Дарҳақиқат, Биз Аллоҳ таолодан умид қиладиган, У зот қабул қиладиган, бизларни муваффақ қилишини сўрайдиган ва Аллоҳдан умримизга хотима қилишини сўрайдиган солиҳ амал – бешинчи босқичда келадиган, яъни тафаккур, илм, сибға ва хоҳиш-иродадан кейин келадиган амалдир. Зеро, бундай амал банда қалбининг туб-тубидан чиқиб содир бўладиган амалдир. Аллоҳ таоло ажр-савоб бераман деб ваъда қилган амал ҳам айнан ана шундай амал жинсидандир. Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло бу амалнинг мукофотини айтишдан олдин уни «иқтироф» деб номлади. Аллоҳ таоло айтади:
Биз айтиб ўтган эдикки, араб тилида «иқтироф» сўзидан инсон бирон ишни бутун борлиғи билан, берилиб, тафаккурини, муҳаббатини, қўрқувини ва ихлосини жамлаб қилиши назарда тутилади. Масалан, бир инсон қўшнисининг тўйига ҳозирлик кўриши билан ўз ўғлининг тўйига тайёргарлик кўриши ўртасида еру осмонча фарқ бор, ҳеч ким «иккиси ҳам тўй, тайёргарлик ҳам бир хил бўлади», демайди. Ёки ўртоғингизнинг маошини олиш учун кассага боргандаги ҳис-тўйғунгиз билан ўз маошингизни олгандаги ҳис-тўйғу ўртасида фарқ бор. «Ҳар иккиси ҳам пул, нима фарқи бор», дейилмайди. Ёки ўртоғингизнинг маошини олаётган пайтингизда сизга қўшимча иш ҳақи чиққанини билиб қолдингиз ва уни олдингиз. Иккисини санар экансиз ҳис-тўйғуларингиз бир хилми ёки фарқ борми?! Албатта, фарқи бор. Ё бўлмасам, ўртоғингизни маошини олиш учун борганингизда унинг маошидан қирқилганига гувоҳ бўлдингиз, бундан хафа бўлдингиз. Кейин ўзингизни маошингизни олаётиб билдингизки, маошга қўшимча мукофот пули ҳам чиқибди. Мана шу пайтдаги ҳис-тўйғулар бир биридан кескин фарқ қилади. Демак, шундай ишлар борки, биз уни чин қалбдан қиламиз, ўзгача руҳ билан бажарамиз. Бир одам қурилиш муҳандиси. Ҳаётида қанчадан-қанча бинолар қурган. Бироқ қурган барча иншоотлари, бинолари ўзи учун қурган бинога ўхшайдими, уларни ҳам ўз уйини қургандаги руҳ ва ҳис билан қурганми?! Йўқ, албатта.
Демак, ҳар қандай ишнинг ёхуд амалнинг руҳи бор. Баъзи инсонлар солиҳ амални руҳи билан бирга қилишга муваффақ бўлишади ва уларнинг бу шаклда қилган амалларига «иқтироф» дейилади. Шунингдек, бундай амалнинг мукофоти ҳам ўзига ўхшаш бўлади. Қуръони карим бундай солиҳ амалга бериладиган мукофот тафсилоти ҳақида гапириб ўтирмади, балки унга бериладиган ажр-савобнинг зиёда қилинишини маълум қилди, холос.
Шу ўринда бир савол туғилади: биз қандай қилсак амални бутун вужудимиз ила, чин қалбдан бажара оламиз? Кўпчилик инсонлар яхши ниятлар қилишади; рамазонда фалон-фалон солиҳ амалларни қилишни режа қилишади. Бироқ энг муҳими озми-кўпми чин қалбдан амал қилишни ўрганишимиз, амални руҳи билан бажаришни уддасидан чиқишимиз лозим. Бунинг бирдан бир йўли, юқорида айтиб ўтганимиздек, солиҳ амал қуйидаги беш босқичдан бирма-бир ўтиши лозим бўлади:
Тафаккур;
Илм;
Сибға;
Ирода;
Амал.
Тафаккурдан илм пайдо бўлади. Бу илм шунчаки мутолаа қилиш орқали ҳосил бўлмайди. Чунки ўқиш ёки эшитиш орқали ҳосил бўладиган илмни тафаккур қилиш керак бўлади. Инсон ўқиган ва эшитган маълумотлари тўғрисида тафаккур қилиши керак. Ана ўшанда тафаккурдан бошқа турли илм ҳосил бўлади. Бу илм шунчаки хотирада сақланажак маълумотлардан иборат бўлмайди. Тафаккурдан кейин пайдо бўлган илм хотирадаги илмнинг бир бўлагидир. Тафаккур бу илмни қалбга солади. Тафаккурдан пайдо бўлган илм қалбни бўяйди, уни қоплаб олади. Шунинг учун унга «сибға» – бўёқ дейилади. У гуёки қалбдаги доғларни кетказади, уни кирларидан тозалайди. Солиҳ амаллар ичидан айниқса рўза чин қалбдан ихлос билан тутилса, қалбга ўзгача таъсир қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотга чиқиш учун қўшин ҳозирладилар. Мен у зотнинг олдларига келиб: «Дуо қилинг, Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, асҳобларимни саломат ва ғаниматлар билан қайтар», дедилар. Биз ғазотга чиқдик ва соғ-саломат ғаниматлар билан қайтдик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи бор ғазотга чиқиш учун тайёргарлик кўрдилар. Мен яна у зотнинг олдларига келиб: «Дуо қилинг, Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, асҳобларимни саломат ва ғаниматлар билан қайтар», дедилар. Биз ғазотга чиқдик ва соғ-саломат ғаниматлар билан қайтдик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учинчи бор ғазотга чиқиш учун тайёргарлик кўрдилар. Мен яна у зотнинг олдларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, кетма-кет икки марта келиб, «Дуо қилинг, Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин», дедим. Сиз бўлсангиз «Эй Аллоҳ, асҳобларимни саломат ва ғаниматлар билан қайтар», дедингиз. Дуо қилинг, шу гал Аллоҳ менга шаҳидликни насиб этсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, асҳобларимни саломат ва ғаниматлар билан қайтар», дедилар. Биз яна ғазотга чиқдик ва соғ-саломат ғаниматлар билан қайтдик. Кейинроқ у зотнинг ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мени (ўзимга муносиб) бир амалга буюрингки, шу билан Аллоҳга тоат-ибодат қилай ва ажр-мукофотга эришишимга сабаб бўлсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кўп рўза тут, зеро, (ажр-савобда) рўзага тенг келадигани йўқ».
Ражо ибн Ҳайва (ҳадисни Абу Умомадан ривоят қилган тобеий) айтади: «Шунинг учунАбу Умома, аёли ва хизматкори фақат рўза тутиб юрар эдилар. Уларнинг уйида кундузи олов ёки тутун кўрилса, демак, меҳмон келган бўлар эди».
Бироқ ҳеч қандай амал унга тенг бўлмайдиган рўза ҳар қандай рўза эмас, балки юқорида айтиб ўтилган беш босқичдан ўтган рўзадир.