Ҳақдан оғманг
Бу суҳбатда барча мўминларга шуни эслатмоқчиман: эй Аллоҳнинг бандалари, тўғри йўлдан оғманг. Рамазон ойида ҳам, кейин ҳам тоат-ибодатда бардавом бўлинг. То ажалингиз келгунича тоат-ибодатдан тўхтаманг. Зеро, тоат-ибодат рамазон ойига ё бошқа бирон мавсумга боғланган эмас. Аллоҳ таоло айтади: «То сизга аниқ нарса келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр, 99). «Аниқ нарса» ўлимдир. Яъни, то ўлимингиз келгунча Раббингизга тоат-ибодат қилишда бардавом бўлинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган пайтларида бундай деганлар: «Намозга маҳкам бўлинглар, намозга маҳкам бўлинглар. Қўл остингиздагиларга яхши муомалада бўлинглар»[1]. Ўзлари қаттиқ касал бўлишларига қарамай, жамоат билан намоз ўқиш учун икки кишига – Аббос ва Алига суяниб, судралган ҳолларида масжидга чиққанлар.
Исо алайҳиссалом бешикдалик чоғида бундай деган: «То ҳаёт эканман, Раббим мени намоз ўқишга ва закот беришга буюрди» (Марям, 31). Яъни Раббим мени умр бўйи намоз ўқишга ва закот беришга буюрди.
Тоат-ибодатда бардавом бўлинг. Қилган амалларингизни йўққа чиқарманг. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тоат-ибодат қилиб, савобга эришдингиз. Энди Аллоҳга осий бўлиб, гуноҳ ишга қўл урманг. Акс ҳолда, тутган рўзаларингиз, ўқиган намозларингиз, Қуръон тиловатингиз ва берган садақаларингиз савобини йўққа чиқарасиз.
Қуръони каримда мисол қилиб келтирилган эсипаст аёл сингари бўлманг. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзи йигирган ипини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг чуваб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз!» (Наҳл, 92). Маккада эси оғган, ақли заиф бир аёл бор эди. Арқон қилиб сотиш мақсадида кун бўйи ип йигирар, кеч кириши билан йигирган ипларини чуваб ташлаб, шунча қилган меҳнатини кўкка совурарди. Тоат-ибодатдан сўнг гуноҳга қўл урган инсон ҳам худди шу аёлга ўхшайди. У рўза, намоз, Қуръон тиловати ва бошқа тоат-ибодатларни бажариб, яхши амаллар тарозисини оғирлаштиради. Сўнг гуноҳ ишлар қилиб, мазкур ибодатлари ажр-савобини йўққа чиқаради. Шундай экан, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлинг, қилган амалларингизни йўққа чиқарманг. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилиб сўраганларидек сиз ҳам Аллоҳдан собитқадамлик сўранг: «Эй қалбларни ўзгартириб турувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин. Эй қалбларни буриб турувчи Зот, қалбимни тоатингга бургин»[2].
Қуръонда зикр қилинган мўминлар каби бундай дуо қилинг: «Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Сенгина барча яхшиликларни ато этувчисан!» (Оли Имрон, 8).
Амалингизни кўкка совурманг. Аллоҳ таоло айтади: «Амалларингизни йўққа чиқариб қўйманглар!» (Муҳаммад, 33).
Амалингизни йўққа чиқарманг! Тоат-ибодатни ташлаб, ёмон дўстлар даврасига қайтиб кетманг. Рамазонда баъзи гуноҳлардан тийилган бўлсангиз, шунда бардавом бўлинг. Масалан, рамазонда чекишни ташлаган ёки таҳажжуд намозини ўқишга одатланган бўлсангиз, кейин ҳам шунда давом этинг.
Тўғри йўлдан оғманг, ортга қараб кетманг. Аллоҳдан хотимангизни гўзал қилишини сўранг. Худди рамазондагидек, ҳамиша дуо ва зикрда бўлинг. Рамазонда кўзингизни номаҳрамлардан тийганингиздек, ҳамиша кўзингизни тийинг. Солиҳ амал қабул бўлгани аломати ундан кейин яна солиҳ амал қилишдир. Яъни бир солиҳ амал қилсангиз, ундан кейин яна бир солиҳ амал қилишга муваффақ бўлишингиздир. Рамазондан кейин Пайғамбаримиз ўргатган амални бажаринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким рамазондан кейин шаввол ойида олти кун рўза тутса, бир йил рўза тутгандек бўлади»[3]. Олимлар айтишади: «Маълумки, ҳар бир яхши амалга ўн баробар савоб берилади. Демак, бир ой рамазон рўзаси ўн ой рўзага, шаввол ойидаги олти кун рўза олтмиш кун рўзага тенг бўлади. Жами уч юз олтмиш кунга, яъни бир йилга тенг бўлади».
Динда мустаҳкам бўлинг, тўғри йўлдан оғманг. Аллоҳ таоло айтади: «Агар бу оятларга ана улар кофир бўлсалар, Биз бу оятларни уларга кофир бўлмайдиган қавм учун тайёрлаб қўйганмиз» (Анъом, 89). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Лаҳаб кофир бўлди. Аллоҳ таоло унинг ўрнига ундан яхшироғини – қоратанли қул Билол ибн Рабоҳни берди. Оддий қул бўлган Билолнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаси Қуръонда қораланган Абу Лаҳабга ўхшаган минглаб инсонлар мартабасидан юқоридир.
Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар диндан юз ўгирсангиз, Аллоҳ ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар» (Муҳаммад, 38).
Рамазонда яқинларингизга силаи раҳм қилган бўлсангиз, рамазондан кейин буни тўхтатиб қўйманг. Имкон борича яхшилик қилишдан тўхтаманг. Қуйидаги оятда айтилган инсон каби бўлманг: «(Эй Муҳаммад,) юз ўгириб кетган ва озгина (мол) бериб, кейин тўхтатган кимсани кўрдингизми?» (Нажм, 33). «Озгина мол бериб, кейин тўхтатган» деган сўзнинг маъноси нима, биласизми? Яъни, бир муддат мол-мулкидан эҳсон қилган-у, сўнг бир тўсиққа дуч келиб эҳсонини тўхтатиб қўйган. Худди чуқур қазиётиб олдидан бир тош чиқиб қолгани сабабли қазишни тўхтатган инсондек. У озгина тоат-ибодат қилганидан кейин арзимаган сабаб учун уни тўхтатиб қўйган кишидир.
Тоат-ибодатга шошилинг, тоат-ибодатларни кўпайтиринг. Аллоҳга дуо қилишни унутманг. Рамазонда Аллоҳга дуо қилишда, Ундан эҳтиёжларингизни сўрашда камчиликка йўл қўйган бўлсангиз, билингки, бошқа ойларда ҳам Аллоҳ таоло дуо-илтижоларингизни эшитади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларим cиздан Мен ҳақимда сўрасалар, айтинг, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қиламан. Шундай экан, ҳақ йўлга юришлари учун Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара, 186).
Рамазон кунлари ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Аллоҳ таоло қачон ва қаерда бўлмасин, бандаларининг дуо-илтижосини ижобат қилаверади. Тавба қиламан, Аллоҳга қайтаман, деганлар учун ҳамон тавба эшиклари очиқ. Аллоҳдан кечирим сўрашда, силаи раҳм қилишда камчиликка йўл қўйган бўлсангиз, уларни тўлдиришга шошилинг!
Инсон ҳақдан тойиб, куфр ё ширкка ўтса, қилган барча солиҳ амалларини йўққа чиқаради. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамки, агар ширк келтирсанг, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар, 65).
Агар ҳақдан тойилиш ширк даражасига етиб бормаса, у ҳолда бу гуноҳларингиз қиёмат куни ёмон амаллар палласига қўйилади ва қилган яхши амалларингизни пучга чиқариб юбориши мумкин. Шундай экан, қилган яхши амалларингизни сақлаб қолинг, тоат-ибодатда, Аллоҳ зикрида, Қуръон тиловатида бардавом бўлинг, қилган хайру эҳсонларингизни асраб қолинг, тилингизни беҳуда гаплардан тийинг. Ҳақдан оғманг! Аллоҳнинг тоат-ибодатида собит туринг, Расулуллоҳ суннатини маҳкам ушланг, яхши ва солиҳ инсонлар билан дўст бўлинг, рамазондан кейин ҳам масжидларни обод қилувчилардан бўлинг, масжидга боришни ташлаб қўйманг. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни берган ва ёлғиз Аллоҳдан қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлардир» (Тавба, 18).
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни, ўқиган намозларимизни, Қуръон тиловатларимизни, хайру эҳсонларимизни ва бошқа яхши амалларимизни қабул айласин. Доимо мана бу дуоларни тилингиздан қўйманг: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин» (Намл, 19).
«Парвардигорим, менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин. Мен Сенга қилган барча гуноҳларимдан тавба қилдим ва мен мусулмонларданман» (Аҳқоф, 15).
«Аллоҳим, зикрингга ва шукрингга ва Сенга гўзал ибодат қилишга менга ёрдам бер»[4].
Аллоҳдан хотимангизни чиройли этишини сўранг. Аллоҳ таоло барчамизнинг хотималаримизни чиройли қилсин, амалларимизни қабул этсин, қилган гуноҳ ва хатоларимизни кечирсин. Омин.
[1] Абу Довуд (5156), Аҳмад (585) ва Ибн Можа (2698) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.
[2] Термизий (2140) ва Аҳмад (12128) ривояти. Шайх Албоний «Тахрижи мишкот»да (102) саҳиҳ деган.
[3] Муслим ривояти, 1164.
[4] Абу Довуд (1522), Насоий (1303) ва Аҳмад (22119) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.