Рамазонни қадрлаш (25): Рамазон ва истиғфор (2)

0

Суҳайл ибн Амр разияллоҳу анҳу кейинроқ исломни қабул қилган саҳобалардан эди.

قال: قال سهيل بن عمرو: واللَّه لا أدع موقفا وقفته مع المشركين إلّا وقفت مع المسلمين مثله، ولا نفقة أنفقتها مع المشركين إلا أنفقت على المسلمين مثلها، لعل أمري أن يتلو بعضه بعضا[1].

Суҳайл ибн Амр разияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, қайси бир ўринда мушриклар билан бирга турган бўлсам, мусулмонлар билан ҳам шунга ўхшаш ўринларда туриб бераман, мушриклар билан қанча мол-давлат сарфлаган бўлсам, мусулмонларга ҳам шунча мол сарфлайман. Шояд баъзи ишларим баъзиларини ювиб юборса».

Яъни шояд қилган яхши ишларим ёмон ишларимни ўчириб юборса, шояд яхши сўзларим ёмон сўзларимни, яхши муносабатларим ёмон муносабатларимни ўчириб юборса. Мана шундай илм сабабли гуноҳлар мағфират қилинади. Бу шундай илмки, ҳатто истиғфор сўрашдан олдин ҳам қалбни умид ила, тилни эса дуо ила ҳаракатга келтиради.

حدثنا أنس بن مالك قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول قال الله تبارك وتعالى يا ابن آدم إنك ما دعوتني ورجوتني غفرت لك على ما كان فيك ولا أبالي يا ابن آدم لو بلغت ذنوبك عنان السماء ثم استغفرتني غفرت لك ولا أبالي يا ابن آدم إنك لو أتيتني بقراب الأرض خطايا ثم لقيتني لا تشرك بي شيئا لأتيتك بقرابها مغفرة قال أبو عيسى هذا حديث حسن غريب لا نعرفه إلا من هذا الوجه.

تحقيق الألباني: (حسن لغيره)[2]

Термизий Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан «ҳасан лиғайриҳи» санад билан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй одам боласи, модомики Менга дуо қилиб, Мендан умид қилар экансан, қанча гуноҳинг бўлса мағфират қилиб юбораман, парво қилмайман. Эй одам боласи, агар гуноҳларинг (йиғилиб, кўплигидан) осмондаги булутларга етса-ю, сўнг Мендан истиғфор сўрасанг, Мен уларнинг кўплигига парво қилмасдан гуноҳларингни кечириб юбораман. Эй одам боласи, агар олдимга ер юзини тўлдирадиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолингда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзи тўлалигича мағфират билан келаман».

Аллоҳ таоло ҳадисда истиғфордан олдин дуо ва умидни зикр қилди. Тирик ва уйғоқ қалб Раббининг улуғлиги, бандасига жазо беришга қодирлиги, Унинг ҳалимлиги ва афвигина жазони кечиктириши, У махлуқотлари содир этган зулмлар туфайли уларни жазоласа ер юзида бирон жонзотни қолдирмаслиги тўғрисида тафаккур қилса, ўйласа ва мушоҳада юритса, албатта, бу уни дуо қилишга, кеча-ю кундуз Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб илтижо қилишга ундайди, қалбида Аллоҳдан умид пайдо қилади. Натижада, тили билан Аллоҳдан афв қилишини сўрайди, қалбида эса Аллоҳдан афв ва мағфиратни умид қилади. Қалб Аллоҳдан афв умид қилиши учун гуноҳларни Ундан ўзга мағфират қилмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилиши лозим.

قال تعالى: {وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُوا فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُوا اللهَ فَاسْتَغْفَرُوا لِذُنُوبِهِمْ وَمَنْ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلا اللهُ وَلَمْ يُصِرُّوا عَلَى مَا فَعَلُوا وَهُمْ يَعْلَمُونَ} (آل عمران (135)).

Аллоҳ таоло айтади: «Улар бирон катта гуноҳ иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар гуноҳда давом этмаган ва (қилмишларининг хунуклиги, Рабнинг ғазаби қаттиқлиги ва гуноҳлардан тавба қилиш лозимлигини) билган ҳолларида Аллоҳни (Унинг бўйруқ ва қайтариқларини ёки мукофот ва таҳдидларини) эслайдилар, гуноҳлари учун истиғфор айтиб, тавба қиладилар. Зеро, Аллоҳдан ўзга ким ҳам гуноҳларни мағфират қилар эди?!» (Оли Имрон, 135).

Юқоридаги ояти каримада  وَمَنْ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلا اللهُ жумласи гап ўртасига «кириш гап» тарзида киритилган. Аслида бу жумлалар Қуръондан бошқа жойда келганида ундаги сифатлар кетма-кет келиши, орага кириш гап қўшилмаслиги керак. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу кириш гапни сўроқ шаклида келтирди: «Зеро, Аллоҳдан ўзга ким ҳам гуноҳларни мағфират қилар эди?!». Чунки оят нозил бўлган пайтдаги инсонлар Аллоҳдан бошқаси гуноҳларни кечирмайди деб қатъий эътиқод қилмас эдилар. Инсон мана шундай эътиқод қилмаса, Аллоҳдан афв ва мағфират умид қилиши имконсиз. Масалан, ўша даврдаги аҳли китоблар Аллоҳ аралашмаса ҳам авф ва мағфират кафолатланган деб эътиқод қилишар эди. Масиҳ алайҳиссалом хочга қоқилиши сабабли гуноҳларимизни ўз бўйнига олган, деган эътиқод бор эди насороларда. Араблар эса бутлар гуноҳлар кечирилиши учун шафоат қилади, деб билишарди.

قال تعالى: {وَيَقُولُونَ هَؤُلاءِ شُفَعَاؤُنَا عِنْدَ اللَّهِ} (يونس- 18)

Аллоҳ таоло айтади: «Мушриклар: «Анави бутлар бизларнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздирлар», дейишади» (Юнус, 18).

Бу ботил эътиқод қайсидир кўринишда айрим жоҳил мусулмонларга ҳам ўтган ва улар қилган амаллари уларга гуноҳларининг мағфират қилинишини кафолатлайди деб ўйлар эдилар.

Гуноҳдан тийилмасдан туриб истиғфор айтган инсон гуёки Раббини масхара қилганга ўхшайди. Гуноҳ ишларни қилишда тўхтамаган ёки тўхташ ёки давом этиш хусусида иккиланган кимса мағфират талабида содиқ бўлиши амри маҳол. Аллоҳдан чинакам мағфират истаган кимса гуноҳлардан тийилишга, қайтиб гуноҳга қўл урмасликка қатъий азм қилган кимсадир. Бунинг учун инсон юқоридаги оятда айтилганидек, (وَهُمْ يَعْلَمُونَ) «(қилмишининг хунуклиги, Рабнинг ғазаби қаттиқлиги ва гуноҳларидан тавба қилиш лозимлигини)» билиши лозим.

Мағфиратга олиб борувчи сабабларга риоя қилмасдан Аллоҳдан мағфират умид қилиш ризқ сабабларига риоя қилмасдан Аллоҳдан ризқ умид қилиш билан баробар. Аллоҳ таоло бандалар учун узр ва баҳона қолдирмади, уларга мағфират сабаблари ва эшикларини кўпайтириб қўйди. Ҳатто баъзи уламолар бу сабабларни санаб чиқишганда қарийб уч юзтага етган экан. Алоҳ таоло мағфиратга элтувчи сабаб ва омилларни шу қадар кўпайтириб қўйса-ю, сўнг инсоннинг гуноҳи кечирилмаса, унда инсон ўзига ўзи зулм қилган бўлади.

{وَمَا ظَلَمَهُمُ اللَّهُ وَلَكِنْ كَانُوا أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ} (النحل: 33)

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ уларга зулм қилмади, балки улар ўзларига зулм қилдилар» (Наҳл, 33).

Аллоҳ таоло рамазон ойида бизларга гуноҳларимизни мағфират қилишини ваъда қилар экан, албатта, мағфират сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйди, уларни улуғлади, кўпайтирди, эшикларини очиб қўйди, жин-шайтонларни занжирбанд қилди, жаннат эшикларини очди, барча жаҳаннам эшикларини ёпди, бу ойда тоат-ибодат қилувчиларни кўпайтириши эвазига тоат-ибодат қилишни ҳам осонлаштирди, ажр-савобларни бир-неча баробар кўпайтирди, ажр-савобни кўпайтиргандан кўпайтириб ҳатто қадр кечасини минг ойдан афзал қилди. Энди Аллоҳнинг шунча ато ва марҳаматидан сўнг мағфиратдан маҳрум бўлган банда тўғрисида нима дейиш мумкин?! Ҳа, бу чинакам зиён ва маҳрумликдир!

Аллоҳ таоло муваффақ қилган инсон рамазоннинг охирги ўн кунлигида оз бўлса-да, холи қолиб тили ва бадани ила тоат-ибодат қилишидан олдин тафаккур қилади. Чунки, олдин айтиб ўтганимиздек, тафаккур қалбда фойдали илм пайдо қилади. Тафаккур ва мушоҳадасиз инсон ақлини эгаллаб ётган маълумотлар фойда бермайди. Фойдали илм тафаккурдан кейин қалбда пайдо бўладиган илмдир. Аллоҳ таоло инсонга мана шу охирги ўн кунликда соф хилватни насиб этса, ўнда ўтган ва қолган ҳаёти тўғрисида тафаккур қилса, шунингдек, қанчадан-қанча инсонларни гуноҳлари туфайли жазолаганидек уни ҳам жазолашга ёки авф этишга қодирлиги тўғрисида ўйласа, Аллоҳ таоло жазолашдан кўра кечиришни афзал кўриши, бандаларига тавба эшикларини ланг очиб қўйгани, бу эшикларни фақат очиб қўйиш билан чекланмасдан бандаларини кеча-ю кундуз тавба қилишга чорлагани, кундузи гуноҳ иш қилганлар тавба қилиши учун кечаси тавба эшикларини очгани, кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилиши учун кундузи тавба эшикларини очгани тўғрисида, гуёки Аллоҳнинг ўзи бандасининг тавба қилишидан манфаатдордек (албатта Аллоҳ мутлақ беҳожат Зотдир) энг улуғ соатларда – кечанинг охирги учдан бирида уни тавба қилишга чорлагани, «истиғфор сўраган борми, мағфират қилсам, сўраган борми, сўраганини берсам, тавба қиладиган борми, тавбасини қабул қилсам?”, дейиши тўғрисида тафаккур қилса, албатта, Аллоҳдан мағфиратини умид қилиш қалбидан аримай қолади, тилидан мағфират сўраб дуо қилиш тушмай қолади.

يَقُولُ الْحَسَنَ الْبَصْرِيَّ: “أَكْثِرُوا الِاسْتِغْفَارَ فِي بُيُوتِكُمْ، وَعَلَى مَوَائِدِكُمْ وَفِي طُرُقِكُمْ، وَفِي أَسْوَاقِكُمْ، وَفِي مَجَالِسَكُمْ، وَأَيْنَ مَا كُنْتُمْ فَإِنَّكُمْ لَا تَدْرُونَ فِي أَيِّ وَقْتٍ تَنْزِلُ الْبَرَكَةُ”[3]

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уйларингизда, дастурхон устида, кўча-кўйда, бозорларда, йиғинларда, хуллас қаерда бўлмангиз, кўп истиғфор айтинг. Зеро, сизлар барака қайси вақтда тушишини билмайсизлар».

قال تعالى: {وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِين} (آل عمران – 133)

Аллоҳ таоло айтади: «Раббингиз томонидан бўлган мағфиратга, эни осмонлар ва ерча бўлган, тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган жаннатга шошилингиз» (Оли Имрон, 133).

Аллоҳ таоло оятда мағфиратни жаннатдан олдин зикр қилди. Негаки, жаннатга мағфиратсиз кириш имконсиз. Қолаверса, инсон жаннатга киргандан кейин ҳам мағфиратдан беҳожат бўлмайди. Зеро, дунё ва охиратдаги ҳар қандай ёмонлик сабаби гуноҳлардир. Инсоннинг жаннатдаги даражаси пасайишига ҳам гуноҳлари сабаб бўлади. Бинобарин, инсоннинг жаннатдаги даражаси бир поғона бўлса ҳам кўтарилиши учун Аллоҳнинг мағфирати лозим, Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилган бўлиши керак. Шунинг учун Аллоҳ таоло қуйидаги оятда мағфират билан жаннатни бирга зикр қилади:

قال تعالى: { وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَةِ بِإِذْنِهِ} (البقرة: 221)

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ изни ила жаннат ва мағфиратга чорлайди» (Бақара, 221).

Демак, жаннатга кириш, дунё ва охиратда саодатга эришиш мағфиратга боғлиқ экан. Ҳатто банданинг нажот, яхшилик ва саодатдан бўлган насибаси ҳам мағфиратга боғлиқ. Унинг мағфиратдан бўлган насибаси ортгани сари яхшиликдан бўлган насибаси ортиб бораверади.

[1] Ибн Ҳажар, “Исоба фи тамйизис саҳоба”, 3/178.

[2] Термизий (3540).

[3] Байҳақий. «Шуаб ал-иймон”, 2/157.

Изоҳ қолдиринг