Умавийларнинг исломий даъватга бўлган муносабати

0

Умавийларнинг бу янги даъватга бўлган муносабати Қурайшдаги Бани Махзум ва Бани Ҳошим каби бошқа оилаларнинг муносабатларидан фарқсиз эди. Масалан, Бани Ҳошимнинг бу даъватга бўлган муносабатига бир назар солайлик. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оиласи ва қариндошлари эди. Жоҳилиятда кенг тус олган тарафкашликни эътиборга олиб қарасак, Бани Ҳошим уларнинг обрўларини янада кўтарадиган ва уларни янада азиз қиладиган бу даъватни қўллаб-қувватлаб, бу Ҳошимий Пайғамбарнинг орқасида туришлари керак эди. Тўғри, ҳақиқатдан ҳам улар баъзи ўринларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнида турдилар. Бу воқеаларнинг энг машҳури кофирлар уларни Бани Ҳошим дарасида иқтисодий қуршовга олишгани бўлса керак. Лекин умумий қараганда бу борада улар иккига бўлинишган эди:  баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлаган бўлса, баъзилар унга қарши, кимлардир унга иймон келтирган бўлса, қолганлари унга кофир бўлган эди. Бу борада уларнинг Маккадаги бошқа оилалардан ҳеч қандай фарқи йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Лаҳаб Бани Ҳошимдаги кофирларнинг энг катта номояндаларидан бири эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни ошкора қилганларидаёқ исломга қарши адоватини кўрсатди. Ўзи қарши чиққани етмагандек, одамларни ҳам у кишига эргашишдан тўсиш йўлида қўлидан келган бор ҳийла-найрангини ишга солди. Хотини Умму Жамил бинти Ҳарб Умавийя, икки ўғли Утба ва Утайбалар ҳам бу ишларда унинг ёнида турдилар. Улар  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя ва Умму Кулсумни талоқ қилиб юборишди. Утба отасига қўшилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берар эди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни дуойи бад қилдилар. У сафарга чиққанида шерга ем бўлди. Қурайш Бани Ҳошимни қуршов қилганида ҳам Абу Лаҳаб Бани Ҳошимга қўшилмади. Ҳатто Бадр ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши жанг қилишга ўзи чиқа олмагани учун ўрнига тўрт минг дирҳамга Ос ибн Ҳишом ибн Рабиани ёллади. Абу Лаҳаб кофир ва қайсарлик бобида зарбулмасал бўлсада, у Бани Ҳошимдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлиб, у кишига озор бериш ва қарши курашиш йўлида қаттиқ ҳаракат қилган ёгона шахс эмас эди. Бани Ҳошим оиласидан Бадр кунида мушриклар тарафидан асирга тушганлар ичида Аббос ибн Абулмутталиб, Ақил ибн Абу Толиб, Навфал ибн Ҳорис ва уларнинг иттифоқдоши Утба ибн Амр ибн Жаҳдам ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш тарафидан берилган фидяни қабул қилиб, уларни қўйиб юбордилар. Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб эса Бадр урушида мушриклар тарафидан иштирок этиб, ўлимдан ҳам қутилди, асирга ҳам тушмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари, айни дамда у зотнинг эмакдоши бўлиб, уларни Ҳалима Саъдийя бир неча кун эмизган эди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тенгдош, у кишининг яқин ўртоғи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганидан кейин энг ашаддий душманга айланди. У Бани Ҳошим қуршов қилинганида ҳам, уларга қўшилмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларини масхара қилар, ҳижратдан олдин уларга очиқча зулм қиладиган кишилардан бирига айланган эди.

Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда ҳам катта ёрдам бериб, бу йўлда Қурайш тарафидан бўлаётган қаттиқ босимларга бардош берди. Шундай бўлсада, ҳаётининг охирги лаҳзаларигача ота-боболарининг динидан воз кечмади ва уларнинг динида вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бошқа бир амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб эса Маккада қолиб, Бадрда Расулуллоҳга қарши мажбуран урушда қатнашди ва асирга тушди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилиш учун йўлга чиққанларида исломни қабул қилиб, Мадинага ҳижрат қилди. Демак, инсонлар қайси қабилага мансуб бўлишларидан қатъий назар, исломни қабул қилишлари турли хил бўлган.

Бани Умайянинг исломга бўлган муносабатига келадиган бўлсак, тарихшуносларимиз улар ҳақида гапирар эканлар, уларни алоҳида бир оила деб ҳисобламай, балки Абдушамс каби бошқа оилаларга қўшиб юборишган. Абдушамс эса Умайянинг отаси бўлган. Тарихшунослар уларни бир оила деб ҳисоблашган. Зеро, улар бир отанинг фарзандлари бўлиб, ўрталарида қуда-андачилик ва ижтимоий боғлиқликлар бор эди. Шунинг учун ҳам тарих китобларида Бани Умайянинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган адовати ҳақида гапирилса, Рабиа ибн Абдушамснинг икки ўғли Утба ва Шайбалар айтилади. Аслида улар Бани Умайядан эмаслар. Уларнинг ёнида Абу Суфён ибн Ҳарб ва Уқба ибн Абу Муайтлар ҳам айтиб ўтилади.

Уқба ибн Абу Муайт Қурайш кофирларининг етакчиларидан бири эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига туфлаган, намоз ўқиётган вақтларида устларига туянинг ичак-чавоқларини олиб келиб ташлаган эди. У Бадр жангида асирга тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қатл қилишга буюрдилар. Асирга тушган Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қариндошчиликни ўртага қўйиб раҳм-шафқат қилишни сўрайди. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг безбетларча сўраган бу илтимосини рад этади. Шу тариқа у ўз жазосини олди.

Инсонийликка тўғри келмайдиган бундай ишлар нафақат Бани Умайя ёки Бани Абдушамс тарафидан, балки ўша вақтда бутун Маккаликлар тарафидан содир этилган. Рабианинг икки ўғли Утба ва Шайбаларнинг қилган қаршиликлари ҳаммага маълум. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга бориб, Тоифликлар у кишини қувлаб солиб, орқаларидан ёш болалар тош отиб ҳайдашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба билан Шайбанинг боғига келганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳолларини кўриб, раҳмлари келганидан ўзларининг Аддос деган насроний қулларини чақириб:  “Мана бу узумни олда, товоққа солиб, анави одамга (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) олиб бор, есин”, – деган эдилар.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг