Рамазон суҳбатлари (23): Қўрс-қўпол бўлманг

0

Қўрс-қўпол бўлманг

Бу суҳбатда аввало ўзимни, сўнг сизларни қўрс ва қўпол бўлишдан огоҳлантирмоқчиман. Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай деган: «Агар қўпол, бағритош бўлганингизда, одамлар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон, 159). Албатта, бундай ҳукмларда мўминлар пайғамбарларига тобе бўладилар.

Қўрслик ва қўполлик одамларни сиздан бездиради. Хотинингиз билан қўпол муомалада бўлишингиз сиздан талоғини сўрашига сабаб бўлади. Чунки унга қўпол муомала қилсангиз, уйда ҳамиша қовоғингиз осилган, хўмрайган ҳолда юрсангиз, сиз билан яшаб нима рўшнолик кўрсин?! Бунга бир кун чидар, бир ой чидар, лекин доимо бунга сабр қилолмайди-ку! Унга қилган ёмонлик ва зуғумларингиз кўнглида қолиб кетади. Бунинг устига қиёмат куни бунга жавоб берасиз. Шундай экан, мулойим бўлинг, қўрс-қўпол бўлманг.

Ҳеч қачон мўмина аёлни, яъни хотинингизни ёмон кўрманг. Ёмон кўрманг, деганда нимани назарда тутяпман, биласизми? Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳеч бир мўмин бир мўмина аёлни (яъни хотинини) ёмон кўрмасин. Агар бир хулқи ёқмаса, бошқа бир хулқи ёқади»[1].

Хотинингиз сиз истагандек, ҳар томонлама сиз орзу қилгандек бўлади, деб ўйламанг. Ҳеч қачон ундай бўлмайди. Зеро, аёллардан фақат Марям ва Осиё алайҳимассалом мукаммал бўлганлар. Эркаклардан бўлса, кўпчилик камолотга етган. Умуман олганда, аёлларнинг ақли ва диёнати эркакларникидан камроқ бўлади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга яхши муомалада бўлишга буюриб, шундай деганлар: «Аёлларга яхши муомала қилинглар. Чунки аёллар қовурғадан яратилган. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан. Агар ўз ҳолига қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади»[2]. Бошқа ҳадисда бундай дейилади: «Ундан фойдаланаман десанг, қийшиқлигича фойдаланасан»[3].

Хотинингизда албатта бир камчиликни кўрасиз. Хотинингиз яхши хонадондан бўлиши, лекин сиз ўйлагандек чиройли бўлмаслиги мумкин. Ёки чиройли бўлиши, аммо ота-онаси, яқин қариндошлари ёмон одамлар бўлиши мумкин. Ёки яхши хонадондан, чиройли бўлиши, лекин пазанда бўлмаслиги мумкин. Ёки пазанда, чиройли, яхши хонадондан бўлса-да, тили ўткир, гап қайтарадиган, қўпол бўлиши мумкин. Ёки хулқи яхши, аммо бепушт бўлиши мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, мўмин киши бирон мўмина аёлни ёмон кўрмасин, ундан нафратланмасин. Бир хулқи ёқмаса, бошқа бир хулқи манзур бўлади. Аёлингизни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан афзал бўлади, деб ўйлайсизми?! У зот аёлларидан бирига бир сирни айтдилар ва уни ҳеч кимга айтмасликни тайинладилар. Ўша аёллари нима қилди деб ўйлайсиз? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сирларини бошқаларга айтиб қўйди. Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар хотинларидан бирига бир сўзни пинҳона айтганини эсланг. У сирни бошқасига айтиб қўйгач ва Аллоҳ буни пайғамбарига билдиргач, пайғамбар сирни фош қилган аёлига унинг барча қилмишини юзига солмади» (Таҳрим, 3).

Айрим уламолар ушбу оятдан қуйидаги ҳукмни олишган экан. Хотинингиз ўнта хатоликка йўл қўйса, шуларнинг бештасига чора қўлланг, бештасини кечиринг. Чунки аёлларнинг ақли ва диёнати эркакларникидан кам бўлади. Барчамиз биламизки, эс-ҳушли оқил инсонга бир услубда, ёш болага бир услубда, аёл кишига бир услубда, кекса қарияга бошқа бир услубда муомала қилинади. Демак, аёллар билан ўзларига яраша муомала қилиш услуби бор экан. Ғарбпарастларга ўхшаб аёл киши ҳам эркак киши билан бир хил деб ўйламанг. Улар Аллоҳ таолонинг бандалари орасида жорий этган суннати – ўзгармас қонунидан ғофил кимсалардир. Раббимиз Аллоҳ бундай дейди: «Эркак зоти аёл зотидек бўлмас» (Оли Имрон, 36). Ғарбпарастлар эса эркак билан аёл бир, деб айтишади. Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло айтганидек, «Эркаклар хотинлар устидан раҳбардирлар» (Нисо, 34) деб биламиз. Оят давомида айтилган икки сабабга кўра эркаклар аёллардан устундир. Оят давомида бундай дейилади: «Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан жисмоний жиҳатдан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир» (Нисо, 34). Аёл киши жисмоний жиҳатдан эркак киши каби кучли бўлмайди. Шундай экан, нега   эркакка юкланган вазифаларни аёлга юклайсиз?! Унга зулм қилган бўласиз-ку! Шуни аниқ билингки, ҳеч қачон аёл эркакдек бўлолмайди.

Мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳога назар солайлик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ойша ўртасида бўлиб ўтган икки ҳодисани эслатиб ўтмоқчиман. Пайғамбаримиз ўзларига қилинган яхшиликни ҳечам унутмайдиган вафодор инсон эдилар. Хадича разияллоҳу анҳо у зотга қўлидан келганча яхшилик қилган, моли билан ёрдам берган, ҳамиша у зотга ҳамдард бўлган эди. Даъват бошида Пайғамбаримизга суянчиқ бўлган, у зотга фарзандлар туғиб берганди. Пайғамбаримиз унинг яхшиликларини унутмас, доимо уни мақтаб: «Хадича ундоқ эди, Хадича бундоқ эди», дер эдилар. Уни кўп эсга олардилар. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшанинг уйида эдилар. Хадичанинг синглиси Ҳола бинти Хувайлид келиб, киришга изн сўради. Унинг овозидан Хадича эсларига тушиб кетди. Хурсанд бўлиб: «Эээ, Ҳола-ку!», дедилар. Ҳола опаси Хадичани эслатар эди. Борди-ю, бир жонлиқ сўйсалар, бир қисмини олиб: «Мана буни Хадичанинг дўстларига олиб боринглар», дер эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо Хадичани ёдга олишларидан Ойшанинг рашки келди ва: «Хадича, Хадича! Қариб тишлари тўкилган, оғзида милкидан бошқа нарса қолмаган, бир замонлар ўлиб кетган қурайшлик кампирнинг нимасини эслайсиз?! Ахир, Аллоҳ таоло сизга унинг ўрнига яхшироғини ато этди-ку!» деди[4]. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга табассум билан: «Уни яхши кўраман-да», деб жавоб бердилар[5]. Ойшани бундай дейишга ундаган нарса рашки бўлгани боис Пайғамбаримиз бу ўринда Ойшага қаттиқ гапирмадилар. Бошқа бир ўринда Ойша кундоши Сафийя бинти Ҳуяйнинг бўйи пастлигига ишора қилиб, масхараомуз оҳангда: «София мана бунақа-ку», деди. Бу ўринда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшага қаттиқ гапирдилар: «Эй Ойша, сен шундай сўзни айтдингки, агар денгизга аралаштирилса, денгизни ифлос қилиб юборарди»[6].

Хулоса қилсак, аёллар билан муомала қилишда мулойимликка, шунингдек, уларни тўғрилаш учун босиқликка муҳтож бўламиз. Уйингизда мулойим бўлинг, қўрс ва қўпол бўлманг. Такрор эслатаман, асло бирон мукаммал аёлни топмайсиз.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳақида яна бир воқеани айтиб ўтсак. Зайнаб бинти Жаҳш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари, мўминлар онаси, ўта чиройли, ибодатгўй аёл эди. Ҳатто шифтга бир арқонни боғлаб қўяр, кечаси намоз ўқиб чарчаса, қаддини тутиб туриш учун ўша арқонга ўзини боғлаб олар эди. Қўли очиқ, кўп хайру садақа қиларди. Уйда тери ошлаб, ошланган терини сотиб, пулидан садақа қиларди. Шу сабабли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Вафотимдан сўнг менга биринчи бўлиб қовушадиганингиз қўли узунингиздир». Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларидан кейин у зотнинг аёллари кимнинг қўли узунроқ эканини билиш мақсадида қўлларини ўлчаб кўришган. Савда разияллоҳу анҳо қўли энг узуни эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан сўнг аёлларидан биринчи бўлиб Зайнаб оламдан ўтгач, қўли узун деганда кўп садақа қилувчини назарда тутганларини билишди[7]. Хуллас, Зайнаб диндор, ибодатгўй, солиҳа, чиройли ва насл-насабли аёл эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаларининг қизи бўлган. Онаси Умайма бинти Абдулмутталиб эди. Аллоҳ таоло уни Пайғамбаримизга етти осмон юқорисидан никоҳлаб берган. Лекин унинг бир камчилиги бор эди. Баъзан қаттиқ гапириб қўярди. Бировга қаттиқ гапириб қўйиб, сўнг ундан узр сўраб, Аллоҳга истиғфор айтарди. Табиати шунақа эди. Ҳар қандай эр бунга баъзан чидаса, баъзан чидаб туролмаслиги мумкин. Шу сабабли собиқ эри Зайд Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига Зайнабдан шикоят қилиб келади. «Аллоҳдан қўрқ, хотинингни қўйиб юборма», деб жавоб берадилар. Лекин бирга яшашни Аллоҳ уларга тақдир қилмаган экан, охири ажрашишади.

Мулойим бўлинг. Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳо эри Зубайрнинг хизматини қилар, унга овқат пиширар, уй юмушларини бажарар, унинг отига қарар, лекин нонни яхши пиширолмас эди. Нон ёпса, яхши чиқмасди. Нима қилишарди? Асмо айтади: «Менинг яхши ансор қўшниларим бор эди. Улар менга нон пишириб беришарди»[8].

Ойша разияллоҳу анҳо жуда чиройли, оқ юзли, ўта зийрак, насл-насабли, турли бўҳтонлардан пок эканини билдириб Аллоҳ таоло етти осмон устидан у ҳақда оят туширган иффатли аёл эди. Лекин рашки ўта кучли эди.

Мулойим ва ҳалим бўлинг, асло қўрс-қўпол бўлманг. Қай ишда мулойимлик бўлса, албатта уни кўркамлаштиради, қай ишда бўлмаса, албатта унга путур етказади.

Аллоҳ таоло айтади: «Агар қўпол, бағритош бўлганингизда, одамлар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон, 159).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳалимлик ва мулойимлик хислатини насиб қилсин. Омин.

[1] Муслим ривояти, 1469.

[2] Бухорий (3331) ва Муслим (1468) ривояти.

[3] Бухорий ривояти, 5184.

[4] Бухорий ривояти, 3822.

[5] Муслим ривояти, 2534.

[6] Абу Довуд (4875), Термизий (2502) ва Аҳмад (25560) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.

[7] Бухорий (1420) ва Муслим (2452) ривояти.

[8] Бухорий (5224) ва Муслим (2182) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг