Рамазон суҳбатлари (9): Барака келтирувчи бўлинг

0

Барака келтирувчи бўлинг

Бу суҳбатимизни «Барака келтирувчи бўлинг» деб номладик.

Исо Масиҳ алайҳиссалом бешикдалик чоғида айтган сўзни эсга олайлик. У бундай деганди: «Аллоҳ мени қаерда бўлсам ҳам, яхшилик ва баракотлар соҳиби қилди» (Марям, 31).

Эй Аллоҳнинг бандаси, кўп яхшилик ва барака келтирувчи бўлинг.

Ўзингизга, аҳли оилангизга, ёру дўстларингизга, қўни-қўшниларингизга, ҳамшаҳарларингизга, умуман ер юзидаги барча мусулмонларга барака олиб келувчи фойдали ва керакли одам бўлинг.

Сафарда бўлсангиз, қаерга тушсангиз ҳам биринчи навбатда эътибор беринг: ўша диёр аҳли сиздан нима фойда кўрди, жоҳилларига илм ўргатдингизми, камбағалларига хайру эҳсон қилдингизми, муҳтожларнинг эҳтиёжини қондирдингизми, мусулмоннинг айбини яширдингизми, ёш-ялангларни қариндошлари билан силаи раҳм қилишга тарғиб қилдингизми, ота-онага яхшилик қилишга ундадингизми? Қаерда бўлманг, ўша ердагиларга фақат яхшилик келтирувчи, уларга керакли инсон бўлинг. Одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиринг, жоҳилга таълим беринг, яхшиликка чорланг, агар ўзингиз яхшилик қилишга қодир бўлмасангиз бошқаларни унданг.

Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, сизлар етимга хайру саховат кўрсатмайсиз, камбағал-мискинга таом беришга бир-бирингизни тарғиб қилмайсиз» (Фажр, 17-18).

«Камбағал-мискинга таом беришга бир-бирингизни тарғиб қилмайсиз» деган ояти каримадан тушуниладики, мискинга таом беришга бир-биримизни ундашимиз керак экан.

Баракали ва керакли инсон бўлинг. Агар яхшилик қилиш қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса яхши гап гапиринг, шунда ҳам барака бор, шунда ҳам яхшилик бор. Ўзингиз яхшилик қилишга қодир бўлмасангиз, бошқаларни бунга йўллаб қўйинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яхшиликка йўллаб қўювчи ўша яхшиликни қилган билан баробар»[1].

Садақа қилишга қодир бўлмасангиз, бошқаларни садақа қилишга тарғиб қилинг.

Умуман, қаерда бўлсангиз ҳам фақат яхшилик келтирувчи бўлинг, фитна чиқишига, одамлар ичида ёмонликлар урчишига сабабчилардан бўлманг.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганда биз учун ибратли дарс берганлар.

У зотга сеҳр қилинган кунлари узоқ дуо қилдилар, сўнг бир куни: «Эй Ойша, сездингми, Аллоҳ таоло фатво сўраган ишимда менга фатво берди», дедилар. «Бу қандай бўлди, ё Расулуллоҳ», деди Ойша. У зот дедилар: «Олдимга икки фаришта келди, бири оёқ томонимда, иккинчиси бош томонимда ўтирди. Бош томонимда ўтиргани оёқ томонимда ўтирганига: “Бу кишига сеҳр қилинган”, деди. “Ким сеҳр қилган?” деди униси. “Лабид ибн Аъсам тароқ ва соч толасига сеҳр ўқиб, Зарвон қудуғига ташлаган”, деди»[2]. Шундан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуни юбордилар, у сеҳр қилинган нарсаларни қудуқдан чиқариб олди, сўнг қудуқ кўмиб ташланди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ким у зотга сеҳр қилганини билдилар. Ҳатто бир ривоятда очиқ айтилганидек, бу ишни Лабид ибн Аъсамнинг қизлари қилган эди. Ойша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, уларни қатл қилмаймизми?» деди. Ҳадиснинг шу ерига эътибор беринг, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир асосни белгилаб бердилар. У зот айтдилар: «Менга Аллоҳ шифо берди, мен одамларга ёмонлик қилишни хоҳламайман».

Ҳар доим фитнага сабаб бўлмасликка ҳарис бўлинг, оилангизда фитна чиқишига сабабчи бўлманг.

Фарзанд деярли ҳар куни отасига муаммо олиб келади. Мактабида бир ўқувчи билан урушиб муаммо чиқаради, ота бориб у муаммони ҳал қилади. Эртасига ўқитувчиси билан муаммо чиқаради, ота уни ҳам ечади. Учинчи куни қизларга тегажоғлик қилиб муаммо чиқаради, уришиб, ота-онасининг сўкилишига сабаб бўлади. Нега бундай қиласан?! Ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз ўз отасини сўкмасин», деб айтганлар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, одам ўз отасини ҳам сўкадими?» дейишди. «Бировнинг отасини сўкади, у ҳам бунинг отасини сўкади, бировнинг онасини сўкади, у ҳам бунинг онасини сўкади», дедилар[3]. Шундай экан, оила аъзоларингиз ва яқинларингизга муаммолар келишига сабаб бўлманг. Сизни деб яқинларингизнинг юзи шувут бўлмасин. Аксинча, сиз ҳақингизда гапирилганда фақат яхши гаплар айтилсин ва сиз туфайли қавму қариндошларингизнинг юзи ёруғ бўлсин. Сиздан қўни-қўшниларингиз, ҳамшаҳарларингиз фахрланишсин, фалончи қўшнимиз жуда яхши одам, ҳурматга лойиқ одам, биз ундан фақат яхшилик кўрдик, дейишсин. Одамлар ичида ёмонлик билан тилга олинадиган бўлманг. Балки фақат хайру барака олиб келувчи бўлинг. Бараканинг маъноси яхшиликнинг зиёда бўлишидир. «Баракали бўл» дегани одамларга фойда келтирувчи бўл, деганидир. Аллоҳ таоло мол-давлат берган бўлса, сизда унинг асари кўринсин, ундан атрофдагиларга эҳсон қилинг. Аллоҳ таоло илм берган бўлса, илмингиздан одамларни фойдалантиринг. Аллоҳ таоло обрў берган бўлса, обрўйингиздан фойдаланиб, одамлар орасини ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг.

Шу ўринда баъзи аҳли илмлар бир орол халқи тўғрисида ҳикоя қилган бир ҳикояни айтиб ўтмоқчиман. Ўша оролликлар дуо қилиб: «Аллоҳ таоло Умар ибн Абдулазизнинг гуноҳини кечирсин, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийга эса яхши мукофотлар берсин», дейишар экан. Одамлар ажабланиб: «Умар ибн Абдулазиз рошид халифа, Ҳажжож эса қонхўр золим бўлса, қандай қилиб сизлар Умар ҳақида худди катта гуноҳ қилган одамдек, Аллоҳ гуноҳини кечирсин, дейсизлар-у, золим Ҳажжож ҳақига яхши мукофот сўраб дуо қиласизлар?» дедилар. Улар дейишди: “Ҳа, шундай, чунки Умар ибн Абдулазиз безори, ёмон кимсаларни мамлакатдан бадарға қилар ва бизнинг оролимизга сургун қиларди. Умар томонидан оролимизга сургун қилинган фалончи бу ерга келгач, қариндошларимиз ўртасига ихтилоф солди, молларимизни ўғирлади, бизга қаттиқ азиятлар етказди, қизларимизга тегажоғлик қилди, хотинларимизга озор берди, ўртамизда фитна оловини гуруллатди, шунинг учун Умар ибн Абдулазизни Аллоҳ кечирсин, деймиз. Аммо Ҳажжож солиҳ кишиларни сургун қиларди. У оролимизга бир солиҳ кишини сургун қилди, у жоҳилларимизга илм берди, ўрталаримизни ислоҳ қилди, болаларимизга қариндошлик алоқаларини тиклашни ўргатди, ота-оналарга қандай яхшилик қилиш кераклигини ўргатди. Шунинг учун биз «Ҳажжожни Аллоҳ яхши мукофот билан мукофотласин», деб дуо қиламиз”. Хуллас, улар ўзларига етган манфаатлардан келиб чиқиб гапирдилар.

Хайр-баракали инсон қаерда бўлмасин, фақат барака келтиради. Шунинг учун Юсуф алайҳиссалом зиндонда ётганида ҳам баракотли бўлганини кўрасиз. Зиндон аҳли уни ҳурматлаб, билмаганларини сўрардилар, у уларга таълим берарди. Эсланг, у зиндондагиларни тавҳидга йўллади. Бу ҳақда Юсуф сурасида бундай дейилади:

«Юсуф зиндонда ўзи билан ўтирган икки йигитга деди: “Турли-туман сохта олиҳалар яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар Аллоҳни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз жоҳиллик билан ўзингизга илоҳ қилиб олган бутларга ибодат қиласиз. Аллоҳ уларнинг илоҳлигига ҳеч бир далил-ҳужжат туширган эмас. Ҳукмронлик шериксиз, ягона Аллоҳнинг ўзига хос. У сизларни фақат Унинг ўзига ибодат қилишга буюрди. Энг тўғри дин шудир. Бироқ одамларнинг кўплари буни билмайдилар”» (Юсуф, 39-40).

Зиндондаги ҳамроҳлари унга: «Бизга тушимизнинг таъбирини айтиб бер, биз сени муҳсин – яхши инсонлардан деб кўряпмиз, дейишди». У зиндонда ҳам муҳсин эди, шоҳлик тахтига чиққанда ҳам муҳсин бўлди. Тахтда эканида ака-укалари уни танимаган ҳолда шундай мурожаат қилишди:

«”Эй подшоҳ, бизга ва хонадонимизга очарчилик келди. Бу сафар биз ҳузурингизга арзимас матолар келтирдик, бунинг эвазига сиз бизга илгари яхши баҳоларга берган озиқ-овқатларингизни берсангиз ва мана шу қадрсиз бир неча дирҳамларимизни қабул қилиш билан бизга мурувват кўрсатиб, яхшилик қилсангиз. Шубҳасиз, Аллоҳ муҳтожларга марҳамат кўрсатганларга ажру савоблар бергай”, дедилар» (Юсуф, 88).

Бошқа бир оятда улар: «Сиз Биняминнинг ўрнига бизлардан биримизни олинг. Албатта, биз сизни бизга ҳам, бошқаларга ҳам гўзал муомала қилувчи кишилардан эканингизни кўрмоқдамиз», дейдилар (Юсуф, 78).

Аллоҳ сақласин, агар маҳбус бўлиб қолсангиз ҳам, қамоқдаги биродарларингизга нисбатан хайру барака келтирувчи бўлинг.

Ишхонадаги биродарларингизга яхшилик келтирувчи бўлинг. Ҳамкасбларингизга ҳасад қилманг, уларга холис насиҳатгўй бўлинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши ишлар ҳақида айтганларидек: «Касб-ҳунар эгасига ёрдам берасиз ёки ҳунари йўқ, уқувсиз одамни касб-ҳунарга йўллаб қўясиз»[4]. Масалан, дурадгор бўлсангиз ва ёнингиздаги ҳамкасбингиз дурадгорликни яхши билмайдиган бўлса, унга сиз ўргатинг, ишини яхши ўзлаштиришига ёрдам беринг, ишдаги қийинчиликларни қандай енгиб ўтишни ўргатинг.

Қаерда бўлманг, доимо хайру барака келтирувчи бўлинг. Қаерга борсангиз, одамлар сиздан нима фойда олишлари мумкинлигини изланиб ўрганинг, одамлар ичида ёмонлик ёйилишига сабабчи бўлманг.

Кимдир йўлда сизни сўкса, сиз ҳам тўхтаб уни сўкишингиз, сиз билан уришса, сиз ҳам у билан уришишингиз мумкин. Қавму қариндошингизни ёрдамга чақириб ўртада уруш-жанжални кучайтиришингиз, ур-тўполонда аҳлингиздан кимлардир ўлдирилиши ҳам мумкин. Ким сабабчи бўлди бунга? Сиз! Лекин сиз ўз аҳлингизга барака келтирувчи киши бўлсангиз ва Аллоҳ таолонинг: «Жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф, 199) деган сўзларига амал қилувчи бўлсангиз, муаммо бартараф бўлади, кучингизни ҳам беҳуда нарсага сарфламайсиз, аҳли оилангизни ҳам сақлаб қоласиз, бировнинг ўлимига ҳам, ўртада катта муаммолар чиқишига ҳам сабабчи бўлмайсиз.

Мисрнинг юқори қисми – жануб вилоятларидаги одамларнинг ҳаётини кўринг, бир киши бир қабиладан бировни ўлдириб қўйиб, бутун қабиладошларининг бошини балога қўяди. Ўлдирилган шахснинг қариндошлари қўлга тушганини ўлдирамиз деб қотилнинг бутун қабиласини пойлаб юради. Шундай қилиб, у қабиласига бало ва мусибат келишига сабаб бўлади.

Яхши инсоннинг оиласи у сабабли яхшилик билан тилга олинади. Шундай экан, асло ўзингизни ҳам, қавму қариндошларингизни ҳам муаммоларга дучор қилманг. Қариндошларингизни йиғиб келиб, ўртада пичоқбозлик қилиш ва қабилалар ўртасида уруш оловини ёқиш ўрнига ўзингиз еган бир мушт-ярим муштдан кўз юминг. Акс ҳолда, бу уруш-жанжаллар нима билан тугайди? Кимдир қамалади, кимдир пичоқ еб ўлади. Охир-оқибат ким сабабчи бунга? Ҳаммасига сиз сабабчи бўлиб қоласиз.

Ўз аҳли оилангизга ҳам фақат яхшилик келтирувчи бўлинг ва одамларга ёмонлик келишига сабабчи бўлманг.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мунофиқларни ўлдирмасликлари сабаби сўралганида: «Одамлар Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдиряпти, деб гапириб юрмасинлар»[5], деб айтганлар.

Яна у зот айтганлар: «Эй Ойша, агар қавминг куфрдан яқиндагина қутилган бўлмаганида эди, Каъбани бузиб, уни Иброҳим пойдеворлари устига қайта қурган бўлардим. Лекин мен уларнинг қалблари буни ёқтирмаслигидан қўрқаман»[6]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевор устига янгидан қуришни истадилар, лекин бир нарсадан: Каъбани ўзбошимчалик билан бузиб, бошқатдан қурди, деган гап-сўзлардан қўрқдилар. Шунинг учун: «Эй Ойша, агар қавминг куфрдан яқиндагина қутилган бўлмаганида эди, Каъбани бузиб, уни Иброҳим пойдеворлари устига қайта қурган бўлардим. Лекин мен уларнинг қалблари буни ёқтирмаслигидан қўрқаман», дедилар.

Аллоҳ барчамизга барака ато этсин, қаерда бўлмайлик ўзимизга, аҳли оиламизга, қўни қўшниларимизга ва элу юртга хайру барака келтирувчи кишилардан қилсин. Омин.

[1] Термизий (2670) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[2] Бухорий (5766) ва Муслим (2189) ривояти.

[3] Бухорий (5973) ва Муслим (90) ривояти.

[4] Бухорий (2518) ва Муслим (84).

[5] Бухорий (3518) ва Муслим (2584) ривояти.

[6] Бухорий (126) ва Муслим (1333) ривояти.

Изоҳ қолдиринг