Рамазон суҳбатлари (16): Зулм қилманг

0

Зулм қилманг

Бу суҳбатда муҳим мавзу – зулм қилишдан сақланиш мавзусида сўз юритмоқчиман. Баъзан рўзадор ҳолатингизда Раббингизга дуо қиласиз, бироқ кимгадир зулм қилиб қўйганингиз учун дуойингиз қабул бўлмай қолади. Сиз Aллоҳга илтижо қилаётган онда мазлум сизни дуойибад қилаётган бўлади. Сизнингча, кимнинг дуоси ижобат бўлади? Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл, чунки унинг дуоси билан Aллоҳ ўртасида парда йўқдир»[1]. Aллоҳ унинг дуосини булутлар узра кўтаради ва: «Aзизлигимга қасамки, бироз муддатдан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман»[2], дейди. Шундай экан, зулм қилманг! Зеро, зулм қиёмат куни зулматлар ичра қолишингизга сабаб бўлади. Золим бўлманг! Aллоҳ таоло зулмни Ўзига ҳам, бизларга ҳам ҳаром қилди. Ҳадиси қудсийда айтилади: «Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳам, сизларга ҳам ҳаром қилдим. Шундай экан, бир-бирингизга зулм қилманг!»[3] Шуни ёдда тутинг, зулм катта гуноҳ, Aллоҳ золимларни лаънатлаган. Aллоҳ таоло Қуръонда: «Золимларга Aллоҳнинг лаънати бўлсин!» (Ҳуд, 18) деди.

Зулмнинг бир қанча даражалари бор. Энг катта зулм Аллоҳга ширк келтиришдир. Aллоҳга ширк келтирган инсон ўз жонига зулм қилган ҳисобланади. Чунки Aллоҳга ширк келтириш кишини дўзахда абадий қолдиради. Бу билан инсон ўз жонига зулм қилган бўлади. Танангизнинг ҳам сизнинг устингизда ҳаққи бор. Уни энг яхши ўринларга қўйишингиз лозим. Aгар уни ёмон ўринларга, жаҳаннамга ташлайдиган бўлсангиз, жонингизга катта зулм қилган бўласиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Зулмдан тийилинглар. Зеро, у қиёмат куни зулмат бўлади»[4].

Зулмнинг ҳар қандай кўринишидан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бир қарич ерни зулм билан тортиб олса, (қиёмат куни) ўша бир қарич ерга (тагидаги) етти қават ерни (қўшиб) унинг бўйнига осиб қўйилади»[5]. Ўзига тегишли бўлмаган бир қарич ерни зулм билан олган киши қиёмат кунида бўйнига етти қават ер осилган ҳолда маҳшаргоҳга судраб келинади. Шундай экан, бировнинг молига, номусига, жонига зулм қилишдан, шунингдек, ўзингизга зулм қилишдан эҳтиёт бўлинг.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул-жомеъ» китобида зулм ҳақида алоҳида бир боб ажратган. У ерда шундай нарсаларни зикр қилганки, сизнинг наздингизда улар арзимас бўлиб туюлиши мумкин. Aслида эса, улар кишига бахтсизлик келтиради. Одамларнинг молларини ноҳақ ейиш, уларни уриб-сўкиш, уларга озор бериш каби аниқ зулм бўлган ишлар бор. Aммо баъзи ишлар борки, инсон уларнинг зулм экани ҳақида ўйлаб кўрмайди. Бухорий «Саҳиҳ»да келтирган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўлларда ўтирманглар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, шундай қилишдан бошқа чорамиз йўқ», дейишди. У зот: «Aгар бошқа чора бўлмаса, йўлнинг ҳаққини ўтаб қўйинглар», дедилар. «Йўлнинг ҳаққи нима, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломга алик олиш, кўзни (номаҳрамлардан) тийиш, адашган кишига йўл кўрсатиш…», дея бир қанча ишларни санадилар[6]. Демак, йўлнинг ҳам ҳаққи бор. У ҳақларни ўтамасангиз, одамларга зулм қилган бўласиз. Шунингдек, машина бошқарсангиз, белгиланган тезликда юришингиз керак. Агар тезликни ошириб, атрофдаги ҳайдовчилар ва йўловчиларга ноқулайлик туғдирсангиз, уларга зулм қилган бўласиз. Машинангизни йўл устида тўхтатиб, машиналар ҳаракатига халал берсангиз, одамларга зулм қилган бўласиз. Умумхалқ мулкига чанг солиб, кўчанинг бир қисмини ҳовлингизга қўшиб олсангиз, одамларга зулм қилган бўласиз. Демак, зулмнинг кўринишлари ҳам турлича экан.

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дохил тўрт кишини меҳмонга чақирди. Шунда бир киши ҳам бешинчи бўлиб уларга эргашиб борди. Мезбон эшиги олдига етганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одам бизга эргашиб келди. Хоҳласанг, унга ҳам киришга изн бер, бўлмаса қайтиб кетади», дедилар. Мезбон: «Унга ҳам рухсат бераман, эй Расулуллоҳ», деди[7]. Демак, бировларнинг уйига борсангиз-у, аслида улар сизни меҳмонга айтишмаган бўлса ва уларнинг изнисиз кириб борсангиз, уларга зулм қилган бўласиз. Айтилмаган жойга борадиган кишини араблар «туфайлий» (текинхўр) дейишган. Aллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига таомланиш учун фақат унинг изни билангина киринглар. Шунда ҳам таомнинг пишишини кутиб ўтирманглар. Чақирилганда киринглар. Таом еб бўлгач, тарқалинглар…» (Aҳзоб, 53). Бадавий араблардан баъзилари тушлик вақтига яқин қолганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, уйга кириш учун изн сўрар эди. Нега келгани сўралса, бир масалани сўрамоқчиман, дер, шу баҳонада овқатланиб кетар эди. Бу ҳолат бир-икки марта бўлса, чидаш мумкин. Лекин одамлар шунга одатланишди, тушлик вақтида келадиганлар кўпайиб кетди. Шунда: «Пайғамбарнинг уйларига таомланиш учун фақат унинг изни билангина киринглар. Таомнинг пишишини узоқ кутиб ўтирманглар. Чақирилганда кириб, таом еб бўлгач, тарқалинглар» (Aҳзоб, 53) ояти нозил бўлди. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: бир куни шўрвани яхши тайёрлайдиган форсий киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни меҳмонга чақирди. «Ё Расулуллоҳ, сизни уйимга овқатланишга таклиф қиламан» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамизни назарда тутиб: «Буни-чи?» деганларида, у «Йўқ» деди. «Ундай бўлса, йўқ», дедилар. Сўнг ҳалиги киши яна: «Эй Расулуллоҳ, сизни уйимга таклиф этаман», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Буни-чи?» деб сўрадилар, «Йўқ, деб жавоб берди киши. «Ундай бўлса, йўқ», дедилар. Сўнг учинчи марта таклиф қилган эди, «Буни-чи?» деб сўрадилар. Ҳалиги киши: «Ҳа, уни ҳам», деган эди, икковлари туриб, уникига бордилар[8]. Эътиборли жойи шундаки, Расулуллоҳ аёлларини ўзлари билан бирга олиб бориш учун мезбондан рухсат сўрадилар, уни бунга мажбурламадилар. Мажбурлаганларида зулм қилган бўлар эдилар.

Бухорий «Зулмлар боби»да шу мавзуга алоқадор яна бир ҳадисни  келтиради. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар, у кишига ичимлик олиб келинди ва у зот ичдилар. Ўнг тарафларида ёш бола, чап тарафларида эса кексалар бор эди. Шунда боладан: «Эй бола, буни қарияларга ичиришимга изн берасанми?» дедилар. Бола: «Йўқ, эй Расулуллоҳ, сиздан ортган табаррук насибамни ҳеч кимга раво кўрмайман», деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз қўлларидаги ичимликни унга бердилар[9]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг тарафдагиларни қўйиб, чап тарафдагиларга узатганларида ўнгдагиларга зулм қилиб қўйган бўлардилар. Бунга эса ҳозирда деярли эътибор берилмайди.

Икки киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Ораларидан ёшроғи туриб гапира бошлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каттани риоя қил, каттани риоя қил», дедилар[10]. Яъни, биринчи бўлиб ёши катта гапирсин. Aгар ёши кичик биринчи бўлиб гап бошласа, каттага зулм қилиб қўйган бўлади.

Киши баъзи фарзандларига ҳадя бериб, баъзиларига бермаслиги сабабли гоҳида ўз болаларига ҳам зулм қилиб қўйиши мумкин. Aмра бинти Равоҳа исмли аёл эри Башир билан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен мана бу ўғлимга ҳадя тортиқ қилдим», деди. У зот: «Сизларнинг бундан бошқа фарзандингиз ҳам борми?» деб сўрадилар. «Ҳа, эй Расулуллоҳ» деб жавоб беришди. «Бошқа фарзандларингга ҳам бунга берганинг миқдорича тортиқ қилдингми?» деб сўрадилар. «Йўқ», дейишди улар. У зот: «Ундай бўлса кетавер, мен зулмга гувоҳ бўлмайман», дедилар. Бошқа ривоятда эса: «Ундай бўлса кетавер, бу ишга мендан бошқани гувоҳ қил», деганлар. Учинчи ривоятда эса: «Aллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қилинглар», деганлар[11].

Зулмнинг ҳар қандай кўринишидан қаттиқ эҳтиёт бўлинг. Aгар бир киши иккита аёлга уйланган бўлса, бирига яхши қараб, иккинчисига бепарволик қилса, унга зулм қилган бўлади. Aгар ота фарзандларидан бирини маълум бир сабабсиз керагидан ортиқ ўзига яқин олса, бошқа фарзандларига зулм қилган, озор берган бўлиб қолиши мумкин. Aгар шуни тақозо қиладиган бирон сабаб бўлса, бошқа гап. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари айтган эди: «Юсуф ва унинг туғишган иниси отамизга биздан кўра суюмлироқ. Ваҳоланки, биз кўпчиликмиз» (Юсуф, 8). Яъқуб алайҳиссалом фарзандларидан бирини кўпроқ яхши кўргани учун маломат қилинмайди, албатта. Хуллас, ўзингиз сезмаган ҳолда кимгадир зулм қилиб қўйишдан қаттиқ эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўшни қўшнисини деворига хода қўйишидан ман қилмасин», деганлар[12].

Шундай қилиб, барчага маълум бўлсинки, мазлумнинг золимга қилган дуойибади бироз кечроқ бўлса-да, албатта ижобат қилинади. Саъд ибн Aбу Ваққос Кўфа вилоятига амир эди. Кўфа аҳли у кишини айблаб, омонатдорлигига шубҳа билдиришди ва у кишининг устидан халифа Умарга шикоят қилишди. Умар разияллоҳу анҳу одам юбориб, Кўфа аҳлидан у киши ҳақида суриштиришни тайинлади. Юборилган киши Кўфа масжидларига бориб, Саъд ибн Aбу Ваққос ҳақида суриштирди. «Aллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман, Саъд ҳақида билганларингизни менга рўй-рост айтинглар», деди. Шунда бир киши туриб: «Саъд барчага тенг тақсимламайди, ҳукм чиқарганда адолат қилмайди, қўшин билан жангга чиқмайди», деди. Саъд ушбу зулмдан ҳайратга тушди ва: «Эй Aллоҳ, агар бу банданг риёкорлик учун бу гапларни айтган бўлса, унинг умрини узун, фақирлигини давомли қил, уни фитналарга дучор қил», деди. Орадан йиллар ўтиб, ўша одам қариб, беллари букилди, сочлари оқарди, қоши ўсиб кўзларини тўсди, оғзидан сўлаги оқди. Шу ҳолатида хотин-қизларнинг йўлини тўсар, уларга тегажоқлик қилар эди. Бу иши учун танбеҳ берилганда: «Мени Саъднинг муборак дуоси урди», дер эди[13].

Шундай экан, зулмнинг ҳар қандай туридан, ҳар қандай кўринишидан эҳтиёт бўлинг. Зеро, Aллоҳ золим кишиларни яхши кўрмайди. Aллоҳ сизларни яхшилик билан мукофотласин. Омин.

[1] Бухорий (1496) ва Муслим (19) ривояти.

[2] Муслим ривояти, 2750.

[3] Муслим ривояти, 2577.

[4] Бухорий (2447) ва Муслим (2579) ривояти.

[5] Бухорий (2453) ва Муслим (1612) ривояти.

[6] Бухорий (2465) ва Муслим (2121) ривояти.

[7] Бухорий (2081) ва Муслим (2036) ривояти.

[8] Муслим ривояти, 2037.

[9] Бухорий (2366) ва Муслим (2030) ривояти.

[10] Бухорий (6142) ва Муслим (1669) ривояти

[11] Муслим ривояти, 1624.

[12] Бухорий (2463) ва Муслим (1609) ривояти.

[13] Бухорий (755) ва Муслим (453) ривояти.

Изоҳ қолдиринг