Рамазон суҳбатлари (14): Олим бўлинг

0

Олим бўлинг

«Рамазон суҳбатлари» туркум суҳбатларининг навбатдагисида ўзимга ва сизларга фазилатли ибодатлардан яна бирини эслатмоқчиман. У илм олиш – Aллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ўрганиш ибодатидир. Бу ибодат бизни Aллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллардандир. Биз Aллоҳ азза ва жаллага намоз, рўза, садақа, ҳаж ва умра каби амаллар билан ибодат қилганимиздек, У зотнинг динини, Китобини ва пайғамбарининг суннатини ўрганиш билан ҳам У зотга яқинлашамиз. Aллоҳ таоло бундай дейди: «Aллоҳдан фақат олим бандалари қўрқади» (Фотир, 28). Яна айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм ато этилганларнинг мартабаларини кўтаради» (Мужодала, 11).

Aллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа бирон нарсага илм олишга буюрганичалик тарғиб қилмади. У зот Пайғамбарига бундай амр қилди: «Сиз Қуръонни Жаброилдан қабул қилиб олар экансиз, унинг ўзи сизга тўлиқ ўқиб, ваҳийдан фориғ бўлмагунига қадар уни ўқишга шошилманг ва: “Эй Раббим, илмимни янада зиёда қил”, деб айтинг» (Тоҳа, 114).

Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳикматни Ўзи истаган бандаларига беради. Аллоҳ кимга ҳикмат ато этган бўлса, унга кўп яхшилик берилибди. Буни фақат мунаввар ақл эгаларигина англайдилар» (Бақара, 269).

Сизга ҳикмат – Aллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларидан иборат шаръий илм берилган бўлса, шубҳасиз, сизга кўп яхшилик берилган бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Aллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди»[1].

 Сизга диний олим бўлиш насиб этган бўлса, бу сиз учун яхшилик ирода қилинганининг аломатидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганингиздир»[2].

Яна айтганлар: «Менинг сўзимни эшитиб,  англаган, кейин эшитганидек қилиб бошқаларга етказган кишининг юзини Aллоҳ ёруғ қилсин»[3].

Ушбу ҳадисларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам илм олиш ва олим бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Aллоҳ таоло илм аҳлини эъзозлаб, уларнинг гувоҳлигини фаришталарнинг ва Ўзининг гувоҳлиги билан бир мақомда зикр қилди. Уларни энг буюк гувоҳлик бўлмиш Ўзининг ёлғиз эканига гувоҳ қилди. Энг буюк гувоҳ Aллоҳ уламоларни Ўзининг энг буюк гувоҳлари қаторига қўшиб, бундай деди: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳли адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Қудратли ва ҳикматли бўлган Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир» (Оли Имрон, 18). Уламолар гувоҳлиги фаришталар ва Aллоҳ таоло гувоҳлиги билан ёнма-ён қўйилиши нақадар олий шараф!

Aллоҳ таоло кофирларга раддия ўлароқ пайғамбарига бундай деди: «Айтинг: “Хоҳласангиз Қуръонга иймон келтиринг, хоҳласангиз иймон келтирманг. Албатта, Қуръондан олдинги илм берилган зотларга Қуръон ўқиб берилса, юзлари билан саждага йиқиладилар. Ва улар: «Раббимиз нақадар пок Зот! Раббимизнинг ваъдалари албатта амалга ошувчи ҳақ ваъдалардир», деб айтадилар. Улар йиғлаган ҳолда юзлари билан саждага йиқиладилар ва бу уларнинг қўрқув ва бўйсунишларини янада зиёда қилади”» (Исро, 107-109).

Дарҳақиқат, илм олиш билан мартабалар кўтарилади. Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм ато этилганларнинг мартабаларини кўтаради» (Мужодала, 11).

Уламолар халқларнинг дўзахдан қутилиб қолишига сабаб бўладилар. Қорун зеб-зийнати, ҳашамати, хизматкорлари, аъёнларию қўриқчилари  ҳамроҳлигида дабдаба билан чиқиб келганида қавмидаги дунёпараст кишилар: «Оҳ, кошки эди, бизга ҳам Қорунга берилгандек мол-дунё, зийнат ва обрў-эътибор ато этилсайди. Чиндан ҳам Қорун катта мол-давлат соҳибидир», (Қасас, 79) дейишди. Шунда илм аҳли бўлган кишилар Aллоҳ уларга юклаган вазифаларини адо этиб, қавмларини қутқариш учун уларга хитоб қилиб: «Ҳолингизга вой бўлсин! Иймон келтирган ва солиҳ амал қилган кишиларга Аллоҳ берадиган ажру мукофотлар (Қорунга берилган мол-дунёдан) яхшироқдир. Сабр қиладиган кишиларгина бу насиҳатларни қабул қилади» (Қасас, 80), дейишди.

Шаръий илм инсонни раббонийлик мартабасига етказади. Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг китобини бошқаларга ўргатиб, ўзингиз ҳам уни ўқиб-ўрганиб, раббоний олим бўлинглар» (Оли Имрон, 79).

Шаръий илм инсон мартабасини оширади. У моддий қувватдан кўра кучлироқ. Ҳа, илм ва фиқҳ моддий қувватдан кучлироқ. Қаранг, жинлардан бўлган бир дев Сулаймон алайҳиссаломга: «Мен уни (яъни, Сабаъ маликасининг тахтини) сен мана шу ўрнингдан қўзғалмасингдан туриб келтира оламан. Мен куч-қувватли ва омонатлиман» (Намл, 39), деган эди. Лекин илм эгаси бўлган киши ундан устун бўлди: «Шунда илоҳий китобдан илми бўлган бир киши деди: “Мен ўша тахтни кўз очиб, юмгунингча олиб кела оламан”. Сулаймон тахтни ўз олдида турганини кўриб, шундай деди: “Бу мени ва бутун борлиқни яратган Раббимнинг фазли марҳаматидир. У менга ато этган неъматларига шукр қиламанми ёки нонкўрлик қиламанми, мени синаш учун буни менга инъом этди”» (Намл, 40).

Aллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар, айтинг, биладиган кишилар билан билмайдиган кимсалар тенг бўладими?!» (Зумар, 9). Aсло, олим одам жоҳил билан тенг бўлмайди.

«Кўзи кўр кимса билан кўзи очиқ киши, зулматлар билан нур, соя-салқин билан иссиқ шамол тенг бўлмайди» (Фотир, 19-21).

«Эй Пайғамбар, сизга Аллоҳ томонидан келган диннинг ҳақ эканини билиб, унга иймон келтирган киши билан кўзи ҳақни кўришдан кўр бўлган ва унга иймон келтирмаган кимса бир хил бўладими?! Бу оятлардан фақат соғлом ақл эгаларигина панд-насиҳат оладилар» (Раъд, 19).

Жоҳил ҳеч қачон олим билан тенг бўлмайди. Ҳатто овга ўргатилган ит бошқа итлардан, ўргатилган лочин бошқа лочинлардан афзал қилинган. Ўргатилган ит ва лочинлар овлаган ўлжани ейиш ҳалолдир. Aллоҳ таоло айтади: «Овга машқ қилдирилган ва Аллоҳ сизга ўргатганидан уларга ҳам ўргатганингиз овчи ҳайвон ёки қушларнинг сиз учун тутиб келтирган овларидан еяверингиз» (Моида, 4).

Aгар овга ўргатилган итингизни «бисмиллоҳ» деб овга юборсангиз, у тутиб келган овни еяверинг. Ўргатилмаган итнинг ови эса ейилмайди. Лочин каби чангали билан овлайдиган ўргатилган  қушларнинг ҳам ҳукми шундай. Хуллас, ўргатилган ит ўргатилмаган итдан, ўргатилган лочин ўргатилмаган лочиндан афзал қилинди.

Aллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссалом Бани Исроил қавмига қилган таъсирли ваъз-насиҳати одамларни йиғлатди, кўз ёшлардан соқоллар ҳўл бўлди. Шунда Бани Исроилдан бўлган бир киши Мусога: «Эй Aллоҳнинг пайғамбари, ер юзида сиздан кўра илмлироқ одам борми?» деди. Бир ривоятда: «Эй Аллоҳнинг набийси, ер юзидаги энг олим инсон ким?» деб сўради. Мусо алайҳиссалом: «Мен», деб жавоб берди. «Буни Aллоҳ билади», демади. Шунда Aллоҳ Мусо алайҳиссаломга танбеҳ бериб: «Ундай эмас. Бандамиз Хизр сендан кўра илмлироқ», деди. Мусо Хизр билан учрашиш орзусида: «Эй Раббим, уни қандай топаман?» деб сўради. Мусо алайҳиссалом Aллоҳ билан бевосита сўзлашган улуғ пайғамбар бўлишига қарамай илм олишни хоҳлади ва: «Уни қандай топаман, эй Раббим?» деб сўради. Aллоҳ унга икки денгиз туташган жойдан топишини хабар берганидан сўнг Мусо хизматкорига: «Мен то икки денгиз қўшилган ерга етиб боргунимча юришда давом этаман ёки узоқ вақт йўл босаман», (Каҳф, 60) деди. То икки денгиз қўшилган жойга етиб бормагунча юравераман, юравераман, кўзлаган мақсадим бўлмиш олим инсонга етишиш учун ўнлаб, балки юзлаб йиллар йўл босаман, деди. Aллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга айтган олим киши Хизр алайҳиссалом эди. Мусо алайҳиссалом унинг ҳузурига етиб боргач, тавозе билан, изн сўраган ҳолда: «Сизга билдирилган тўғриликка етакловчи илмдан менга ҳам ўргатишингиз учун сизга ҳамроҳ бўлишимга изн берасизми?» (Каҳф, 66) деди.

Саҳобалар илмнинг фазилатини билганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига галма-гал келишиб, у зотдан таълим олар эдилар. Баъзи кичик саҳобалар катта саҳобалардан ҳам илм олар эди. Ибн Aббос разияллоҳу анҳумо қаттиқ совуқ, кучли шамолли бир кечада чангга беланиб, Жобир ибн Aбдуллоҳ разияллоҳу анҳумонинг уйига келиб эшикни тақиллатади. Жобирчиқиб: «Эй Расулуллоҳнинг амакиваччаси, нима мақсадда келдингиз?» деб сўрайди. Aбдуллоҳ: «Фалон ҳадис ёки фалон мавзуни ўрганиш учун келдим», дейди. Шунда Жобир: «Эй Расулуллоҳнинг амакиваччаси, чақирсангиз уйингизга борар эдик», деганида у киши: «Йўқ, илмга борилади», деб жавоб беради[4].

Илмнинг фазилати улуғдир. Умар разияллоҳу анҳу Маккага сайлаган амирини Мадинага чақиртириб:

– Маккада кимни ўринбосар қилиб қолдирдинг? – деб сўради.

– Ибн Aбзани қолдирдим, – деб жавоб берди.

– Ибн Aбза ким? – сўради Умар разияллоҳу анҳу.

– Озод қилинган қуллардан бири, – деди.

– Макка аҳлига қуллардан бирини амир қилиб қолдирасанми? – дея ажабланди Умар.

– Эй мўминлар амири, у Aллоҳнинг Китобини ёд билган қори киши, – деди. Умар айтди:

– Ундай бўлса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган иш бўлибди: «Aлбатта, Aллоҳ ушбу Қуръон билан баъзи қавмлар мартабасини оширса, бошқаларни эса хор қилади»[5].

Илм олишга интилинг. Олим бўлинг, мартабангиз кўтарилади. Олим бўлинг, Aллоҳнинг буйруғига бўйсунган бўласиз. Олим бўлинг, жоҳилликдан қутуласиз. Олим бўлинг, Aллоҳга онг ва басират ила ибодат қиласиз.

Аллоҳ таоло барчамизни илмга интилувчилардан қилсин. Омин.

[1] Бухорий (71) ва Муслим (1037).

[2] Бухорий ривояти, 5027.

[3] Термизий (2657), Ибн Можа (232) ва Аҳмад (4157) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Ибн Можа»да (2498) саҳиҳ деган.

[4] Доримий (570), Табароний (10614) ва Ҳоким (1/180) ривоят қилган. Ҳоким: «Бухорий шартларига кўра саҳиҳ ҳадис», деган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (9/280): «Ҳадисни Табароний ривоят қилган, ровийлари «Саҳиҳ»нинг ровийларидир», деган.

[5] Муслим ривояти, 817.

Изоҳ қолдиринг