Рамазонни қадрлаш (27): Рамазон ва амалларнинг қабул этилиши (1)

0

Банданинг муваффақ банда эканининг аломати бирон амал қилишидан олдин амал асносида ва амалдан кейин ҳам қалби амалнинг мақбул бўлиши билан овора бўлишидир. Инсонларнинг қалблари фақат амалнинг ўзига, уни кўпайтиришга эътибор қаратар экан, Аллоҳ муваффақ қилган бандаларнинг қалблари унинг ортидаги иш билан машғул бўлади. Зеро, амалдан қўлга киритилган фойда Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлишидир. Шунинг учун Аллоҳ муваффақ қилган инсонлар қалби амалнинг мақбул бўлиши билан овора бўлади. Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссалом ҳануз амални тугатмай туриб унинг қабул бўлишига эътиборини қаратган эди. Бу амалнинг қабул бўлиши тилга олинган Қуръони каримдаги илк нуқтадир.

قَالَ عَزَّ وَجَلَّ: {وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنْتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ} (البقرة: 127)

Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳим ва Исмоил Каъбанинг пойдеворларини кўтарар экан, «Раббимиз, биздан қабул қил, албатта, Сен эшитувчи ва билувчи Зотсан», дейишар эди» (Бақара, 127).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло дастлаб Фотиҳа сурасида умумий эътиқод асосларини зикр қилди. Сўнг Бақара сурасида ва ундан кейинги Оли Имрон сураларида дин қоидаларини баён қилди. Юқоридаги оят Бақара сурасида зикр қилинди. Бундан амалнинг мақбул бўлишига эътибор қаратиш диннинг асосий қоидаларидан, диндаги иккинчи даражали масалалардан эмас, деган хулоса чиқариш мумкин. Демак, инсонлар амалларни кўпайтиришдан аввал унинг мақбул бўлишига эътибор беришлари диннинг асосий қодалари ва асосларидан бири экан.

Аллоҳ таоло бу оятни ўзига хос ўринда зикр қилди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида Бани Исроил қабиласи тўғрисида ҳикоя қилади. Маълумки, бу қабила тарихда Ислом умматидан олдин яшаб ўтган сон ва муддат жиҳатидан энг катта уммат бўлган. Бани Исроил тажрибаси воқеликда синалган тирик бир тажриба бўлиб, Аллоҳ таоло бу тажриба орқали бизларга бу қавмнинг уларга юборилган кўп сонли пайғамбарларга қандай муомалада бўлганини ҳикоя қилади. Бу умматга Аллоҳ омонатини юкланган эди, бироқ улар унга вафо қилмасдан омонатни зое қилдилар. Омонатнинг зое кетишига олиб борувчи сабаб ва воситалар бор. Аллоҳ таоло уларга дин омонатини, шаръий бўйруқ ва қайтариқларни юклади, қандай қилиб омонатга вафо қилишни, ер юзида динни ёйиш учун қандай сифатларга эга бўлиш лозимлигини ўргатди. Зеро, Аллоҳ таоло бирон ишга буюрса, уни бажариш учун Ўзи ёрдам беради. Бани Исроил қавми Аллоҳнинг ёрдам бериш неъматини ҳам, дин неъматини ҳам зое кетказишди. Аллоҳ таоло уларга шундай вазифаларни юкладики, агар улар бу вазифаларни бажарсалар, дунё ва охиратда даражалари юксалар, нажот ва саодатга эришар эдилар. Уларга юборилган пайғамбарларнинг кўплиги ҳам кор қилмади. Қуръони карим бу узун ва жонли тажрибани бизларга нақл қилиб берар экан, бизларнинг бу тажрибадан ибрат олишимизни хоҳлади. Шунинг учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ҳикояларини Қуръонда узоқ зикр қилди.

{الم، ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ، الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ} (البقرة: 2)

Аллоҳ таоло айтади: «Бу китоб (яъни Қуръон)да шак-шубҳа йўқ. У тақводорлар учун ҳидоятдир» (Бақара, 2).

Дастлаб Аллоҳ таоло нажот йўлини, ҳидоят манбаини ва мўминлар, кофирлар ва мунофиқлар тимсолида инсонларнинг Қуръон ҳидоятига бўлган муносабатини зикр қилди. Биринчи поранинг қарийб бошидан охирига қадар ушбу узоқ давом этган тарихий тажриба тўғрисида сўз боради. Аллоҳ таоло Бани Исроил қиссасини дастлаб Қуръони каримда зикр қилинган шайтон сўзи билан бошлайди.

{وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ} (البقرة:14)

«Мунофиқлар иймон келтирганларга йўлиқсалар, «иймон келтирдик», дейдилар. Агар шайтонлари (яъни яҳудлар) билан холи қолсалар, «Биз сизлар билан биргамиз, шунчаки мусулмонларни устидан кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14).

Гуёки Аллоҳ таоло бу сўзни ишлатиш орқали бизларга шундай дейди: «Сизлар уларнинг қиссаларини ўқиш, тажрибаларидан ибрат олишдан олдин шуни билиб қўйингки, Аллоҳ уларга дин омонатини юклашни ва шу билан уларни мушарраф қилишни хоҳлаган, уларга ўз замоналарида ҳеч кимсага бермаган неъматни ато этган, ўз замоналарида оламларнинг энг афзал бандалари қилган кишилар Аллоҳнинг неъматларини нонкўрлик билан қарши олдилар ва натижада ўз замоналарининг энг яхши инсонлари мартабасидан инсон шайтонлари даражасига тушиб қолдилар». Бинобарин, кимда ким уларнинг йўлини тутса, сиртдан қараганда унга нечоғлик фазилат ва юксак мартаба омиллари муҳайё бўлса-да, ҳидоятдан оёғи тойиб, тубанлашиши ва оқибатда инс шайтонларидан бирига айланиб қолиши мумкин экан. Аллоҳ инс шайтонларига айланиб қолишдан Ўзи асрасин!

Одамлар шунчаки динга мансуб бўлиш билан фазилатга эришиб қолавермайдилар, балки фазилатга эришиш учун амал қилиш лозим, амалнинг фазилати эса унинг мақбул бўлишидадир. Аллоҳим амалларимизни қабул айласин!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу тарихий тажрибани зикр қилиб бўлгач, умматга ва бутун инсонларга отамиз Иброҳим алайҳиссалом тўғрисида гапирди. Гуёки Аллоҳ таоло бу билан ўзларини Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берадиган ва унга мансублик билан фахрланадиган умматларга хитоб қилди. Зеро, барча дин вакиллари: яҳудлар, насоролар, ва мусулмонлар, ҳатто жоҳилиятдаги араб мушриклари ҳам Иброҳим алайҳиссаломни улуғлашган. Барча халқлар у зотни мақтов ва ифтихор билан тилга олишади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг дини, диндаги пешволиги, унинг Аллоҳга берган аҳди, зурриётларига қилган васияти тўғрисида гапирди.

قَالَ تَعَالَى: {وَوَصَّى بِهَا إِبْرَاهِيمُ بَنِيهِ وَيَعْقُوبُ يَا بَنِيَّ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى لَكُمُ الدِّينَ فَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ} (البقرة: 132)

Аллоҳ таоло айтади: «Бу сўзни (яъни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, қалб ва аъзолар билан Унга бўйсунишни) Иброҳим ўз зурриётига васият қилиб буюрди. Яъқуб ҳам шундай қилди. Улар айтишди: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга шу динни ихтиёр қилди. Шундай экан, фақат мусулмон ҳолингизда вафот этингиз (яъни модомики ҳаёт экансиз, бу диндан ажралманг, зеро, сизлар ўлим қачон келишини билмайсизлар)» (Бақара, 132).

Ҳаёт дин, аҳд ва васият оралиғидан иборат. Васият ҳаёт интиҳосида қилинади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаёти давомида амал қилиб келган дини ва вафоти яқинлашганда зурриётига васият қилган дини Ислом эканини баён қилади. Ундан ташқари фарзандлари Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва умуман пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг динлари ҳам Ислом эканини айтади.

 قَالَ تَعَالَى: {أَمْ كُنْتُمْ شُهَدَاءَ إِذْ حَضَرَ يَعْقُوبَ الْمَوْتُ إِذْ قَالَ لِبَنِيهِ مَا تَعْبُدُونَ مِنْ بَعْدِي قَالُوا نَعْبُدُ إِلَهَكَ وَإِلَهَ آبَائِكَ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِلَهاً وَاحِداً وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ} (البقرة:133)

Аллоҳ таоло айтади: «Ё сизлар Яъқубга ўлим келган пайтга гувоҳ бўлганмидингиз?! Ўшанда у фарзандларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?!» деганида, фарзандлари: «Сизнинг ва ота-боболарингиз Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг Илоҳига – ёлғиз Илоҳга ибодат қиламиз. Биз Унга бўйсунувчилармиз», дейишган эди» (Бақара, 133).

Шунингдек, Аллоҳ таоло бизларни Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг зурриётидан бўлган пайғамбарлар ва умуман барча пайғамбарлар йўлидан боришга буюрди.

قال تعالى: {قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ} ( البقرة 136)

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг, эй мусулмонлар: «Аллоҳга, Бизга нозил қилинган китобга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва Яъқуб зурриётидан бўлмиш ўн икки Бани Исроил қабиласига юборилган пайғамбарларга нозил қилинган ваҳийга, шунингдек, Мусога берилган (Тавротга), Исога берилган (Инжилга) ҳамда умуман пайғамбарларга Раббилари тарафидан берилган илоҳий китобларга иймон келтирдик. Улардан биронтасини ажратмасдан (барчасига) иймон келтирамиз ва биз Унга бўйсунувчилармиз» (Бақара, 136).

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом қиссасидан бир парчасинигина зикр қилди. Шуни яхши билингки, Аллоҳ таоло бутун бошли қиссадан бир парчасинигина танлаб олиб зикр қилган бўлса, демак, у қиссанинг энг асосий қисми – пойдеворидир. Бу худди Одам алайҳиссалом қиссасига ўхшайди. Аллоҳ таоло бизларга Одам алайҳиссалом билан Иблис ўртасида бўлиб ўтган қиссани танитиш  учун танлаб олган парча бу қиссанинг асоси, Қуръони каримда зикр қилинган қолган барча нарсалар шу қиссанинг давоми ва ундан келиб чиққан натижалардир. Демак, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом тўғрисида зикр қилган Каъбани бино қилиш воқеаси Иброҳим алайҳиссалом қиссасидаги асосий нуқта экан.

قال تعالى: {مِلَّةَ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ هُوَ سَمَّاكُمُ الْمُسْلِمِينَمِنْ مِنْ قَبْلُ وَفِي هَذَا} (الحج/78)

Аллоҳ таоло айтади: «Отангиз Иброҳимнинг динини маҳкам тутингиз. У (Аллоҳ) сизларни бундан олдинги китобларда ҳам, Қуръонда ҳам мусулмонлар деб атади» (Ҳаж, 78).

Оятда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло динни Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берди ва бизларни бу динга мансуб бўлиш билан мушарраф қилди.

قال تعالى: {وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامًا قَالَ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي قَالَ لَا يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ} ( البقرة: 124)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, мушрик ва аҳли китобларга айтинг), Иброҳимни Рабби сўзлар (яъни шариатлар, бўйруқ ва қайтариқлар билан) имтиҳон қилганида уларнинг барчасини бекаму кўст бажарди. Аллоҳ деди: «Мен сени одамларга барча ўрнак оладиган имом қиламан». Иброҳим деди: «Зурриётимдан ҳам имомлар бўлсин». Аллоҳ айтди: «Бу қатъий ваъдам золимларни ўз ичига олмас» (Бақара, 124).

Демак, инсон Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриёти бўлиши ёки насаби у зотга бориб тақалиши билан фазилат ва шарафга эришиб қолмайди. Зеро, Иброҳим алайҳиссалом зурриётидан золимлар ҳам чиқиши мумкин экан. Чиндан ҳам асрлар оша унинг зурриётидан қанчадан-қанча золимлар чиқди. Уларнинг насаби анбиёларга бориб туташади, ҳолбуки анбиёлар уларни дунё ва охиратда лаънатлайдилар. «Аллоҳ айтди: «Бу қатъий ваъдам золимларни ўз ичига олмас». Шунинг учун Аллоҳ таоло пайғамбарларга эргашишни уларга мансуб бўлиш мезони қилиб қўйди.

Изоҳ қолдиринг