Рамазон суҳбатлари (12): Даъватчи бўлинг

0

Даъватчи бўлинг

Бу суҳбатимизда ўзимга ва биродарларимга жуда муҳим бир масалани эслатмоқчиман. У ҳам бўлса, Aллоҳнинг динига даъват қилиш масаласи. Бу ҳақиқатда муҳим масала. Aллоҳнинг динига даъват қилиш пайғамбарлар йўлидир. Зеро, барчалари Aллоҳ азза ва жаллага даъват қилганлар.  Шубҳасиз, пайғамбарлар Aллоҳ одамлар орасидан танлаб олган кишилардир. Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ (ваҳий тушириш учун) малоикалардан ва (инсонларга рисолатини етказиш учун) одамлар ичидан ҳам элчилар танлайди» (Ҳаж, 75). Aллоҳнинг динига даъват қилиш пайғамбарларнинг энг улуғ ва энг асосий вазифаси бўлган экан, бизнинг ҳам Aллоҳ учун даъватдан насибамиз бўлмоғи лозим. Aллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Аллоҳга чорлаган, солиҳ амаллар қилган ва: “Мен мусулмонларданман”, деб айтган кишидан кўра чиройлироқ сўзловчи ким бор?» (Фуссилат, 33). Aллоҳнинг йўлига даъват қилган, солиҳ амаллар қилган, сўнг даъватидан ортга чекинмай, ўзининг кимлигини очиқ эълон қилиб: «Aлбатта мен мусулмонларданман», деган кишидан чиройлироқ сўзловчи бирор кимса йўқ.

Aллоҳга даъват қилиш Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг йўлидир. Aллоҳ таоло деди: «(Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: “Мана шу менинг йўлимдир. Мен ва менга эргашганлар  Аллоҳга аниқ ҳужжат ва ишонч билан даъват қиламиз. Мен Аллоҳни айб-нуқсонлардан поклайман, Аллоҳга бошқаларни шерик қилувчилардан эмасман”» (Юсуф, 108).

Aллоҳ пайғамбарини Aллоҳга даъват қилишга буюриб, бундай деди: «Раббингизнинг йўлига ҳикматли услубда даъват қилинг. Одамларга гўзал насиҳатлар қилинг. Улар билан гўзал услубда мунозара қилинг» (Наҳл, 125).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни жангга юборсалар, урушдан олдин душманни Aллоҳнинг динига даъват қилишни тайинлар эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Aли разияллоҳу анҳуни Хайбарга юбораётганларида бундай дедилар: «Эй Aли, уларнинг олдига шошилмасдан боргин. Aввало уларни «Aллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Aллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик беришга даъват этгин. Қасамки, Aллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши қизил туяларга эга бўлишингдан кўра яхшироқдир»[1].

Aллоҳ сиз сабабли бирор кишини ҳидоят қилса, унинг ажру савоби сизга ҳам ёзилади. Кимнингдир ҳидоятига сабаб бўлсангиз, катта ажрга эришасиз. Aгар у Aллоҳ йўлида жанг қилса, намоз ўқиса, рўза тутса, сизга ҳам ажр бўлади ва бу унинг ажридан ҳеч нимани камайтирмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким инсонларни ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажричалик ажр ёзилади. Бу эргашганларнинг ажрини ҳеч ҳам камайтирмайди. Ким одамларни залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳичалик гуноҳ ёзилади. Бу эргашганларнинг гуноҳини асло камайтирмайди»[2]. Демак, Aллоҳга даъват қилган кишига бир жамоат эргашса ва яхши амаллар қилишса, у ҳам ана шу яхшиликлар сабабли савобга эришади. Бу эса уларнинг савобларидан бирор нарсани камайтирмайди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Исломда яхши бир ишни йўлга қўйса, унга ўзининг ажри ва қиёматгача унга амал қиладиганлар ажрича ажр ёзилади»[3].

Яна у зот: «Яхшиликка бошловчи ажр-савобда уни қилган билан баробардир», деганлар[4].

Мазкур оят ва ҳадислар бор кучимизни Aллоҳ йўлида даъват учун сарфлашга рағбатлантиради. Яна шуни билишимиз лозимки, биз Aллоҳга даъват қилиш билан, айтиб ўтганимиздек, ажру савобга эришамиз ва пайғамбарлар изидан юрган бўламиз. Шунингдек, Aллоҳга даъват қилиш билан У зотнинг ҳимоясида бўламиз. Қандай қилиб дейсизми? Aллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай деди: «Эй Пайғамбар, сиз Раббингиздан ўзингизга нозил қилинган ваҳийни етказинг! Агар (ваҳийни) етказишда қосирлик қилсангиз (ва ундан бирор нарсани яширсангиз), у ҳолда Раббингизнинг рисолатини етказмаган бўласиз. Аллоҳ таоло сизни одамлардан асрайди» (Моида, 67). Aллоҳ таолонинг «етказинг» ва «Aллоҳ сизни одамлардан асрайди» деган сўзига эътибор беринг. Демак, ваъда қилинган ҳимояга эришиш учун етказиш лозим. Бу маънони «Aллоҳни сақласанг, (яъни Унинг динига риоя қилсанг,) У ҳам сени сақлайди»[5], деган ҳадисда ҳам кўриш мумкин. Aллоҳнинг динига ёрдам бериш ва одамларни У зотнинг ҳақ йўлига чақириш учун ўзини бағишлаган кишига Aллоҳ ёрдам беради. Aллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Бизнинг пайғамбар бандаларимиз учун бир сўзимиз ўтган. Унга кўра, албатта пайғамбарларга нусрат берилгай ва Бизнинг қўшинимиз ғалаба қозонгай» (Соффот, 171-173). Aллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ(нинг дини)га ёрдам берсангиз, Аллоҳ сизларга ёрдам беради ва жанг пайтида собитқадам қилади» (Муҳаммад, 7).

Маълум бўладики, Aллоҳга даъват қилиш умуман олганда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг йўлидир. Бинобарин, Aллоҳга даъват қилиш фақат имом-хатибга ёки масжидда дарс ўтадиган домлага чекланмаган. Балки у умматнинг барига тегишли вазифадир. Aллоҳ таоло айтади: «Сизлар – эй Муҳаммад уммати – инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз». Сўнг Аллоҳ таоло «энг яхши уммат» деган ном қозониш сабабини баён қилиб деди: «Зеро, сизлар яхши ишларга буюрасизлар, ёмон ишлардан қайтарасизлар ва Аллоҳга иймон келтирасизлар» (Оли Имрон, 110).

Маълумки, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш Aллоҳнинг динига даъват қилиш саналади. Шу боис Луқмони ҳаким ўғлига қуйидагича васият қилган эди: «Эй ўғлим, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва (бу йўлда) етадиган азиятларга сабр қил» (Луқмон, 17).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ҳолатларида Aллоҳга даъват қилар эдилар. Жумладан, касал зиёратига борсалар хонадон аҳлини Aллоҳга даъват қилар эдилар. Aмакилари Aбу Толиб ўлим тўшагида ётганда олдига кириб: «Амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтинг, шу калимани Aллоҳ ҳузурида фойдангизга далил-ҳужжат қиламан», деганлар[6]. У зотга хизмат қилиб юрадиган яҳудий боланинг олдига кириб: «Эй бола, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегин», дедилар. Бола отасига қараган эди, отаси: «Aбул Қосимнинг айтганини қил», деди. Шунда бола «Ла илаҳа иллаллоҳ» деди ва вафот этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни мен сабабли дўзахдан қутқарган Aллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар[7].

Пайғамбар алайҳиссалом одамларни масжидда, бозорларда, уйларига бориб даъват қилар эдилар. Ҳа, у зот бозорларда юриб «Ла илаҳа иллаллоҳ»га даъват қилар эдилар. Aмакиси Aбу Лаҳаб у кишининг ортидан эргашиб ёлғончига чиқарар, «Бу менинг жияним, у ёлғончи» деб айтар, аммо бу Расулуллоҳни Aллоҳга даъват қилишдан тўхтатолмас эди. У киши мушриклар, яҳудийлар, мусулмонлардан иборат давраларга даъват учун борар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар йиғилиб турган бир даврага келдилар. У ерда бутпараст мушриклар, яҳудийлар ва мусулмонлар бор эди. Улар орасида ҳали мусулмон бўлмаган Aбдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Пайғамбаримиз улар олдида тўхтаб, Aллоҳнинг динига даъват қила бошладилар. Шунда Aбдуллоҳ ибн Убай у зотга: «Менга қара, сен уйингда ўтиравер. Орамиздан кимнингдир сенга эҳтиёжи тушса, ўзи уйингга бораверади. Бизнинг даврамизга келиб юрма, эшагингнинг ҳиди бизга азият етказяпти», деди. Шунда Aбдуллоҳ ибн Равоҳа туриб: «Ундай эмас, эй Aллоҳнинг элчиси, бизнинг давраларимизга ташриф буюринг, шундай қилишингизни ёқтирамиз», деди. Кейин Aбдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга юзланиб: «Aллоҳга қасамки, Пайғамбар эшагининг ҳиди сендан кўра хушбўйроқ, эй Ибн Салул», деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тинчлантирдилар, акс ҳолда иккала томон муштлашиб кетишига бир баҳя қолган эди[8].

Пайғамбаримиз ҳаж мавсумида жойларга бориб, ҳожиларга Исломни таклиф этар, уларни Aллоҳга даъват қилар эдилар. Маълумки, у зот ҳаж мавсумида мадиналик ансорлар жамоаси билан учрашадилар. Кейинчалик улар биринчи ва иккинчи Ақаба байъатларида у зотга байъат берадилар. Мана шу ҳодиса Исломнинг ёйилишига, хоссатан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарлари – Мадинаи мунавварада ёйилишига энг катта сабаблардан бўлди. Демак, Aллоҳга даъват қилиш муайян макон ёки замонга чекланмаган.

Юсуф алайҳиссалом зиндонда Aллоҳнинг динига даъват қилган эди. Аллоҳ таоло айтади: «(Юсуф зиндонда бирга ўтирган) икки йигитга деди: “Ҳар хил олиҳаларга ибодат қилиш яхшими ёки ягона қаҳҳор зот бўлмиш Аллоҳгагина ибодат қилишми? Сизлар Аллоҳга ибодат қилишни қўйиб, ортида ҳеч маъно-моҳияти бўлмаган қуруқ исмларга сиғиниб юрасизлар. Уларни сизлар ва ота-боболарингиз жоҳиллик ва гумроҳлик билан ўзингизга илоҳ қилиб олгансиз. Аллоҳ уларнинг илоҳлигига ҳеч бир далил-ҳужжат туширган эмас”» (Юсуф, 39-40). Қамоқ Юсуф алайҳиссаломни Aллоҳнинг динига даъват қилишдан тўсмади.

Шундай экан, хоҳ махфий, хоҳ ошкор бўлсин, Aллоҳга даъват қилинг. Одамларни хоҳ якка, хоҳ жамоавий тарзда бўлсин, Aллоҳга даъват қилинг. Масжидда Aллоҳга даъват қилиш имкониятидан маҳрум бўлсангиз, кўчаларда, йўлларда одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам каби одамларнинг уйларига боринг. У зот ҳам, аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қилганлар.

Нуҳ алайҳиссалом тилидан Aллоҳ Қуръонда бундай дейди: «Нуҳ деди: “Эй Раббим, мен қавмимни Сенга иймон келтиришга ва тоат-ибодат қилишга кечаю кундуз тинмасдан даъват қилдим. Даъватим уларнинг юз ўгиришларинигина зиёда қилди, холос. Мен гуноҳларини кечиришинг учун уларни даъват қилсам, улар даъватга қулоқ солмаслик учун қулоқларига бармоқларини қўйиб олдилар. Мени кўрмаслик учун кийимлари билан ўраниб олдилар. Куфрларида маҳкам турдилар ва иймонни қабул қилишдан қаттиқ кибр қилдилар. Кейин мен уларни очиқ-ошкор ва яширинча, баланд овозда ҳам, паст овозда ҳам даъват қилдим» (Нуҳ, 5-9). Нуҳ алайҳиссалом уларни туну кун, вазиятга қараб ошкораю пинҳона даъват қилди.

Aллоҳга даъват қилишдан воз кечманг. Ишхонангизда ҳамкасбларингизни яхшиликка даъват қилинг. Кўчада очиқ-сочиқ кийинган қизни учратсангиз, хушмуомалалик билан: «Синглим, баданингизни беркитинг. Очиқ-сочиқ юриш ҳаром. Сизга бундай юриш ярашмайди», деб тушунтиринг. Намоз ўқимайдиган йигитни кўрсангиз, унга Aллоҳни эслатинг. «Биродарим, келинг, намоз ўқинг, Aллоҳ сизга барака ёғдирсин», денг. Aллоҳ таоло айтганидек, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг йўлига даъват қилувчилардан қилсин, омин.

[1] Бухорий ривояти, 4210.

[2] Муслим ривояти, 2674.

[3] Муслим ривояти, 1017.

[4] Термизий (2670) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган. Муслим ҳам «Саҳиҳ»да (1893) шунга ўхшаш ҳадисни келтирган.

[5] Термизий (2516) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[6] Бухорий (4272) ва Муслим (24) ривояти.

[7] Бухорий ривояти, 1356.

[8] Бухорий ривояти, 4566.

Изоҳ қолдиринг