Дард ва даво (27): Дунёга алданиб қолиш

0

Бўлим

[Дунёга алданиб қолиш][1]

Дунё ва унинг нақд ноз-неъматларига алданиб, уни охиратдан устун қўйган ва охират ўрнига (ўткинчи) дунёга рози бўлган кимса энг қаттиқ алданган бандадир. Ҳатто уларнинг баъзилари: “Дунё нақд, охират эса насия. Албатта, нақд насиядан фойдалироқдир”, дейишгача борган.

Яна бирлари: “Ваъда қилинган дурни эмас, заррача бўлса-да, нақдни (танлайман)”, деган. 

Бошқа бири бундай дейди: “Дунё лаззатлари аниқ, охират лаззатлари эса мавҳумдир. Шундай экан, мавҳум лаззатларни деб аниқ лаззатлардан воз кечмайман”.

Шубҳасиз, бу шайтоннинг йўлдан озғириши ва адаштириши натижасидир. Онгсиз ҳайвонлар улардан ақллироқ. Чунки улар бирор нарса жонига зарар етказишидан қўрқса, қанча уриб мажбурламанг, унинг яқинига ҳам йўламайди. Булар эса, ўзларини ҳалок қиладиган ишларга ҳам қадам қўяверадилар! Бу тур инсонларнинг ҳолати икки хил: ё (Аллоҳ ва охират кунига) ишонадиган, ё ишонмайдиган бўлади.

Агар у Аллоҳга, Пайғамбарига, Раббига йўлиқишга, ҳисоб-китоб қилинишига иймон келтирган бўлса, (қиёматда) энг қаттиқ ҳарсат-надомат чекадиган бандалардан бўлади. Чунки у билатуриб шу ишга қўл урганди. Борди-ю, Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирмаган бўлса, оқибати ундан ҳам аянчли бўлади.

“Албатта нақд насиядан яхшироқдир”, деган кимсанинг сўзига қуйидагича жавоб бериш мумкин: “Тўғри, агар (лаззатнинг) нақд ва насия қиймати тенг бўлса, нақди яхшироқ. Бироқ насия нақдан кўпроқ ва афзалроқ бўлса-чи? У ҳолда, шубҳасиз, насия яхшироқ бўлади”.

Дунё яралгандан бошлаб, то қиёматгача унда мавжуд барча нозу неъмат ва роҳат-фароғатлар охират ноз-неъматлари олдида бир лаҳзаликдек бўлиб қолади. Имом Аҳмад ва Термизий Муставрид ибн Шаддод разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бу дунё охиратнинг олдида биронтангиз бармоғини денгизга ботиргани(да бармоғига илашган сув)чалик ҳам эмас. (Ўша бармоғида) қанча сув қолганига назар солсин[2]. (Яъни охират денгиз бўлса, бармоққа илашган сув шу дунёдир).

Мазкур (ҳақир) нақд ноз-неъматни мана шундай (бебаҳо) насия ноз-неъматлардан устун қўйиш энг қаттиқ алданиш ва энг қабиҳ жаҳолатдир. Дунё яралгандан бошлаб, то қиёматгача унда бўладиган лаззатлар қиймати охират лаззатлари олдида юқорида айтилгандек арзимас бўлса, энди, бир инсон умри мобайнида татиб кўрадиган лаззатлари охират лаззатлари олдида қанчалик қийматга тенг бўлади, деб ўйлайсиз?! Ақли бор одам қай бирини танлайди: қисқа муддатдаги нақд лаззатни танлаб, охиратдаги абадий яхшилик (ва лаззат)дан маҳрумликними ёки тез орада тугаб битадиган, ҳақир ва оз бўлган дунё лаззатларини тарк қилиб, бебаҳо, мисли кўрилмаган, туганмас ва чексиз лаззатга эришишними?

Дунё лаззатлари аниқ, охират лаззатлари эса мавҳумдир. Шундай экан, мавҳум лаззатларни деб аниқ лаззатлардан воз кечмайман”, деган кимсанинг сўзига қуйидагича жавоб бериш мумкин: “Сен Аллоҳнинг ваъдаси ва таҳдиди, пайғамбарлар айтган гапнинг ҳақлигига ишонасанми ёки шубҳа қиласанми? Агар ишонаман, десанг, у ҳолда (дунёни қўйиб, охират учун саъй-ҳаракат қилиш билан) борлигида шубҳа бўлмаган, ҳеч битмас, аниқ лаззатни (яъни охират лаззатини) деб бир пастда тугаб қоладиган арзимас, нақд лаззатни (яъни дунё лаззатини) тарк қилган бўласан.

Борди-ю, шубҳа қилсанг, у ҳолда Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлиги, қудрати буюклиги, истаган ишини қила олиши ва пайғамбарларнинг сўзлари рост эканига далолат қиладиган оят-аломатларга назар сол. 

Дунё ишларини қўйиб, Аллоҳ учун борлиққа назар сол, тафаккур қил. Шунда сенга пайғамбарлар Аллоҳ номидан айтган сўзлари шубҳасиз ҳақ экани ва оламнинг яратувчиси, осмону ернинг парвардигори – Аллоҳ пайғамбарлар хабар бергандан бошқача иш тутишдан мутлақ йироқ экани аён бўлади. Ким Аллоҳ пайғамбарлар хабар берганидай эмас, деса, Аллоҳни ҳақорат қилган, ёлғончига чиқарган, рубубияти ва ҳукмронлигини инкор қилган бўлади. Негаки, ҳар бир соғлом фитрат эгаси биладики, ҳақиқий подшоҳ – ожиз, жоҳил, ҳеч нарсани билмайдиган, эшитмайдиган, кўрмайдиган, гапирмайдиган, ҳеч нарсага буюрмайдиган, ҳеч нарсадан қайтармайдиган, яхши амал эвазига мукофот ҳам, ёмон амал эвазига жазо ҳам бермайдиган, хоҳлаганини азиз, хоҳлаганини хор қилмайдиган, салтанатининг турли ерларига элчиларини юбормайдиган, халқининг аҳволига эътибор бермай, ўз ҳолларига ташлаб қўядиган, ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин эмас.

Дунё подшоҳларидан бирида мазкур сифатлар бўлиши тасаввурга сиғмаса, бўлса ҳам, албатта, унинг ҳукмронлигига путур етказса, қандай қилиб оламларнинг подшоҳи Ҳақ таолога бундай сифатларни нисбат бериш жоиз бўлсин?!

Инсон бир томчи сувлигидан бошлаб, то ўсиб-улғайгунга қадар босиб ўтган босқич ва ҳолатлари ҳақида ўйлаб кўрса, аён бўладики, унга шунча эътибор қаратиб, турли ҳолат ва босқичлардан олиб ўтган Зот энди уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, ҳеч нарсага буюрмаслиги ёки ҳеч нарсадан қайтармаслиги, Ўзининг ҳаққини унга танитмаслиги, амалига яраша мукофот ё жазо бермаслиги асло У зотнинг шаънига лойиқ бўлмайди.

Агар банда чинакам ақл юритса, кўзига кўринган ва кўринмаган нарса борки, Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, пайғамбарлар ҳақлигига, охират ҳаққи-ростлигига, Қуръон Аллоҳнинг сўзи эканига далолат қилишига гувоҳ бўлади. “Аймонул-Қуръон” (Қуръонда келган қасамлар) номли китобимизда қуйидаги оят изоҳида шуни баён этганмиз. Аллоҳ таоло айтади: “Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у  (Қуръон) шак-шубҳасиз улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!” (Ҳоққа, 38-40). Шунингдек, “Ишонувчи зотлар учун ўзларингизда (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!” ояти изоҳида шу ҳақда сўз юритиб айтган эдикки, инсоннинг ўзи унинг яратувчиси борлиги ва бирлигига, пайғамбарлар ҳақлигига, Аллоҳнинг сифатлари баркамоллигига яққол далилдир.

Хуллас, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига бепарво инсон Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган бўладими, ё ишонмай, улар ҳақида шубҳада бўладими, ҳар иккала тақдирда ҳам алданган ҳисобланади.


[1] Қавс ичидаги сарлавҳа таржимон томонидан қўйилган.
[2] Муслим, (2858), Термизий, (2322) ва Аҳмад, (18008) ривояти.

Изоҳ қолдиринг