Улба ибн Зайд разияллоҳу анҳу Ярмук ғазотида жангга чиқиш учун қурол-яроғ ва от-улов тополмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳеч нарса топиб беролмагач, бундан хафа бўлиб йиғлаган саҳобалардан бири эди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан йиғлаб қайтар экан, ўша кечаси узоқ намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб шундай деб дуо қилди: «Ё Аллоҳ, албатта, Ўзинг жиҳодга буюрдинг, тарғиб қилдинг. Лекин қуролланишим учун на ўзимга ва на Расулинг саллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон нарса бердинг. Шундай экан, менинг мол-мулким, баданим ёки номусимга тажовуз қилган ҳар бир мусулмонга ундаги ҳаққимни садақа қилдим». Шундан сўнг Улба одамлар қатори тонг оттирди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кеча садақа қилган инсон қани?», дедилар. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Сўнг у зот яна бир бор: «Қани садақа қилган, ўрнидан турсин?», дедилар. Шунда Улба ўрнидан туриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борди ва у зотга бўлган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хурсанд бўл! Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, садақанг мақбул садақалар қаторида ёзилди!».
Буни қарангки, Улба ибн Зайд разияллоҳу анҳунинг садақа қилиш учун ҳеч вақоси йўқ эди. Лекин ниятида содиқлиги сабабли Аллоҳ уни одамларнинг унга қилган зулмини садақа қилишга муваффақ қилди. Улба бутун мусулмонлардаги ҳар қандай ҳаққини кечиб юборди, уларни умумий тарзда афв қилди. Аллоҳ таоло унинг қалбидаги содиқлик ва холислик туфайли садақасини қабул қилди. Одамлар бор, мусулмонлардаги ҳаққидан кечмоқчи бўлса, баъзи инсонлардаги ҳаққидан кечмайди ёки барча одамлардан кечса ҳам айрим ҳақларидан воз кечмайди. Демак, энг муҳими қалбдаги садоқат ва ихлос экан. Улба қалбидаги сидқ сабабли ҳеч вақоси бўлмаса-да, Аллоҳ садақасини қабул қилганлар сафидан ўрин олди.
Абдуллоҳ ибн Собит разияллоҳу анҳу Бадр жанггида жиҳодга чиқиш учун тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Сўнг қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келдилар ва Абдуллоҳ жон таслим қилди.
Жобир ибн Атийк Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Собитни зиёрат қилиш учун келганларида уни жон таслим қилар ҳолида топдилар. Уни чақирдилар, бироқ у жавоб бермади. У зот «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун» дер эканлар: «Эй Абу Рабеъ, сендан ажралиб қолдик», дедилар. Аёллар оҳ-воҳ солиб, йиғлай бошладилар. Ибн Атик уларни тинчитишга уринди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўй, уларни. Агар вожиб бўлса, бирон аёл айтиб йиғламасин». Саҳобалар: «Вожиб бўлиш нимаси, ё Расулуллоҳ?», дейишди. «Агар ўлса», деди у зот. Абдуллоҳнинг қизи деди: «Аллоҳга қасамки, мен сизнинг шаҳид бўлишингизни умид қилган эдим. Зеро, сиз жиҳодга тайёргарлик қилиб қўйган эдингиз, (отажон!)». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ ниятига қараб ажрини берди. Сиз нимани шаҳидлик деб биласиз?» Улар: «Аллоҳ йўлида қатл қилинишни», дедилар. У зот айтдилар: «Аллоҳ йўлида қатл қилинишдан ташқари шаҳидлик яна етти турдан иборат: вабодан ўлган шаҳид, чўкиб ўлган шаҳид, зотилжам касали билан ўлган шаҳид, қорин оғриғи билан ўлган шаҳид, куйиб ўлган шаҳид, том остида қолиб ўлган шаҳид, бола туғиб ўлган шаҳид».
Абдуллоҳ ибн Собит разияллоҳу анҳунинг қизининг сўзларига бир эътибор беринг-а! Унинг йиғисининг сабабига диққат қилдингизми? Отасининг жангда шаҳид бўлиш шарафига эришолмаганидан ҳасрат чекиб йиғлади. Устига-устак отаси жангга тўлиқ тайёргарлик кўриб қўйган эди. Бундан чиқадики, инсоннинг нияти холис бўлса, бирон амалга чин дилдан интилса, унга тайёргарлик қилса, бироқ Аллоҳнинг тақдири билан ўша амални қилишдан ожиз қолса, Аллоҳ унга шу амални қилганларнинг ажр-савобини берар экан. Инсон тоат-ибодатда юксак мартабаларга эриша олмаса-да, амалий ҳаётда имкониятлари чеклангани сабаб кўп тоат-ибодатларни қилишга қодир бўлмаса-да, қўлидан келган амални маҳкам ушласа, шу йўлда бор кучини сарфласа, унга чин дилдан интилса, Аллоҳ уни амали мақбул бандалари қаторида ёзади, шу амал гуноҳларининг кечирилишига, дўзахдан нажот топишига сабаб бўлади, иншааллоҳ.
Биз юқорида рамазон ойи бир неъмат эканини айтиб ўтдик. Неъматга шукр қилиш қуруқ гап билан бўлмайди.
«Эй Довуд оиласи, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш учун солиҳ амал қилинглар» (Сабаъ, 12).
Оятда айтилганидек, Аллоҳнинг неъматларига амалий шукр қиладиган бандалари озчиликни ташкил қилади. Албатта, фақат тилида «Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳга шукур», дейдиганлар кўп. Бироқ ҳақиқий шукр амал билан бўлади ва бундайлар озчиликдир.