Рамазонни қадрлаш (23): Сидқ ва ихлос – мақсадга етиш гарови

0

Аллоҳ муваффақ қилган бандалар яхши билишадики, ўзгариш қалбдан бошланади. Охиратда Аллоҳнинг азобидан нажот топиш учун қалблар саломат бўлиши керак. Бундай инсонлар қалбини саломат қилиш учун бор кучини сарфлайди, қалбининг бузилишидан қўрқади, кечаю кундуз Аллоҳдан қалбини саломат қилишини, қалбини яхшилик томонга буришини ва уни ҳар қандай ёмонликлардан сақлашини сўрайди.

Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мезбонлик қилишдек улкан шарафга ноил бўлган саҳобий эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида у зотнинг туяси Абу Айюбнинг уйи олдига келиб чўккан эди. Албатта, бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни истаган бандасига ато этгувчидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйида тунаган биринчи кечада Абу Айюбнинг кўзига уйқу келмади. Чунки у оиласи билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ётган хонанинг томида ётган эди. Ахир шундай муборак зотнинг устида ухлаб бўладими?!

Маълумки, яхшилик яхшиликка, ёмонлик эса ёмонликка етаклайди. Эндигина Исломни қабул қилган инсонлар бошқа кўплаб эски мусулмонларга нисбатан иймонда собит ва мустаҳкам бўлишади. Чунки улар Исломга киришдан олдин ёки Исломни қабул қилган дастлабки пайтда талай масалалар тўғрисида кўп тафаккур қиладилар. Улар ўз ўтмишлари тўғрисида, қабул қилаётган динлари тўғрисида узоқ ва чуқур мушоҳада юритадилар. Мана шу тафаккур ва мушоҳадалар уларда собитқадамлик пайдо қилади. Саҳобий Абу Айюб разияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўзини солиштириб кўрди ва у зотдан юқорида ётишни ўзига эп кўрмади. Абу Айюб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрганларини кейингиларга ривоят қилиб берди ва бу ривоятлари тўғрисида кўп тафаккур ва мушоҳада қилиб яшади. Бу улуғ саҳобийнинг фазилатларидан бири у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида ҳам, у зотнинг вафотидан кейин ҳам бирон жангда қатнашмай қолмади. У саксон ёшдан ошиқ умр кўрди. Бу давр мобайнида бор-йўғи биргина жангда қатнашмади. Шунда ҳам халифа қўшинга амир этиб тайинлаган ёш амирга рози бўлмагани учун қатнашмаган эди ва умрининг охирига қадар бунинг учун пушаймон бўлиб, «халифа кимни амир қилса, қилмайдими, менга нима зиёни бор эди-я!», дер эди. Абу Айюб Муовия разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Қустантинияни фатҳ қилиш учун биринчи жангда ҳам қатнашди. Унинг ёши ўша пайтда саксондан ошган эди. У Қустантиния қуршовида касал бўлиб қолди. Қўшин амири Язид ибн Муовия эди. Язид Абу Айюб разияллоҳу анҳуни зиёратига келиб, ундан «Эй Абу Айюб, бирон эҳтиёжингиз борми?», деб сўрайди. Абу Айюбнинг аҳволи оғирлашиб қолган эди. «Ислом лашкарига мендан салом айт. Агар мен жон таслим қилсам, жасадимни отимга юкла», деди Абу Айюб амир Язидга. Шундан сўнг мусулмонларга имкони борича румликлар ичига чуқурроқ ҳужум қилиб боришларини васият қилди ва бу орада унинг жасади ҳам улар билан бирга бўлишини ва уни Қустантиния деворларининг остига – мусулмонлар отларининг туёқлари босган энг сўнгги жойда дафн этилишини васият қилди. Абу Айюб Қустантиния фатҳ қилинадими, йўқми, у дафн қилингач душман унинг қабрини ўз ҳолича тарк қиладими, йўқми, бунга қизиқмади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унинг қабрини румликлар тажовузидан сақлади. Румликлар унинг қабрига тажовуз қилсалар бунинг учун мусулмонлар улардан ўч олишидан қўрқдилар. Ҳатто ўша пайтдаги Рим подшоҳи мусулмонларнинг бу ишидан ажабланиб Язидга элчи юборди. Уруш қизғин давом этаётган бир паллада қандай қилиб мусулмонлар бир маййитнинг жасадини кўтариб юришлари ва уни Қустантиния деворлари остига кўмиш билан овора бўлишлари мумкин?! Рум подшоҳи Абу Айюбнинг қабрига тажовуз қилиш билан халифага таҳдид қилди. Шунда халифа унинг таҳдидига «Агар шундай қилсанг, биронта черков қолдирмай бузиб ташлайман, биронта одаминг тирик қолмайди», дея жавоб берди. Бундан қўрққан Қайсар «Агар қабрни қўриқлашга ҳеч кимса топмасам, ўз қўлим билан бўлса-да, қўриқлайман!», дейди. Шундай қилиб Абу Айюб Қустантиния деворлари остига дафн қилинди ва унинг қабри бугунги кунимизга қадар сақланиб қолган. Ҳолбуки, Қустантиния Абу Айюб вафотидан неча-неча асрлаб ўтиб фатҳ қилинди.

Ҳабиб ибн Маслама Фиҳрийни Усмон разияллоҳу анҳу баъзи ғазотларга амир қилиб тайинлаган эди. Жанг ниҳоят авжига чиққан, Ҳабибнинг хотини ҳам жангда қатнашар эди. Хотини ундан сўради: «Агар уруш қизиб кетса, сизни қаердан топаман?». Ҳабиб деди: «Ё Рум лашкари қўмондонининг чодирида, ё жаннатда иншааллоҳ!». Гуёки Ҳабиб ундан бошқасига рози эмас эди, унинг қалби энг олий матлабларни кўзлар эди. Ажабланарли томони мусулмонлар ғалаба қозонишгач, Ҳабиб Рум лашкари қўмондонининг чодири томон ошиқди. Қараса, аёли ундан олдин чодирга бориб турган экан!

Агар қалблар ўзгарса, Аллоҳ таоло улар сабабли ер юзини ва ундаги барча нарсаларни ўзагартиради.

Юзта жонни қатл қилган кишининг қиссасига бир назар солинг. У чин дилдан тавба қилган эди. Аллоҳ таоло унинг солиҳ кишилар яшайдиган ўлкага етиб боролмаслигини ёки ҳатто фаришталар уни кўтариб бу ўлкага обормаслигини хоҳлади. Балки Аллоҳ таоло бу билан бандаларига содиқлик кароматини кўрсатиб қўйишни хоҳлади. Юзта жонни қатл қилган банда солиҳ кишилар яшайдиган жойга етмай йўлда вафот этди. Шунда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари унинг жонини олиш учун талашиб қолдилар. Аллоҳ таоло солиҳ бандалар яшайдиган ерга яқинлашишни, ёмон одамлар яшайдиган заминга узоқлашишни амр этди. Фаришталар бу икки замин ўртасини ўлчаб кўрдилар ва уни солиҳ инсонлар ўлкасига бир қарич яқинроқ эканини топишди. Шундай қилиб, унинг руҳини раҳмат фаришталари олишди. Гуёки Аллоҳ таоло бу воқеа орқали бандаларига шуни билдиришни хоҳлайдики, лозим бўлса Аллоҳ таоло сидқ ва ихлос туфайли ер ўлчовларини, нарсаларнинг табиатини ҳам ўзгартиради. Аллоҳ таоло барчаларимизга бу муборак ойда содиқлардан бўлишни насиб этсин, рамазонда қилган солиҳ амалларимизни қабул этсин!

Изоҳ қолдиринг