Рамазонни қадрлаш (11): Рамазон ва неъматни ҳис этиш (1)

0

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларига зоҳирий ва ботиний неъматларини тўкиб солган. Бандалари ичида бу неъматларга шукр қилиш учун муваффақ қилганлари бор. Аллоҳ барчамизни ана шундай бандаларидан қилсин!

Бундай бандалар Аллоҳнинг неъматларини кўзлари билан кўришдан олдин қалбларида ҳис қиладилар. Натижада, неъматларни ёд этадилар, уларга қалби, тили ва аъзолари ила шукр айтадилар.

Айни дамда Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар бу сон-саноқсиз неъматларни билиб, сўнг уларни эътироф этмайдилар, куфрони неъмат қиладилар, уларга шукр қилишдан маҳрумдирлар.

(يَعْرِفُونَ نِعْمَةَ اللَّهِ ثُمَّ يُنكِرُونَهَا وَأَكْثَرُهُمُ الْكَافِرُون) (النحل:83)

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг неъматини билиб, сўнг уни инкор этадилар. Уларнинг аксари кофирдирлар» (Наҳл, 83).

Аллоҳнинг диний ва дунёвий неъматлари тўғрисидаги қонуни ягона ва ўзгармасдир. Бу қонуннинг асоси ва пойдевори шундан иборатки, унга кўра Аллоҳ таоло бандаларига инъом қилади, беради, неъматларини тўкиб солади, зоҳирий ва ботиний неъматларини мўл-кўл қилиб беради, беришлик У зотга ман ва маҳрум қилишдан суюклироқдир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло аслида берувчи ва инъом этувчи зотдир. Бирон бандасидан инъомини кесиб қўйса, неъматидан маҳрум қилса, албатта, бандасидан содир бўлган гуноҳ учун шундай қилган бўлади. Шунингдек, бандасидан содир бўлган ҳар қандай хато-камчилик туфайли неъматидан маҳрум қилавермайди. Зеро, Аллоҳ гуноҳ иш қилиб, тавба қилувчиларни яхши кўради. Аллоҳ барчамизни тавба қилувчи бандаларидан қилсин!

Аллоҳ бирон кимсани неъматидан маҳрум қилган бўлса, албатта, ўша кимсанинг қалбида мустаҳкам ўрнашган гуноҳ сабабли, гуноҳга қаттиқ туриб интилиши, қалбининг кўрлиги ва бузуқлиги сабабли маҳрум қилади.

قالَ الله تعالى: {إِنَّ اللَّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ} (الرعد: 11)

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, бирон қавм ўзларидаги ҳолатни ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмайди» (Раъд, 11).

Демак, Аллоҳ бандалардан содир бўлган ўзгариш эвазига ўзгартириш пайдо қилади. Бу ўзгартириш бандаларнинг шунчаки хато-камчиликлари сабабли юзага келмайди.

قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: {ذَلِكَ بِأَنَّ اللهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَى قَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ} (الأنفال: 53)

Аллоҳ таоло айтади: «Сабаби, Аллоҳ бирон қавмга инъом этган неъматини то улар ўзларини (қалбларини) ўзгартирмагунча ўзгартирмайди» (Анфол, 53).

Бинобарин, Аллоҳ таоло бандаларига Ўз суннатини жорий қилгани – уларни неъматларидан маҳрум қилган ва тортиб олганини кўрсангиз, билингки, одамлар ўзларини ўзгартирган, қалблари бузилган бўлади. Қалблар нечоғлик кўп бузилган ва айниган бўлса, неъматлардан маҳрум ва мосуво бўлиш ҳам шу қадар катта бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандаларини дин неъматидан маҳрум қилган бўлса, бу неъматни улардан тортиб олган бўлса, билингки, уларнинг қалблари бузилиш ва фисқу фасодда чўққига чиққан бўлади.

Аллоҳ таоло атрофимиздаги барча нарсаларни неъмат деб номлади. Борлиқдаги барча нарсалар: осмону ердаги, зоҳиру ботин нарсаларнинг барчаси Аллоҳнинг неъматидан бошқа нарса эмас. Ҳаттоки неъматларга элтувчи сабаб ва воситаларнинг ўзи ҳам, бу сабаб ва воситалардан фойдаланишнинг осон ва муяссар қилиб қўйилишининг ўзи ҳам алоҳида бир неъматдир. Айтайлик, денгиз Аллоҳнинг неъмати, унда сузувчи кема ҳам бир неъмат бўлса, кеманинг денгизда сузишининг ўзи яна бир неъматдир.

قال تعالى: (أَلَمْ تَرَ أَنّ الْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِنِعْمَةِ اللّهِ لِيُرِيَكُمْ مّنْ آيَاتِهِ إِنّ فِي ذَلِكَ لاَيَاتٍ لّكُلّ صَبّارٍ شَكُورٍ) (لقمان: 31)

Аллоҳ таоло айтади: «Кемалар сизларга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатиш учун У зотнинг неъмати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта, бунда барча (балоларга) сабр қилгувчи,  (неъматларга) шукр қилгувчилар учун оят-ибратлар бордир» (Луқмон, 31).

Демак, атрофимиздаги барча нарсалар Аллоҳнинг неъмати, сабаб ва воситалар Аллоҳнинг неъмати ва неъматга етишнинг осон қилиб қўйилиши ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Агар Аллоҳнинг неъмати бўлмаса, бор неъматдан ҳам фойдаланиб бўлмайди. Энг катта ва энг мукаммал неъмат эса, дин неъматидир.

{الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ، وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي، وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا} (المائدة: 3)

Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим,  неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида, 3).

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни таърифлар экан шундай дейди:

(وَلَمَّا ضُرِبَ ابْنُ مَرْيَمَ مَثَلًا إِذَا قَوْمُكَ مِنْهُ يَصِدُّونَ وَقَالُوا أَآلِهَتُنَا خَيْرٌ أَمْ هُوَ مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلًا بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُونَ إِنْ هُوَ إِلَّا عَبْدٌ أَنْعَمْنَا عَلَيْهِ وَجَعَلْنَاهُ مَثَلًا لِبَنِي إِسْرَائِيلَ (الزخرف: 59-57)

«(Эй Муҳаммад), қачон (Исо) ибн Марям мисол келтирилса, бирдан қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни Исоми?!)», дедилар. Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар! У Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир, холос. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик» (Зухруф, 57-59).

Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломнинг ҳам худди бошқа бандаларга ўхшаш бир банда эканини, унга берилган бошқа хусусиятларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли ва неъмати эканини айтади.

{إِذْ قَالَ اللَّهُ ياعِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ اذْكُرْ نِعْمَتِى عَلَيْكَ وَعَلَى وَالِدَتِكَ إِذْ أَيَّدتُّكَ بِرُوحِ الْقُدُسِ تُكَلِّمُ النَّاسَ فِى الْمَهْدِ وَكَهْلاً وَإِذْ عَلَّمْتُكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَالتَّوْرَاةَ وَالإِنجِيلَ وَإِذْ تَخْلُقُ مِنَ الطِّينِ كَهَيْئَةِ الطَّيْرِ بِإِذْنِى فَتَنفُخُ فِيهَا فَتَكُونُ طَيْراً بِإِذْنِى وَتُبْرِىءُ الأٌّكْمَهَ وَالأٌّبْرَصَ بِإِذْنِى وَإِذْ تُخْرِجُ الْمَوتَى بِإِذْنِى وَإِذْ كَفَفْتُ بَنِى إِسْرَاءِيلَ عَنكَ إِذْ جِئْتَهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِنْهُمْ إِنْ هَذَا إِلاَّ سِحْرٌ مُّبِينٌ } (المائدة: 110)

Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, (эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни: сени Руҳул-қудус (Жаброил) билан қувватлантирганимда одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб (яъни ёзув) ва ҳикмат (яъни илм)ни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда  Менинг изним ила ростакам қушга айланганини, Менинг изним ила кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним ила ўликларни (тирилтириб,  қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас»,  дейишган эди» (Моида, 110).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям алайҳассаломга ато этган диний ва дунёвий неъматларини эслатади.

Демак, инсон басирати ва кўзи билан кўрган барча нарсалар Аллоҳнинг неъматлари саналиб, уларга эришишнинг ўзи ҳам бир неъмат экан. Бу неъматлардан маҳрум бўлган банда маҳрум бўлишига ўзи сабабчидир.

Изоҳ қолдиринг