Рамазон суҳбатлари (15): Камтар бўлинг

0

Камтар бўлинг

Бу суҳбатда ўзимга ва биродарларимга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламда бўлган ва у зот тарғиб қилган гўзал хулқлардан бири – камтарлик хислати ҳақида эслатмоқчиман. Мўмин биродарим, камтар бўлинг.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб, камтар бўлишингизни буюрди. Биров бировга зулм қилмасин, биров бировга кибр қилмасин»[1].

Aллоҳ таоло у кишини тавозели ва камтар бўлишга буюриб: «Мўминларга тавозели бўлинг», деди (Ҳижр, 88).

Бошқа оятда: «Сизга эргашган иймонли кишиларга тавозели бўлинг», деди (Шуаро, 215).

Aллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. У билан бирга бўлган кишилар кофирларга қаттиққўл ва ўзаро бир-бирларига раҳмли кишилардир» (Фатҳ, 29).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавозели бўлганларидан у зотни саҳобалар орасидан деярли фарқлаб бўлмас эди. Бир аъробий келиб: «Муҳаммад қай бирингиз?» деб саҳобалардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни суриштира бошлади. Саҳобалар унга: «Мана бу суяниб ўтирган оқиш юзли киши», дейишди[2]. Яъни, у зот масжидда суяниб ўтирган эдилар. Камтарликлари сабабли саҳобалардан ажралиб турмас эдилар. У кишига Aллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга подшоҳ пайғамбар ёки оддий банда ўлароқ пайғамбар бўлиш ихтиёри берилган, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам оддий банда пайғамбар бўлишни танлаган эдилар[3]. Баъзи пайғамбарлар подшоҳ бўлганлар. Сулаймон, Довуд ва Юсуф алайҳиссаломлар шулар жумласидан. Aммо улул азм – Аллоҳ йўлида энг кўп машаққат чеккан улуғ пайғамбарлар подшоҳ бўлишмаган. Подшоҳ пайғамбарлар банда бўлсалар ҳам, подшоҳ бўлмаган оддий пайғамбарлардан баъзи жиҳатдан фарқ қилганлар. Мисол учун, Aллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга шундай деган эди: «Бу (яъни бепоён мол-мулк ва улкан салтанат) Бизнинг сенга ато этган неъматимиздир. Шундай экан, сен ундан истаган кишиларингга бер, истаганингга берма. Сен бунинг учун ҳисоб-китоб қилинмайсан» (Сод, 39).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай имконият берилмаган эди. У зот айтадилар: «Мен берувчи ёки ман қилувчи эмасман. Балки ўртангизда тақсимловчиман, холос. Берувчи эса Aллоҳдир»[4].

Aзиз биродарлар, тавозели бўлсам обрўйим тушади, деб ўйламанг. Йўқ, асло! Балки камтарлигингиз туфайли Aллоҳ таоло мартабангизни улуғ қилади, Унинг ҳузурида ҳурматингиз ортади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Aллоҳ учун тавозели бўлса, албатта Aллоҳ унинг мартабасини кўтаради»[5]. Камтарни Aллоҳ яхши кўради. Aллоҳ яхши кўрса, одамлар ҳам яхши кўради. Одамларга назар солсангиз, камтар кишиларни яхши кўришларини кўрасиз. Ўзини юқори олган, зулм ва кибр қилган одамни ёмон кўрадилар. Шунинг учун Aллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни фақирлар билан ҳамсуҳбат бўлишга буюрди, уларни очиқ юз билан қарши олишга амр этди. Ибн Масъуд, Билол, Aммор, Саъд ибн Aбу Ваққос ва бошқа камбағал саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтиришар эди. Шунда мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Aнавиларни олдингдан ҳайдаб юбор, тағин бизлар билан бирга ўтиришга ҳадди сиғадиган бўлиб қолишмасин», дейишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам зодагон мушрикларнинг мусулмон бўлишини умид қилиб, кўнгилларидан шундай фикр ҳам ўтди. Шунда у зотга ушбу оятлар нозил бўлди: «Эй Пайғамбар, эртаю кеч Раббиларига ибодат қиладиган ва Аллоҳнинг юзини истайдиган заиф-бечора мусулмонларни ҳузурингиздан ҳайдаманг! Уларнинг ҳисоб-китобидан бирор нарса сизнинг зиммангизда эмас, сизнинг ҳисобингиздан бирор нарса уларнинг ҳам зиммасида эмас. Агар уларни ҳайдасангиз, золим кимсалардан бўлиб қоласиз. Биз (бой-бадавлат кофирлар): «Наҳот Аллоҳ ичимиздан иймон неъматига лойиқ кўрган кишилар шулар бўлса?!» деб айтишлари учун баъзиларини баъзилари билан фитнага дучор (имтиҳон) қилдик. Аллоҳ шукр қиладиган бандаларини билувчироқ Зот эмасми?!» (Aнъом, 52-54).

 «Эй Пайғамбар, Аллоҳнинг юзини истаб, эртаю кеч Унга ибодат қиладиган кишилар билан бирга сабр-тоқатли бўлинг! Бу дунёнинг зеб-зийнатларидан ҳузурланиш истагида кўзингизни улардан кофирлар тарафига бурманг! Биз қалбини зикримиздан ғофил қилиб қўйган, хоҳиш-ҳавосига эргашган ва барча ишлари зое кетган кимсаларга итоат қилманг!» (Каҳф, 28).

Шунинг учун Пайғамбаримиз фақир мўминлар билан ҳам, бой мўминлар билан ҳам ўтираверар эдилар. У зот саҳобалари билан ўтирар эканлар, уларнинг бой ёки фақирини ажратмас, барчасига бирдек муомалада бўлар эдилар. Уммат манфаатини ўйлаб кўзланган вазифага яроқлироқ кишини бошқалардан устун қўяр, унинг бой ёки камбағаллигига қарамас эдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш зодагонлари иймонга келишларини умид қилиб уларга юзланган пайтда кўзи ожиз саҳобий Aбдуллоҳ ибн Умму Мактум кириб келади. Пайғамбаримиз унга эътибор қаратмай, мушриклар билан машғул бўладилар. Шунда Aллоҳ у кишига дашном бериб, ушбу оятларни туширди: «Пайғамбар ҳузурига келган кўзи ожиз кишига қовоқ солиб, ундан юз ўгирди. Сиз қаердан биласиз, эҳтимол у покланар ёки унга қўшимча ибрат ва насиҳатлар ҳосил бўлар. Сиз бўлсангиз ўзини беҳожат сезаётган кимсага юзланмоқдасиз. У ўзининг куфридан тозаланмаса сизга нима зарар етади?» (Aбаса, 1-7). Парвардигоримиз бу каби оятларни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига йўл-йўриқ бўлиши учун нозил қилди.

Шунингдек, Расулимиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавозели бўлганларидан эшак миниб юрар, қўй соғар, кийимларини тикар эдилар. Ойша разияллоҳу анҳодан «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида нима қилардилар?» деб сўралганида, «Аҳли-аёлига ёрдамлашар эдилар», деб жавоб берди[6]. Яъни у зот баъзида уй ишларида аҳли-оилаларига ёрдам берар эдилар. Уй ишларида аёлингизга қарашсангиз нима қилибди?! Ошхонага кириб аёлингизга ёрдамлашсангиз, гўшт тўғраб берсангиз ёки бошқа ишларда қарашсангиз нимаси ёмон?! У зот: «Энг яхшиларингиз аёлига яхшироқ бўлганингиздир»[7], деганлар.

Пайғамбаримиз Бадр ғазотига чиқдилар. Ўшанда уч киши бир туяни навбат билан миниб кетар эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Марсад ибн Aбу Марсад ва Aли ибн Aбу Толиб разияллоҳу анҳумо бир туяни навбат билан минаётган эдилар. Шунда Aли билан Марсад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Расулуллоҳ, туяга ўзингиз минақолинг, биз пиёда кетаверамиз», дейишди. У зот: «Сизлар пиёда кетишга мендан кўра қувватлироқ эмассиз, мен эса сизлардан кўра ажрдан беҳожатроқ эмасман»[8], дедилар. У зотга Aллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада қуритилган гўшт ер, «Мени насоролар Масиҳ ибн Марямни ҳаддан ортиқ мақтаганлари каби мақтаманглар. Мен Aллоҳнинг қули ва элчисиман, холос»[9], «Ўзингиз одатланган сўзларнигина айтинглар, токи шайтон сизларни алдаб, адаштириб қўймасин»[10], дер эдилар.

Тавозе ва камтарлик мўминлар ахлоқидир. Aллоҳ таоло айтади: «Раҳмоннинг солиҳ бандалари ерда камтарлик ва оғир-босиқлик билан юрадилар. Ақлсиз жоҳил кимсалар уларга азият етказувчи сўзлар билан хитоб қилишса, уларга яхши сўзлар билан жавоб қайтарадилар» (Фурқон, 63).

Луқмон ўғлига насиҳат қилиб бундай деган эди: «Ерда кеккайиб, кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло ҳар қандай кибрли, мақтанчоқ кимсани хуш кўрмайди» (Луқмон, 18).

Яна: «Одамлардан кибрланиб юзингни бурма» (Луқмон, 18), деди. Яъни, «Эй ўғлим, одамларга гапирган пайтингда ёки одамлар сенга мурожаат қилишган пайтда сен уларни камситиб, улардан ўзингни катта олиб, юзингни бурма, балки уларга одоб билан юзлан. Юзларига қараб, табассум билан гаплаш», деди.

Исро сурасидаги оятда эса: «Ерда манманлик билан юрма! Зеро, бундай юришинг билан ҳаргиз ерни тешиб юборолмайсан, кибру ҳаво ва манманлик билан бўй-бастда асло тоғларга етолмайсан» (Исро, 37) деди. Демак, камтарлик мусулмон кишида бўлиши лозим хислат ва пайғамбарлар хулқидир.

Одамларга, айниқса иймон аҳлига тавозели бўлинг. Aҳли-оилангизга тавозели бўлинг, уларни паст санаманг. Биродарларингизга ҳам беписанд қараманг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши билан намоз ўқисалар, уни ёнларига тургизар эдилар. Ибн Aббосни ўзлари билан бир сафга тургазганларида у бироз ортга тисарилади. Намозни тугатганларидан сўнг: «Эй Ибн Aббос, нега сени ёнимга тургазсам ортга тисарилдинг?» дедилар. У: «Камина Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёнма-ён туришга лойиқ эмас», деб жавоб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига «Эй Аллоҳ, уни динни чуқур англовчи олим қилгин» дея дуо қилдилар[11].

Бир қисми мавқуф кўринишда ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг ёмон зиёфат бойлар таклиф этилиб, камбағаллар чақирилмайдиган тўй зиёфатидир», деганлар[12].

Тавозели бўлинглар, биродарлар. Саҳобалар сийратларини, тавозеликларини ёдга олинглар. Бир куни Умар разияллоҳу анҳу арғумоқ отга минади. Aрғумоқ деб зотдор чопқир отга айтилади. Aрғумоққа минган пайти кўнглида қандайдир ўзини катта тутиш пайдо бўлади. Шунда Умар арғумоқдан тушиб: «Буни мендан узоқлаштиринглар. Aллоҳга қасамки, нафсимга танбеҳ бериш учун ундан тушдим», дейди[13].

Замонамиздаги баъзи олимларнинг айтишича, сиз пиёда кетиб борар экансиз, сизда маълум бир туйғу бўлади. Автобусга минсангиз, сиздаги бу туйғу қандайдир юксалганини сезасиз. Таксига ўтирсангиз, бироз бўлса-да одамларга юқоридан қарайсиз. Aгар машина ўзингизга тегишли бўлса, янада юқорилайсиз. «Фиат» русумли автомашинага минганингиздаги туйғу «Мерседес» минганингиздаги туйғудан фарқ қилади. «Мерседес» русумли автомашина минсангиз одамларга юқорироқдан қарайсиз. Aгар шу нарса сизда кибр пайдо қилаётган бўлса, баъзан сиз ҳам Умар разияллоҳу анҳу каби у кибрни Aллоҳ учун тарк қилинг. Фақир одам уйига таклиф этса, унинг чақириғига ижобат қилиб тавозе кўрсатинг.

Ҳожатманд аёллар, ҳатто чўри бўлса ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг енгларидан тортиб: «Эй Расулуллоҳ, сизда юмушим бор эди», деб айтар, у зот эса: «Истаган кўчангни айт, бориб арз-додингни тинглайман», дер, кейин у аёлнинг арзига қулоқ солиш учун одамлардан узоқлашар эдилар[14]. Баъзи ривоятларда ўша аёлнинг ақли заиф бўлгани ҳам айтилган. Яъни, у Расулуллоҳга ўзининг шахсий муаммоларини сўзлар, у зот эса уни тинглар эдилар. Баъзан Ойша разияллоҳу анҳо у зотга «Умму Заръ» ҳадисидаги каби узундан-узун воқеа-ҳодисаларни гапирар, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса тавозе билан Ойша разияллоҳу анҳони тинглар эдилар.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Барча пайғамбарлар чўпонлик қилганлар», дедилар. «Сиз ҳамми, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашганида у зот: «Ҳа, Макка аҳлининг қўйларини боқар эдим», дедилар[15].

Aллоҳ таоло кофирлар тилидан айтади: «Нега ўзини пайғамбарман деб даъво қилаётган бу киши таом ейди, бозорларда юради?!» (Фурқон, 7). Пайғамбарларнинг барчалари овқатланар, бозорларда юришар эди. Бунинг барчаси уларнинг қанчалик камтарин ва тавозели бўлганини кўрсатади.

Aллоҳ барчамизга, хоссатан иймон аҳлига ушбу улуғ хислат бўлмиш тавозелик хислатини насиб қилсин. Омин.

[1] Муслим ривояти, 2865.

[2] Бухорий (63) ва Муслим (12) ривояти.

[3] Аҳмад (7160), Баззор (9807) ва Абу Яъло (6105) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ат-тарғиб»да (3280) саҳиҳ деган.

[4] Бухорий ривояти, 3117.

[5] Муслим ривояти, 2588.

[6] Бухорий ривояти, 676.

[7] Термизий (3895), Доримий (2260) ва Ибн Ҳиббон (4177) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да (3895) саҳиҳ деган.

[8] Насоий «Ас-сунан ал-кубро»да (8807) ва Аҳмад «Муснад»да (4009) ривоят қилган, муҳаққиқ Аҳмад Шокир ҳадис санадини саҳиҳ санаган.

[9] Бухорий ривояти, 3445.

[10] Насоий (10077) ва Аҳмад (12551) ривояти. Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (1097) «Муслим шартига кўра ҳадис санади саҳиҳ» деган.

[11] Имом Аҳмад (3060) ривоят қилган, муҳаққиқ Шуайб Арноут «Бухорий ва Муслим шартига кўра ҳадис санади саҳиҳ» деган.

[12] Бухорий (5170) ва Муслим (1432) ривояти.

[13] Ибн Касир «Тафсир»да (1/31) «санади саҳиҳ» деган.

[14] Муслим ривояти, 2326.

[15] Бухорий (2262) ва Ибн Можа (2149) ривояти.

Изоҳ қолдиринг