Зулҳижжанинг ўн куни

0

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг бандаларига кўрсатган фазлу марҳамати бениҳоят кенг. Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги Аллоҳнинг фазли ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан биридир. Бу муборак кунлар мусулмон киши учун кўп солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Ундан ташқари, Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда бу кунларга қасам ичган. Маълумки, Аллоҳ таоло бирон нарсага қасам ичса, бу унинг қадри юксак ва улуғлигига далолат қилади. Хўш, бу улуғ мавсумни қандай қарши олишимиз лозим?

Мусулмон киши тоат-ибодат мавсумларини, шу жумладан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини қуйидагича қарши олиши мақсадга мувофиқдир:

1. Чинакам тавба

Мусулмон киши бу кунларни чинакам тавба қилиш ва Аллоҳга тавба-тазарру қилиш учун қатъий азму қарор билан қаршилаши керак. Зеро, тавбада банда учун дунё ва охират нажоти бор. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар” (Нур, 31).

2. Бу кунларни ғанимат билишга азм қилиш

Шунингдек, мусулмон одам бу муборак кунларни солиҳ амаллар билан обод қилишга қаттиқ тиришиши керак. Ким бирон ишга қатъий бел боғласа, Аллоҳнинг ўзи унга ёрдам беради ва унга бу ишни ниҳоясига етказишга ёрдам берадиган сабаб ва воситаларни муҳайё қилади. Ким Аллоҳга содиқ бўлса, Аллоҳ уни муродига етказади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут, 69).

3. Гуноҳ ишлардан йироқ туриш

Тоат-ибодатлар бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган сабаблар бўлганидек, гуноҳ ишлар Аллоҳдан узоқлашиш ва раҳматидан қувилиш сабабларидир. Гоҳо инсон қилган гуноҳи сабаб Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади. Модомики, гуноҳлар мағфират қилинишини, дўзахдан озод бўлишни умид қилсангиз, бу муборак кунларда ва умуман бошқа кунларда ҳам гуноҳга қўл уришдан эҳтиёт бўлинг!

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати

  1. Аллоҳ таоло бу кунларга қасам ичди

Аллоҳ бирон нарсага қасам ичса, бу унинг қадри баланд эканига далолат қилади. Зеро, буюк зот фақат буюк нарсаларгагина қасам ичади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Тонгга ва ўн кечага қасам” (Фажр, 1-2). Оятдаги “ўн кеча”дан мақсад жумҳур муфассирларнинг фикрича, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир. Ибн Касир тафсирида “Шу фикр тўғри”, деган.

  1. Бу кунлар Аллоҳни зикр қилиш тарғиб қилинган “маълум кунлар”дир

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) асносида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)” (Ҳаж, 28). Жумҳур уламолар, жумладан, Ибн Умар ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумларнинг фикрича, “маълум кунлар”дан мақсад зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларнинг дунёдаги энг яхши кунлар эканига гувоҳлик берганлар

Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Дунёнинг энг яхши кунлари (зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кундир”. “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам унга тенг келмайдими?” – дейилди. “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам унга тенг келмайди. Фақат бундан юзини тупроққа белаган (яъни жанг майдонида шаҳид бўлган) кишининг жиҳоди мустаснодир” (Баззор ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган).

  1. Бу кунларда арафа куни бор

Арафа – зулҳижжанинг тўққизинчи куни. У “ҳажжул акбар”, гуноҳлар кечириладиган ва дўзахдан озод этиладиган кун. Агар зулҳижжанинг ўн кунида арафа кунидан бошқа фазилат бўлмаганида ҳам, шунинг ўзи фазилатли кунлар саналишига кифоя қилган бўлур эди.

  1. Бу кунларда наҳр (қурбонлик) куни бор

Баъзи уламоларнинг наздида наҳр куни йилнинг энг афзал кунидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ наздидаги энг афзал кун наҳр куни, сўнгра қар кунидир” (Абу Довуд ва Насоий ривояти. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган). Наҳр куни зулҳижжанинг ўнинчи куни, қар куни эса зулҳижжанинг ўн биринчи куни. Бу кунда ҳожилар Минода жойлашганлари учун қар (яъни ўрнашиш, жойлашиш) куни дейилган.

  1. Бу кунларда энг улуғ ибодатларнинг жамланиши

Аллома Ибн Ҳажар “Фатҳ ал-Борий”да шундай дейди: “Афтидан, зулҳижжанинг ўн куни бошқа кунлардан ажралиб туришидаги сабаб унда асосий ва улуғ ибодатларнинг жамлангани бўлса керак. Бу улуғ ибодатлар намоз, рўза, садақа ва ҳаждан иборат бўлиб, бошқа кунларда бундай имтиёзлар мавжуд эмас”.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидаги амалнинг фазилати

Имом Бухорий Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бу кунлар (яъни зулҳижжанинг аввалги ўн куни)да бажарилган солиҳ амалларчалик Аллоҳга суюклироқ бўлган амаллар йўқ”. (Саҳобалар) дедилар: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)ми?”. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)” – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – фақат мол ва жони билан жиҳодга чиқиб, бунинг ҳеч қайси билан уйига қайтмаган (яъни жанг майдонида шаҳид бўлган) киши бундан мустаснодир” (Бухорий ривояти, 2/457).

Юқоридаги ва бошқа ҳадислардан маълум бўладики, зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни йилнинг бошқа кунларидан, ҳаттоки рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан ҳам афзал экан. Бироқ рамазон ойининг охирги ўн кечаси зулҳижжа ойининг аввалги ўн кундузидан афзал. Чунки бу кечаларда минг ойдан афзал бўлган қадр кечаси яширинган (Ибн Касир тафсирига қаранг, 5/412).

Шунинг учун, мусулмон киши зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини Аллоҳга чинакам тавба билан бошлаши ва солиҳ амалларни кўп адо этишга интилиши лозим. Хусусан, бу даврда қуйидаги амалларга эътибор қаратиши мақсадга мувофиқдир:

  1. Ҳаж ва умра ибодатини адо этиш

Бу икки ибодат зулҳижжанинг аввалги ўн кунида адо этиладиган энг афзал амалдир. Зеро, Аллоҳ таоло кимга шариатда талаб қилинган тарзда ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни насиб этса, албатта, унинг мукофоти жаннатдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ҳар икки умрадан охиргиси бу икки умра ўртасидаги кичик гуноҳларга каффоратдир. (Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳажга жаннатдан ўзга савоб йўқ” (Муттафақун алайҳи).

  1. Рўза тутиш

Мусулмон киши зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида рўза тутиши мустаҳабдир. Негаки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўн кунда солиҳ амал қилишга тарғиб қилдилар. Рўза ҳам солиҳ амаллар жумласидандир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ўзига хос фазилатини кўрсатиб шундай дейдилар: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун. Бундан рўза мустасно бўлиб, у фақат Мен учун (яъни унинг тутган рўзасида риё йўқ, бу рўза ажр-савобининг миқдори фақат Менгагина маълум) ва унинг эвазига Ўзим мукофот берурман” (Бухорий ривояти, 1805).

Қолаверса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида рўза тутар эдилар. Ҳунайда ибн Холид хотинидан, хотини эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларининг биридан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз куни, ошўро (муҳаррам ойининг ўнинчи) куни ва ҳар ойдан уч кун: ойнинг биринчи душанба, биринчи ва иккинчи пайшанба кунлари рўза тутар эдилар” (Саҳиҳ. Насоий (4/205) ва Абу Довуд ривоят қилганлар).

Имом Нававий зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш ҳақида шундай дейди: “Бу кунларда рўза тутиш кучли мустаҳабдир”.

  1. Намоз

Намоз энг улуғ, энг фазилатли амаллардан. Шу боис, мусулмон киши намозни ўз вақтида жамоат билан адо этишга интилиши лозим. Шунингдек, инсон бу кунларда кўп нафл намозлар ўқиши мақсадга мувофиқдир. Негаки, нафл ибодатлар бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал воситалардир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббидан ривоят қилиб шундай дейди: “Бандам Менга нафл ибодатлар қилиб яқинлашаверади ва охир-оқибат Мен уни яхши кўраман” (Бухорий ривояти).

  1. Бу кунларда “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрларини кўп айтиш

Бу муборак кунларда масжид, уй, кўча-куй ва умуман Аллоҳни зикр қилиш жоиз бўлган барча ўринларда мазкур зикрларни эркаклар овоз чиқариб, аёллар эса паст овозда айтишлари суннатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар” (Ҳаж, 28). Жумҳур уламоларнинг айтишича, оятдаги “маълум кунлар”дан мақсад зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Маълум кунлар” зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир”.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бу кунлар (яъни зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни)да бажарилган амалларчалик Аллоҳнинг наздида улуғ ва Унга суюкли бўлган амаллар йўқ. Шундай экан, бу кунларда кўп таҳлил, такбир ва таҳмид айтингизлар” (Имом Аҳмад ривояти). Имом Бухорийнинг айтишича, “Ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумлар зулҳижжанинг аввалги ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтишар ва уларнинг такбирини эшитиб одамлар ҳам такбир айтар эдилар”. Яна Бухорий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Умар разияллоҳу анҳу Минодаги чодирида туриб такбир айтар эди. Унинг такбирини эшитган масжид аҳли ҳам, бозор аҳли ҳам такбир айтар, ҳаттоки, такбирдан бутун Мино ларзага келар эди”.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумо бу кунларда Минода, фарз намозлар ортидан, тўшагида, чодирида, ўтирган ерида ҳам, юрган ерида ҳам такбир айтар эди. Шундай экан, биз мусулмонлар ҳозирги даврга келиб йўқолиб кетган бу суннатни қайтадан жонлантиришимиз, йўлга қўйишимиз лозим. Салафи солиҳларимиз қилиб келган бу суннат бугунга келиб ҳатто аҳли илм ва тақводор саналган кишилар томонидан ҳам унутилиб кетмоқда.

  1. Садақа

Садақа қилмоқ бу муборак кунларда қилиш мустаҳаб бўлган солиҳ амаллар жумласидандир. Аллоҳ таоло садақа қилишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на оқлов бўлмайдиган кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир” (Бақара, 254). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мол-мулк садақа қилиш туфайли озаймайди” (Муслим ривояти).

  1. Арафа куни рўзаси

Арафа куни рўза тутиш таъкидли суннатдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам арафа куни рўза тутиш ҳақида сўралганларида шундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик (кичик) гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти).

Бироқ ҳажга борган кишига арафа куни рўза тутиш мустаҳаб эмас. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда рўза тутмаган ҳолда турган эдилар.

Юқорида санаб ўтилган солиҳ амаллардан ташқари бу муборак кунларда Қуръон тиловат қилиш ва уни ўрганиш, истиғфор сўраш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш, мусулмонлар орасида саломни ёйиш, уларга таом улашиш, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, тил ва авратни ҳаромдан тийиш, қўни-қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонни иззат-икром қилиш, Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш, йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, хотин ва бола-чақага нафақа қилиш, етимларни бошини силаш, касалларни зиёрат қилиш, биродарларнинг эҳтиёжини қондириш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, мусулмонларга озор бермаслик, қўл остидагиларга меҳрибон бўлиш, ота-онанинг дўстларига яхшилик қилиш, биродарларга ғойибона дуолар қилиш, омонатларни эгаларига топшириш ва ваъдага вафо қилиш, тоға ва холаларга яхшилик қилиш, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийиш, мукаммал таҳорат олиш, азон билан иқомат ўртасида дуо қилиш, жума куни Каҳф сурасини ўқиш, масжидга қатнаш ва жамоат намозига мунтазам қатнашиш, намозлардан олдинги ва кейинги суннат намозларни ўқиш, ҳайит намозини мусолла – масжиддан ташқаридаги кенг ялангликда ўқишга ҳаракат қилиш, фарз намозлардан сўнг айтиладиган зикрларни қолдирмаслик, ҳалол пул топишга интилиш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, заиф ва ночор кимсаларга меҳр-шафқатли бўлиш, одамларни яхши ишларга бошлаш, қалбда мусулмонларга нисбатан кек ва адоват сақламаслик, ўғил ва қиз болаларга исломий таълим-тарбия бериш, эзгу ишларда ўзаро мусулмонлар билан ҳамкорлик қилиш ва шу каби бошқа солиҳ амаллар қилишга ҳаракат қилмоқ керак, валлоҳу аълам.

http://www.saaid.net/ саҳифасидан айрим ўзгартиришлар билан таржима қилинди.

Аллоҳ барчамизга бу тоат-ибодат мавсумидан унумли фойдаланишни, Ўзига яқин бандалардан бўлишни насиб айласин! Амийн!

Изоҳ қолдиринг