Рамазонни қадрлаш (13): Аллоҳ инъом этишни яхши кўради

0

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг неъматлар хусусидаги қонуни ва суннати диний ва дунёвий неъматларнинг ҳар иккисига баб-баравар тегишлидир.

Аслида бандаларга турли-туман диний ва дунёвий неъматларни бериш, инъом этиш уларни бу неъматлардан маҳрум этиш ва тортиб олишдан кўра Аллоҳ таолога суюклироқдир. Зотан, сахий зотнинг ҳолати шундай бўлади. Сахий зот ўз фазли-марҳамати билан бирон сабаб бўлмасам эҳсон қилаверади, бировни бирон нарсадан маҳрум қилса, маҳрум қилишга арзигулик сабаб бўлгани учун маҳрум қилади. Бу сабаб сахий зотнинг ўзи тарафидан содир бўлмайди, чунки унинг саховати бунга йўл қўймади. Аксинча, маҳрумликка гумроҳ банданинг ўзи сабабчи бўлади. Чунки унинг қалбида нимадир ўзгаради, қалбида айниш юз беради. Агар банда хато қилиб, тавба қилганда эди, Аллоҳ кечирган, гуноҳидан ўтган бўлур эди. Ҳатто қайта-қайта хатога йўл қўйиб, тавба қилганда ҳам Аллоҳ яна кечираверар эди. Бироқ у гуноҳ ишни яхши кўриб қолади, натижада қалби бузилади, айнийди. Шунинг учун бундайлар олдин уларга берилган неъматлар тортиб олинишига, неъматлардан маҳрум қилинишга ҳақли бўладилар. Бу билан Аллоҳ уларга зулм қилмайди, Аллоҳ зулмдан пок Зот! Балки уларнинг ўзлари шунга лойиқ бўлиб қоладилар. Буни ҳам диний, ҳам дунёвий неъматлар мисолида кўриш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларига яхшилик, тоат-ибодат эшикларини ланг очиб қўяди, қулайликлар ва имкониятлар насиб қилади, бандалари лойиқ бўлмасалар-да, дастлаб Ўз фазли-марҳаматини уларга раво кўради. Аллоҳ Ўз фазли-марҳамати билан бандаларини Ислом фитрати устида яратди, яхшиликни уларнинг қалбларига ёмонликдан кўра яқинроқ қилиб қўйди. Бандалари ҳидоят топишлари учун пайғамбарлар юборди, китоблар нозил қилди, бандаларига ҳамроҳлик қилишлари учун Ўз фаришталарини бўйсундириб қўйди. Бирон бир банда йўқки, албатта унга бир фаришта ҳамроҳлик қилиб юради, у бандани яхшиликка тарғиб қилади, кўнглига яхшилик қилиш майлини солади. Айни пайтда бандага бир шайтон ҳам ҳамроҳлик қилади, уни ёмонликларга буюради. Бироқ ҳар қандай ҳолатда бандани яхшилик йўлига бошловчи омиллар палласи оғир бўлади. Бандалар қалбларидаги ёвузлик ва иллатлар сабабли ёмонликка оғиб кетадилар. Аллоҳ барчаларимизни ёмонликлардан Ўзи асрасин! Нафсимиз ва қалбимизни ислоҳ қилсин!

Неъматлардан маҳрум бўлишнинг энг ёмон кўриниши диний неъматлардан маҳрум бўлиш, бундай неъматга нолойиқлиқ сабаб ундан мосуво бўлишдир, Аллоҳ сақласин.

عن أنس، قال: كَانَ رَجُلٌ نَصْرَانِيًّا، فَأَسْلَمَ، وَقَرَأَ الْبَقَرَةَ وَآلَ عِمْرَانَ، فَكَانَ يَكْتُبُ لِلنَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَعَادَ نَصْرَانِيًّا، فَكَانَ يَقُولُ: مَا يَدْرِي مُحَمَّدٌ إِلاَّ مَا كَتَبْتُ لَهُ، فَأَمَاتَهُ اللَّهُ، فَدَفَنُوهُ، فَأَصْبَحَ وَقَدْ لَفَظَتْهُ الأَرْضُ، فَقَالُوا: هَذَا فِعْلُ مُحَمَّدٍ وَأَصْحَابِهِ، لَمَّا هَرَبَ مِنْهُمْ، نَبَشُوا عَنْ صَاحِبِنَا فَأَلْقَوْهُ، فَحَفَرُوا لَهُ فَأَعْمَقُوا، فَأَصْبَحَ وَقَدْ لَفَظَتْهُ الأَرْضُ، فَقَالُوا: هَذَا فِعْلُ مُحَمَّدٍ وَأَصْحَابِهِ، نَبَشُوا عَنْ صَاحِبِنَا لَمَّا هَرَبَ مِنْهُمْ فَأَلْقَوْهُ، فَحَفَرُوا لَهُ، وَأَعْمَقُوا لَهُ فِي الأَرْضِ مَا اسْتَطَاعُوا، فَأَصْبَحَ وَقَدْ لَفَظَتْهُ الأَرْضُ، فَعَلِمُوا أَنَّهُ لَيْسَ مِنَ النَّاسِ، فَأَلْقَوْهُ.[1]

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши насроний эди, сўнг исломни қабул қилди, Бақара ва Оли Имрон сураларини ёд олди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга (нозил бўлган ваҳийни) ёзар эди. Сўнг насронийлигига қайтди. У: «Муҳаммад мен ёзгандан бошқа нарсани билмайди», дер эди. (Орадан кўп ўтмай) Аллоҳ уни ҳалок қилди. Қавм уни дафн қилишди. Эртаси куни ер уни ташқарига чиқариб ташлади. Буни кўрган одамлар: «Бу Муҳаммад ва асҳобларининг иши. Биродаримиз уларнинг (динига рози бўлмасдан) қочиб кетгани учун қабрини ковлаб, чиқариб ташлашган», дейишди. Бу гал улар чуқурроқ гўр ковлаб, уни дафн қилдилар. Эртасига ер уни яна ташқарига чиқариб ташлади. «Бу Муҳаммад ва асҳобларининг иши. Биродаримиз уларнинг (динига рози бўлмасдан) қочиб кетгани учун қабрини ковлаб, чиқариб ташлашган», дейишди қавм яна. Энди имкон қадар чуқурроқ гўр ковлаб, дафн қилишди.  Эртаси куни ер уни яна ташқарига чиқариб ташлади. Энди улар билишдики, бу одамларнинг иши эмас. Шунинг учун уни ўз ҳолича қолдиришди».

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ: ” كَانَ مِنَّا رَجُلٌ مِنْ بَنِي النَّجَّارِ قَدْ قَرَأَ الْبَقَرَةَ وَآلَ عِمْرَانَ وَكَانَ يَكْتُبُ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَانْطَلَقَ هَارِبًا حَتَّى لَحِقَ بِأَهْلِ الْكِتَابِ، قَالَ: فَرَفَعُوهُ، قَالُوا: هَذَا قَدْ كَانَ يَكْتُبُ لِمُحَمَّدٍ فَأُعْجِبُوا بِهِ، فَمَا لَبِثَ أَنْ قَصَمَ اللهُ عُنُقَهُ فِيهِمْ، فَحَفَرُوا لَهُ فَوَارَوْهُ، فَأَصْبَحَتِ الْأَرْضُ قَدْ نَبَذَتْهُ عَلَى وَجْهِهَا، ثُمَّ عَادُوا فَحَفَرُوا لَهُ، فَوَارَوْهُ فَأَصْبَحَتِ الْأَرْضُ قَدْ نَبَذَتْهُ عَلَى وَجْهِهَا، ثُمَّ عَادُوا فَحَفَرُوا لَهُ، فَوَارَوْهُ فَأَصْبَحَتِ الْأَرْضُ قَدْ نَبَذَتْهُ عَلَى وَجْهِهَا، فَتَرَكُوهُ مَنْبُوذًا”[2]

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ичимизда Бани Нажжор қабиласидан бўлган бир киши бор эди. У Бақара ва Оли Имрон сураларини ёд олган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга (нозил бўлган ваҳийни) ёзар эди. Кунлардан бирида бизлардан қочиб, аҳли китобларга қўшилиб кетди. Аҳли китоблар унга иззат-икром кўрсатишди. Улар: «Бу Муҳаммаднинг котиби бўлган», дейишар ва у билан (яъни унинг Исломни ташлаб, уларнинг динига қайтганидан) фахрланишар эди. Орадан кўп ўтмай Аллоҳ аҳли китоблар ичида унинг жонини олди. Аҳли китоблар гўр ковлаб, уни кўмдилар. Эртасига ер уни юзтубан ҳолида ташқарига чиқариб ташлади. Қавм қайтадан гўр ковлаб уни кўмдилар. Эртасига ер уни яна юзтубан ҳолида ташқарига чиқариб ташлади. Қавм қайтадан гўр ковлаб уни кўмдилар. Эртасига ер уни яна юзтубан ҳолида ташқарига чиқариб ташлади. Шундан сўнг қавм уни ташландиқ ҳолида (қабрдан ташқарида) қолдирдилар».

Буни қарангки, Аллоҳ таоло бу инсонга иймон неъматини насиб қилиб мусулмон бўлди, Қуръон неъматини берди, уни Бақара ва Оли Имрон сураларини ёд олиш билан мушарраф қилди. Устига-устак Аллоҳ унга ваҳийни ёзишдек шарафли вазифани ҳам инъом этди. Бироқ у бу улуғ неъматларнинг барчасидан юз ўгириб, диндан қайтди, бориб аҳли китобларга қўшилиб кетди. Муртадлиги камлик қилганидек, Аллоҳ нозил қилган ваҳийга таъна қилиб, «Муҳаммад мен ёзгандан бошқа нарсани билмайди», деди. Кўп ўтмай Аллоҳ таоло унинг жонини олди. Аллоҳ сақласин, Исломдан қайтиб, муртад бўлгач, айтарли умр ҳам кўрмади. Ундан ҳам ачинарлиси, вафот этгач уни ер қабул қилмади. Аҳли китоблар буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларидан кўришди, бироқ бу воқеа уч бор такрорлангач, билишдики, бу одамзоднинг иши эмас. Модомики одамзотнинг иши эмас экан, демак, одамзот Раббининг иши экани маълум бўлди. Аллоҳнинг кетма-кет улуғ неъматларини куфр билан қарши олган, уларга шукр қилмаган банда дунёда мана шундай хунук ва даҳшатли оқибат топди. Зеро, Аллоҳнинг диний неъматлари дунёвий неъматларидан қадрлироқ, унга ношукрлик қилган бандага беражак азоб-уқубати ҳам оғирроқдир.

Рамазон ойининг ўзи неъмат, унга етиш неъмат ва бу ойда солиҳ амаллар қилишга муваффақ бўлиш бошқа бир неъмат экан, бу неъматлар бандани шаҳид мартабасидан ҳам юқори мартабага кўтарган экан, у ҳолда Аллоҳ бу неъматга етказганидан кейин унинг қадрига етмаган, рисоладагидек шукр қилмаган, Аллоҳнинг неъматини ҳис қилмаган, неъматнинг ҳаққини адо этмаган банда гуёки ўзича солиҳ деб билган амалларини Аллоҳга тақдим этиб миннат қилган бўлади. Инсон барча амалларида, ҳатто айтган биргина тасбеҳ, такбир ёки таҳлилида ҳам холис амал қилиши вожибдир. Банда Аллоҳга холис амалларинигина тақдим этиши лозим. Холис амал дегани ён-атрофдаги нарсалар, одамлар, уларнинг мақтов ёки маломати билан таъсирланмайдиган амалдир. Холис амал қон ва ахлат ўртасидан чиққан тоза сутга ўхшайди.

قَالَ سُبْحانهُ وَتَعَالَى: {مِنْ بَيْنِ فَرْثٍ وَدَمٍ لَبَنًا خَالِصًا} (النَّحْل: 66).

Аллоҳ таоло айтади: «ахлат ва қон орасидан чиққан тоза сут». Бундай тоза сутга на ахлат ва на қон зарар қилмайди. У бу икки нажосат орасидан соф ҳолида ажралиб чиқади. Холис сўз ва амаллар ҳам шундай: у риё, одамлар юз-хотири деган қоришмалардан холи бўлади. Балки холис амал фақат ва фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилинган амалдир. Аллоҳ таоло барчамизга холис Ўзининг розилиги учун амал қилишни насиб этсин! Аллоҳумма амин!

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг неъматлар борасидаги қонуни ҳам диний ва ҳам дунёвий неъматларни ўз ичига олади. Неъматларни берувчи ҳам, қайтариб олувчи ҳам Аллоҳ. Аллоҳ аслида беришни яхши кўради, бирон бандани неъматидан маҳрум қилган бўлса, бунга унинг ўзи сабабчидир.

[1] Бухорий, 3617.

[2] Муслим (2781).

Изоҳ қолдиринг