Рамазон суҳбатлари (26): Гўзал ахлоқли бўлинг

0

Гўзал ахлоқли бўлинг

Маълумки, барча ибодатлар, жумладан рўзанинг жорий этилишидан кўзланган мақсад ахлоқларни тузатишдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон гапириш ва унга амал қилишни ташламаса, ейиш-ичишдан тийилишининг Аллоҳга кераги йўқ!” дедилар[1]. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Агар бирингиз рўзадор бўлса уят сўзларни айтмасин, бақир-чақир қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки ҳақорат қилса, «мен рўзадорман» десин[2].

Аллоҳ таоло тақво сифатини ҳосил қилишимиз учун бизга рўзани фарз қилди: “Эй иймон келтирганлар, тақводор бўлишингиз учун сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди”  (Бақара, 183).

Рўза ҳақида келган оятларнинг охирида Аллоҳ таоло бундай дейди:

Булар (юқорида айтилган ҳукмлар) Аллоҳ қўйган чегаралардир. Сизлар бу чегараларга яқинлашманг! Одамлар Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади” (Бақара, 187).

Рўзадан кўзланган мақсад ахлоқни тузатишдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Қиёмат куни тарозида чиройли хулқдан кўра оғирроқ келадиган ҳеч нарса йўқ. Киши гўзал ахлоқи билан тинимсиз рўза тутувчилар ва кечалари ухламай намоз ўқувчилар даражасига етади[3].

Гўзал хулқ соҳибининг мартабаси кетма-кет рўза тутиб, бир кун ҳам рўзани канда қилмайдиган ва кечалари ухламай намоз ўқийдиганларнинг мартабасига тенгдир. Бир киши гўзал хулқли, лекин нафл ибодатларда қосирлиги бор. Бошқа биров эса нафл ибодатларда тиришқоқ, лекин хулқи ёмон. Қай бири афзал бўлади? Албатта, гўзал хулқли киши афзал бўлади. Худди миннатли садақадан кўра бир оғиз ширин сўз афзал бўлгани каби. Аллоҳ таоло айтади: “Яхши гап ва кечириб юбориш кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ” (Бақара, 263).

Гўзал ахлоқли бўлишимиз жуда ҳам муҳим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишларидан кўзланган асосий мақсад ахлоқларни тузатиш экани барчангизга сир эмас. У зот айтадилар: “Мен яхши хулқларни комил қилиш учун юборилдим[4]. Бошқа бир ривоятда: “Улуғ хулқларни комил қилиш учун юборилдим“, дедилар[5].

Абу Зар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилганларини эшитганида: “Бу одам нима деяпти, нимага буюряпти, билиб келгин”, деб инисини Маккага юборди. Иниси бориб келиб: “У яхши хулқларга чақиряпти экан”, деди.

Маълумки, гўзал ахлоқ соҳиби жаннатда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин кишилардан бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Менга энг суюклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўладиганингиз хулқи энг гўзалингиздир. Менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз оғиз тўлдириб, тинмай гапирадиган ингиздир»[6].

Кўп гапирадиган киши қиёмат куни Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламдан энг узоқда бўлади.

Рўза тутар экансиз, гўзал ахлоқли бўлишга интилинг. Агар бирон киши сизни сўкса ёки ҳақоратласа, ёмонликка яхшилик билан жавоб қилинг. Аллоҳ таоло айтади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан қайтаринг! Қарабсизки, сиз билан ўртангизда адоват бўлган кимса қалин дўстга айланади. Бу хислатга фақат сабр-тоқатли ва улуғ насиба эгалари бўлган кишиларгина эришади” (Фуссилат, 34-35).

Рўза тутган ҳолингизда ширинсўз бўлинг. Аллоҳнинг зикрини кўпайтиринг, ажру савобларингизни зое қилиб қўйманг. Ҳеч бир мусулмонни ғийбат қилманг, шаънига тил теккизманг. Акс ҳолда ажру савобларингиз сиз ғийбат қилган, шаънига тил теккизган кишиларга ўтиб кетади. Машаққат чекиб рўза тутасиз, жидди-жаҳд қиласиз, Қуръон тиловат қиласиз, кечалари намозлар ўқиб чиқасиз. Кейин эса шунча амалдан сўнг жоҳиллигингиз сабабли буларнинг савобларини ўзингиз ғийбат қилган кимсаларга бериб қўясиз. Улар сизнинг савобларингиздан оладилар, агар савобларингиз бўлса. Савобларингиз бўлмаса, уларнинг ёмон амалларидан олиб сизга юкланади, сўнг бу амаллар сизни дўзахга гирифтор қилади, Аллоҳ асрасин!

Тилингизни асранг. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани (яъни тили ва авратини) сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман[7].

Аллоҳ сизга баракасини ёғдирсин, модомики рўзадор экансиз, гўзал хулқларга риоя қилинг! Саховатли бўлинг, ифторга меҳмон келса, ҳурматини жойига қўйинг. Аллоҳ таоло: «Сизлар нимаики эҳсон қилсангиз, албатта Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради. У зот ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир» (Сабаъ, 39), деган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳар тонг икки фаришта тушиб, бири: “Эй Аллоҳ, эҳсон қилувчининг эҳсони ўрнини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, хасисга талофат бер” дейди»[8].

Гўзал ахлоқли бўлинг. Имкон қадар сукут сақланг, кўп гапирманг. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким сукут қилса, нажот топади», деганлар[9].

Яна айтганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин[10].

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бирор сўзнинг яхши ёки ёмон эканида иккиланиб қолсангиз, сукут сақлашингиз лозим бўлади. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам «яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин» деганлар”.

Тортишувдан юз ўгиринг. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳақ эканини била туриб тортишувни бас қилган кишига жаннатда бир уй берилишига мен кафилман», деганлар[11].

Талашиб-тортишманг, ўзингизни ҳақли қилиб кўрсатиш учун уриниб-чиранманг. Яхши амал қилаверинг, шояд нажот топсангиз. Сукут қилишга одатланинг, бир сўзда фойда бўлмаса гапирманг. Сабрга одатланинг, агар биров сизга жоҳиллик қилса, сабрли бўлинг, биров сизни сўкса, пайғамбаримиз ўргатганларидек, унга: «Мен рўзадорман», денг. Олийжаноб бўлинг, жанозаларга қатнашинг, касалларни зиёрат қилинг, ночорларни топиб, уларга ёрдам беринг. Токи сизда ҳам Абу Бакр разияллоҳу анҳуда жамланган яхши хислатлар топилсин.

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичингизда ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?» дедилар. Абу Бакр: «Мен, ё Расулуллоҳ», деди. «Ким бугун бир мискинни тўйдирди?» дедилар. Абу Бакр: «Мен, ё Расулуллоҳ», деди. «Ким бугун жанозага қатнашди?» дедилар. Абу Бакр: «Мен, ё Расулуллоҳ», деди. «Ким бугун бирон касални зиёрат қилди?» дедилар. Абу Бакр: «Мен, ё Расулуллоҳ», деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир куннинг ўзида ушбу ишларнинг барчасини қилган бўлса, у албатта жаннат аҳлидан бўлади», дедилар[12].

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимиз ва ўқиётган намозларимизга барака берсин. Омин.

[1] Бухорий ривояти, 1903.

[2] Бухорий (1904) ва Муслим (1151) ривояти.

[3] Абу Довуд (4799), Аҳмад (27517) ва Термизий (2003) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[4] Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да (273), Аҳмад (8939) ва Баззор (8949) муснадларида ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (2833) саҳиҳ деган.

[5] Албоний. «Ас-силсила ас-саҳиҳа», 45.

[6] Термизий (2018) ва Ибн Ҳиббон (482) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[7] Бухорий ривояти, 6474.

[8] Бухорий (1442) ва Муслим (1010) ривояти.

[9] Термизий (2501) ва Аҳмад (6481) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6367) саҳиҳ деган.

[10] Бухорий (6018) ва Муслим (47) ривояти.

[11] Абу Довуд «Сунан»да (4800) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.

[12] Муслим ривояти, 1028.

Изоҳ қолдиринг