Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Туфайл ибн Амр Давсий (ҳижратдан олдин) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб шундай деди:«Ё Расулуллоҳ, мустаҳкам қалъа ва сизни ҳимоя қиладиган жамоатга нима дейсиз? (Ямандаги) Давс қабиласининг жоҳилиятдан қолган қалъасига бормайсизми?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ (пайғамбарини ҳимоя қилишни) ансорларга захира қилиб қўйгани учун (Туфайлнинг таклифини) қабул қилмадилар. Кейинчалик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилгач, Туфайл ибн Амр ва қавмидан бўлган яна бир киши у зотнинг олдиларига ҳижрат қилишди. Мадинага келишгач, уларга бу ернинг ҳавоси ёқмади. Шу сабабдан Туфайлнинг шериги касал бўлди. Касалликка чидолмасдан бир неча тиғли ясси ёйларини олиб, улар билан бармоқ бўғинларини кесди. Икки қўлидан қон оқди ва натижада вафот этди. Туфайл ибн Амр тушида шеригини кўрди. Унинг кўриниши яхши эди, фақат қўлларини боғлаб олган эди. Туфайл ундан: «Раббинг сенга нима қилди?», деб сўради. «Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдларига ҳижрат қилганим учун мағфират қилди», деди у. «Нега қўлларингни боғлаб олгансан?», сўради Туфайл. Шериги деди: «Ўзинг бузган нарсани биз асло тузатмаймиз», дейилди менга». Туфайл тушини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ё Аллоҳ, унинг қўллари учун ҳам мағфират қил», дея дуо қилдилар».
Мазкур ҳадис мағфират жузланиши, яъни бўлакларга бўлинишини ифода этади. Гуёки банданинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир бўлаги мағфиратга муҳтож деган маънони англатади. Унинг икки қўлига етган ёмонлик сабаби қўли учун алоҳида мағфират қилинмаганидир. Банда Аллоҳ таоло унга неъматларини мўл-кўл қилиб қўйганидек, мағфиратини ҳам мўл-кўл қилишига муҳтождир.
Аллоҳ таоло айтади: «Ана ўша зотларнинг мукофоти Раббиларидан бўлган мағфират ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатлардир. Улар бу жаннатларда мангу қолурлар. Бу амал қилгувчиларга бериладиган энг яхши ажр-мукофотдир» (Оли Имрон, 136).
Аллоҳ таоло юқорида келтирилган сифатларга эга бўлган зотларга бериладиган мукофотни баён қилар экан, аввало Раббиларидан бўлган мағфиратни ва ундан кейин жаннатларни зикр қилди, мағфиратни жаннатдан олдин келтирди. Зеро, мағфират бўлмаса жаннат бўлмайди. Аллоҳ таоло оят охирида бу зотларга бериладиган мукофотнинг энг яхши мукофот эканини маълум қилади. Маълумки, меҳнат қилган, бирон амал қилган инсон меҳнати эвазига иш ҳақи умид қилиши инсонлар фитратига сингдирилган нарсадир. Ишчи борки, амали эвазига ажр – иш ҳақи талаб қилади. Гуёки мазкур оят бандаларнинг мағфиратга боғлиқлиги худди ишчининг иш ҳақига боғлиқлигидек экани, балки банда билан мағфират ўртасидаги боғлиқлик ундан ҳам кучлироқ эканини ифода этади. Инсон рамазон ойида ҳам, бошқа ойларда ҳам амал қилади. Лекин бу муборак ой амал қилиб қолиш учун энг муносиб фурсатдир. Амал қилган борки, кўзи ажрга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло гувоҳлик бердики, чин дилдан Аллоҳнинг мағфиратига интилганларга берилажак ажр-мукофот энг яхши ажр экан. Демак, бизлардан ана шундай улуғ ажр-мукофотга эришиш талаб қилинади ва бу аслида табиий ҳолат бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Муфаззал Тамимий айтади: «Умар ибн Абдулазиз ҳаётидаги охирги хутба шундай бўлган эди: у минбарга чиқиб Аллоҳга ҳамд-сано айтди ва деди: «Аммо баъд. Дарҳақиқат, қўлингиздаги мол-давлат дунёдан ўтиб кетганлардан қолган матодир. Олдингилар уни ташлаб кетганидек, кейингилар ҳам уни ортларида қолдириб кетади. Ахир кўрмаяпсизларми, ҳар куни ё уйига қайтган, ё уйидан чиққан бировни Аллоҳнинг ҳузурига кузатмоқдасиз?! Уни ердаги бир чуқурга қўйиб келмоқдасиз?! Унинг кўрпа-тўшак бўлмаган бу чуқур ичида мол-давлатини ортда қолдирган, ёр-биродарларидан ажраган, тупроқни маскан қилган, ҳисобга юз тутган ҳолида охиратга тақдим қилган амалларига муҳтож, ортида қолдирган мол-мулкидан беҳожат эканини кўрмаяпсизми?! Аллоҳга қасамки, мен сизларга бу сўзларни айтар эканман, ҳолбуки, ҳеч кимсанинг ҳолини ўз ҳолимни билганчалик билмайман». Шундан сўнг Умар ибн Абдулазиз кийимининг бир учи билан кўзини тўсиб йиғлади. Сўнг минбардан тушиб, уйига кириб кетди. Шундан кейин одамлар у зотни то қабрига олиб чиқмагунларича уйидан қайтиб чиқмади».
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзларни умрининг охирида айтяпти. Умар ибн Абдулазизнинг кимлиги, қанчалик улуғ зотлиги кўпчиликка маълум. Ҳатто душманлари ҳам унинг нақадар улуғ зотлигини эътироф этишган. Инсон ўз гуноҳларини тан олиши, эътироф этиши муҳим иш. Гуноҳларни халойиқ олдига чиқиб эътироф этиш шарт эмас. Балки буни инсон ичида, ўзи билан ўзи холи қолганда эътироф этиши кифоя. Шайтон солиҳ амалларимиз билан мақтанишимизга ундайди, ҳатто бу амаллар ихлосдан холи бўлса ҳам. Қарабсизки, қилган солиҳ амалларингиз туфайли кўнглингиз тўқ, хотиржам юрасиз. Баъзи инсонлар бор, рамазоннинг охирги ўн кунлигида эрталаб қуёш чиқишини кузатади, агар ҳадисларда айтилган қадр кечасининг аломатларини кўриб қолса борми, худди Аллоҳ таоло уни амаллари мақбул бўлганлар рўйхатига ёзиб қўйганидек, хотиржам бўлиб қолади!
Инсон гуноҳларини эътироф этиши, ўзининг ожиз ва гуноҳкор банда эканига иқрор бўлиши ҳам Аллоҳнинг тавфиқидир. Кўпчилигимиз «Саййидул истиғфор» деган зикрни эшитганмиз, «истиғфорларнинг энг улуғи» деган маънони англатади. Бу зикрда келган маънолар улуғ маънолар бўлгани учун ҳам истиғфорларнинг энг улуғи бўлишга ҳақли бўлган.
Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Истиғфорларнинг улуғи мана бундай дейишингдан иборат: «Ё Аллоҳ, Сен менинг Раббимсан, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сен мени яратдинг, мен Сенинг қулингман. Мен имконим бор экан Сенга берган аҳду паймоним ва ваъдам устидаман. Қилган ёмон ишларимдан Ўзингдан паноҳ сўрайман, менга ато этган неъматларингни эътироф этаман, гуноҳларимга иқрорман. Шундай экан, гуноҳларимни мағфират қил. Зеро, гуноҳларни Сендан ўзга мағфират қилмайди». Ким бу зикрни кундузи ишонч билан айтса ва кеч кирмасидан вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади. Ким бу зикрни кечаси ишонч билан айтса ва тонг кирмасидан вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади».
Ҳадисда неъматни эътироф этиш гуноҳни эътироф этишдан олдин зикр қилинди. Чунки неъматни эътироф этиш гуноҳни чуқур эътироф этишга ёрдам беради. Аллоҳнинг неъматларини эътироф этган киши гуноҳкор бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло унга ўз неъматларини тўкиб солганини, давомий неъматини ато этаётганини кўради. Бу ўз навбатида инсонда гуноҳларига бўлган ҳиссини зиёда қилади. Юқорида келтирилган ҳадисда айтилганидек, «Бандам гуноҳ иш қилди. Билдики, унинг гуноҳни кечирадиган ва гуноҳ сабабли жазолайдиган Рабби бор». Демак, инсон ичида, қалбида гуноҳларига иқрор бўлиши муҳим экан. Гуноҳларга иқрор бўлиш икки тур бўлади: мужмал ва муфассал, яъни умумий тарзда гуноҳларга иқрор бўлиш ва гуноҳларни бирма-бир эслаш ва уларга иқрор бўлиш. Баъзиларга ўхшаб «ўтган қора кунларни, гуноҳга ботган кунларимни эслашниям истамайман», дейиш ярамайди. Тўғри, унутишдан мақсад ўтган ҳаётида содир этган гуноҳларини такрорламаслик бўлса, бу яхши. Бироқ Аллоҳдан истиғфор сўраш, тавба қилиш, гуноҳларига пушаймон бўлиш мақсадида ўтмишда содир этган гуноҳларни эслаш матлубдир. Зеро, эслаш ва эслатиш мўминларга фойда келтиради.
قال الله تعالى: {وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنفَعُ الْمُؤْمِنِينَ} (الذاريات: 55)
Демак, гуноҳларни батафсил – бирма-бир эслаш манфаатлидир. Негаки, инсон гуноҳларини унутишга интилса, гуноҳлар унинг қалбида оғриқ пайдо қилиши имконсиз. Қалбда пайдо бўлган бу оғриқ, юқорида айтиб ўтганимиздек, яхшилик эшигидир. Инсон кимгадир гуноҳларининг оғриғини унуттиришга ҳаракат қилса, унга хиёнат қилган бўлади, ўзи билмаган ҳолда уни Аллоҳнинг ғазабидан хотиржам бўлишга ундаган бўлади. «Эй қўйсангчи, Аллоҳ меҳрибон кечирувчи зот», дейди баъзилар. Бу гап ҳар кимга айтилавермайди, балки бу каби сўзлар Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган инсонларга айтилади, холос. «Шунча гуноҳларимдан кейин Аллоҳ мени кечирмаса керак», деган инсонларга айтилади бу гаплар. Инсон қалби гуноҳларини, Раббининг ғазабини эслашга муҳтождир. Чунки бу унда оғриқ пайдо қилади, қалбдаги бу оғриқ уни яхшиликка етаклайди, унинг ўтмиши, бугуни ва келажагига таъсир қилади. Шунда у гуноҳдан тийилади, қайтиб гуноҳ ишларга қўл урмасликка азм қилади ва шу пайтгача йўл қўйган хато-камчиликларини тузатишга киришади. Натижада, ҳатто муайян бир гуноҳидан тавба қилганига неча йиллар бўлган бўлса-да, яна гуноҳларини каффорат қиладиган амалларга интила бошлайди. Аллоҳ таоло бу муборак ойда барчамизнинг гуноҳларимизни мағфират қилсин.