Садақа қилувчи бўлинг
Навбатдаги суҳбатимизда ушбу улуғ кунлар ва муборак кечаларда қилиш лозим бўлган бир ишни ўзимга ва сизларга эслатмоқчиман. У ҳам бўлса кўп садақа қилишдир. Эй Аллоҳнинг бандаси, хайр-эҳсон ва садақа қилувчи бўлинг. Аллоҳ сизга фарз қилган закотни адо этиш билан бир қаторда нафл садақалар ҳам қилинг. Зеро, Аллоҳ эҳсон қилувчи саховатли бандаларини яхши кўради. Фарз закот ортидан нафл хайр-эҳсон қилиш билан муҳсинлар қаторидан жой оласиз, иншааллоҳ.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким ҳалол ва пок (мол-мулки)дан бир хурмо мисолича нарсани садақа қилса – Аллоҳ фақат ҳалол ва пок нарсани қабул этади – албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан олади ва бир инсон сутдан чиққан чорва ҳайвонини (бўталоқ ёки тойчоғини) парваришлаганидек, уни парвариш қилади. Ҳатто у (ёки унинг савоби қиёматда) тоғдек катта бўлади»[1]. Шундай экан, садақа қилувчи бўлинг. Ҳалол касбдан бир дона хурмочалик қилинган садақани Аллоҳ сиздан қабул қилса, қиёмат кунида улкан тоғдек бўлиб қайтади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса ҳам дўзахдан сақланингиз»[2], деганлар.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, унда на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчи бўладиган кун – қиёмат куни келмасидан бурун Аллоҳ сизларга берган моллардан хайр-эҳсон қилинглар» (Бақара, 254).
Яна У зот бундай марҳамат қилади: «Сизлардан бирингизга ўлим етиб келишидан ва: “Эй Раббим, менга яна бир оз муҳлат берсанг эди, садақа қилиб олар ва солиҳлардан бўлар эдим”, деб айтишидан илгари Биз берган моллардан бир қисмини яхшилик йўлларига сарфлаб қолинглар. Бирон бир жоннинг умри ниҳоясига етса, Аллоҳ унинг ўлимини кечиктирмайди» (Мунофиқун, 10-11).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп садақа қилар, қўллари очиқ, ўта сахий киши эдилар. Рамазонда янада сахийроқ бўлиб кетар, Жаброил билан учрашганларида сахийликда давомий эсувчи ва барча нарсага фойда келтирувчи шамолдан ҳам тез бўлиб кетар эдилар. Тутаётган рўзангиз, ўқиётган тунги намозингиз ва Қуръон тиловатингиз билан бирга садақа ҳам қилинг. Бошқаларга фойдаси етадиган иш қилган одам ажру савобга эга бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар тонг икки фаришта тушиб, бири: “Эй Аллоҳ, эҳсон қилувчининг бергани ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, хасис, зиқнага талофат бер” дейди»[3]. Фаришта хайр-эҳсон қилувчи кишининг ҳаққига дуо қилиб: «Эй Парвардигор, бу кишининг эҳсон қилган молининг ўрнини тўлдириб бер», дейди. Бошқа фаришта эса: «Эй Парвардигор, бу бахил кишининг молига талофат етказ», деб айтади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа ҳужжатдир»[4], деганлар. Бунинг маъноси шуки, садақа ўз эгасининг чиндан ҳам Аллоҳ ва Расулини яхши кўриши ва иймонли банда эканига ҳужжат бўлади.
Сиз садақа қилсангиз, Аллоҳ сизга фазлу марҳаматини зиёда қилади. Бунга асло шубҳа қилманг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа молни камайтирмайди», деганлар[5]. Аллоҳ таоло: «Сизлар нимаики эҳсон қилсангиз, албатта Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради. У зот ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир» (Сабаъ, 39), деган.
Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳо эҳсон қилмоқчи бўлган молидан озроқ ўзига олиб қолмоқчи бўлганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Эй Асмо, хайр-эҳсон қил. Ортиқча молингни идишларда сақлаб, бахиллик қилмагин, тағин Аллоҳ сенинг ҳам ризқингизни тор қилиб қўймасин»[6]. Бошқа бир ривоятда келишича: «Хайр-эҳсон қилган молингизни ҳисоблаб-санаманг. Садақангизни ҳисоблаб-санасангиз, Аллоҳ ризқингизни камайтириб қўяди»[7], дедилар. Яъни, мен шундай-шундай эҳсону садақалар қилдим, дема, Аллоҳ ҳам сенга бераётган неъматларини чеклаб қўймасин.
Садақа қилишга шошилинг. Аллоҳ таоло улуғ Китобида марҳамат қилади: «Молларидан садақа қилувчи эркак ва аёллар ҳамда Аллоҳнинг розилигини истаб эҳсон қилган кишилар учун бу амалларининг савоби бир неча баробар қилиб берилгай. Ундан ташқари уларга улкан савоб (яъни, жаннат) бордир» (Ҳадид, 18).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, садақа қиёмат кунида инсонни азобдан тўсади. У зот садақа қилувчи кишининг ҳолини тасвирлаб, хайр-садақа қилгани сари кийимлари кенгайиб боради, ҳатто оёқ излари ва бармоқ учларини беркитади, деганлар[8]. Демак, садақа қиёмат кунида бандани азобдан тўсар экан.
Садақа дўзахдан нажот топишга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит куни аёлларни садақа қилишга тарғиб қилдилар ва буни қуйидагича изоҳладилар: «Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар. Дарҳақиқат, мен дўзах аҳлининг аксари аёллар эканини кўрдим»[9]. Демак, мазкур ҳадис ҳамда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аввалроқ ўтган «Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан қутулиб қолинглар» деган сўзлари садақа Аллоҳнинг изни билан дўзах азобини узоқлаштиришига далолат қилади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан аввалги замонда ўтган бир кишинининг воқеасини зикр қилганлар. У кўчада кетиб борар экан, унга соя солиб турган булутдан: «Фалончининг ерини суғор» деган овоз эшитади. Шунда у одам булут ортидан юриб боради ва булут ўзидаги бор ёмғирни бир кишининг ерига оқизганини кўради. Ер эгаси Аллоҳга бўлган кучли ишончи сабабли булут келишини кутиб, қўлида кетмон ушлаб турган бўлади. Кейин унинг ёрдамида сувни ўзининг ерига йўналтиради. Шунда булут ортидан келган киши ундан: «Исминг нима?» деб сўрайди. У: «Исмим фалончи», деб булутдан эшитилган исмни айтади. Шунда киши: «Аллоҳ номи билан сўрайман, ерингда нима қилишингни менга айтиб бер. Чунки мен булутдан «Фалончининг ерини суғор» деган овозни эшитдим», дейди. Ер эгаси: «Хўп, сўраганинг учун айтаман. Мен ҳосилни йиғиб олиб, уни уч қисмга бўламан. Бир қисмини ўзим ва оилам учун, яна бир қисмини фақир ва мискинлар учун, яна бир қисмини эса ер харажатлари учун ажратаман», дейди[10]. Мана бу қатъий ишончга бир қаранг! Атрофдаги бошқа ерлар қолиб, унинг ери суғориляпти, унинг еридан бошқа ерлар суғорилмаяпти. «Ўзи истаган бандаларига дўл-ёмғир юборади ва истаган бандаларидан уни буриб юборади» (Нур, 43) деган Аллоҳ тўғри айтди.
Аллоҳ таоло улуғ Китобида бундай дейди: “Молини яна ҳам кўпроқ яхшиликларни қўлга киритиш мақсадида сарфлаган ўта тақволи киши дўзахдан узоқ қилинади. У ўзига бирон яхшилик қилган кишини мукофотлаш учун мол сарфламайди. Балки бу иши билан олий Раббининг юзини ва розилигини истайди. Яқинда у Аллоҳ жаннатда унга ато этадиган мукофотлар билан мамнун бўлади” (Лайл, 17-21).
Аллоҳ таоло айтади: «Ўзлари ейишни суйган ҳолларида таомни мискин-бечора, етим-есир ва асирларга едирар эдилар. Ва ичларида айтишар эди: «Биз фақат Аллоҳнинг розилигини истаб сизларни таомлантирмоқдамиз. Сизлардан бирор мукофот ёки мақтов олиш ниятимиз йўқ» (Инсон, 8-9).
Парвардигорингиз сизларга бундай нидо қилади: «(Эй Пайғамбар,) иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўла-тўкис адо қилсинлар, ҳеч қандай тўлов ва ошна-оғайничилик фойда бермайдиган қиёмат куни келмасидан бурун Биз уларга ато этган молларнинг бир қисмини яхшилик йўлларига махфию ошкора сарфласинлар» (Иброҳим, 31).
Раббингиз сизларни садақа қилишга тарғиб қилиб, айтади: «Агар молларингизни Аллоҳ йўлида ихлос билан, кўнгилли равишда сарф этсангиз, Аллоҳ унинг савобини бир неча баробар қилиб беради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ ўта шукр қилувчи (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато этувчи) ва ҳалим Зотдир» (Тағобун, 17).
Аллоҳ таоло айтади: «То ўзингиз суйган нарсалардан хайр-эҳсон қилмагунча асло жаннатга эришолмайсиз» (Оли Имрон, 92).
Бу оят нозил бўлганда Абу Талҳа ўзининг «Байруҳо» деб аталадиган энг яхши боғини эслади. У боғда чучук сувли қудуқ бўлиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерга келар ва сувидан ичар эдилар. Абу Талҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Эй Расулуллоҳ, мен учун энг суюкли мулким «Байруҳо»дир. Аллоҳ таоло: «То ўзингиз суйган нарсалардан хайр-эҳсон қилмагунча асло жаннатга эришолмайсиз» деб айтмоқда. Қудуқ Аллоҳ учун садақа, мен унинг яхшилигини ва ажрини Аллоҳ ҳузуридан умид қиламан. Ё Расулуллоҳ, уни сиз Аллоҳ кўрсатган жойга сарфланг», деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бай-бай, бу фойда келтирувчи (яъни ажру-савоби мўл) мол, бу фойда келтирувчи мол! Мен уни қариндошларингга (тақсим) қилишингни маслаҳат бераман», дедилар[11]. Қиссадан ҳисса, Абу Талҳа ўзининг энг афзал молини садақа қилди.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирган кишилар, ишлаб топганингиз ҳалол-пок нарсалардан ва Биз сизлар учун ердан чиқариб қўйган нарсалардан хайр-эҳсон қилинглар! Камбағал-бечораларга бериш учун улардан паст навларини танламанглар. Агар у (паст навли нарса) ўзингизга берилса, истамайгина оласизлар-ку! Билингларки, Аллоҳ садақаларингиздан беҳожат, барча ҳолатда мақталувчи зотдир. Шайтон сизларга фақирликни ваъда қилса, Аллоҳ гуноҳларингизни кечиришни ва кенг-мўл ризқларни ваъда қилади. Аллоҳ фазли марҳамати кенг, ниятлару амалларни билувчи Зотдир» (Бақара, 267-268).
Аллоҳ барчамизни садақа қилувчи бандаларидан қилсин! Омин.
[1] Бухорий (1410) ва Муслим (1014) ривояти.
[2] Бухорий (3595) ва Муслим (1016) ривояти.
[3] Бухорий (1442) ва Муслим (1010) ривояти
[4] Муслим ривояти, 223.
[5] Термизий (2325) ва Аҳмад (18060) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.
[6] Бухорий (2590) ва Муслим (1029) ривояти.
[7] Абу Довуд (1700) ва Аҳмад (24817) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунани Абу Довуд»да саҳиҳ деган.
[8] Шу маънодаги ҳадисни Бухорий (1443) ва Муслим (1021) ривоят қилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бахил билан садақа қилувчи кимсани темир совут кийиб олган икки кишига ўхшатдилар. Уларнинг қўллари кўкраклари ва бўйинларига ёпишиб қолган. Садақа қилувчи садақа қилгани сари совут кенгайиб бораверади. Бора-бора совут унинг бармоқларини ҳам қоплайди, (узун ва кенглиги сабаб ерга судралганидан) қадам изларини ўчиради. Бахил одам эса, садақа тўғрисида шунчаки ўйлаши билан совут торайиб, (бўйнига ёпишиб олади), ундаги ҳар ҳалқа ўз ўрнига қайтиб қолади». Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бармоқлари билан ёқаларига ишора қилиб «совутни кенгайтирмоқчи бўлади, бироқ у кенгаймайди», деганларини кўрдим». Яъни ҳадисда бамисоли узун кийимнинг этаги ерга судралиб, уни кийган кишининг оёқ изларини ўчиргани каби садақа ҳам гуноҳ ва хатоларни ўчиради, дейилмоқчи.
[9] Бухорий (1462) ва Муслим (80) ривояти.
[10] Муслим ривояти, 2984.
[11] Бухорий (1461) ва Муслим (998) ривояти.