Рамазонни қадрлаш (15): Неъматни ҳис этиш

0

Устимизга энг катта ва улуғ неъматлардан бири соя солиб турибди. Неъмат қадрига етган инсон ҳали келмасидан олдин уни ҳис қила бошлайди. Баъзи уламолар буни Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳолига ўхшатишган.

قَالَ تَعَالَى: {إِنِّي لَأَجِدُ رِيحَ يُوسُفَ لَوْلَا أَنْ تُفَنِّدُونِ} (يوسف: 94)

Аллоҳ таоло айтади: «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар».

Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлаги етиб келмасидан бурун унинг ҳидини туяди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом кўйлаги сабабли отасининг кўзини очади. Демак, шундай инсонлар борки, улар рамазон келмасидан бурун унинг бўйини туядилар, унинг яқинлашганини ҳис қиладилар.

«Бу йил ифторлар ҳам оз, одам рамазонни унчалик ҳис қилмаяпти», дейишади баъзилар. Демак, бундай инсонларда рамазоннинг қадри еб-ичиш, зиёфат ва ифтор билан ўлчанади. Баъзи инсонлар бор, уларда ҳар йили рамазон ўтган йилгига нисбатан ёмонроқ ўтади. Бунинг акси ўлароқ, баъзи инсонлар йилдан-йилга рамазонни янада яхшироқ, солиҳ амалларга бойроқ қилиб ўтказишади. Негаки, солиҳ амал солиҳ амални чақиради, яхшилик яхшиликка етаклайди.

Рамазондан унумли фойдаланиш, бу неъматни фурсат билиш фақат солиҳ амалларни кўпайтириш билан бўлмайди. Балки оз бўлса-да, тадаббур ва тафаккур билан Қуръон ўқиш тафаккурсиз кўп ўқишдан минг марта яхшироқ. Чунки Қуръон тадаббур ва тафаккур қилиш учунгина нозил бўлган.

قَالَ اللَّهُ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى: {كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الأَلْبَابِ}  (ص: 29)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир» (Сод, 29).

Ушбу оятга яхшилаб эътибор беринг. Унда Қуръон оятлари тафаккур қилиш учун нозил қилингани айтилмоқда. Оятда иккита муҳим нарса бор: биринчиси Қуръон тафаккур қилиш учунгина нозил қилингани бўлса, иккинчиси бу китобнинг баракаси уни тадаббур ва тафаккур қилишга боғлиқлигидир. Кимда ким Қуръонни кўп тиловат қилишига қарамай унинг баракасидан маҳрум бўлса, билсинки, бунга сабаб уни тафаккур билан тиловат қилмаганидир. Яна шуни билиш лозимки, Қуръонни ўқиб тафаккур қилмаган, тадаббур қилмаган одамнинг қалби қулфланган бўлади.

قال تعالى :{أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا} (محمد: 24)

Аллоҳ таоло айтади: «Ахир улар Қуръонни тафаккур қилмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир» (Муҳаммад, 24).

Қуръондан фойдаланиш учун энг муносиб вақт рамазон ойидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло рамазон ойини таърифлар экан, уни Қуръон нозил бўлиши билан сифатлади.

{شهر رمضان الذي أنزل فيه القرآن} (البقرة: 185)

Аллоҳ таоло айтади: «Рамазон ойики, унда Қуръон нозил қилинган» (Бақара, 185).

Одатда ойлар ўзидан олдинги ёки кейинги ойлар тилга олиниб таъриф этилади. Масалан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ражаб ойини таъриф қилар эканлар:

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ” إِنَّ الزَّمَانَ قَدِ اسْتَدَارَ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ خَلَقَ اللَّهُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضَ، السَّنَةُ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا، مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ، ثَلاَثٌ مُتَوَالِيَاتٌ: ذُو القَعْدَةِ، وَذُو الحِجَّةِ، وَالمُحَرَّمُ، وَرَجَبُ، مُضَرَ الَّذِي بَيْنَ جُمَادَى، وَشَعْبَانَ”[1]

«Жумода ва шаъбон ойлари ўртасидаги Музорнинг ражаби», дедилар. Лекин Аллоҳ таоло рамазон ойини ўзига хос сифат билан таърифлади. Чунки рамазон ойи билан Қуръон ўртасида муҳим боғлиқлик бор. Қуръони карим «Лавҳул маҳфуз»дан аввало дунё осмонига рамазон ойида нозил қилинди. Гуёки Аллоҳ таоло Қуръони карим 23 йил мобайнида бўлак-бўлак ҳолида нозил бўлишидан олдин ҳам у билан рамазон ойи ўртасида боғлиқлик бўлишини хоҳлади ва шунинг учун аввало уни рамазон ойида дунё осмонига нозил қилди. Бинобарин, инсон рамазон ойида Қуръондан фойда олмаса, унинг ҳидояти билан ҳидоятланмаса, ундан бошқа ойларда фойдаланиши янада мушкулроқ. Шунинг учун бу муборак ойда Қуръонни тадаббур ва тафаккур қилиш орқали ундан фойдаланиш бизлар учун бирламчи масала бўлмоғи керак.

[1] Бухорий, 4662.

Изоҳ қолдиринг