Рамазонни қадрлаш (17): Рамазон неъматига эришиш (2)

0

Ҳасан Басрий намозга бадан билан югуриб боришдан қайтарилган дер экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга ишора қилади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي قَتَادَةَ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ نُصَلِّي مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ سَمِعَ جَلَبَةَ رِجَالٍ، فَلَمَّا صَلَّى قَالَ: «مَا شَأْنُكُمْ؟» قَالُوا: اسْتَعْجَلْنَا إِلَى الصَّلاَةِ؟ قَالَ: «فَلاَ تَفْعَلُوا إِذَا أَتَيْتُمُ الصَّلاَةَ فَعَلَيْكُمْ بِالسَّكِينَةِ، فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا فَاتَكُمْ فَأَتِمُّوا»[1]

Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиб турган эдик, баногоҳ у зот бир гуруҳ эркакларнинг шовқин-суронини эшитдилар. Намоз ўқиб бўлгач: «Сизларга нима бўлди?» деб сўрадилар. Улар: «Намозга шошилдик», дейишди. У зот айтдилар: «Ундай қилманглар. Намозга оҳиста келинглар. Етишганингиз намозни имом билан бирга ўқинг, етишмаганингизни ўзингиз охирига етказиб қўйинг».

Демак, Аллоҳ муваффақ қилган бандалар Раббининг уйига – масжидга баданидан олдин қалби билан шошилади, Аллоҳнинг чорловига лаббай деб, Унинг уйини зиёрат қилишга бораётганини ҳис қилади, карим ва сахий зот бўлмиш Аллоҳдан уйига келган меҳмонига иззат-икром кўрсатишини умид қилади. Аллоҳнинг уйига келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Намоз нурдир», деган сўзларини эслайди ва Аллоҳ таолодан ўқияжак намозининг нуридан қалбига солишини сўрайди.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلَأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلَآَنِ – أَوْ تَمْلَأُ – مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ، وَالصَّلَاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَوْ عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو فَبَايِعٌ نَفْسَهُ فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا»[2]

Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Поклик (таҳорат) иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» мезонни тўлдиради. «Cубҳоналлоҳ ва алҳамдулиллаҳ» осмонлар ва ер ўртасини тўлдиради. Намоз нур, садақа ҳужжат ва сабр зиёдир. Қуръон ё сизнинг фойдангизга, ё зиёнингизга ҳужжат. Барча инсонлар эрталаб (кўчага) отланади. Кимдир ўз жонини (Аллоҳга тоат-ибодат қилиш йўлида) сотиб, ўзини (Аллоҳнинг азобидан) озод қилади, кимдир (ҳавоси ёки шайтонга эргашиб, азобга ҳақли бўлади ва) ўзини ҳалок қилади».

Инсондаги сидқ ва ихлоснинг дастлабки нишонаси Аллоҳнинг саховатига эришиш учун, яхшиликка эришиш учун тайёргарлик кўришдир. Бунинг учун инсон қўлидан келганини сарфлаши, қалбини ҳозирлаши, Аллоҳнинг муҳсин бандаларидан бўлишга саъй-ҳаракат қилиши, У зотдан мақбул бандаларидан қилишини умид қилиши лозим.

Демак, банда Раббини рози қилиш учун шошилиши ва тайёргарлик кўриши лозим. Масжидга шунчаки беш маҳал намозни ўқиш учун келиб-кетиш ярамайди. Балки намозга таалуқли ишлар бор. Бу ишларнинг бошида қалб саломатлиги туради. Шунинг учун намозга йўл олар экансиз, танангиздан олдин қалбингиз билан ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир ҳадис, ҳар бир суннат қалбингизга таъсир қилсин, унда из қолдирсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “صَلاَةُ الرَّجُلِ فِي الجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلاَتِهِ فِي بَيْتِهِ، وَفِي سُوقِهِ، خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا، وَذَلِكَ أَنَّهُ: إِذَا تَوَضَّأَ، فَأَحْسَنَ الوُضُوءَ، ثُمَّ خَرَجَ إِلَى المَسْجِدِ، لاَ يُخْرِجُهُ إِلَّا الصَّلاَةُ، لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً، إِلَّا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ، وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ، فَإِذَا صَلَّى، لَمْ تَزَلِ المَلاَئِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ، مَا دَامَ فِي مُصَلَّاهُ: اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ، اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ، وَلاَ يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلاَةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلاَةَ”[3]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг жамоатда ўқиган намозининг савоби уйида ва ишхонасида ўқиган намозининг савобидан йигирма беш чандон кўп бўлади. Зеро, инсон таҳорат олса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнг масжидга чиқар экан, фақат жамоатда намоз ўқиш мақсадида чиқса, бирон бир қадам ташламасин, албатта, шу ташлаган қадами сабабли бир поғона даражаси кўтарилади ва битта гуноҳи кечирилади. Агар масжидга бориб намоз ўқиса, модомики масжидда экан фаришталар: «Ё Аллоҳ, уни мағфират қил, ё Аллоҳ, унга раҳм қил!», дея ҳаққига дуо қилишади. Инсон модомики намоз ўқилишини кутиб турган бўлса, (охиратда савобга ноил бўлиш борасида) гуёки намозда турган ҳисобланади».

Инсон масжидга тайёргарлик кўрар экан, юқоридаги ҳадисни эслаши лозим. Масжид сари ташлаган қадамлари қалбига таъсир қилиши, гуёки қадамини ерга эмас, қалбига ташлагандек ҳис қилиши, ҳар бир қадами туфайли даражаси кўтарилаётганини, гуноҳлари тўкилаётганини хаёлдан ўтказиши лозим. Агар қалбининг дунёқараши кенгайиб, муайян бир қадами сабабли муайян бир гуноҳининг кечирилишини хаёлидан ўтказса, нур устига нур. Мазкур ҳолатда фақат унинг баданигина масжидга ҳаракат қилмасдан, балки қалби ҳам машғул бўлган бўлади. Ундан ташқари уйдан чиқиш дуоси, масжидга кириш дуоси ва ҳоказо дуоларни ўқиши, уларнинг маънолари тўғрисида тафаккур қилиши унинг бутун вужудини тоат-ибодат билан машғул бўлишига олиб боради. Йўлда борар экан, масжидга кириши билан икки ракаат таҳийятул масжид намозини ўқишни кўнглидан кечиради, бу икки ракаат унинг фарз намозни хушуъ билан ўқишига замин яратади. Азон билан иқомат ўртасида ўтирар экан, бу вақтнинг дуо ижобат бўладиган вақт эканини эслайди ва дуога қўл очади. Ҳатто дуо қилар экан аксар инсонлар каби Аллоҳдан фақат дунёвий ҳожатларни раво қилишини эмас, балки динига манфаатли бўлган эҳтиёжларини, масалан, намозда хушуъ билан туришни насиб қилишини, қалбини очишини, ўқиётган намозларини қабул қилишини, «Намоз нурдир», деган ҳадисни эслаб, унинг нуридан баҳраманд қилишини сўрайди. Агар намоз ўқиб, унинг нуридан маҳрум бўлса, бунинг учун ўзини тергайди ва гуноҳлари туфайли намознинг нуридан мосуво бўлганини эслаб, Аллоҳдан афв ва мағфират сўрайди ва ҳоказо…

Инсон қалбига кирган намоз нурига қараб ўзини ўзи тергайди, ҳисоб-китоб қилади. Маҳрум инсонлар эса бу нурдан бебаҳра қоладилар.

Шунингдек, банда кечаси таҳажжуд намози ўқишни ният қилса, бунинг учун тайёргарлик кўради, қўлидан келганини сарфлайди, кечаси намозида ўқишни режа қилган вирди – кундалик Қуръон оятларини такрорлайди, бу оятларнинг маъноларини ўрганади. Чунки қалблар оятларнинг сўзлари билан эмас, унинг маънолари билан озуқаланади. Гарчи оз бўлса ҳам Қуръон оятларининг маъноларини ўрганиш лозим. Кечаси икки ракаат бўлса-да, Қуръон маъноларини тадаббур, тафаккур ва мушоҳада қилиб намоз ўқиши, Қуръон ва намознинг нурини қалби ила ҳис қилиши, ундан баҳра олиши, лаззатини тотиши тафаккурсиз, оятлар маъносини тушунмасдан ўқилган юз ракаатдан яхшироқ. Агар инсон ҳидоят талабида содиқ бўлса, чиндан ҳам ўқиган намози унга нур бўлишини истаса, бунинг учун ҳозирлик кўради. Демак, инсон фарз намозларга тайёргарлик кўрганидек, тунги намозларга ҳам тайёргарлик кўради. Таҳажжудга туриш ниятида камроқ таом ейди, намознинг руҳи бўлмиш хушуъни икки луқма таомга алмашмайди, Аллоҳ таоло унга раҳмат эшикларини очишига тадорик кўрган ҳолда барча-барча чора-тадбирларни ишга солади.

[1] Бухорий (635), Муслим (603).

[2] Муслим (223), Ибн Можа (280), Термизий (3517), Насоий (2437).

[3] Бухорий (647) ва Муслим (649). Ҳадис матни Бухорийга оид.

Изоҳ қолдиринг