инсонларнинг Қуръон оятларини эшитганда таъсирланганини кўрмаймиз? Демак, бундай инсонларнинг қалби юмшоқ бўлса-да, уларда иккинчи муаммо бор. У ҳам бўлса Қуръонга бўлган муносабатдаги муаммо. Аслида бундай кишиларнинг мусибати янада каттароқдир. Негаки, Аллоҳ таоло унга юмшоқ қалб ато этган, унга энг мукаррам пайғамбар орқали энг афзал тил – араб тилида сўзларнинг султони бўлмиш энг фасоҳатли сўз Қуръонни нозил қилди. Шунга қарамай, у Қуръондан фойда ололмайди!
[1] Абу Довуд, 1692. Албоний «Мишкот»да (3346) саҳиҳ деган. Шу маънодаги ҳадисни Муслим (996) ҳам ривоят қилган.
[2] Бухорий (2024), Аҳмад (24131).
[3] Бухорий (5767), Абу Довуд (5007).
[4] Бухорий (4388), Муслим (90).