Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (9)

0

Саҳобаларга эргашиш мумкинлигидан тушкунлик ва ноумидликка тушишнинг сабаблари

(Давоми)

  1. Саҳобаларнинг имкониятларига бир кишининг имкониятларидек қараш

Учинчи сабаб: Одамлар саҳобаларнинг имкониятларини фақат уларнинг ўзигагина хос деб қарайди. Бу эса дуруст гап эмас. Тўғри, саҳоба – эркаг-у аёл мукаммал шахсият ҳисобланса-да, барча жабҳаларда бирдек устунликка эга бўлмаган. Балки, бир жабҳада биттаси ажралиб турса, бошқа ўринда ўзга бир саҳоба афзалроқ бўлган. Масалан, жиҳод тарафдан олиб қараганда Холид ибн Валид, Қаъқоъ ибн Амр Тамимий ва Зубайр ибн Аввом (разияллоҳу анҳум) каби саҳобалар ҳарбий заковат борасида бошқалардан бир бош устун бўлган. Лекин айни дамда Холид ибн Валид Қуръондан кўп билмас, гоҳо одамларга имом бўлиб намоз ўқиганда қироат қилатуриб, адашиб кетар, намоздан сўнг жамоатга юзланиб: «Жиҳод бизни Қуръондан машғул қилиб қўйди», дея узр баён қилар эди. Аммо Қуръон ва унга оид илмлар тарафидан келадиган бўлсак, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб ва Абу Мусо ал-Ашъарий (разияллоҳу анҳум) каби саҳобалар тенгсиз эканини, ҳарбий салоҳиятлари эса у қадар ёрқин эмаслигини кўрамиз.

Келинг, ҳадис ёд олиш, илм талаб қилиш, кейин уни бошқаларга етказиш тарафидан қараймиз. Дарҳол кўз олдимизда илмий афсона, катта кутубхона ва тирик компютер бўлган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу гавдаланади. Бироқ фатво ва шаръий ҳукмлар борасида бошқалар – Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Али ибн Абу Толиб (разияллоҳу анҳум) каби саҳобалар у кишидан кўра устунроқ экани аён бўлади.

Инфоқ-эҳсон қилиш тарафидан назар солсак, Абу Бакр Сиддиқнинг ҳар тарафлама устун эканини кўрамиз. Яна Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авфларни ҳам (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).

Раҳбарлик тарафидан боқсак, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни, иш бошқаришда эса Муовия разияллоҳу анҳуни кўрамиз. Бирлари иккинчиларидан қайсидир тарафлама устун эканини, ажралиб туришини пайқаймиз. Бизнинг орамизда ҳам кимдир Аллоҳ йўлида осонликча, тез-тез хайр-эҳсон қилиши, бироқ илмдан олган насибаси оз бўлиши мумкин. Ва яна кимдир ажойиб нотиқ бўлиши, лекин сиёсат борасида тажрибаси бўлмаслиги мумкин. Яна кимдир Қуръон илмларида моҳир бўлса-да, қозилик масаласида кўзга ташланмаслиги мумкин. Демак, турфа иқтидорларга кўра имкониятлар ҳам, илмий натижа ҳам, тарбия ҳам турлича бўлади. Тирқишлар жуда кўп бўлганидек, ана шу тирқишларни қоплаш учун турли иқтидорларга эҳтиёжимиз катта. Саҳобалар авлодига ана шу суратда қарайдиган бўлсангиз, бутун авлодни ўзингизга намуна қилиш билан бир қаторда, ўзингиз ажралиб турадиган жабҳа бўйича улар орасидан бирортасини хос намуна этиб танлайсиз. Агар ҳарбий тарафдан устунликка эга бўлсангиз, намунангиз Холид разияллоҳу анҳу бўлади. Раҳбарликка лаёқатингиз кучли бўлса, Умар разияллоҳу анҳуни намуна қилиб танлайсиз ва ҳоказо. Шундай қилиб, қалбингизга оралаган умидсизлик чекина боради.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг