Рамазон суҳбатлари (22): Ёмонга ҳамроҳ бўлманг

0

Ёмонга ҳамроҳ бўлманг

Бу суҳбатда аввало ўзимни, сўнг сизларни четланишимиз керак бўлган бир ишдан огоҳлантирмоқчиман. У ҳам бўлса, ёмон инсонларга ҳамроҳ бўлиш. Жоҳил инсонлар билан бирга бўлманг, ўзингиз ҳам жоҳиллардан бўлманг. Ёмон инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлманг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи билан темирчининг босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи сизга атир ҳадя қилади, ё ўзингиз сотиб оласиз, ҳеч бўлмаса хушбўй атир ҳидидан баҳраманд бўласиз. Босқонга дам урувчи эса, кийимингизни куйдиради, ё бўлмаса босқоннинг бадбўй ҳидидан озор чекасиз»[1].

Санади бироз заиф бўлса-да, бироқ саҳиҳлигига далолат қиладиган бошқа ривоятлар келган бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Киши дўстининг динида бўлади. Шундай экан, ким билан дўст бўлаётганига қарасин»[2]. Демак, мусулмон одам Аллоҳга яқинлаштирадиган дўст топишга ҳаракат қилиши керак. Чунки дўст ўз дўстига, суҳбатдош ўз суҳбатдошига таъсир қилмай қолмайди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини эшитмаганмисиз: «Аъробийлар куфр ва нифоқда бошқалардан ёмонроқдир» (Тавба, 97). Улар куфрда кимдан ёмонроқ ёки нифоқда кимдан ёмонроқ эдилар? Уламолар айтишича, аъробийлар куфрда мадиналик кофирлардан ёмонроқ, нифоқда эса мадиналик мунофиқлардан ёмонроқ эдилар. Негаки, Мадина кофирлари, гарчи ўз куфрларида қолишган бўлсалар ҳам, кундалик ҳаётда мусулмонлар билан аралашиб тургани сабабли оз бўлса-да мусулмонлардан таъсирланишган, мусулмонларнинг баъзи одоб-ахлоқидан ўрнак олишганди. Масалан, мисрлик бир насронийга «Қизинг зино қилибди», десангиз, қаттиқ изтиробга тушганини кўрасиз. Аммо россиялик насронийга шундай десангиз, бундай ҳолатга тушмайди. Ҳолбуки, иккиси ҳам насроний. Лекин мисрлик насроний мусулмонлар диёрида яшагани ва зинонинг диёнатга ҳам, соғлом фитрат ва ақлга ҳам тўғри келмаслигини, зино уят-ор эканини билгани сабабли «Қизинг зино қилди» деган сўздан жаҳли чиқади ва бундай дейишларига асло рози бўлмайди. Ҳатто бу сўз учун уруш қилишгача боради. Аммо россиялик насроний эса, яшаб турган муҳитидан таъсирлангани сабабли унга «Қизинг зино қилди» дейилса, бу сўзга айтарли эътибор қаратмайди, парво ҳам қилмайди.

Шубҳасиз, суҳбатдош ва шерик ўз суҳбатдоши ва шеригига таъсир қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одам фарзандининг энг афзали бўлганлари боис у зотга суҳбатдош бўлганлар ҳам энг яхши инсонлар, энг яхши авлод бўлишди. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган: «Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз» (Оли-Имрон, 110). Энг яхши уммат, энг яхши авлод энг яхши Пайғамбарга ҳамсуҳбат бўлди.

Инсон суҳбатдошидан, ҳамроҳидан таъсирланади. Шу боис шариатимизда ёмон одамларга ҳамроҳ бўлишдан, улар билан бирга ўтиришдан бир қанча қайтариқлар келган. Аллоҳ таоло айтади: «Жоҳил кимсалардан юз ўгиринг» (Аъроф, 199). Бошқа оятда: «Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларича улардан юз ўгиринг! Агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!» (Анъом, 68), деган. Яна бошқа оятда бундай деган: «Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: “Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангиз, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманг”, деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз,) демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир» (Нисо, 140).

Барчангизга маълумки, Аллоҳнинг дўсти Иброҳим алайҳиссалом қавми Исломга киришдан бош тортганда уларга бундай деганди: «Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланаман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қиламан. Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қиламан» (Марям, 48).

Демак, ёмон одамлар билан бир даврада бўлиш албатта салбий таъсирини ўтказади. Али разияллоҳу анҳунинг қотилини мақтаб шеър айтган хаворижлардан бири Имрон ибн Ҳиттон ҳаётига бир назар солинг. Айтишларича, у бошида аҳли суннат ва жамоат йўлида бўлган. Амакисининг хаворижлар фикрига эргашган гўзал қизи бор эди. Имрон уни тўғри йўлга соламан, деб унга уйланади. Аммо у қиз Имронни хаворижлар йўлига солиб қўяди. Оқибатда, Алини ўлдирган қотилни мақташгача боради. Демак, хотин ҳам суҳбатдош саналади. Айримлари яхши суҳбатдош бўлса, айримлари ёмон суҳбатдош бўлади. Шу сабабли Аллоҳнинг дўсти Иброҳим ўғли Исмоилнинг хотинида ношукрлик аломатини кўргач остонасини алмаштиришга буюради. Сўнг Исмоил алайҳиссалом у билан ажрашади.

«Мусаннаф» китобининг муаллифи Имом Абдураззоқ ибн Ҳаммом Санъоний раҳимаҳуллоҳда бироз шиалик фикрига мойиллик бор эди. Ундан: «Эй Абдураззоқ, Аҳмад ва бошқа буюк пешво имомларга ҳамсуҳбат бўла туриб, бу нарсани қаердан орттиргансиз ўзи?» Яъни, қандай қилиб шиалик фикрига мойил бўлиб қолгансиз? деб сўрашди. Шунда у: «Жаъфар ибн Сулаймон суҳбатида бўлганман. Кўркам инсон эди. Шундан таъсирланганман», деб жавоб берган экан. Демак, инсон ўз суҳбатдошига албатта таъсир қиларкан.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ёмон инсонларга ҳамсуҳбат бўлишдан узоқлаштиришини сўраб бундай деган: «Парвардигорим, менинг ўзим ва оғам Ҳорундан бошқага кучим етмайди. Шундай экан, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавм орасини ажратгин» (Моида, 25) .

Ёмон улфат сизга бахтиқаролик олиб келади. Ёмон улфатлар Абу Толибнинг кофир ҳолида жон беришига сабаб бўлган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган амакиси Абу Толибнинг ҳузурига бориб, унга дедилар: «Эй амаки, лаа илааҳа иллаллоҳ, деб айтинг. Шу бир сўзни эрта қиёматда Аллоҳ ҳузурида фойдангизга далил қилиб келтирардим». Ўша ерда Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва бошқа Абу Толибнинг ёмон улфатлари ҳам бор эди. Улар: «Эй Абу Толиб, Абдулмутталибнинг динидан воз кечасанми?!» деб туришди. Натижада, Абу Толибнинг охирги айтган сўзи: «Мен Абдулмутталибнинг динидаман», дейиш бўлди[3]. Охири нима билан якунланди? Кофир ҳолида жон берди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Абу Толиб дўзахда тўпиғигача оловга ботган ҳолда бўлади. Бундан унинг мияси қайнайди»[4]. Қачонгача бу ҳолатда бўлади? Абадулабад, мангу, ҳамиша дўзахда бўлади. Сабаби, ўша суҳбатда Абу Жаҳл, Утба ибн Рабеа, Умайя ибн Халаф каби ёмон ҳамроҳлар бўлганидир. Аллоҳ таоло айтади: «У куни золим кимса ҳасрат-надомат билан икки қўлини тишлаб: «Қанийди, мен ҳам пайғамбар йўлини тутсайдим, қанийди, фалончини дўст тутмасайдим. У менга Қуръон келганида мени ундан чалғитди», деб айтади. Шайтон инсонни доимо ёрдамсиз қолдиради» (Фурқон, 27-29).

 Ёмон одамларга ҳамроҳ бўлишдан ўта эҳтиёт бўлайлик. Улар сизга ҳаром ва бузуқ ишларни чиройли қилиб кўрсатиб, бу ишларга қўл уришингизни исташади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳою ҳавасга берилган кимсалар эса ҳақ йўлдан бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар» (Нисо, 27).

Усмон разияллоҳу анҳу: «Зинокор аёл барча аёллар зино қилса эди, деб орзу қилса, ўғрилик қилиб қўли кесилган одам бошқалар ҳам ўғрилик қилса эди, деб орзу қилади», деган экан. Сабаби, инсон бир ўзи тавқи-лаънатга қолишни истамайди. Бунинг тасдиғини Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида топасиз: «Ҳою ҳавасга берилган кимсалар эса ҳақ йўлдан бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар» (Нисо, 27).

Айтган сўзларим қанчалик ростлигини билмоқчи бўлсангиз, қамоқхоналарга бориб маҳбуслардан сўраб кўринг. Бири йигирма йилга, бошқаси ўн йилга ва яна бири бундан ҳам кўпроқ ёки озроқ муддатга қамалган. Улардан: «Сизнинг қамоққа киришингизга нима сабаб бўлди?» деб сўраб кўринг. Кўпчилиги: «Мени тўғри йўлдан оздирган ёмон дўстим касофатидан», деб жавоб беради. Улар ўз ҳамроҳларини одам ўлдиришга ундаган, гиёҳванд моддаларни сотишга бошлаган ёки уларга ўғрилик қилишни ўргатган. Қамоққа олиб кирган бундай ёмон ишларни қилишга аслида ёмон дўстлари сабаб бўлганини кўрасиз. Албатта, маҳбуслар орасида қамоқда ноҳақ ўтирган мазлумлари ҳам бор. Улар бундан мустасно. Бироқ кўпчилик жиноятчиларнинг қамоққа киришига уларнинг ёмон дўстлари ва улфатлари сабабчи бўлган. Улар улфатларини шундай ёмон кўйга солишган, жиноятга етаклашган. Шундай экан, ёмон инсонлар билан дўст бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Улар билан бирга ўтирманг, борди-келди қилманг. Улар сизга ҳамиша зиён етказишади. Олдиларидан кетсангиз, сизни ғийбат қилишади, сизни қандай ўмаришни ўйлашади, хотинингизни, қизингизни йўлдан уриш пайида бўлишади. Ёмон одамлар билан дўст бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Жоҳил одамлар билан бирга бўлманг.

Қўл телефонингизни текшириб кўринг. Унда қайд этилган исмларга бир назар солинг. Қиёмат куни дўст бўлганингизга пушаймон бўладиган, у кунда сизга дўст бўлишини истамайдиган бирон кимсанинг исмини кўрсангиз, телефонингиздан ўчириб ташланг. Телефонингизни ёмон одамлар рақамидан, даврангизни ёмон одамлар иштирокидан тозаланг. Албатта, Аллоҳ сақлаган кишигина гуноҳлардан, ёмонликлардан омонда қолади.

Бошлиқлар, халққа масъул шахслар, атрофингизга ёмон одамларни эмас, балки яхшиларни жамлашга ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бирон пайғамбар юборган, ё бирон халифа қўйган бўлса, албатта унинг иккита маслаҳатчиси бўлган»[5]. Яхшиликка ундайдиган, рағбатлантирадиган маслаҳатчи, ёмонликка бошлайдиган, ундайдиган маслаҳатчи.

Аллоҳ таолодан бизларга солиҳ маслаҳатчилар, яхши суҳбатдошлар насиб этишини сўрайман, шунингдек, ёмон дўстдан, ёмон ҳамроҳдан, мангу қолинажак диёрда ёмон одамлар билан бирга бўлишимиздан паноҳ тилайман.

[1] Бухорий (5534) ва Муслим (2628) ривояти.

[2] Абу Довуд (4833), Термизий (2378) ва Аҳмад (8398) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да ҳасан деган.

[3] Бухорий (4772) ва Муслим (24) ривояти.

[4] Бухорий (3885) ва Муслим (210) ривояти.

[5] Термизий (2369) ва Ҳоким (7178) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг