Рамазон суҳбатлари (17): Ҳаромдан сақланинг

0

Ҳаромдан сақланинг

Бу суҳбатимизда рўзадор биродарларимга қуйидагиларни эслатиб ўтмоқчиман. Зеро, эслатма, панд-насиҳатнинг мўминларга нафи етади.

Рўзадор дўстим, рамазонда кун бўйи ҳалол егулик-ичгуликлар ва нафс шаҳватидан ўзингизни тиясиз. Ҳалолданки сақланган экансиз, ҳаромдан албатта сақланинг, ҳаром еманг, ҳаром билан ифтор ва саҳарлик қилманг. Аллоҳ таоло пайғамбарларни буюрган ишга мўминларни ҳам буюрган: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок ризқдан енглар ва солиҳ амал қилинглар» (Мўъминун, 51).

 «Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок таомлардан енглар» (Бақара, 172).

Шундай улуғ кунларда қилган дуоларингиз қабул бўлиши учун фақат ҳалол таом билан таомланинг, асло ҳаром луқма еманг.

Одамларни алдаб молини оладиган каззоб, муттаҳам бўлманг, ёлғон ишлатиб ҳаром пул топманг.

Ўғрилик қилиб ҳаром пул топманг.

Пора олиб, пора берманг, порахўрлик билан ҳаром пул топманг.

Икки қўлингизни осмонга кўтариб: «Эй Раббим, эй Раббим», деб дуо қиласиз. Ҳолбуки, еб-ичганингиз ҳаром, кийганингиз ҳаром, топганингиз ҳаром бўлса, дуоларингиз қандай қабул бўлсин?!

Судхўрликдан сақланинг, рибодан қочинг. Сўдхўрлик билан топилган ҳаром луқма билан озуқаланманг. Аллоҳ таоло айтади: «Судхўрлик қиладиган кишилар охиратда қабрларидан худди жин теккан одамдек турадилар. Сабаби, улар: Савдо-сотиқ ҳам худди судхўрлик билан бир хил”, дейишди» (Бақара, 275).

Судхўрлик қилманг. Судхўрлик билан шуғулланган киши қиёмат куни маст-аласт каби беқарор, тебраниб юради. Судхўрлар қабрларидан жин теккан телба, савдойи кишилар каби чиқиб келадилар. Телба, маст-аласт кишиларнинг қандай тебраниб, беқарор юрганини кўргансизлар. Баъзи ривоятларда келишича, қиёмат куни судхўрга айтилади: «Қиличингни тақиб, совутингни кийиб ол». Судхўр: «Нимага, нима учун?» дейди. «Ҳозир сен жангга кирасан, урушасан» дейилади. Судхўр: «Ким билан жанг қиламан?» дейди. «Аллоҳ ва Расулига қарши урушасан», деб айтилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда айтган: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинг ва дастмоянгиз устига қўйилган фоизлар қолдиқларидан воз кечинг! Агар Аллоҳ қайтарган нарсадан тийилмасангиз, Аллоҳ ва Расулига қарши урушга (кирганингизга) аниқ ишонаверинг!» (Бақара, 278-279)[1].

Аниқ билингки, судхўрликни ташламасангиз Аллоҳ сизга қарши уруш қилади, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга қарши жанг қиладилар. Буни яхши билиб олинг!

Эй судхўр, билиб қўй! Сен йиғасан, йиғаверасан, йиғаверасан, сўнг қарабсангки, йиққанингнинг барчаси бир лаҳзада йўқ бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: «Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) буткул кетказади. Садақаларни эса ўстириб-кўпайтиради. Аллоҳ куфрида маҳкам турувчи, гуноҳу маъсиятга ва ҳаромга муккасидан кетувчи ҳеч бир кишини ёқтирмайди» (Бақара, 276).

Эй судхўр, сен рибо билан шуғулланиб, судхўрлик қилиб мол-дунё йиғарсан, лекин ҳаром луқма еб катта бўлган ўғлинг ноқобил чиқади, қизинг шарманда қилади.

Судхўрликдан топган молингни қуриётган жигарингни даволатишга сарфлайсан ёки буйрагинг соғайиши учун топганингни дорига кеткизасан.

Судхўрликдан катта бойликка эга бўларсан, лекин рўшнолик кўрмайсан. Ҳаром бойлигинг фарзандларинг ўртасида жанжал-тўполонга сабаб бўлади. Рибо сабаб болаларинг бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетади ва ҳатто бир-бирини ўлдиришга ҳам бориши мумкин. Бу ҳали шу дунёдагиси, охиратда эса, сени аламли азоб кутиб турибди.

Судхўр лаънатланган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло рибони егувчини ҳам, ёзиб қўювчини ҳам, судхўрга фоиз берувчини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатлади»[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рибонинг ҳар қандай турини егувчиларни лаънатлаганлар.

Аллоҳ таоло деди: «Эй иймон келтирганлар, қарзингизни бир неча баробар орттирилган фоиз билан талаб қилманг, балки фақат дастмоянгизни олинг. Нажот топишингиз учун Аллоҳдан тақво қилинг. Кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган дўзах ўтидан сақланинг. Аллоҳга ва Пайғамбарга бўйсунинг. Шояд, шунда Аллоҳнинг раҳматига эришсангиз» (Оли Имрон, 130-132).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида рибо егувчини қон денгизида сузаётганини кўрганлар. Судхўр бу қонли денгиздан чиқиш учун қирғоққа интилиб сузиб келади. Қирғоқда эса ёнига тошлар уюб олган киши туриб олган. Рибо егувчи қирғоққа яқинлашганида уни тош билан уради ва уни яна денгиз ўртасига қайтариб юборади. У яна сузиб қирғоққа чиқишга интилади ва шу ҳолат давом этаверади[3]. Бу судхўрнинг жазосидир. Шундай экан, рибо ейишдан эҳтиёт бўлинг. Судхўрлик қилманг. Бу жиноятга қўл урган кимсалар дуо қилса, дуоси ижобат бўлмайди. Инсоннинг топиш-тутиши ҳаромдан бўлса, еб-ичиши ва кийиши ҳаром бўлса, дуоси ижобат бўлмаслигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга баён қилганлар.

Ғор воқеасидаги йигитларни эсга олинг. Улар бир-бирларига: «Сизлар ичингиздан бир кишини манави кумуш тангаларингиз билан шаҳарга юборинглар. У шаҳар аҳлидан қай бирининг таоми ҳалол-пок эканини қараб-билиб, ўшандан сизларга егулик келтирсин» (Каҳф сураси, 19) деб, қийин ҳолатда бўлишларига қарамай таомларининг ҳалол-пок бўлишига диққат қилганлар. Ҳалолдан топиб, ҳалолдан еб-ичинг. Ҳаромдан ҳазар қилинг.

Маълумки, рибо икки турга бўлинади. Биринчиси насия рибоси. Бу тур одамлар орасида энг машҳур ва энг кўп тарқалган рибо тури бўлиб, маълум муддатга берилган қарзни ошиғи билан қайтариб олишдан иборатдир. Масалан, бир киши бошқа бировга минг доллар қарз бериб, бир йилдан кейин бир минг бир юз қилиб қайтариб олади.

Иккинчиси фазл рибосидир. Масалан, икки кило паст навли хурмони бир кило олий навли хурмога алмаштириш ёки бир кило сифати паст тиллони етти юз эллик грам олий сифатли тиллога алмаштириш фазл рибосидир.

Демак, насия рибосида муҳлат ва муддат ҳисобига фойда келса, фазл рибосида икки бир жинсли нарсадан бирининг сифатли бўлиши эвазига қўшимча фойда олинади. Рибонинг ҳар икки тури ҳаромдир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинг ва дастмоянгиз устига қўйилган фоизлар қолдиқларидан воз кечинг! Агар Аллоҳ қайтарган нарсадан тийилмасангиз, Аллоҳ ва Расулига қарши урушга (кирганингизга) аниқ ишонаверинг! Агар Раббингизга тавба қилиб, судхўрликни тарк қилсангиз, қарзга берган сармоянгиз ўзингизникидир. Шунда сармояга қўшимча фоиз қўшиб олиш билан бировга зулм қилмайсиз, қарздорлар сармоянгизни камайтириб бериш билан сизга зулм қилмайди» (Бақара, 278-279).

Эй мусулмонлар, судхўрлик қилманг! Ёлғондан сақланинг, порадан узоқ бўлинг, ўғриликдан ҳазар қилинг. Ҳалол-пок ризқ талаб қилинг, ҳаром еманг. Қандай кўринишда бўлсин ҳаромдан четланинг! Ҳаром есангиз дуоларингиз ижобат бўлмайди. Ҳар доим ва айниқса, шундай улуғ кунларда ҳаром ейишдан ўзингизни сақланг! Ўқиётган намозларингиз, тутаётган рўзаларингиз, қилаётган дуоларингиз, тиловатларингиз қабул бўлиши учун ҳаромдан ўзингизни пок тутинг. Токи ҳаромдан пок, фақат яхши сўзларни гапирадиган оғиздан дуолар самога кўтарилсин. Ҳаром егувчи оғиз, ғийбатчи, чақимчи ва гап ташувчи тилдан дуолар чиқмасин.

Аллоҳ таоло бизларни ҳалол-пок ризқ билан қаноатлантирсин ва фақат ҳалол-пок ризқ ато этсин! Омин.

[1] Асарни Ибн Жарир ат-Табарий «Тафсир»да (3/108) ва Ибн Абу Ҳотим «Тафсир»да (2/550) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, Шайх Аҳмад Шокир «Умдат ат-тафсир»да (1/330) «санади саҳиҳ» деган.

[2] Насоий «Сунан»да (5104) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан Насоий»да (5119) саҳиҳ деган. Шунга ўхшаш ҳадисни Имом Бухорий (5939) ва Муслим ҳам (2125) «Саҳиҳ»ларида келтирган.

[3] Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий», 7047-ҳадис.

Изоҳ қолдиринг