Қиёматнинг кичик аломатлари: Чўри хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч қўйбоқарлар кимўзарга баланд бинолар қуриши (2)

0

(Давоми)

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қадим ва замондош уламолар чўри ўз хожасини туғишининг маъноси борасида ихтилоф қилдилар. Ибн ат-Тийн: «Бу борада етти хил фикр айтилган», деди ва барчасини бетартиб келтирди. Мен эса, уларни тартиб билан тўрт фикрда хулосаладим:

Биринчиси, Хаттобий айтди: «Бундан кўзланган маъно шуки, Ислом кенгайиб, ширк диёрлари мусулмонлар қўлига ўтади, зурриётлари чўри қилинади. Агар киши жорияни қўлга киритиб, ундан фарзанд кўрса, у бола жорияга нисбатан хожа мақомида бўлади. Чунки у саййидининг фарзанди бўлади»[1]. Нававий ва бошқалар: «Кўпчилик уламолар шу қавлни тўғри деб билган»,[2] деди. Айтаманки, бу маъно кўзда тутилган-тутилмагани баҳсли масала. Чунки чўрилардан бола кўриш ҳадис айтилган замонда ҳам бор эди. Ширк диёрларини қўлга киритиб, бола-чақаларини чўри қилишнинг аксари Ислом асри бошларида содир бўлган. Гапнинг мазмуни эса, қиёматга оз муддат қолганда илгари содир бўлмаган қандайдир янги бир иш бўлишини тақозо қилади.

Иккинчиси, хожалар «умму валад»ларни ҳам сота бошлайди ва бу иш авж олади. Мулкдорлар орасида «умму валад» қўлма-қўл бўлиб, ҳатто ўзининг фарзанди онаси эканидан бехабар ҳолда уни сотиб олади. Бунга кўра, «умму валад»ларни сотиш ҳаром экани ҳақида билимсизлик, жаҳолат ғолиб келиши ёки шариат ҳукмларини писанд қилмаслик қиёмат аломатларидан бўлиши келиб чиқади.

Учинчиси, бу ҳам аввалгисига ўхшайди. Нававий айтади: “Бола онасини сотиб олиши фақат «умму валад»лар учун хос эмас. Бу ҳолатни бошқаларда тасаввур қилиш эҳтимоли ҳам бўлиб, унга кўра чўри хожасидан ўзга кишидан ҳур бола туғади. Бу ё шубҳа сабабли юз бериши, ёки никоҳ билан қул бола туғиши, ё зино сабабли туққан бўлиши мумкин. Сўнг бу икки ҳолатда чўри саҳиҳ савдога биноан сотилади, қўлма-қўл бўлади, ҳатто уни охирида ўзининг ўғли ёки қизи сотиб олади”.

Тўртинчиси, фарзандлар орасида ота-онага оқ бўлиш кўпаяди. Бола онасини сўкади, уради, хизматкор қилиб ишлатади. Яъниким, худди хожа чўрисига қиладиган муомалани кўрсатади. Шунга кўра, ҳадисда «хожаси» деб мажозий маънода қўлланилди. Ёки ҳақиқий маънода қўлланган бўлиб, унга кўра «раб» сўзидан мураббий, табиячи қасд қилинган бўлади. Мен шу фикрни умумига кўра тўғрироқ деб биламан. Чунки вазият – аҳволлар фасодга юз тутиши сабабли – ғаройиб саналадиган бир ҳолатга ишора қилади. Хулоса шуки, ишлар чаппа кетиб, тарбияланувчи мураббийга, пасткаш эса мартабали кимсага айланган чоғ қиёмат қойим бўлиши яқинлашади”[3].

Одамлар биноларни баланд қуриш борасида мусобақа қилишига келсак, бу нарса бизнинг асримизда очиқ-ойдин кўриниб турган ҳолатдир. Мол-давлат кўпайиши сабабли одамлар иморат қуриш, уларни безаш ишлари билан мақтанадиган бўлиб кетишди. Ҳатто фақирлик, муҳтожлик аҳли саналган бадавийлар ҳам кўп қаватли осмонўпар бинолар қуриб, бу борада мусобақалаша бошлади. Буларнинг бари содиқ ва масдуқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида ўтган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳадисида хабар берганларидек содир бўлди. Яна, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Жаброил алайҳиссалом Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга қиёмат ҳақида сўзлаб беринг», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳоналлоҳ, (қиёмат) Аллоҳдан ўзгаси билмайдиган беш ғайбдан биридир… Аммо агар хоҳласанг ундан аввал келадиган аломатларни сўзлаб бераман…» дедилар. Жаброил: «Ҳа, эй Расулуллоҳ, сўзлаб беринг», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачонки чўри ўзининг хожаси ё бекасини туққанини кўрсанг, қўйчивонлар баланд бино қуришда кимўзарлик қилишганини кўрсанг, ялангоёқ, оч, камбағаллар одамларга бошлиқ бўлганини кўрсанг, ана шулар қиёмат белгилари ва аломатларидандир», дедилар. «Эй Расулуллоҳ, қўйчивонлар, ялангоёқ, оч, камбағаллар кимлар?» деб сўради. У зот: «Араблар» деб жавоб бердилар”[4].

Қуртубий: «Бундан мақсад ҳолат ўзгариши хабарини беришдир. Бадавийлар бошлиқликни қўлга киритиб, юртни куч билан эгаллаб олиб, мол-дунёлари кўпайиб, ғайратларини бинолар қуриш учун сарфлашлари ва ўша қурган бинолари билан фахрланиб юришлари шу жумладан. Замонамизга келиб, бу ишларга гувоҳ бўлиб турибмиз», деди[5].

Ибн Ражаб Ҳанбалий айтади: “Бу ҳадисда зикр қилинган аломатларнинг мазмуни ишлар ўз аҳлидан бошқаларга, нолойиқ кимсаларга топширилишидир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат ҳақида сўраган кимсага: «Иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер!»[6] деганлари каби. Чунки, жоҳиллик ва қўполлик аҳли бўлмиш ялангоёқ ва яланғочлар, қўйбоқарлар одамларга бошлиқ ҳамда бойлигу мол-давлат эгаси бўлиши, ҳатто кимўзарга бинолар қуриши ортидан дину дунё низоми ишдан чиқади”[7].

Ҳофиз Ибн Ҳажар бундай дейди: «Кимўзарга баланд бинолар қуришнинг маъноси: ҳар бир уй қурувчи уйини бошқа уйлардан баландроқ бўлишини хоҳлашидир. Ёки ундан мурод, эҳтимол, зийнатлаш ва безаш ё булардан кўра умумийроқ бўлган ишларда мақтанчоқлик қилиш ҳамдир. Булардан кўпларини кўрдик ва бу ҳол борган сари кучаймоқда»[8].

[1]«Маъолимус-сунан», 7/67.

[2]«Шарҳу саҳиҳи Муслим», 1/158.

[3]«Фатҳул-борий», 1/122.

[4]Имом Аҳмад (2926) ривояти. Аҳмад Шокир: «Ҳадис санади саҳиҳ», деган.

[5]Қаранг: Ибн Ҳажар. «Фатҳул-борий», 1/123.

[6]Бухорий, 59.

[7]«Жомеъул-улум вал-ҳикам», 36-бет.

[8]«Фатҳул-борий», 13/88.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг